Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Истеъдодсизлар

Истеъдодсизлар
08 Ocak 2018 - 12:13 'да юкланди ва 1151 марта ўқилди.

Кечадан бери Исроил Тиллабоевнинг “Математикнинг ўрнига раққосни мукофотлаш нимаси”? деган мақоласи қизғин баҳс этилмоқда.

Бугун ушбу мақола юзасидан Фейсбукда Bekzod Ahmadali номли профил эгаси ҳам ўз шарҳини қолдирибди. Бу кишининг фикрлари масаланинг моҳиятини янада очиб берган ва кўп жиҳатдан қарашларимиз ўхшаш экан. Қўшимча қилиб яна қуйидаги ўзимнинг фикрларимни баён этишни лозим топдим.

Мен айнан Исроил Тиллабоев мақола ёзишига сабаб бўлган воқеъликка нисбатан эмас, балки ўшандай муҳит яратилганлигининг омили ҳақида умумий тарзда фикримни билдирмоқчиман. Қўшиқ, рақс ва санъатнинг бошқа йўналишларига инсониятнинг эҳтиёжи мавжуд. Шунинг учун ҳам булар жамият учун муҳим. Ҳақиқий санъаткор бўлиш учун эса истеъдод керак. Шу маънода мазкур соҳа бошқа соҳалар каби зарурдир ва ҳақиқий санъаткорлар ҳурматга сазовор кишилардир.

Лекин охирги ўн йилликларда ушбу соҳага жуда кўплаб истеъдодсиз кишилар адашиб кириб қолдилар. Истеъдодлари бўлмасада, улар бойиб кетдилар, давраларнинг тўри уларники бўлди. Хўш, уларни бой қилганлар ким? Давраларда тўрга ўтқизганлар-чи? Албатта, ўзимиз.

Агар истеъдодсиз санъаткорнинг концертига сиз билан биз чипта харид қилиб кирмасак, тўйимизга айтмасак, пул қистир-қистир қилмасак, реклама роликларини бериб қўймасак улар қаердан бойишади?

Энг ачинарлиси, ана шундай истеъдодсизлар бизни ҳисобимиздан бойишиб кейин бизга нописандлик, кибр билан қарайдиган бўлиб қолдилар. Улар умрларида деярли қўлларига битта китоб олиб ҳам ўқимаган бўлсаларда, ўзларини гўёки энг ақлли, билимдон санашади. Аслини олганда уларда пулдан ташқари ҳеч қандай бойлик мавжуд эмас.

Албатта, бу ёзганларим айнан истеъдодсиз, маънавиятсиз соҳа вакилларига қаратилган. Энди масаланинг бошқа томонини олайлик. Талаб бўлган жойда таклиф юзага келади.

Муаллиф таъкидлаганидек, тўйга артистлар учун 10-20-30 минг доллар ишлатганлар бор. Артистларни партия-партия қилиб чақирар эканмиз албатта уларга талаб бўлади. “Бизга ана ўшалар керак, шуларнинг ҳаёти бизга қизиқ, кийиниши қизиқ, очилиб қолган жойи қизиқ, фикри қизиқ, иши қизиқ, ҳаттоки шуларнинг “ити” (кучуги) қизиқ”.

Уларга ҳавас қилишимиз бизнинг дунёқарашамиз торлигидир ва бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганмиз.

Фақатгина, ҳақиқий зиёли инсонлар бундай шармандагарчиликлардан йироқ турадилар ва улар ҳақиқий санъатни ҳамда санъаткорларни қадрлайдилар.

Вазият шунга етиб бордики ҳатто қайсидир артистнинг синглисини ҳомиладор бўлганлиги ҳам сариқ матбуотда ёзиладиган бўлди.

Артистларни номма-ном билишимиз масаласига келсак, бунинг асосий сабаби санъат соҳасининг ўзига хос хусусияти билан боғлиқ. Машҳурларини кўпчилигимиз билишимиз табиий. Айни бир пайтда машҳур бўлмаганларини ҳам умумиятла олганда хоҳласак-хоҳламасак таниймиз, чунки уларнинг фаолиятлари ҳамиша ойнаи жаҳонда, ОАВларида намоён бўлади.

Шуниси қизиқки, қўшиқни басталаган бастакор, ёзган шоирнинг номи кўпинча парда ортида қолиб кетади лекин қўшиқчини таниймиз. Худди шу ҳолатни кино, сериал ва спектаклларга нисбатан кўришимиз мумкин.

Олимларимизга келганда эса уларнинг иш фаолиятлари муайян бир соҳага йўналтирилганлиги боис қилган ишлари аксарият ҳолларда ўша соҳа вакиллари орасида танилади. Албатта, оламшумул ихтиролар яратганлар бундан истисно бўлиши мумкин.

“Атрофга қаранг, ҳамма томонда артистлар: телевизорда, радиода, газетада, тўйда, келин-саломда, рекламада, ҳакамликда (жюри), тадбирларда… Маслаҳат берадиганлар ҳам, муҳокама қиладиганлар ҳам, кийинишни, ҳаттоки овқат пиширишни ўргатадиганлар ҳам артистлар… Нега?” Бунга юқорида жавоб беришга ҳаракат қилдим.

Лекин бунинг яна бир жиддий сабаби бор. У ҳам бўлса давлатнинг бу борада атайин юритган сиёсатидир ёки бошқача айтганда қилган амалий ишларидир. Маънавият, маърифат деб жар солган ҳолда истеъдодсизларга бутун бир ОАВларининг ихтиёрини бериб қўйишди. Сариқ матбуот ривожланиб кетишига имкон яратиб беришди.

Ҳақиқий санъатга иқтидори бўлганлар ўрнига истеъдодсизларни турли йўллар билан кириб келиши рағбатлантирилди. Фонограммага кенг йўл берилди. Мамлакатда жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммолар бўлган пайтда оммани чалғитиш учун ана шундай истеъдодсиз санъаткорлар армиясидан фойдаланилди. Омманинг онги енгил-елпи, савиясиз, маъносиз, мантиқсиз қўшиқлар, рақслар, кинолар, сериаллар билан заҳарлантирилди. Санъат соҳаси умумий олганда тижорат, сохта обрў ва осон бойлик орттириш манбаига айлантирилди. Қайси бир канални кўрманг ҳаммасида бемаъни қўшиқ, клипларни учратасиз.

Кечагина саҳна юзини кўрган айрим артистлар ўзларича халқга маънавият, ватанпарварлик ҳақида жўшиб гапирадилар. Истеъдодсиз санъаткорлар чала-чулпа қўшиқлари, рақслари билан биргаликда бош маддоҳлар ролини ҳам ўйнаб беришди. Икки йилча илгари бир мажлисда уларга ёшларнинг маънавиятини ошириш вазифаси ҳам юклатилган эди. Ўзида маънавият бўлмаган киши қандай қилиб бошқаларга ундан сабоқ бера олади? Тўғри, ҳар томонлама етук ёши улуғ, истеъдодли санъаткорларимиздан бу масалада фойдалансак бўлади, лекин мен умумий ҳолатни назарда тутяпман.

Ушбу ўринда шуни ҳам таъкидлашим зарурки, дунёнинг бошқа давлатларида ҳам машҳур артистларни кўпчилик танийди, улар ҳам бой яшайдилар. Уларда ҳам санъат тижорий характерга эга, уларда ҳам санъат йўналишлари бўйича ҳар хил мукофотлар топширилади лекин артистлар фаолиятига сиёсий тус бериш, улардан пропаганда учун фойдаланиш, уларга маънавият бўйича кураторлик вазифасини бериш деган нарсалар деярли кузатилмайди. Шундай қилиб, уларнинг оммага танилишида давлатнинг ҳам ўрни катта бўлди. “Лик-лик Хизмат кўрсатган артист, Лик-лик Халқ артисти”, деган жумлалар Президент томонидан бежизга айтилмаган эди.

Агар мақсад иқтисодий ривожланиш ва демократияга қаратилганда эди асосий эътибор илм-фанга, технологияларга, инновацияларга, тиббиётга, маорифга, қонунчиликка қаратилар эди. Журнал, газеталаримиз, телевидения, радио ҳаммасида шу соҳалар ривожига бағишланган кўрсатувлар тўлиб тошарди. Ҳар хил мукофотлар, эътироф-у, эҳтиром-у ва ҳоказо тадбирлар асосан аниқ фанларга йўналтирилган бўлар эди. Журналистлар микрофонларини олимларга, сиёсатшуносларга, иқтисодчиларга, инженер-у, технологларга кўпроқ тутқазар эдилар. Маънавият, маърифат ҳақида ҳақиқий зиёлилар, педагоглар, диний уламолар кўпроқ гапирган бўлурдилар. Ҳар хил конкурсларда ҳайъат аъзолари соҳа мутахассисларидан таркиб топар эди. Санъат соҳаси эса ўз вазифаларини ҳеч қандай имтиёзларсиз бажарган бўларди.

Хулоса шуки, санъат соҳасида юз берган салбий ҳолатларга бир тарафдан жамоатчилик айбдор бўлса, иккинчи тарафдан уни юзага келишида ўтган даврда давлатнинг ўзи бош-қош бўлди. Эндиликда буларни бартараф этишимиз зарур, акс ҳолда ҳолимиз ёмон бўлади, яъни замондан, тараққиётдан яна ортда қоламиз. Ўйлайманки, яқинда бўлиб ўтган воқеъа қайтиб такрорланмайди ва “ҳайъат аъзолари” тегишлича тўғри хулоса чиқаришади.

Фарҳод Абдураҳмон

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort