Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Исломга қилмаган туҳмати, мусулмонларга ўтказмаган жабр-зулмлари қолмади

Исломга қилмаган туҳмати, мусулмонларга ўтказмаган жабр-зулмлари қолмади
11 Ocak 2018 - 7:00 'да юкланди ва 1378 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

40-қисм

…Яқинда ўлкабошимиз афу эълон қилдилар. Шу муносабат билан тўрт-бешта маҳкумни озодликка чиқаришдан олдин, менинг олдимга олиб келиб тавба-тазарру қилдирмоқчи бўлдилар. Телевизорда кўрсатиб, халққа диний бағрикенглигимизни намойиш этмоқчи эканлар. Тасвирга чиройли қилиб олиб бўлгач, маҳкумлар билан эркакчасига гаплашиб қўйиш учун кетларига бир-иккидан тепиб, қулоқчакалари остида шавла қайнатиб, роса таъзирларини бердим. Оғзимдан боди кириб, шоди чиқиб, русча-ўзбекча аралаштириб, роса кўпиртириб сўкдим. Номозхонлардан бир-иккиси кўриб қолган экан, гап деб арзимаган бир нарсани бутун шаҳарга овозаю дарвоза қилиб юрганмиш. Биродарлар, бизнинг мазҳабнинг бошқа мазҳаблардан фарқи шу диний бағрикенглигимизда-ку, ахир! Сўзнинг кучи етмаган жойга оёқ билан кириб борамиз, муомала тўғри қилолмаган ишни муштимиз билан тўғирлаймиз. Яхши гап билан битмаган ишларни ҳақорат билан жўнаштирамиз. Бунинг нимаси ёмон? Ҳар ишда ўзлари ўрнак кўрсатадиган ўлкабошининг талаби ҳам мана шу. Биздан қўлимиздан келмайдиган нарса талаб қилинаётгани йўқ. Бутун шарт-шароит яратиб қўйилган, йўлакларга гуллар экилиб, супаларга сувлар сепилганидан кейин, чойхонада сўри остида оёқни чўзиб ўтирганга нима етсин! Ароқ ичган билан одамнинг бир жойи камайиб қолмайди. Кўчада бир жонон учраб қолганда, орқа-бўйига суқланиб боққан билан осмон узилиб ерга тушмайди. Ҳаммасини меъёрида, жойида қилишга одатланиш керак. Вақт-бевақт ликилламасдан, мавридини топиб, иссиғида амалга оширилган ишга фаришталар “омин” дермиш. Ана шуни диний бағрикенглик дейдилар. Бизларнинг бошқалардан фарқимиз ҳам, афзаллигимиз ҳам мана шунда, биродарлар! Худо ҳам берганни қулим дейди. Бермагандан ҳамма безор. Болага муштдеклигидан пул топишни ўргатиш керак. Така бўлсин, сут берсин…

– Бўлди-э, ўтиринг! – деган шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, Анбар қорига еб қўйгудек бўлиб, милтиқнинг ўқидек ўқтади. – Одам бўлмай, ҳар бало бўлиб кетинг. Мени тинглаяптилар экан деб, оғзингизга келганини қайтармасдан гапираверасизми?! Ҳамма зўрға чидаб ўтирипди. Жонимиздан тўйдириб, безор ҳам қилиб юбордингиз.

– Узр! – деди икки қўлини кўксига қўйган Анбар қори. Нотиқлигим тутиб кетса, ўзимни тўхтатолмай қоламан. Бу ҳам ўлкабошимиздан юққан бир касаллик. Жамоат эшитиб, бир мазза қилсин, дейманда.

Жамоатсиз азон қуруқ бир сасдир,
Муллолар ўқиган илм абасдир,
Қозиларнинг иши чой билан носдир,
Бузуқ бир нишона чиқа бошлади,

деганларидай, жамоани кўп гапириб жонидан тўйғизсам, жоним киради. Ўзим мазза қилсам бўлди, ўзга билан неча пуллик ишим бор!

– Тўғри қиласиз! – деди бошқарма бошлиғи нима дейишини билмай. – Сиз бор жойда душманнинг кераги йўқ. Кўнглингиз жойига тушган бўлса, ўтиринг энди. Менинг ҳам бир-икки оғиз гап-сўзим бор. Бу кунни бутун бир умр кутдим.

– Гапираверинг. Ҳеч ким сизнинг оғзингизни ушлаб тургани йўқ!

– Гапирсам, сиздан сўраб гапирмайман. Бўлди-э, жонга ҳам тегиб кетдингиз. Оғзини ушласанг, кетидан, кетини ушласанг, оғзидан чиқади. Нима бало, ичида қайнар булоғи борми?!

– Бор, бо-ор! – деди чордона қуриб ўтириб олган Анбар қори чираниб. – Хўп қиламан, ажаб қиламан. Бу дунёни чидаганга чиқарган…

– Жаноб Усома Бин Лодин ҳазратлари! – деди Анбар қорига ортиқ парво қилмаган бошқарма бошлиғи. – Юртдан чиқаётган жуда кўп хунук ишлар, совуқ гап-сўзлар хавфсизлик ташкилотларининг номи билан боғлиқ. Аслида бизлар буйруқни бажарадиган бир тоифамиз, холос. Бизларнинг қўлимиздан ортиқ иш келмайди. Буйруқ беришларидан олдин юқоридагилар нима иш қилаётганлари хусусида обдон ўйлаб кўришлари керак. Ўлкабоши бошчилигидаги Сенат билан Юқори Мажлисдагилар хавфсизлик ташкилотидагиларнинг қўли билан қон тўкиб, уларнинг бурни билан ҳид оладилар. Хавфсизлик ташкилотидагиларнинг улар учун оддий қуролча ҳам қадр-қиммати йўқ. Қулоқларигача қонга ботган бўлсалар ҳам, уларнинг уст-бошларидан бу қоннинг кичик бир доғини ҳам топиб бўлмайди. Бизга улардан юққан бир томчи қон одамларнинг кўзига дарё бўлиб кўринади. Диний раҳнамоларимизнинг қилмишлари уларникидан ҳам беш баттар. Ўзингиз кўриб-эшитиб турипсиз. Шайх жаноблари ўн беш кило писта-бодомни деб бутун бошли бир халқни йўлдан оздириб ўтирипди. Бундан кўра халқни бир бошдан отиб ташлаган авло эмасми?! Аслида бутун ҳақсизликларнинг, жабр-зулмларнинг бошида мана шулар турадилар. Халқни шулар чалғитмасалар, исломни борича, бутун турқи-таровати билан тушунтирсалар, халқ бу хорликларга, сурункали камситишлар ва ноҳақликларга бир соат ҳам чидамайди. Улар Аллоҳнинг ҳақиқатини англасалар, Қуръоннинг илмидан нурлансалар, Ўзидан ўзгадан қўрқмайдилар. Ислом шижоати уларга ҳақ-ҳуқуқларини олиб беради. Умри жонларига маъно-мазмун киритиб, ойдин кўчаларга бошлайди. Гўё хавфсизлик ташкилотлари бутун бир миллат бошига балолар тоғини ағдариб, босиб турипди эмиш. Улар ҳақ-ҳуқуларини талаб қилиб кўчага чиқса, бизлар уларни ёппасига отиб ташлар эмишмиз. Бу мишмиш, фисқи-фасодлар мана шу ўтирган муллоларнинг ўйлаб топган ҳийла-найранглари. Улар бу чўпчакларни ўзларини оқлаш учун ўйлаб топганлар. Аммо Аллоҳ ҳаммасини кўриб турипди-ку! Унинг эътиборидан ҳеч бир нарса қочиб қутулмайди! Шоир:

Эшонлари ҳар эшикда топилар,
Муллолардан йўқ ғийбатлар ёйилар,
Авлиёман дея жўги сўпилар
Қийқириб осмонга боқа бошлади,

дея куйиниб ёзганда ана шуларни назарда тутган. Халқ дарёдай тўлиб-тошиб кўчага чиқсинчи, унинг олдини тўсадиган куч топилармикан?! Яна айтаман, топилмайди! Боши бириккан халқнинг олдини тўсадиган куч бутун ер юзининг ҳеч бир жойида йўқ. Тўғри, бўри дориган қўй сингари халқ тарқоқ, қўрқоқ бўлгач, уларга қуёнлар ҳам ҳужум уюштирадилар. Кўчага чиқишдан олдин халқнинг аниқ мақсади, режаси бўлмоғи зарур. Мақсадлар олий, режалар пухта бўлса, халқнинг орасидан раҳнамолар етишиб чиқади. Раҳнамолари бор миллатнинг боши бирикиб, ғалабалар сари шахдам қадамлайди. Қани, шундай халқни тўхтатиб кўрсинларчи, тўхтата олармиканлар?! Бу зинҳор мумкин эмас. Тамом, вассалом. Кўриб турганингиздек, бутун вазирлар халқ томонда. Мен ҳам икки хавфсизлик вазирининг ишончи вакили сифатида бу ерда эканлигимдан чексиз ифтихордаман. Улар ҳам ўзларининг халқи ва унинг келажаги олдида бурчли ва масъул эканликларини сизга етказиб қўйишимни мендан илтимос қилдилар. Аммо, яна айтаман, шайхлар ва муллолардан эҳтиёт бўлиш керак. Уларнинг ўзлари ўтган бир соат ичида, бир вақтнинг ўзида нечта динда эканликларини айтиб, мақтаниб ўтирипдилар. Қибласини билмаган одамдан тош санамлар, жонсиз бутлар яхшироқ. Улар фақат бир нарсани айтмадилар. Шу кунларда қайси динга эътиқод этишларини айтиб, оғиз кўпиртирмадилар. Буни сизларга мен айтаман. Улар шу кунларда “ўлкабоши” динига эътиқод қилмоқдалар. Эртага тахтга тўнкабоши чиқса, улар “тўнкабоши” динига кирадилар. Капчабоши тахтга чиқса, унинг орқасидан эргашадилар…

Ҳисобот йиғини баҳс-мунозорага айланиб кетди. Томонлар айбни бир-бирларига тўнкаб, бир-бирларини ёзғира бошладилар.

– Бу юртда битта бўлсаям эркак қолганми?! – деган Афғонистон уруши қатнашчиси, мужоҳид бир аёл барчанинг диққат-эътиборини ўзига қаратди.

Гапига қараганда у бир неча оғир жангларда қатнашганди.

– Афғонистонни қонга ботирган ҳам, мусулмон юртларни вайронага айлантирган ҳам Амриқо ёки бошқа бир мамлакат эмас! – деди у. – Ким пулини тўласа, ўша томонга ўтиб жангга кирадиган маҳаллий генераллар афғон халқининг – мусулмонларнинг душманлари. Ўзга юртлардан мужоҳидларни “муқаддас уруш” деб, у ёқларга олиб бориб, ана ўша генералларнинг нафсига мўмин-мусулмонларни қурбон қилганлар Афғонистоннинг, исломнинг душманлари. Хотин-қизларнинг кўкракларини кесиб, қопларга жойлаб, амалга оширган қабоҳати билан мақтанганлар исломнинг – мусулмонларнинг душманлари. Баъзи генераллар ва уларнинг ҳомийлари уялмай-нетмай баччабозлик этиб, тунлари Яратгандан ҳаё этмай хотинларини бағрига босиб ётсалар. Мансаб-курсини, мол-дунёни дея бир-бирлари билан ёвлашсалар, бундан баттар яна нима бўлиши мумкин?! Биз бирлашайлик, ҳақиқий ислом буюрган йўлдан юрайликчи, дунёда бизлардан кучли, бизлардан маданиятли яна бир уммат бўлармикан?! Бўлмайди! Чунки ислом бу адолат, тараққиёт, ҳалоллик дегани. Бир сўз билан айтганда, ислом бу соғлом ҳаёт деганидир. Ислом соғлом тумуш-тарзи деганидир…

Бин Лодин жаноблари, кечирасизу, ўзингиз ҳам кўп хато ишларга зўр бериб, мўмин-мусулмонларнинг бошига анча-мунча кулфатларни солдингиз. Масалан, Эгизак биноларни портлатиш шартмиди? Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар ўлиб кетди. Айбсиз ислом миллати ҳеч нарсадан-ҳеч нарсага қанча душманлар орттирди. Ислом ҳар бир мусулмонни гуноҳсиз одамнинг қонини тўкишдан қайтарганини сиз бизлардан кўра яхшироқ билардингиз-ку?! Исломнинг ўзи дунёдаги энг қудратли қурол бўла туриб, яна арзимаган нарсалар учун уни қурбон берсак, Аллоҳ бизларни кечиради деб ўйлайсизми?! Ихтиёримизда исломнинг адолат, маърифат, ҳурлик аталмиш неъматлари, бутун башарни қойил этиш имкони бўла туриб, нима учун тубан ишларга бурун тиқиб ётипмиз, ўлай агар тушунмайман?! Сизнинг ҳам, мулло Умарнинг ҳам чин мўмин-мусулмон эканликларингизга ҳеч кимнинг шубҳа-гумони йўқ. Бироқ исломни суистеъмол қилишдан мақсад нима эканлиги мавҳум! Сизларга ислом душмани керак бўлса, золимни топиб ўлдирмоқчи бўлсангизлар, жанг қилгиларингиз келаётган бўлса, мана, ўлкабошини ўлдиринглар. Чорак асрдан буён исломга қилмаган туҳмати ҳам, мусулмонларга ўтказмаган жабр-зулмлари ҳам қолмади. Бизлар Амриқо, Русия, Хитой каби катта давлатлар билан дўст бўлишимиз керак. Ислом мафкурасини маҳкам ушлаб, илм-фанда, саноат тараққиётида, қўйингки, муҳим деб топилган ҳар бир соҳада уларга етиб олишимиз лозим. Жоиз бўлса, уларни қувиб ўтишга бел боғлашимиз зарур. Бизларга бировларнинг ер-мулки, бойликлари керак эмас. Эпласак, ўзимизники етиб ортади. Уларга бизлар ёрдам қўлини чўзадиган кунлар келади…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort