Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

У умуртқасидан – руҳониятидан жудо қилинганди

У умуртқасидан – руҳониятидан жудо қилинганди
05 Ocak 2018 - 7:00 'да юкланди ва 398 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

35-қисм

Дунё матбуотидаги шов-шувлар ҳам, боқонларининг ўзини осмонларга олиб чиқиб мақтаганлари ҳам, қизларининг ялаб-юлқаганлари ҳам Дуйсенбайнинг кайфиятини ўзгартира олмади.

Ваъда қилинган пул махсус машинада юртадан етиб келганидан сўнгра, унинг қоши-қовоғи очилди. Тили сўзга келиб, юзи ёришди. У йўқотганларига юз баробар фойда кўрган эди. Кўнгли жойига тушгач, ҳаммомга кириб чўмилиб чиқиб, у изқувар мистер Куарога айланди. У ҳақиқатан,“мистер Куаро” кийим-бош жамламасининг сеҳрига ишона бошлаган эди. Орзу-армонларининг шу матоҳлар туфайли рўёбга чиқаётганига заррача шубҳаси қолмаганди. У ширин хаёллар оғушида маст-аласт, кўкларда парвоз этиб турган бир пайтда, гаровдаги икки мураббийни олиб кетиш учун БМТ вакиллари етиб келди.

Уларнинг Дуйсенбайнинг оғзига сиққан пулни бериб, Жак Андирсон билан Аббос Қасрийни Қорасаройдан олиб кетиши, дард устига чипқон деганларидек, бир тийинга қиммат матоҳлар мавқейини ақл бовар этмас даражаларга кўтарди. Орадан дақиқалар ўтмасдан хитойликларнинг бахти кулиб, “Мистер Куаро” кийим-бош жамламаси нархи Дуйсенистон бозорларида тўрт баравар қимматлаб кетди. Пистонлар олтинга айланиб, эҳтиёж олти поғона юқорилади. Бу, рўдапо бир мато билан икки арзимас “бучок” Амриқо долларини Дуйсенистондан сиқиб чиқармоқда, дегани эди.  Халқ ёппасига кафанликка ҳам, совға-саломга ҳам, тўй билан азаю, келин-куёв сарпосига ҳам, чилла гурзон билан суннат тўйига ҳам “Мистер Куаро” кийим-бош жамламаси билан иккитадан пистон сотиб ола бошлади. Аслида, бутун сеҳр-жоду Дуйсенбайнинг манглайидаги пистонларда эканлигини, қолганларининг бир чақага қимматлигини на унинг ўзи, на дуйсенистонликлар англардилар. Ҳамма ишни минглаб чақирим наридан туриб, чоқли бир хонага қамалиб олган “чап қанот”гуруҳи амалга ошираётган эди.

Ўлкабоши бу кунни роппа-роса йигирма йилдан ортиқ кутганди. Оёқ остидан оққан сувнинг қадри йўқ деганларидек, ҳеч ким назарига илмаган қозоқнинг аллақандай бир қиморбози, унинг орзусини бир кеча-кундузда ижобат этди. Ўлкабошининг шунча йиллар, юртанинг мол-дунёсини ҳаволарга совуриб келганлари, миллатнинг сара ўғил-қизларини ким-кимларнинг қулларига айлантирганлари қорнига қолганди. Яна барча оғирлик, унинг тутриқсиз хархашаларига шунча йиллар чидаб келган бечора халқнинг зиммасига тушадиган бўлди.

Териси суягига ёпишган манглайиқаролар, охирги томирида ҳам унга елкасини тутиб беришга шай турардилар. Бу миллат қанчалар қадим тарихга, буюк тамаддунларга эга бўлмасин, руҳияти ўзаги синдирилгани учун кўкрагини тик тута олмасди. У умуртқасидан – руҳониятидан жудо қилинганди. Бу руҳониятда шижоат ва мантиқнинг йўқлиги уни Яратганнинг шариф зотлигидан жоҳил бир банданинг малайи мақомига туширганди. У кўра-била ҳалокат сари қадамларди. Ўзи истамаган ишини ўзи истаб қилаётгандек қилиб кўрсатарди. Қўл-оёғини бойлаб, бўғзига пичоқ тортаётганларида ҳам мутелик ичида бир нафасга жон сақлаш учун тиришарди. Боши кесиб олиниб, бўғзидан қон сачраётганда ҳам у чиранмасди, типирчиламасди. Бўкириб юборишдан қўрқиб, кесилган бошнинг ўттиз икки тиши тилини тишларди. У ўла туриб ҳам, курашсиз, қарама-қаршиликсиз, қон тўкмасдан, жон бермасдан жонини сақлаб қолмоқчи бўларди…

Дунё ўлкабоши олдидаги мудҳиш хатоларини тан олгач, маҳалла жамғармалари анжуманида, “Ислом хавфи” ёхуд ақидапарастликка қарши омонсиз кураш”, “Кароматгўй авлиёнинг парвози” шиорлари остида уч кунлик семинар-трединг ўтказилди. Унда, ўлкабоши фаолиятига бағишланган, “Енгилмас раҳбар – юксак тафаккур” ва “Ўз уйингни, ўзинг асра” мавзусида ҳар бир иштирокчи нутқ ирод этиши мўлжалланганди. Семинар-тредингда юрта маҳалла қўмиталари раиси билан “Нуроний” жамғармаси раиси қўшма баёнот бериб, ажойиб бир таклиф билан чиқди.

Баёнотда айтилишича, ўлкабошини қўриқлаётган махсус кучлар сони уч баробарга оширилиши зарур эди. Яъни, текинхўр боқимандаларнинг миқёси йигирма мингдан олтмиш мингга етказилиши лозим эди. Уни, у ётадиган уйнинг даҳлизида ва ертўласида туриб қўриқлайдиган “чап қанот” кучларининг минг кишилик “кўрса, босар”лари билан Рўбингуд Тангрибердиев тўдаси каллакесарларининг умумий сони ҳам уч мингдан кам бўлмаслиги кўзда тутилганди.

Улардан ташқари, ҳар битта маҳалла қошида аҳоли кўламидан келиб чиқиб, эллик кишидан юзтагача қўриқлаш отрядлари тузиш мақсадга мувофиқ келарди. Ўлкабошининг халқ ичидан чиққан “лочинлар”и маҳалла ҳисобидан мояна билан таъминланиб, бошқа ишга  чалғимаслиги жуда ҳам муҳим эди. Шу каби лиссей, коллеж ва олий ўқув юртларидан ҳам махсус отрядлар тузиб, уларни Рўбингуд Тангрибердиевнинг қўриқлаш хизмати полегонларида жангавор тайёрганликдан ўтказиш ҳеч қачон зарар қилмасди. Шунда, ўлкабошини кўнгилдагидек асраб-авайлаб, мустаҳкам қўриқлаш учун имкон яраларди.

Оқсаройдан Дўрмон қароргоҳигача бўлган хавфли чизиқнинг ҳар қулочида тўрт яримтадан тўққизта фидойи уч қаторга тизилиб, кунида икки марта ватанга садоқатини намоён этса, жижча бўлса ҳам ўлкабошининг ҳурмат-эътибори жойига қўйиларди. Яна айтилишича, уни бундан бу ёғига юрта ҳудудларидан ташқарига чиқариб бўлмасди. Хорижликлар турли усуллар қўллаб, қари тентакнинг ҳаётбахш ғояларини, юртанинг келажаги ҳақидаги истиқболли дастуруламалларини ўзлаштиришлари мумкин эди. Уни интернетдан узиб қўйиш ҳам ҳеч қачонда зарар келтирмасди. Қариган сайин бола феъл бўлиб кетаётган ўлкабошининг порнография ва мелодрамаларга ружи қўйгани, унинг ўзини унутиб қўяётганидан нишона эди.

Энг асосий масала, унинг ўрнини кўзлаб юриган катта қизидан уни ҳимоя қилиш, ҳар битта миллат вакилининг, ҳар битта фуқаронинг ҳаёти мазмунига айланса, уни келажакда етти ўйлаб тушига кирмаган ажойиботлар кутарди. Айниқса, уни бош вазирдан эҳтиётлаш лозим эди. Охирги пайтларда ҳушидан кетиб қоладиган одат чиқарган бечорани, унинг бўғиб ўлдириб қўйиши ҳеч гап эмасди. Сталин билан Берия муносабатлари йўналишида ривожланаётган сўнгги йиллардаги воқеалар шундан дарак бераётганди…

Ўлкабошини ён-атрофидагилар ва жойлардаги ўрта бўғин мансабдорлар, маҳалла қўмиталари раислари ва оқсоқоллар, олим ва ёзувчи-шоирлар пуфлай-пуфлай, охири “пўшпулак” – чур-р, чур-рр-р этиравериб, “ушпулак” этиб қўйдилар. Бечора ўзини ўта қув ва содда муғомбир ҳисобласа ҳам, азалдан жайдари ҳай-ҳуй, доно-оми, ғалли-ғулли эмасми, барчасига лаққа ишонди қўйди.

Бор балони ўз-ўзини авраётганларнинг моли-жони ҳисобидан, йўқ жойдан бор қилган бўлса ҳам, у Бин Лодиннинг ҳақиқатдан ҳам ўлмаганига ишониб, жонини асраб қолишнинг пайига тушди. Амриқодан мамлакат ҳудудида очиқ базасини ўрнатишни илтимос қилиб, бир неча марта пинҳона мурожаат билан чиқди. Афғонистондан чиқиб кетиши кутилаётган умумкучларнинг тинчлик қўшинларини минтақадан чиқармасликни сўраб ялиниб-ёлворди.

Бир тунда кулранг турналарни эргаштириб битта учоқда битта ўзи учиб келган Путин унга иложи борича қисиб туришни маслаҳат берди. Ҳа деб валдирайверса, тобутга тиқиб, ислом қонун-қоидалари асосида океанга дафн этишини айтиб, дағдаға қилди. Бин Лодиннинг ҳақиқатда ҳам тириклигини тасдиқлаб, газ, олтин, ураннинг чўғини кўпайтиришни буюрди. Йўқса ўз мамлакатидан юрталик меҳнат муҳожирларни қувиб чиқаришини айтиб, уни ортиқ ҳимоясига ололмаслигини шама қилди.

Тўртдан бир нархига сотиб олаётган бутун бойликларни текин беришини сўраб, уриб-сиқтаб тилидан тилхат ёздириб олди. У ўз ҳийласидан ўзи панд еб, икки олов ичида қолиб кетди. Миллий хавфсизлик генерали Дуйсенбайнинг генерали билан учрашиб, “ўша” ишлар спектаклми ёки ҳақиқатлиги ҳақида суриштирган эди, спектакл эмаслигини билгач, у юрак ҳовучлаб, қалтираб қолди. Шуни кутиб турган изқувар мистер Куаро бор иқтидорини ишга соладиган кун етиб келганини англади. Етук мутахассис сифатида унга Шўлпаной Авакяннинг ёрдамини таклиф қилган эди, у Парижда ўтказилган Бутунжаҳон “Каллапазлар” конкуруси ғолибини жуда катта пулга икки йилга ижарага олди. Пуллар худди илгаригидек уч қисмга бўлинди. Ярмини Дуйсенбай билан ўлкабошининг ўзи бўлиб олди. Қолган ярмини ўзини ошкор қилишни истамаган “чап қанот” туя қилди.

Авакян юртага етиб келган куни голландиялик бешта академикни Голландиядан чақириб олишини айтиб, қатор шартлар қўйди. Шахсий реферантлари бўлмиш академиклар билан уларнинг бола-чақаларига уй-жой ажратишни сўради. Ўлкабоши барчасига сўзсиз рози бўлди. Шартномага имзо чекиб, мартабали меҳмонни тантана билан Дўрмон қароргоҳига кузатиб қўйди. Эртаси тонгда ўлкабошининг шахсий учоғи Голландияга бориб, бешта академикни бутун оиласи, кўч-кўрони билан юртага кўчириб келди. Уларни учоқ зинапоясида шахсан ўзи кутиб олган ўлкабоши академикларни Авакян қўнган Дўрмон қароргоҳига бошлади. Улар етиб келганларида Авакян ҳамон ухлаб ётар эди. Юрталиклар тилини ўзидан ҳам яхши биладиган академикларнинг ҳурмати учун оёқлари остига қўй сўйдирган ўлкабоши, зерикишмасин дея, у ёқ-бу ёқдан ёлғон-рост гапириб, уларни тушгача авраб турди. Тушга яқин уйқудан тўйиб уйғонган Авакян, ётган жойида ярим соат керишиб, қўл-оёқларининг чигалини ёзди. Кўкракларини, орқа-бўйларини уқалаган армани йигитнинг танасини қоплаган қоп-қора жунини томоша қилиб, анчагача ўз-ўзидан масиқиб ётди. Армани йигит роса силталагач, чўмилиб чиқиб, ўлкабошини қабул қилишга вақти йўқлигини айтиб:

– Академиклар қолсин, у эса кечикмасдан ишига борсин! – деди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар