Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ўзимизга мос, ўзимизга хос”

“Ўзимизга мос, ўзимизга хос”
09 Ocak 2018 - 7:00 'да юкланди ва 506 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

38-қисм

Ўн бешинчи боб

Авакян ўлкабошининг бошидан кечирган саргузаштни эшитиб, бир унинг елкасига қоқса, бир ўзининг тиззаларига шапатилаб, ичаклари узулгудек бўлиб роса кулди. Кўзларидан тирқираб чиққан ёшларини артиб, очилиб қолган сонларини тунги халатининг бари билан ёпар экан:

– Бўтам, ўлгур сассиқ чолни бир бобламаймизми? – деди.

– Қандай қилиб?! – сўради ҳалигача ҳансираётган ўлкабоши дами-дамига қовушмай.

– Эртага шомда ишдан Бин Лодиннинг қиёфасига кириб қайтасиз!

– Валлоҳи ала-ам! – дея чинқириб юборган ўлкабошининг ваҳимадан кўзлари хонасидан чиққудай бўлди. – Ундан кўра ўзингни ёниб турган оловга ташла, пишқириб оқаётган дарёга от, денг, кўзимни чирт юмиб, ўзимни оловга урай, дарёга отай. Бу анча осон иш. Ақлга сиғдира олмайдиган ишни зиммамга юклаб, юрагимни ёриб, мени ўлдирмоқчимисиз?! Ўшанинг отини эшитсам, бутун вужудим музлаб кетади. Кўзларимнинг олди қорайиб, икки оёғим ўзимга бўйсунмай қолади. Икки қулоғимда шовқин туриб, ичак-чавоғим келиб бўғзимга тиқилади. Заҳарли илонлар билан қоронғи ва зах бир ўрада ётаман, аммо унинг қиёфасига кирмайман. Ўзи ўша отинг ўчкурнинг назаридан қочиш учун мана шу балоларга йўлиқиб юрипман-у, яна топган гапингизни қаранг!

– Ақли донишлар, балонинг ташқарисида бўлгандан кўра, ичкарисида турган хавфсизроқ, ақл чош бўлиб, кўз пишади, деганлар…

Алқисса, у бўлди-бу бўлди, Авакян “ўламан саттор, бундай қилмайман”, дея икки оёғини ерга тиркаб олган ўлкабошини “отанг яхши, онанг яхши” дея алдаб-авраб, охири кўндирди.

Эртаси кун шомда Бин Лодинга айланган ўлкабошининг бошида салла, кўзларида  буқаламун тасвири туширилган “хамелеон” кўзойнак, чакмонининг қўлтиғига ичидан автомат қистириб, қўлида тасбеҳ, оёғида амиркони маҳси-кавуш, оғзига бир отим носни отиб, соқоли киндигида, қўрқа-писа йўлга тушди. Қўрққанга қўша кўринади деганларидек, ҳар кун кириб-чиқиб юрган кўчалари кўзларига ўлжасини ютишга шайланаётган аждарҳо бўлиб кўринди. Баланд-паст бинолар эса устига бостириб келаётган кўчки сингари ваҳимли кўринар эди.

У “Олтин тепа” масжидидан энди ўтган эди, осмондан тушдими, ердан чиқдими, ойналари қорайтирилган бир қоп-қора “Жип” пайдо бўлди. Ичидан милтиқнинг ўқидек отилиб чиққан тўртта барзанги, “ҳай-ҳуй”ига қарамасдан бошига қоп кийгизиб, уни машинага ортиб номаълум томонга қараб олиб кетди. Анча юргандан кейин, машина бир жойга кириб тўхтагач, дарвозанинг автоматик равишда ғўнғиллаб ёпилган товуши қулоққа чалинди. Эшиклар очилиб, уни пастга олиб тушдилар-да, бошидан қопни чиқазиб олдилар. Не кўз билан кўрсинки, уни шайхлар, бутун шаҳар имомлари, ўзининг хавфсизлик вазирларидан бошқа бутун вазирлари, ҳокимлар кўзлари тўрт бўлиб интизорлик билан кутаётган эдилар.

Бир томонда қўлларида автомат ушлаб олган бир гуруҳ мужоҳидлар. Ораларида бир қанча аёллар ҳам бор эди. Улар қўл қовуштирганча, Бин Лодин хаёл қилиб, унга таъзим бажо келтиргач, уни ичкарига таклиф этдилар. Масжид деса масжид, меҳмонхона деса меҳмонхона – жуда ҳам катта, баҳаво бир саройга бошлаб кириб, давранинг энг тўрига, ўзи учун махсус тузатилган жойга ўтқаздилар. Қолган ҳамма унга қараб ўринлашди. Унинг битта ўзи бошқалар билан юзма-юз ўтирарди. Бу унинг жамоат пешвоси эканидан нишона эди. Ишорани унинг ўзи ҳам пайқади, шекилли, қўрқувдан дағ-дағ титраётган Бин Лодиннинг пўстини ёпинган ўлкабоши елкасидан чуқур нафас олиб, ичидаги бутун хавф-хатарни нафаси билан “пуф”лаб ташқарига чиқазиб юборди. У энди қишнинг чилласига йўлиққан яккаш япроқ каби қалтирамас, бўлар-бўлмас мудҳиш хаёллар устига бостириб келиб, қўрқувда қолган шуурини музлатиб, юрагини изиллатмас, у ақли-ҳушини йиғиштириб олганди. Ўзини бу ерга нима учун олиб келганларини тахминан бўлса ҳам  англашга тиришарди.

– “Олтин тепа” масжидидаги айғоқ адашиб юрганингизни кўриб, шаҳар ички ишлар бошлиғига қўнғроқ қилипти экан! – дея гап бошлади шайх.   – У киши бу хушхабарни дарров менга етказди. Мен ўз навбатида, “Барадори – баробари” ташкилотимиз фаолларига етказгандим, Тангрига шукур, бургутларимиз оёғингизни ерга теккиздирмай олиб келдилар. Биз сизнинг шаҳид бўлганингизга ишонмаган эдик. Шаҳид бўлган бўлсангиз ҳам, Маҳдий алайҳиссалом қиёфасида қайтиб келиб, кофирларнинг таъзирини беришингизга ишонардик. Шунинг учун ҳам бир неча ойдан буён сизга ҳисобот бериш тадорикида йўлингизга кўз тикиб ўтиргандик. Ниятимиз холис экан, Тангри таоло муродимизни восил этди. Мен ҳам ҳукуматнинг, ҳам мўмин-мусулмонларнинг тенг вакили – ҳар иккаласининг оқимини битта йўналишга солиб, уйғунлаштириб турувчи йўриқчиси бўлганим боис, йўқ демасангиз, биринчи бўлиб, ўзим ҳисоб берсам? Кейин ҳазрати шайх Абдуадиз Мисрий жаноблари давом эттирадилар.

Сукут алаомати ризолик деганларидек, қовоқ солиб ўтирган Бин Лодин жаноблари индамагач, нафасини ростлаб олган шайх Муҳаммад Осиф қолган жойидан давом этди.

– Ўзингиз яхши биласиз, бизда ҳукумат билан ислом жамоаси бир-бирларига олов билан сув сингари душман. Яхши жиҳати, улар бир-бирларидан икки қутб каби ўзларини узоқ тутсалар ҳам, уларнинг ниятларида, мақсад чегараларида унчалик тафовутланадиган ранглар йўқ. Ҳар иккаласининг лойи бир жойдан узилиб, бир хумдонда пишиб чиққани учун, уларнинг ўхшамаган тарафларидан ўхшаш тарафлари жуда ҳам кўп. Ҳар икки томон ҳам ёлғонда, мақтанчоқликда, аравани қуруқ олиб қочишда, илмсизлик, маърифатсизлик ва бетайинликда бир-бирларидан ўтса-ўтадиларки, орқада қолмайдилар. Уларнинг жаҳолатда эгизаклар эканлигини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Ҳар иккаласининг амали ботинида ҳам, зоҳирида ҳам ўғрин-тўғрин бойлик орттириш, бузғунчилик, фисқу фасод, сохтакорлик ётади. Ҳар иккаласи ҳам ўзларини ботир-қаҳрамон, куйинчак қилиб кўрсатмоқчи бўлганлари билан, уларнинг ўта қўрқоқ, пасткаш бир тоифа эканини бутун олам билади. Ҳар қандай ҳукумат вакили тўрт сўм пора учун давлатнинг ҳар қандай сирини сотишга шай туради. Ҳар қандай диндорга ҳукуматдан жой берсангиз, дину диёнатни  тўн каби устидан ечиб, чиқиндига улоқтириб юборади. Улар ўзларини турли-туман номлар билан номлаб, қиёфаларини бошқа-бошқа кўрсатмоқчи бўлганлари билан, аслида битта вужуд, битта жондирлар. Ҳар иккаласининг эътиқоди, имони суст бўлгани учун ҳам ҳеч бир муваффақиятга эриша олмаяптилар. Ичи бўш идиш қуруқ даранглагани мисол, улар ҳам бекордан-бекор чиранадилар. Туғмоқчи бўлиб ҳарчанд тиш қисмасинлар, туға олмайдилар. Уларнинг зўриқишдан томирлари бўртиб, қонлари юзига тепчигани қолади. Шунинг учун ҳам мен аввал бошдан ўрта йўлни тутдим. Ўлкабоши билан зимдан келишиб, юртага қайгач, ҳукумат билан жамоатнинг руҳидан, ички имкониятларидан келиб чиқиб иш олиб боришга қарор қилдим. Ҳукуматнинг иродаси ўта бачкана ва тутуриқсиз, ислом мафкураси жуда ҳам жиддий бўлгани сабаб, ҳар иккаласининг “ўзимизга мос, ўзимизга хос” жиҳатларини олиб, умумлаштирдим. Ҳар икки томонни зимдан муросага келтириш асосий мақсадим бўлгани учун исломнинг асосий шохларини кимса билмас каллаклаб-бутаб, ҳукуматнинг қолипига мосладим. Бунинг учун одам ўта ҳушёр, худобезори бўлиши кераклигини жуда яхши билардим. Шу боис ислом алломаларининг китобларини тўғридан-тўғри таржима қилиб, тўғридан-тўғри мусулмонларга етказишдан наф йўқлигини англаб, ҳукуматнинг қаричи билан ўлчаб, ўзимнинг номимдан қайта ёзиб чоп қилдирдим. Сабаби, уларнинг ақидаларида ўхшамаган жиҳатлар юзага қалқса, юртимиздаги осойишталикка, тинч, фаравон ҳаётга путур етишини яхши билардим. Биз Эрон, Саудия Арабистони ёки Туркия ҳам эмасмиз. Халқимизнинг топиб айтган “Лўлининг эшагини суғор, пулини ол” деган сўзларига амал қилсак, икки дунёда кам бўлмаймиз. Бизлар Бухорийларнинг, Хоразмийлар ва Фарғонийларнинг авлодларимиз. Бизларни Тангри таоло икки дунё соадатига эриштирмоқ учун яратган. Шунинг учун нариги дунёни дея бу дунёмизни сота олмаймиз. Ўлкабошимизнинг айтишича, бу дунёсини сотмаган мўмин-мусулмонларга нариги дунёнинг ҳуру ғилмонлари кўз тикиб турармиш. Бунда эплаб яшай олмаганлардан ўшалар ҳам безормиш. Шундоқ бўлгач, сўзингга “отвичат” қил, оғзингдан чиқдими, албатта “бажар” деган бўлар-бўлмас безорилар чиқарган гап-сўзларни йиғиштириш керак. Эр йигит айтаверади, қайтаверади. Ўлкабошимизни қарангки, чорак асрдан буён бир марта ҳам айтганининг устидан чиқмаса-да, бирор жойи узилиб тушгани йўқ. Егани олдида, емагани орқасида. Кўнглига келган ишни қилади. Дунёда биров унинг мушигини “пишт” дея олмайди. Қиссадан ҳисса, мўмин-мусулмонларнинг ҳам ўлкабошига ўхшашлари учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим. Улар деярли бир нуқтага келиб қолдилар. Фақат уларнинг қиёфаларидаги чалкашлик бироз муаммо бўлиб турипти. Ўлкабошимиз яна чорак аср чидаб берсалар, бу каби кичик нуқсонлар ҳам ўз-ўзидан йўқолиб кетади…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар