Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бугун мазза қилиб яшасам, эртага бир гап бўлар…

Бугун мазза қилиб яшасам, эртага бир гап бўлар…
08 Ocak 2018 - 7:00 'да юкланди ва 648 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

37-қисм

Спектакл премьераси ҳар куни икки марта такрорланарди. Томоша тонгда Дўрмон қарогоҳида, шомда Оқсаройда саҳнага чиқарди. Спектаклда битта режиссёр билан битта гримчи асосий вазифани бажарарди. Аммо режиссёр билан сенарийчи иккаласи битта одам эди. Сенарийни саҳнада бор-йўғи иккита актёр ижро этарди. Томошабин ҳам иккита, бутун бошли театрнинг тақдири икки кимсанинг фаолиятига боғлиқ бўлиб қолганди. Шундай катта бир даргоҳда ўлкабоши билан Авакяндан бошқа тирик жон кўринмасди. Сенарийни ёзган ҳам, режиссёр ҳам, гримчи, иккита актиёр билан иккита томошабин ҳам мана шу икки фирибгарнинг ўзи эди.

Ўлкабошининг қиёфасига кирган халоскори учта қора думи узунларнинг бирига чиқаётиб, ўзининг қиёфасига кирган ўлкабошини асраб-авайлаш учун хавфсизлик генералларига бир қанча топшириқлар берар, кейин орқа ўриндиққа ястаниб ўтириб оларди-да, Дўрмон қароргоҳи томон йўлга чиқарди. Айтганимиздек, “кўрса босарлар” қўшинлари катта йўлнинг икки тарафида жонли Хитой деворини тиклаб, тўрт соатдан буён ўлкабошининг йўлини пойлаётган бўлардилар. Думи узуннинг ойнасидан уларга боқиб, “Бу халқ одам бўлмайди”, деб ўйлаётган Авакяннинг хаёлидан нималар кечмасди, дейсиз!

“Кўрса босар”ларнинг ичларида ҳам ҳар хиллари бўларди. Қайсидир билиб-билмай бурчини сидқидилдан адо этарди. Қай бири ҳар куни қуруқ бир томоша учун йўлга чиқарди. Кимдир шу иш орқасидан бойлик орттирса, кимдир бизнес режасини амалга оширарди. Яна кимлардир овсарлиги боис умр кўчаларида довдираб юрганини ўзи ҳам билмасди. Аллакимлар “Падари лаънат қачон ўларкин? Бу бетайин ҳаёт жонга ҳам тегиб кетди” дея ич-ичидан ижирғанарди.

Кимдир ноиложликдан нафратини ичига ютар, кимдир шу ишни қилаётгани учун терисига сиғмай хурсанд юрар, келажакда авлодлари боболарининг бежиз одам бўлмаганидан ифтихор этишларини тасаввур қилиб, юраги жўш уриб кетарди. Яна бировлар келажакда албатта шу ишлари учун ўзларига ҳайкал қўйилажагига иқрор бўлиб, Ленин ҳайкали даҳмаси устига ўрнатилган ер шарини кўз олдига келтирарди. Унга орқа бериб турган “Бахтиқора буви”ни эслаб, шундай ўлкабоши замонида яшаётганларидан энтикиб кетиб, кўзларига ёш оларди…

Авакян қиёфасига кирган ўлкабоши хафсизлик генералларига:

– Сизлар бораверинглар. Юрагим ёлғиз кезишни тусаяпти, – деярди ва пойю пиёда эгри-қийшиқ тор кўчаларга кесиб чиқишдан олдин: “Энди қайдаги бир пардоз-андозчига танқўриқчилик қилмаганимиз қолганди”, дея ғазабларини ичларига ютаётган генералларига: – Ўлкабоши қўнғироқ қилиб қолса, Авакянни қўриқлаб юрипмиз деяверинглар, – дейишни ҳам унутмасди.

У биринчи кун юриб кўрмаган кўчаларида сандироқлай-сандироқлай, Дўрмон қароргоҳига тонгга яқин зўрға етиб борди. Авакяннинг икки лайлак тумшуқ туфлиси икки қўлида, оёқ панжалари шилиниб, тиззасигача икки пойчаси сўқидастадай бўлиб қорайиб шишиб кетганди. Уч литрлик банка, бечоранинг бошидан изтироб тутунлари чиқаверганидан, қақшаб, кўкракларидаги ярим литрлик банкалар унинг ғишт терига лиммо-лим ғарқ бўлганди. Ичидаги пахта ивиб, сувга бўккан бўлкадек алламбалога менгзарди. Ширин уйқуда ётган Авакян минг меҳнату миннат билан орқа эшикни очиб, уни бўшангга чиқариб роса койиди. Кейин ўзининг қиёфасига солиб, у хоҳламаса ҳам уриб-туртиб, Авакянга ишониб бор пулига чув тушгач, эси оғиб қолган хотинининг ёнига киргизиб юборди.

У бора-бора гоҳ пиёда, гоҳ кира қилиб юриб, оддий ҳаётнинг мазасини ола бошлади. Биринчи кунларда ёш-яланг ёхуд маст-аласт эркаклар тегажоқлик қилиб гап отса, юрагини ҳовучлаб, қўрқиб қочарди. Аста-секин қичиқ гапларни эшитса жони кириб, ноз-фироқ этадиган бўлди. Кўзини сузиб, қошларини ўйнатадиган одат чиқарди. Охири у елкаларини учириб, кетини қоқишга устаси фаранг бўлиб кетди. У ҳар сафар Дўрмон қароргоҳи томон ора-оралардан пиёдалаб йўлга чиққанда, “кўрса босарлар” ўлкабошининг қиёфасига кирган Авакянни кузатиб қўйиб, сувараклардай тўрт ёққа тарқаб кетаётган бўлардилар.

Уларнинг қайси бири ўлкабошини кўкларга кўтариб мақтаса, қай бири кўкдан кўтариб ерга урарди. Яна қайсидир унинг курсисига ёпишиб олиб, қонунларнинг оёғини осмондан келтирганини айтса, қайсидир унинг қарилик маразига учраб, нима иш қилаётганини ўзи ҳам билмаётганини, у ўлмаса халқ зулмдан, истибдоддан қутулмаслигини айтарди. У буларни эшитиб, “Вайсайверинглар, ҳаммангизга девор ушлатиб қўйганман. Ё афанди, ё эшак ўлади. Бугун мазза қилиб яшасам, эртага бир гап бўлар”, деб пичирлаб ўтаверарди. Кимдир шунча йилдан буён унинг қоқ пешонасидан отадиган бир мард топилмаганини гапириб, афсус тортса, кимдир у ўлган билан масала ҳал бўлмаслигини айтиб куюнарди. У атрофига ўзидан бешбаттар авбошларни йиққанини айтиб, миллатнинг боши берк кўчага кириб қолганини тушунтирмоқчи бўларди. Авакянга айланган ўлкабоши, “Мен аҳмоқми ёки сизлар, ҳали вақт кўрсатади. Сизларнинг эсингиздан Бин Лодин чиқиб кетгани билан, мен уни унутганим йўқ. Шундай бўлгач, мени ким отади”, дея, ўзининг қилиб юрган ишларидан фахланарди. “Бин Лодинни чув туширдим, отса Авакянни отаверсин. Менга нима”, дея бировга сездирмасдан мийиғида кулиб қўярди.

Бир куни ишга келаётганда Олтин тепа кўчасида жойлашган миллий хавфсизликнинг ёқилғи базасида қоровулда турадиган чол қўярда-қўймай:

– Бир пиёла чой ичиб кетинг, хоним! – деб уни қоравулхонасига олиб кирди.

Олдига бир ликопчада парварда, яна бирида қора майиз қўйди. Нон синдириб, қайноқ чой узатди. Анча йўл босиб келаётган Авакяк хоним илтифоти учун чолга миннатдорчилик билдириб, чойдан иссиқ-иссиқ ичиб, кўзига ёруғлик инди.

– Турмуш ўртоғингиз тирикми? – дея сўради лабига булғашган бўёқни кафтидаги ойнасига қараб артаётган Шўлпонойдан чол.

– Эрим раҳматлик улоқ чопарди, – деди у ёлғон гапириб. – Ўн беш йил олдин отларнинг туёқлари остида қолиб ўлди.

– Бева экансизда?

– Ҳа!

– Вақтида қутулган экансиз!

– Худога шукур, ўзим хон, кўланкам майдон. Хоҳласам у ёққа бораман, хоҳласам бу ёққа келаман. Мендан ҳисоб сўрайдиганлар у ёқда ҳисоб бериб ётиптилар. Севмаганга суйкалма, деганлари каби, хоҳлаган ишимни қиламан, хоҳлаган жойимга бориб-келаман. Бироқ феълим жуда ёмон. Тезхонларданман, тегажоқлик қилганларни бир мушт уриб, гўштини паштет, суягини талқон қиламан.

– Менбоб экансиз! – деди чол. – Анчадан бери кузатиб юрипман. Чошгоҳда бу ёққа, шомда у ёққа ўтасиз. Қаерга ўтасиз деб сўрамоқчи бўламану, яна бошида эри бор хотинга гап отиб нима қилдим, дейман.

– Яратганга шукур, боши очиқман. Сизбоб бўлмасам ҳам ёшроғи бўлса, йўқ демасдим.

– Вуй, жонингга жоним ғиди-биди! Ёшлардан қай жойим кам? – деган қуруғур чол Шўлпонойнинг биқинидан ушлади.

Қитиғи ўлмаган Шўлпоной хохолаб, хандон отиб кулар экан:

– Қўлингизни тортинг, уялмайсизми? – деди. – Эри йўқ экан, билганимни қиламан, деб ўйлаяпсизми?

– Билмаганимни ҳам қилавераман…

У бўлди-бу бўлди, Шўлпоной у ёққа ўтса ҳам, бу ёқа ўтса ҳам бирпас суҳбатлашиб, чолнинг қўлидан бир пиёла иссиқ чой ичмаса, ўтолмайдиган номсиз бир касалга учради. Чол ҳам илоннинг ёғини ялаган экан, қитмирлик қилавериб, уни силаб-сийпашларига ўргатиб олди. Бир умр совуқ курсидан бошқасини кўрмаган бечоранинг кетига чолнинг иссиқ кафти бир кун тегмаса, уни соғинадиган бўлгач, у дунёда мансабдан ҳам яхши нарсалар борлигини ҳис эта бошлади.

Чолга олдидан ва икки кўксидан бошқа барча жойларидан ушлатадиган, хоҳлаганича ўптирадиган бўлди. Сўнгги маррага иложини қилолмаган чолнинг охири бир кун жонига тегди. Уни тўшининг остига босиб, зўрлашга тушди. Шўлпоной жон-жаҳди билан олдини чангаллаган эди, у киндигига тиркаб, суриб юборди. Икки банкани бир-бирига уриб, чил-чил синдириб, Шўлпанойнинг ёқасидан бошини чиқазган болакайнинг бошидан қип-қизил қон булоқ бўлиб отилди. Қорнини йиртиб юбориб, бир бегуноҳни ўлдириб қўйдим, деб ўйлаб, чол ҳушидан кетиб қолди. У чил-чил синган банкаларнинг синиғи болакайининг кекирдагидан киндигигача балиқ каби тилиб, ичак-чавоғини қоялари устига чиқариб ташлаганини сезмаган ҳам эди. Икки кўксидан айрилган Чўлпоной чолнинг тагидан қочиб чиқиб, қайдасан, Дўрмон қароргоҳи дея, вақтни қўлдан бой бермасдан арчазорнинг орасига кириб чил-чил синган банкаларнинг синиғи каби кўздан ғойиб бўлди…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар