Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тараққиёт йўқ жойда маърифат, маърифат йўқ жойда тараққиёт йўқ

Тараққиёт йўқ жойда маърифат, маърифат йўқ жойда тараққиёт йўқ
12 Ocak 2018 - 8:30 'да юкланди ва 545 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

41-қисм

– Ислом майдонга кашшоф бўлиб чиқди! – деди мужоҳидларнинг йўриқчиси мужоҳид аёлнинг тортаётган изтиробларидан юраги ёниб. – Яъни, кашф этувчи, кашфиётчи бўлиб чиқди. Қанақа кашфиётчи? Аллоҳни, Одамни ва Оламни кашф этувчи. Токи Аллоҳни кашф этмас эканмиз, Одамни ҳам, Оламни ҳам англамаймиз. Одамни, Оламни узлуксиз кашф этмас эканмиз, Аллоҳни ҳам англамаймиз. Аллоҳни, Одамни ва Оламни узлуксиз кашф этиш дегани узлуксиз тараққиёт, маърифат  дегани. Тараққиёт йўқ жойда маърифат, маърифат йўқ жойда тараққиёт йўқ. Шу уч нарса исломнинг асл моҳиятини ташкил этади. Исломнинг асл моҳияти унинг узлуксиз кашфиётчи дин эканлигида намоён бўлади. Ислом тўғри идрок этилган асрларда: Берунийлар, Ибн Синолар, Фаробийлар каби юзлаб катта-катта олимлар гумбурлаб чиқиб, башарият шуури осмонини қуёш каби шуълалантирган эдилар. Ҳар қандай маърифатнинг самараси Аллоҳга юз бурмоқдир, дея улуғларимиз бекорга айтмагандилар. Беруний шу ерда туриб баҳри уммоннинг нари ёғидаги Амриқони кашф этган. Аслида бу кашфиётчи дин бўлмиш исломнинг хизмати эди. Ўн бешинчи асрга келиб мусулмонлар мутаассиб руҳонийларнинг таъсирида исломнинг асл моҳиятидан чекиниб, унинг фақат суратига ёпишиб олдилар. Беш вақт намоз ўқисанг, рўза тутсанг, ҳажга бориб келсанг, закотни берсанг бўлди, сен мусулмонсан, деган ақида ҳукмрон бўлди. Асосий моҳият четда қолиб кетди.  Моҳият: Аллоҳни, Одамни, Оламни кашф этиш эди. Ислом шуниси билан жозибали эди. Янги-янги нарсаларни майдонга ташлайверсангиз, ҳамма сизга қизиқади-да! Намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳажни адо этиб, закотни бериб қўлни қовуштириб ўтираверсангиз, ҳеч ким сизга қайрилиб ҳам қарамайди. Ўз-ўзидан эътибордан қолиб кетасиз. Намозу рўзанинг, ҳажу закотнинг ҳам жозибаси – Аллоҳни, Одамни, Оламни узлуксиз кашф этишда намоён бўлмайдими? Шундай қилиб мутаассиблар исломни жазбу жозибасидан маҳрум қилдилар. Бошқалар наздида ислом жозибали дин бўлмай қолди. Вазифа нимадан иборат? Вазифа: исломга асл моҳиятини қайтариш. Мусулмонларнинг миясига, нима учун исломнинг моҳиятини унутдинг, деган фикрни сингдириш. Ислом ўзининг моҳиятини қайтадан кашф этмас экан, мусулмонлар тараққиёт йўлига кирмайдилар. Улар учун тақа-тақ ёпилган илм-маърифат диёрлари эшикларини очмайди. Ислом дунёси тараққий этган дунё – тараққий этган жамият бўлмас экан, мусулмонларнинг сўзини икки пулга олишмайди. Илминг бўлмаса, ҳунар эгаси бўлмасанг, бир камбағал бечора бўлсанг, ўзингнинг чориғингни зўрға судрасанг, ким сен билан ҳисоблашади? Бурнингдан юқори гап айтсанг, бўлиш-туришини кўр, менга ақл ўргатади, дейишади. Илғор бўлсанг, пешқадам бўлсанг, олиму уламо бўлсанг, оқилу доно кашфиётчи бўлсанг, ҳамма сенга қулоқ осади. Мирзо Улуғбек ўз даврида бир юз ўн саккизта юлдузнинг ҳаракатини кашф қилган. Беш аср давомида бирорта ислом олими бир юз ўн тўққизинчи юлдузни кашф этмади ҳали. Мирзо Улуғбекнинг йўли кўмилмаганда эди, коинотга биринчи бўлиб мусулмон учарди. Королевнинг айтишича, Мирзо Улуғбек олов пуркаб отадиган қурол-аслаҳалар кашф этишга жуда яқин келган. Шундай бўлса, у нима учун ўқотар қуролни – милтиқни кашф этмаган деган савол туғилади? Агар мусулмонлар ўқотар қурол-аслаҳаларга эга бўлганларида, бутун дунё мусулмонларнинг қўлида бўларди. Оврупо бизни шу билан енгмадими? Биз қилич кўтариб чиққанимизда, улар ўқотар қуроллар билан бизларнинг ҳамламизни осонгина бартараф этмадиларми? Мирзо Улуғбекнинг ўқотар қурол-аслаҳаларни кашф этишга уринмаганининг биринчи сабаби, у буюк инсонпарвар зот бўлган. Унинг инсонпарварлиги ҳақиқий мусулмонлиги асосида туғилган. Шунинг учун ҳам у оммавий қирғин қуролини яратишга қарши бўлган. Инсоният бундай қуролни қўлга киритса, у йўқотилган ҳеч бир нарсани орқасига қайтариб бўлмайди, деб ҳисоблаган. Бу йўлнинг фақат ва фақат фалокату ҳалокатларга олиб боришини у яхши англаган. Мана, бизнинг замонимизда худди шундай бўлди. Мирзо Улуғбек-чи?! Мудҳиш бир кашфиётдан четлаб ўтиб, инсоният тараққиётини камида икки юз йил олдинга суришга мувафақ бўлган. У бу қадами билан тинчликпарвар инсон, етук ҳукмдор сифатида башариятга жуда катта хизмат қилган. Ўзи ҳам бу каби қалтис бир ишга қўл урмаган, ўғиллари – шаҳзодаларни ҳам бу ишга яқинлаштирмаган. Аслида ўғли Абдулатиф шундай қурол-аслаҳалар ишлаб чиқариш ва жангу жадаллар тарафдори эди. Мана, ота-ўғил ўртасидаги низо қаердан келиб чиқяпти! Ислом дини тинчлик дини эканлигининг энг ёрқин исботи исломда етишган комил бир инсоннинг бутун имкониятлари бўла туриб, унинг оммавий қирғин қуроллари яратмаганлигида, ва бунга йўл қўймаганлигида ўз аксини топади. Унинг энг катта хизмати ҳам шундан иборат. Бу исломнинг шак-шубҳасиз Ҳақ дини эканлигидан, албатта. Бу бошқа томондан мутлоқ мусулмон бўлган бир ҳукмдорнинг дунёни бошқаришдан бош тортганини англатади. Яъни ислом дунёга ҳукмдор бўлиш учун эмас, башариятни камолот сари етаклашга интилади. Икки дунё саодатига фақат ва фақат комиллик сарҳадларидан кесиб ўтиб эришиш мумкинлигини уқтиради. Ғарб тамаддуни Шарқ тамаддунини четга суриб, карвонбоши бўлиб олгач, инсоният бир аср ичида икки марта жаҳон урушини бошидан кечирди. Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар ўлиб кетмадилар?! Мисли кўрилмаган даражада қурбонлар, иқтисодий талофатлар юзага келдики, салмоғини минг йилликлар билан солиштириб бўлмайди. Бу тамаддун эртага дунёни қаерга бошлаб боради, деган ҳақли савол туғилади. Бу саволга ҳозир ҳеч ким жавоб бера олмайди. Биз бу саволга жавоб топишдан олдин тўғри йўлни топмоғимиз жоиз. Тўғри йўл қонуни шундан иборатки, ким тўғри йўлни топса, шу йўналишдаги ҳар бир қадам уни мақсадга яқинлаштиради…

Бин Лодин қиёфасидаги ўлкабоши, Авакяннинг олдига фаромуш бўлиб қайтди. Унга кўриб-эшитганлари ҳақида сўзлаб, ўзининг янглиш йўлда эканлигини англаганини билдирди. Умри беҳуда ўтганидан афсус-надоматлар чекиб, ҳаётининг қолган қисмини Аллоҳ йўлида истифода этишга бел боғлаганини айтди. Бундан ташвишга тушган Авакян, “чап қанот” билан боғланиб, унинг манглайига пистон ўрнатишга рухсат сўради. “Чап қанот”дагилар хавотирга ўрин йўқлигини билдирдилар. Барчаси назорат остидалигини айтиб, ўлкабошининг ҳали онаси қорнидалигида Муллақандов ёрдамида миясига пистон жойлаштирилганини ошкор этдилар. Унинг эртага шомда яна Бин Лодин қиёфасига кириб, ўша йўналиш бўйлаб Дўрмон қароргоҳига қайтишига буйруқ бердилар.

Эртаси кун иш соатлари тугагач, Бин Лодин қиёфасига кирган ўлкабоши тилининг остига бир кафт қумолоқ носдан ташлаб, Дўрмон қароргоҳига қараб хомуш йўлга чиқди. Кечадан буён унинг на ичганида, на еганида ҳаловати бор эди. Боши гангиб, икки ўт орасида қолиб кетганди. У “Олтин тепа” масжиди ёнидан минг бир истиҳола билан энди кесиб ўтганида, рўпарасидан қоравул чол чиқиб қолди. У осмондан тушдими, ердан чиқдими, қаердан пайдо бўлганини ўлкабоши илғашга улгурмади. Чол бурнини оқ дока билан ўраб, устидан чиллик этиб қизил лента ёпиштирганди. Банка синиқлари бошқа жойини тилган эди-ку, деб ўйларкан, унинг нима учун бурнини ўраб-чирмаб боғлаганига ақли етмади. Чол қўярда-қўймай ўлкабошини қоравулхонага олиб кириб, бир пиёла иссиқ чой билан сийлагач, уни ичкарида “Барадори – баробари” биродарлари кутиб турганини айтди. Ҳалигача ҳам чол ўзини танимаганига ишончи комил ўлкабоши нималар бўлаётганига лолу ҳайрон эди. “Барадори – баробари”чилар миллий хавфсизликнинг ёқилғи базасида тезак терадими, дея ишонмагач, у қоравул чол кўрсатган эшикдан кириб, жинни бўлаёзди. Не кўз билан кўрсинки, у кечаги келган жойига тушиб қолганди. Кеча машинада анча юриб келган нуқтасига пиёда юриб икки дақиқада етганди. Аммо ҳайратланарлиси ҳали бу эмас эди. Ичкарида қанча одам бўлса, барчаси Усома Бин Лодиннинг қиёфасида эди. Ҳаммаси бир хил кийиниб, елкасига калашников автоматини осиб олган эди. Улар икки томчи сувдек бир-бирларига ўхшаш эдилар. Таажжубдан ёқа ушлаган ўлкабоши уларнинг ичига аралашиб кетганини ўзи билмай қолди. У билан ҳеч кимнинг иши йўқ, ҳар ким ўзи билан ўзи овора эди. Бутун Бин Лодинлар сояга ўхшардилар. Бир-бирларини кесиб ўтиб, ҳар-ҳар ерда уймалашиб, кезиб юраверардилар. Ўлкабоши кўп ўтмасдан ўзини йўқотиб қўйди. Ўзини қайдан излаб топишини билмай, мияси ачиб, кўзларидан ёш тирқираб чиқди. У ҳар бир сояни пайпаслаб, унинг ўзи эмаслига ишончи ортгач, юраги қўрқувдан тарс ёрилгудек бўлди. Ўзини қидириб, югуравериб, охири оғзидан тили бир қарич бўлиб чиқиб, ҳаллослаб қолди. Талвасага тушиб, жони бўғзига келди. Шунда “чап қанот”чилар унинг миясига буйруқ бериб, уни ичкаридан олиб чиқиб кетдилар.

Эртаси шомда одатдагидай у Шўлпаной Авакян қиёфасига кириб Дўрмон қароргоҳи томон қайтар экан, “Олтин тепа” масжидининг ёниидан қўрқа-писа кесиб ўтгач, бир кечада қад ростлаган тўрт қаватли коллеж биносини кўрди. “Барадори – баробари” деб номланган террорчи гуруҳлар уя қурган миллий хавфсизликнинг ёқилғи базаси портлатилиб, ўрнида бир кечада коллеж биноси тикланганди. Янги қурилган коллежнинг чим ётқизилган спорт майдончасида бир тўп болалар копток тепиб юрардилар. Симёғочга ўрнатилган радиокарнайдан “Замон-замон бизнинг замон…” қўшиғи янграб, уйларидан елка қисиб чиқаётган одамларнинг кўзларида ваҳима ўйнарди. Одамларни қўрқув босиб, ақли-ҳушларини йўқотган бўлсалар ҳам, уларнинг лаблари, “Шу осойишта кунларга етказган ўлкабошига раҳмат! Бизга бахтимизни қайтариб берган Мустақиллика шон-шарафлар бўлсин!” дея шивирлашдан тийилмасди. Улар илон хаёл этиб, арқондан қўрққан от сингари, коллежнинг баробарига келганларида, уйилиб, ундан четлаб ўтардилар.

Буни кўриб турган ўлкабошининг битта туки ҳам қилт этмади. Бу каби юзлаб бедодликларни амалга ошираверганидан унинг дийдаси без бўлиб, юраги тошга айланиб қолган эди…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар