Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Кўрса босарлар”

“Кўрса босарлар”
06 Ocak 2018 - 8:00 'да юкланди ва 1437 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

36-қисм

Оддий бир ўқувчи сингари изқувар мистер Куаронинг ҳам бир сирнинг тагига етолмасдан боши қотарди. Голландиялик академик ниқоби остида ташриф буюрган келеслик Абдираҳмон учарнинг Қорасаройдаги бутун бойликларни ўмаргани ҳаққирост бўлса ҳам, барча иддаоларнинг орқасида “қандай қилиб”, “унинг ўмарганини биров кўрмади-ку”, “ичкаридан икки қўлини бурнига тиқиб чиқиб кетди-ку”, “ҳамма қараб турганди-ку” деган қатор саволлар турарди.

Мистер Куаро “Тобутдан товуш” амалиётини минг маротаба академикларнинг енг ичида амалга оширилган жиноятларига бағишламасин, ҳеч бир натижага эриша олмади. “Қабрдаги хазина” дастуруламали орқали ўмарилган бойликларни ортига қайтармоқчи бўлганди, қўлидан шашвар ҳам келмади. Бутун тизимни муштумига йиғиб, хоҳлаганини уриб янчса ҳам, ўзидан бошқанинг дамини ўчирса ҳам, мамлакатда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмади. “Рости – русти”, яъни “Куч – адолатда” деган ҳикматнинг замирини англамагач, унинг барча сўзлари пуч бўлиб чиқаверди.

Ўлкабошини бир боқишда ўзига ром қилиб, ювоштириб олган Авакян иккинчи кун унинг оиласи ичига юриш бошлади. Икки қизини илк уринишда таслим этиб, хотинини афюнга доғланган бедана каби “гаҳ” деганда кафтига қўндирди. Учинчи куни катта қизи Бўтагул билан тиллашиб, хориждаги банкларга милёнларини ҳайдаб берди. Кичик қизи Сўтагулни мамлакатнинг ЮНЕСКОдаги доимий вакиласи лавозимига кўтаришга ваъда бериб, йўқ жойдан пул топишнинг йўриғини ўргатди. Унинг эрига  чинликлар тенг шерикликда инъом этган Абу Сахий деган янги бозорнинг бизнес режасини тақдим этиб, тезроқ от қамчилашга ундади. Йўқдан йўндиришнинг тузидан тотган Бўтагул, синглига қасдма-қасд, мамлакат бўйлаб салиб юришни бошлади. Фондлар тузиб, турли-туман маросимлар уюштириб, куппа-кундуз куни халқни тунаш йўлига кирди.

Буни кўриб қизларидан ҳам кўра кўпроқ юраги жўш уриб, ҳаяжонланиб кетган ўлкабошининг ялмоғиз қари мегажини, эри ва қизларига билдирмасдан пул жамғаришнинг усулларини сўраб, Авакянга ёзма мурожаат қилди. Шуни кутиб турган Авакян унинг синглисини ўғли билан ҳамкор қилиб, уларга кимса билмас банклардан ҳисоб рақамлари очиб бергач, бечора мегажиннинг минг азобда ўғрин-тўғрин йиққан милёнлаб доллар пулларини янги очилган ҳисоб рақамига ҳайдади.

Авакян билан ҳамсуҳбат бўлган хотини, хотинининг жияни ва икки қизининг гуллаб-яшнаб кетганини кўрган ўлкабошининг ўзи ҳам, “ҳеч ким билмаслиги шарти билан…” Авакяннинг ёрдамида хориж банкларида яширин ҳисоб рақамлари очди. Мамлакатнинг чўнтагидан ўғирлаб, миллатни қон қақшатиб йиққан пулларни хотини ва қизларидан яшириб, янги очилган ҳисоб рақамларига ҳайдаб, устидаги юкдан қутулган эшакдек енгил тортиб, ўпкасини тўлдириб нафас олди. Бу пуллар ҳам аввалгилари каби учга бўлинарди. Чорак қисми Дуйсенбайнинг номига, тенг ярими “чап қанот”га ва қолган чорак қисми пул эгасининг ҳисоб рақамига бориб тушарди. Эҳтимолларга кўра, Авакян ўз улушини “чап қанот”дан оларди.

Бу жараёнларда Абдираҳмон учар бошчилигидаги тўртта голланд академиги Авакянга қўшқанот ва қошу кўз бўлиб турди. Керагида қўл-оёқ, керагида сўйлоқ бўлди. Ўн қўли ўн ҳунар академикларнинг на билмаган соҳаси, на ер юзида танимаган ўғри-каззоби бор эди. Улар сеҳргарларга тилсимларни очишда дарс, кўзбойлоғичиларга “қарс” уриб “кишт” берардилар. Замонавий радио техника, тиббий аппаратуралар ва компютерларнинг кетидан кириб, оғзидан чиқиб кетардилар. Интернетнинг ичига гижжа бўлиб сингиб, ичакларида балиқ сувда сузган каби тараллабедод олиб кезиб юрардилар.

Ўтган қисқа вақт мобайнида пуллардан ташқари ҳам улар чегарадан олиб чиққан ноёб буюмларни бир жойга уйса, қимматини дуру гавҳарлар билан ўлчаш мумкин бўлмаган халқнинг қанчадан-қанча мулклари Эрмитажнинг бир неча залини тўлдирарди. Мана шуларнинг барча-барчалари турмак ичидаги уч литрлик банкага жой бўлишига ишонсак, Қорасаройни ўмарган ўғрибоши Авакян бўлиб чиқарди. Шунда ҳам унинг ва академикларнинг қандай қилиб барчанинг кўз ўнгида Қорасаройни тунаганига соғлом одамнинг ақли етмасди.

Ўғрининг кимлиги аён бўлса ҳам, унга бармоқ ўқталиш учун одамнинг ақли-ҳуши жойида бўлмаслиги керак эди. Демак, тахминларга кўра Житириқни даволаш учун Қорасаройга Голландиядан бешта академикни чақиртирган ҳам, президентнинг учоғини жўнатиб, уларни Дуйсенистонга бошлаб келган ҳам Авакян бўлиб чиқаётганди. Ўзини голландиялик деб атаётган фирибгарлар бошлиғи Абдираҳмон учар ҳам Авакянга тегишли одам бўлиб чиқарди. Лекин барибир бу ишларнинг шундай бўлиб чиқаётганига ақл бовар этмасди.

Ҳар қандай одам бу ҳақда бош қотирса, Италиянинг сўлим бир гўшасида уйқуга ётиб, кўзини очганида ўзини Гоби саҳросининг қоқ ўртасида кўрган кимсадек, беихтиёр бир сесканиб тушарди. Кимки ақли-ҳушини йиғиб, ҳаммаси номи ошкор қилинмаган “чап қанот”га тегишли бўлиши ҳам мумкин-ку, дея ўйласа, ҳаётига мантиқ кирар, боши оғримас, кўзи ҳам тинмасди. У ўзини-ўзи аврашдан, ўзини-ўзи жинни қилишдан қутулар, ортиқча ўзини қийнамасдан, ўтмишда йўл қўйган хатоларини қандай тузатиш хусусида тафаккур этарди.

Бу кичик кўринган иш душманнинг йўлига ғов бўларди. Бу иш тўрт юз йиллик бало-қазоларга, сарсону саргардончиликларга, мантиқсизлик ва ҳавойиликларга тўғон босарди. Сўнгра тупроқлар бўзланар, боғлар ларзонга келиб, ўсишдан тўхтаган тоғлар кўкка бўй чўзиб, юлдузлардан чўғ сўрай бошларди. Узилган дарёлар пишқириб, қуриган денгизларда довуллар уйғонарди. Тўлқинларни соғинган кемалар тўшларини долғаларга уриб, шамоллар билан ўйнарди. Савсанлар осмонларда қанот ёйиб, булбуллар озодлик қўшиғини куйларди…

Авакян ўлкабошининг Дўрмондаги қароргоҳига ҳам қоп-қора думи узун қора машиналарда ҳар куни икки марта бориб келарди. Қоп-қора думи узун учта машинани турли-туман юздан ошиқ думи калта машиналар йўл бўйи ҳар томондан қуршаб, қўриқлаб борардилар. Олдинда кетаётган юк машинаси устига иккинчи жаҳон урушида яроқсиз деб топилган бешта тўп ўрнатилганди. Ўн олтита аскар тўпларга снаряд ўрнига эски чопонга бензин шимдириб тиқиб, қўлларида гугурт, жанговар ҳолатда ғоздек гердайиб турардилар.

Кабинадагиларнинг қўлларида қирқма милтиқ, оёқларида керза этиклари бор эди. Қишу ёз устларида пахталик камзул, бошларида қирқилмаган такаулоқнинг терисидан тикилган силкима телпак, бошларини машинанинг ойнагидан чиқариб, йўл бўйи икки томонни буқаламун тасвири туширилган “хамелеон” кўзойнакларидан кузатиб борардилар. Орқада келаётган юк машинаси устида Афғонистон урушида ичи тўкилиб, хартуми қийшайиб қолган танк турарди. Танкнинг чордоғидан бошини чиқариб, ҳар қўлида иккитадан тўртта бомба ушлаган уч танкчи, шоввозлар хавф-хатар туғилди дегунча бомбаларни икки йўл четини иҳоталаган “кўрса босар”ларнинг устига улоқтиришга шай, каскаларини кўзларига бостириб, қовоқ уйиб, ғазаб тўнини кийиб олгандилар.

Уларнинг орқасида, икки мингдан ошиқ “Фонд – форум”нинг ичак-чавоқлари  – “Баркамол авлод”чилар майка-турисида, бошларида аскарча телпак, оёқларида маҳси-кавуш, қўлларида олимпиада машъласини кўтариб, тилларини бир қарич чиқариб, ҳаллослаб, чопиб борардилар. “Кадалак” деган усти очиқ машинанинг олд ўриндиғида “Аср садоси” фестивали қатнашчиси Абду Хаши қўлида ғижжак, капотнинг устида микрафон ушлаган Зули Бўйбўйхон оловга тушган илондай дўланиб-товланиб, биров эшитса-эшитмаса, “ҳа-ай, ҳай-й” деб хониш этарди.

“Кадалак”нинг орқа ўриндиғида “Терминатор”га ўхшаб кийинган саккизта снайперчи рақсга тушарди. Хуллас, Оқсарой билан Дўрмон қароргоҳини боғлайдиган Дўрмон йўлини тиш-тирноғигача қуролланган олтмиш минг сонли “Ёвуз темурзодалар” қўриқлар эдилар. Ўрта бўғин мансабдорлар, маҳалла қўмиталари раислари ва оқсоқоллар, олим ва ёзувчи-шоирлар тузган қўриқлаш отрядлари алоҳида эди.

Улар жамиятдаги эгаллаган мавқеларига қараб, “Пуфлай-пуфлай”, “Пўшпулак”, “Чур-р, чур-рр-р”, “Ушпулак” каби бир неча гуруҳларга бирлашгандилар. Уларнинг сони ҳам олтмиш мингдан кам эмасди. Халқ ичидан чиққан бу ўпкасини қўлтиқлаганлар “Ёвуз темурзодалар”нинг ҳалқасини айлантириб, уч қаватли ўзига хос Хитой деворини пайдо қилган эдилар. Назарларича, бу жонли деворни Чингизхон гўридан тирилиб чиқиб келса ҳам бузиб ўта олмасди.

Умуман, уларнинг нима учун бу ишни бошлаганлари аллақачон хаёлларидан кўтарилиб кетганди. Бин Лодинни улар буткул унутиб юборгандилар. Ҳаётда тайинли мақсад, шуғулланадиган жиддий пешалари бўлмагач, ҳар куни икки марта йўлга чиқиш улар учун шунчаки эрмакка айланиб борарди. Аслида, ўзларининг тақдирларига бепарво бу одамлар учун ўлкабошининг ўлик-тиригининг унча ҳам аҳамияти йўқ эди. Улар қандай бўлмасин, кун қоралаш учун, очдан ўлмаслик учун бир нима билан шуғулланиш керак деган тўхтамга келгандилар.

Халқ гуруҳлари билан “Ёвуз темурзодалар”нинг умумий номи “Кўрса босарлар” деб аталарди. Уларнинг устидаги кийимлар хилма-хил эса-да, томиридан оқаётган қонлари, тақдирларига бепарволиклари, ўй-хаёллари ва фикри-тафаккурларининг ночорлиги бир хил эди. Орзу-ҳаваслари, худбинликлари, жаҳолати, сиёсий калтабинликлари ва овсарликлари ҳам бир ота-онадан туғилган эгизаклар каби эди. Улар бир олманинг икки палласи ёхуд бир дарёнинг икки қирғоқлари эдилар.

Авакян Дўрмон қароргоҳига йўлга чиқишдан олдин ўзининг бошидаги уч литрлик банкани ўлкабошининг бошига қўйиб, бор ҳафсаласини ишга солиб, унинг сочини ўтириб олиб эринмасдан турмакларди. Кигиздан қилинган ясама сочини шамол учириб кетмаслиги учун тўғноғичлар билан парпара қилиб тикилган бурма ёқасига қистириб, лачагининг остидан жамалагини чиқаргач, қирқ ўрим сочини орқасига ташларди. Култапўшагининг печидан попук тортиб, учини белига туширарди. Юзу кўзини ўзиники каби бежаб, кўзларига сурма, қошларига ўсмайи гардон тортарди. Тўмтоқ бурнини пачақлаб, кичрайтириб бураб, икки кўрсатгич бармоғини сувлиқдек оғзига тиқиб, икки томонга обдон тортиб, лабларини қулоқларига етказарди. Қулоқларини қуймондек чўзиб, солинчоқларига ўзининг исирғаларини илгач, тушиб кетмасин дея, тубидан кўзга тушмайдиган қилиб қатим билан айлантириб тугиб қўярди. Чўтир юзига сумалакнинг қаймоғини чаплаб, кафти билан текислагач, устидан тухумнинг оқини суркаб қотирарди. Кўкракларига ичига пахта тиқилган иккита ярим литрлик банка қўйиб, устидан сийнабандини тортиб, орқасидан илмоғини иларди. Уни ҳали Бин Лодин экан, Тоҳир Йўлдош билан Жума Намонгоний кўрганда ҳам танимасди.

Ўлкабоши Авакяннинг кийим-бошларини кийиб, кўзгуга қарагач, кўзгудан ўзига қараб турган Авакянни кўриб:

– Санътингизга қойилман! Энди мени сиздан туққан онам ҳам ажратолмайди! – дея қарсак чалиб юборарди. Шунда орқасига қайрилиб, ўзининг аксига кўзи тушарди-да, ундан:

– Халоскоримиз Авакян қаерга кетди, жаноб? – дея сўрарди.

– Мени танимадингизми?! – дерди юраги ҳаприқиб кетаётган ўлкабоши. – Ҳозир ҳазил-ҳузил мавриди, эканми? Мен Шўлпоной Авакян бўламан. Ҳазилингиз қурсин сизнинг, йўқолиб қолдимми, дея ўтакам ёрилай деди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort