Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қийноққа тутилган диндорлар иши бўйича суриштирув бошланди

Қийноққа тутилган диндорлар иши бўйича суриштирув бошланди
06 Ocak 2018 - 21:11 'да юкланди ва 536 марта ўқилди.

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармасида қийноқларга тутилгани айтилаётган диндорлар иши юзасидан суриштирув ишларини бошлаган. Қийноққа тутилган диндорларнинг яқинлари адолатдан умид қилишмоқда.

4 январ куни Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси раҳбари Ўктам Муродов тергов давомида қиноққа тутилганини даъво қилаётган диндорларнинг яқинларини қабул қилган.

“Вазирлик масъули бизни жуда ҳам хушмуомала билан кутиб олди. Бундан бир неча йил олдин ўтган ишлар бўйича узр сўради. Уларни унутишимизни айтиб, яқинда бўлган қийноқ ҳоллари бўйича суриштирув ишларини бошлашини ва иш прокуратурага оширилишини билдирди”, дейди учрашувда иштирок этган диндорлардан бири.

ИИВ махсус гуруҳи томонидан олиб борилаётган суриштирув ишлари кейинчалик прокуратура оширилиши кутилмоқда.

Олдинроқ Ички ишлар вазири қийноқларга йўл қўймаслик борасида махсус тадбирлар олиб борилаётганини айтганди.

Тошкент милицияси 2017 йилнинг ноябр ойида Тошкент шаҳри ва вилоятида 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган 79 нафар аёл ва эркак диндорлар қўлга олгани ҳақида хабар берган эдик.

Уларнинг аксарияти 8 соатлик савол-жавобдан сўнг қўйиб юборилган. 7 киши ҳибсхонада ушлаб қолинган. Ушланганларнинг айримлари калтаклангани айтилганди.

Милиция ходимлари аввалига ҳибсга олинганлардан 2008 йилдан бери қидирувда бўлган Гўзал Тўхтахўжаеванинг яшириш айбини қўйишга ҳаракат қилишган.

Кейинчалик уларга бошқа айблар: Тошкентдаги масжидда варақа тарқатиш, Ҳизбут таҳрири ғояларини тарқатиш каби айблар қўйишга ҳаракатлар бўлган.

Ҳибсга олинганлардан Умида Узоқова ҳақида ЎзА агентлигида “Шайхонтоҳурда экстремист аёл ушланди” мақоласини чоп қилганди.

ЎзА масъуллари мақоладаги фактлар Тошкент ГУВДси томонидан берилганини маълум қилганди. Мақолада Умида Узоқова Гулбозордаги масжидда варақа тарқатгани ёзилган.

Bbcuzbek.com нинг изланишларидан Тошкентда масжидларида варақа тарқатилмагини ойдинлашганди.

15 кунлик қамоқдан сўнг ҳибсдаги 7 кишидан яна 3 таси уйга қўйиб юборилди. Улар қамоқда қийноққа тутилганини айтмоқда.

Айни дамда қамоқда Насиба Узоқова ва унинг ўғли Муҳаммадамин Абдураҳмонов ҳамда Муҳаммад Рашидовлар суд қарори билан тергов қилинмоқда.

Насиба Узоқованинг қизи Азиза Узоқова уй қамоғига ўтказилган ва уйдан терговга қатнамоқда. Аввалига варақа тарқатишда айбланган Умида Узоқова энди Ҳизбут Таҳрир ғояларидан таълим олишда айбланмоқда.

Давлат томонидан тайинланган адвокат Рустам Раҳматуллаев Умидага нисбатан варақа тарқатиш айби қўйилмаётганини билдирди.

Яқинлари ушбу одамларга ноҳақ айб қўйилаётганини ва иқрорлар 15 кун давом этган аёвсиз қийноқлар натижасида олинганини айтишади.

Тошкентдан инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов Терроризм ва экстремизмга қарши курашиши бошқармаси 15 кун қамоққа олинган Умида Узоқовани ечинтиришгани ва ялонғоч қилинган видеосини интернетга тарқатиб юбориш билан таҳдид қилишганини маълум қилганди.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи чиқарган хабарда айтилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Умида Узоқовага нисбатан “Ҳизбут таҳрир” ташкилотига аъзо бўлиш ва ташкилотнинг варақаларини тарқатиш айбини қўйишга уринган.

Ушбу айбловларни рад этган Умида Узоқовани ечинтиришган ва резина таёқ билан зўрлаймиз деб таҳдид қилишган.

Оилавий шароити туфайли уй қамоғига ўтказилган Умида Узоқова соғлиги ёмонлиги айтилмоқда. Кучли таксикос ҳолатини бошидан кечираётган Умидага дўхтирлар ётиб даволаниш тавсиясини беришган. Қийноқлар ва таҳдидлардан кучли стрессга тушган Умиданинг ҳомиласи тушиб қолиш хавфи юқори эканлиги айтилмоқда.

Олдинроқ Умиданинг опаси Азиза Узоқова Тошкент ГУВД биносида онасини қийнашаётганини ўз қулоқлари билан эшитганини айтганди.

“13 ноябр куни Тошкент милицияси онам, акам, синглим ва келинимни ушлаб кетган. Кечроқ келинимизни қўйиб юборишган. 14 куни мени ҳам чақиртиришди. 1,5 яшар болам билан Терроризмга қарши курашиш бўлимида эрталабдан кечгача ушлаб ўтиришди. У ерда ўтирганимда онамни бошқа хонага олиб киришди ва хонадан онамнинг бақирган овозларини эшитдим. Аввалига бақириқ кучли чиқди, кейин оғзига латта тиқилгандек бўғиқ чиқди”, – деган Азиза Узоқова.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Аллох бу золимларга аламли жазо ва иллат берсин!

    07/01/2018 15:45
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар