Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Унда насл-насаб деган нарса йўқ

Унда насл-насаб деган нарса йўқ
10 Ocak 2018 - 7:00 'да юкланди ва 1127 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

39-қисм

– Қадамларингизга ҳасанотлар бўлсин! – деди сўзга чиққан шайх Абдуадиз Мисрий. Шайх Муҳаммад Осифни эшитиб, мамнун бўлиб ўтирган Бин Лодин бошини билинар-билинмас қимирлатиб қўйди.

– Мен ҳам шу ўтган вақт мобайнида ўзимга яраша ёмон ишламадим. Бутун бошли матбуотлар “ўлкабоши ёмон”, “ўлкабоши мустабид”, “қизлари ғилминди, суюқ” дея жар солади-ю, халқнинг бетайинлиги, бетартиб, беҳафсалалиги хусусида миқ этмайди. Шу лақма, баджаҳл, қизиққон, қўрқоқ ўлкабоши уларнинг отасини ўлдирсин, онасини Учқўрғондан кўрсатсин, телевизорга чиқиб, битта “лирик чекиниш” қилиб, “ҳар биттангизни бағримга босгим келади”, “ҳар биттангизнинг шўрлаб кетган пешонангиздан ўпгим келади” дея қувлик қилса, ҳаммасининг иштонбоғи бўшаб, икки бути шилта ҳўл бўлади. Йигирма йиллаб сурункали жабр-зулм тортганларини ҳам, бир бурда нон илинжида кимларнинг оғзидан мард бўлиб кириб, кимларнинг кетидан номард бўлиб чиққанларини ҳам унутадилар-қўядилар. Бу нима дегани?! Сиёсий саводсиз бир халқнинг қўлидан бундан ортиқ ҳеч нима келмаслигини яхши биламан. Аммо юрагим ёниб, жиғилдоним қайнаб кетади. Ҳар бир халқнинг тараққиётига раҳнамомолик қилувчи куч, қатлам, бу зиёлилар бўлади. Қайси халқнинг зиёлилари етук, аҳил, ҳамжиҳат ва олға интилувчи, баркамол бўлса, қудратли бўлса, ўшалар миллатни тараққиёт босқичига йўллайдилар ва ривожланиш поғоналарига олиб чиқадилар. Қайси халқнинг зиёлилари ноаҳил, бир сўз билан айтганда, пачақ бўлсалар, бу ўша халқнинг шўри. Яъни у халқ ҳеч қачон тараққиётга эриша олмайди. Мен ўзимизнинг зиёлиларимизни ўйласам, кўнглим айнайди. Ўта виждонли бўлсанг ҳам жонингга жабр экан. Мен халқ вакилларидан бирортасини ҳажга жўнатаман дея, қўлидан фалон доллар пора олиб, улардан бирортасини ўзимга алоқаси йўқ сабабларга кўра жўната олмасам, келиб мен билан ёқа бўғишадилар. Юзтадан тўқсон бештасининг мушкулини осон этганим ҳисобга ўтмай қолади. Берган пулига қўшиб ўн беш кило писта-бодомини ҳам устимда туриб, бозордан саралаб-саралаб соттириб олиб кетади. Ўлкабоши унинг бутун сарватини, ихтиёрини қўлидан олиб, кўчада қип-яланғоч қолдирса ҳам, бирор-биттаси индамайди. Халқнинг кўрар кўзи, эшитар қулоғи ва сўзлар тили бўлган зиёлилар ҳам кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб, тилларини ичларига ютиб, ҳеч нимани кўрмагандай бўзрайиб, еб-ичиб ўтираверадилар. Менинг қилганим ўлкабошиникининг ёнида денгиздан томчи ҳам эмас-ку, биродари азиз! Бола-чақам бор, уй-рўзғорим бор. Мояна билан тирикчилик қилиб бўлмайди-ку! Шунинг учун ҳам нима бўлса, бўлди деб, мавқейимдан фойдаланиб, ўзимни китоб савдосига урдим. Бандасидан эмас, Ўзидан тилаш керак экан. Муттаҳамларнинг руҳиятидан келиб чиқиб, Аллоҳнинг китобини таржима қилиб, шахсий бизнесимни юриштириб юбордим. Катта домламиз айтганлари каби, танг аҳволда қолганда, қўшнининг сигири билан бузоғини ўғирлаб сотиб, бола-чақани очлик сиртмоғидан қутқариш ҳам савоб. Мирзо Кунжа таъкидлаганидек, ўғирлик ҳам эплаб жойида амалга оширилса, деворнинг сувоғи ичидаги сомонлар ҳам Аллоҳга такбир айтиб юборадилар. Савоби бировнинг сигирини ўғирлаб, оиласини қутқариб қолган мўминнинг аъмоли дафтарига ёзилади. Охирги сигиридан айрилган бечора бир бурда қотган нонга зор, бола-чақаси билан ўлиб кетса ҳам, иккинчи бир оила қутқариб қолиняпти-ку, ахир! Бу гапларнинг маъносини чақиш учун чақин ақл, нозик дид зарур. Тўғрисини айтсам, бизнинг халқда бу каби фазилатлар жуда танқис. Уларнинг бисотида бузуқбошлик, худбинлик, бир-бирини сотиш тажрибалари тўлиб-тошиб ётипти. Ҳар неки қилдим, барисини мана шулардан келиб чиқиб қилдим, тақсир. Шунинг учун ҳам ўзимдан кўнглим тўқ. Аллоҳ мени дўзахга лойиқ топса, аввало мени шу қинғир йўлларга мажбурлаган мана шу халқни ташлайди. Агар шу халқ жаннати бўлса, мен улардан олдин жаннатга кираман. Улар менинг ортимдан кирадилар. Аммо мен бозордан қайтган эчки каби шохимни ерга тиркаб, тўғридан-тўғри жаннатга кириб кетаверадиган аҳмоқ эмасман. Жаннат дарвозасида қулочимни икки томонга кериб, ичкарига ўзимга ёққанини киратаман, ёқмаганини ўша жойнинг ўзида орқасига қайтараман. Дидимга ўтирмаганлар, икки жанозадан қолган мулла сингари, на жаннатга, на дўзахга кира олмасдан, кейин икки жаҳон овораси бўлиб сараклаб юраверадилар.

…Ўша шартаки бир аёл келиб, пулига қўшиб писта-бодомларини олиб кетган куни бошимга зўр бир фикр келди, десангиз. Аламзадаликнинг ғайрат-шижоатни қўзғатишини, ақл-идрокка қанот, фикрга қувват бағишлашини ўшанда билдим. “Хап сенларними”, дея ўлкабошига мослаб мафкура яратишга киришдим. “Ислом бу насиҳат” деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Айнан исломга урғу берсам, биров Анбар қорига ўхшатиб қоронғи бир бурчакда чавақлаб кетмасин тағин дея, қўрқиб, кейин “Дин – насиҳат” дея фикримни кимлар учун умумлаштирдим, кимлар учун эса мавҳумлаштирдим. Исломнинг минг бир қирраси борлигини, кимнинг қайси қиррадан туриб қарашига қараб, унинг намоён бўлишини жуда яхши англасам-да, унинг кичик бир қирраси бўлган “насиҳат”ни ўзакка айлантирдим. Бу билан ўн беш кило писта-бодомнинг юзига борадиган юзсизлар учун уларнинг маиший ҳаётидан исломнинг ташқарига чиқмаслигини таъминладим. Улар учун дунёни идрок этишларига, илм-фанда, тараққиётда улкан натижаларга эришишларига, фуқаро сифатида сиёсий ҳушёр бўлишларига динда тирноқча бўлсин имкон қолдирмадим. Ислом самимиятини уларнинг шууридан ситиб ташлаб, мияларида сохтакорликдан жаҳолат биносини тикладим. Энди бу халқ камида эллик йилгача ҳушига келолмайди. Ўзини таниб, ўзлиги учун курашмайди. Ислом – самимият, буюк ихлос, адолатнинг меҳвари деганда эдим, улар борлана бошлар, ортиқ бир-бирларини алдашдан уялардилар. Бир муштга айланиб, бир ёқадан бош чиқариб, иймон байроғини юксак-юксакларга кўтарар эдилар. Ислом бутун ер юзига қуёш сингари нур сочарди. Сўқир қалблар ҳидоят нурини эмардилар, мазлумларнинг кўзлари рўшноликдан чарақлаб, ҳақсизликдан пажмурда бўлган озурда юраклар малҳам топардилар. Мен ҳам аслида шуни хоҳлайман. Дунёни содир бўлаётган бутун ҳалокатлардан биргина Аллоҳнинг ёди қутқаришини жуда яхши англайман. Бироқ бу ишлар ўн беш кило писта-бодомни инсон шаъни, ор-номусидан юқори қўйганларнинг қўли билан амалга ошмаслиги лозим. Бу ақли ноқисларга исломнинг – инсон руҳининг қони-жони, қалб қўрғонининг сарлочини эканлигини кўрсатдим-у, ўша қонга ўлкабошининг бир чимдим заҳрини солдим. Сарлочиннинг қанотларини қийиб, тумшуғи билан тирноғини эговлаб, уларнинг бош чаноқларига жойладим. Энди улар ўзларининг бош чаноқларини олтин, сарлочинни – булбул фаҳмлаб, ўзларича, сайраб юраверсинлар. Уларнинг қонларига қўшилган ўлкабошининг заҳри қотили уларни энди ҳеч қачон аросат зиндонларидан чиқариб юбормайди…

– Биз буюк тамаддунлар, турли маданиятлар яратган буюк бир халқмиз! – деди ҳисобот йиғинининг баҳс-мунозорга айланиб кетаётганидан норози Анбар қори. – Ҳали ислом келмасдан минг йиллар бурун ота-боболаримиз ўлкабошимизнинг ташаббуслари билан зардушт динига асос солганлар. Улар оловга сиғиниб кам бўлмадилар. Қурбонликлар қилиб, уйланган кунларининг илк дамларида боболармиз момоларимизни бир-икки кеча маҳалла раисларининг ихтиёрига бериб қўйиб, миллатнинг қонини тозалатиб олганлар. Шунинг учун ҳам бизларнинг қонимизда туғма миршаблик бор, қуйма хоинлик бор. Маҳалла раисларининг аслан хуфия, қулоқ, хоинликлардан бошқа қўлларидан бирор иш келмаслигини эътибордан соқит қилмасак, иддаомиз қийинчиликларсиз ўз исботини топади. Ўлкабошимизнинг кейинги археологик тадқиқотлари Будданинг ҳам Термизда туғилганига шама этяпти. Демак, бутпарастлик дини ҳам ўзимиздан – Мирабдиғани аканинг Митандаги “Скотконтора”сидан бутун дунёга тарқалган деган хулосага келсак, хато бўлмайди. Шаманлигимизни ўзларингиз ҳам яхши биласизлар. Араблар бостириб келганида Муқаннанинг кўрсатган қаҳрамонлигини айтмайсизми?! Муқанна бобомизнинг ўлкабошимиз сингари юз-кўзлари чўтир, ўзи бадбашара бўлгани билан, ул зотнинг ҳийла-найрангга тўла қалблари, риё билан боқадиган беҳаё нигоҳлари гўзалликка лиммо-лим бўлган. Тарихларда ёзлишича, юзларига қаратиб бир ҳовуч мош сепсалар, биттаси ҳам қайтиб ерга тушмас экан. Мен ўлкабошимизни ўша кишига ўхшатгим келади. Ким ўлкабошини Амир Темурга ўхшатаман деса, бекорларнинг бештасини айтипди. У киши бировлар даъво қилаётгани сингари Гитлерга ҳам, Сталин билан Чингизхонга ҳам ўхшамайди. Улар ақлга сиғмас ваҳшийликлар содир этган бўлсалар-да, катта иқтидор соҳиблари эдилар. Ҳар бирининг аниқ мақсад йўли, пухта дастурланган режалари бўлган. Улар шаклланган мураккаб шахс, инсоният тарихида ўз қиёфаларини яратган дарғалар эдилар. Тарихда уларнинг ҳар бирининг ўчмас ўрни бор. Ҳар биримизнинг умр йўлларимизда уларнинг ўзларидан қолдириб кетган излари турипди. Ўлкабоши дунёга келиб шармандаликдан бошқа нарса орттирмади. Бузғунчилик, ур-сурдан бошқасини билмади. Миллатни ўзининг тубанликларига тортиб, шаллақиликлар содир этишдан бошқасига ярамади. Амир Темурнинг қўлидан пасткашлик келмаган, тушунинглар, биродарлар. У ёлғондакамига “ислом”, “ислом” демаган. Ўлкабошига ўхшаб, ҳеч бир ишни сиёсат учун, ҳокимиятини узоқ ушлаб туриш илинжида амалга оширмаган. У, умуман артистликни ёмон кўрган, мунофиқликни билмаган. Аммо исломнинг Ҳақ дини эканлигини рўй-рост, бор бўйи-таровати билан англаган. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир қадамини исломга мослаб, кейин олға ташлаган. Ҳаракатлари қанчалик аниқ-ноаниқ чиққан, бу бошқа масала. У ёлғон ҳам гапирмаган, халқни ҳам алдамаган. Ўн бармоғини оғзига тиқиб, маишатга ҳам муккасидан кетмаган, очкўз, гушна ҳам бўлмаган. Болаларини ҳам бетийиқ этиб ўстирмаган, эсанкиратмаган. Бирон-бир жиноят содир этса ҳар бир фуқаро сингари ўғиллари ҳам, неваралари ҳам қонун олдида жавоб берган. Ўлкабошининг қизларига ўхшаб, чичиб қўйиб, қоронғи хонага қочиб кириб, оғзидан олов пуркаб ётмаган. Уларнинг жиноятлари учун ўзга бировлар жазоланмаганлар. Шундоқ бўлгач, ўлкабоши билан Амир Темурнинг қай бир жиҳати бир-бириникига ўхшаши мумкин?! Ҳеч бир жиҳати! Улар ғусса чангининг гардича ҳам бир-бирларига ўхшамайдилар. Шунинг учун, биродарлар, санамасдан саккиз деманглар. Обдон ўйлаб, айтаётган сўзларингизнинг ҳаққиростлигига амин бўлгач, кейин вайсанглар. Авлиё даражасига кўтарилган бир руҳоний раҳбар билан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак номларини тилига олишдан ор этадиган жоҳилни тенглаштирманглар, илтимос. Амир Темур ҳали ўн ёшига кирмасдан Қуръони каримни ёд олган. Оналари Тигина Моҳ хоним Бухоро шайхулраисининг қизлари бўлган. Оталари ҳам насл-насаби баланд Кешнинг аслзода бекларидан эди. Темурнинг саводини оналари чиқарганлар. Ўлкабоши тарбия нари турсин, болалигида қорни тўйиб нон емаган. Эри ўзи бошлиқ бўлиб ишлайдиган идорадан тўртта эчки пўстагини ўғирлаб сотиб, қамалгач, онаси бир этак сағирни боқаман дея, эшикма-эшик юриб, одамларнинг кир-чирини ювиб, зўрға бир бурда нон топган. Ўлкабоши етимхонада рахитга учраб, ўн беш ёшигача бошини қозон, қорнини кажава этиб, ётган кўрпачасини ҳўллаб юраверган. Унда насл-насаб деган нарса йўқ. У таълим-тарбия нима, дину диёнат, давлатчилик асослари нима, ҳалигача ҳам билмайди. У ўғридан чиққан қозидек бир гап, ахир. Сизларни Дуйсенбайнинг итлари қувлаб келаётгани йўқ, ўлкабошининг миршаблари талаётгани йўқ. Нимага, қаерга шошасизлар?! Бир нима дейишдан аввал олди-орқангизга қараб олинг, барака топасиз. Менга ўхшаб бемаврид гапириб қўйиб, биқнингиздан ханжар еб юрманглар, жон биродарлар!

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort