Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

У тўғри сўзни ёмон кўрар, хушомад жони-дили эди…

У тўғри сўзни ёмон кўрар, хушомад жони-дили эди…
13 Ocak 2018 - 7:00 'да юкланди ва 632 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

42-қисм

Ўн олтинчи боб

Дуйсенистонда иқтисодий ўсиш бошланганди. Барчасини изқувар мистер Куаронинг шарофатидан деб ўйлаган Дуйсенбай, куну тун унинг қиёфасига кириб олиб, ўла қолса кийимларини устидан ечмасди. Тўшакка кирганида ҳам иложи борича кийимлари устидан кўрпа тортарди. Мўйловининг икки учини бураб юқорига кўтариб, ҳассасини ҳам қучоқлаб ётарди.

Қора кигиз шляпаси пачоқ, кийимлари ғижим бўлса, устидагиларини отиб юбориб, янгисини киярди. Биргина манглайидаги икки пистони, ҳассаси билан кўзойнагини бошқасига алмашмасди. Шохга ўхшаб манглайидан бўртиб турган пистонларни турли рангларга бўяб, биттасига муҳр солинган олтин қутини, иккинчисига депутатлик гувоҳномаси солинган иккинчи олтин қутини осиб олган эди.  Буқаламун тасвири туширилган “хамелеон” кўзойнагини чўмилишга кирганда ҳам кўзидан олмасди. Ҳожатга кирганда ҳассасини кўксига қаттиқ босиб олганча чиғиларди.

У юрталикларни аҳмоқ қилиб ақл бовар қилмас бойлик орттиргач, хўрозлари билан итларига ҳам эътибор бермай қўйди. Голландиялик академик ниқоби остида Қорасаройни барчанинг кўз ўнгида тунаб кетган Абдираҳмон учарга ҳам қўл силтаб, унинг жиноий ишини ёпиб ташлади. Барча ишлар бошида Авакяннинг турганини у хаёлига ҳам келтирмас эди. Унга биров, “қўйнингда илон асраб юрипсан” деса, ўша кишининг бошини сапчадек узарди. У тўғри сўзни ёмон кўрар, хушомад жони-дили эди. Лаганбардорларни осмонларга кўтариб, шишириб-шишириб, кейин тупроқ билан битта қиларди. Кутилмаганда унинг ғазабига учган амалдор боши билан келиб тушиб, бурни билан ер кураган полвондек, турган жойида гарансиб, айланиб-айланиб, даврадошлари турган тарафни тополмай, тескари томондан чиқиб кетарди. Сўнг у шўрликни давра ортида хавфсизлик жаллодлари кутиб оларди…

Дуйсенбайнинг Марусияга беписандлиги ҳам ҳаддан ошиб  кетдики, тутқунлик пичоғи кампирнинг устихонига етди. Тутинган қизлари, опа-сингиллар – Батангул билан Сатангулга ҳам у кўп замонлардан буён бепарво бўлиб қолган эди. Бош боқон Тарлоннинг бошига ҳам товуқкатакка ўғриликка тушган дайди итнинг кунини солар, у думини ликиллатиб эркаланмоқчи бўлса, уни ҳамманинг олдида силтаб ташлайдиган, “ҳа” деса, “ма” деб кетига тепадиган хунук одат чиқарганди.

Житириқнинг хонасига Баҳром билан Тўрабикани қамаб қўйган бўлиб, икки ойдан буён бу хонага бош ҳам суқмасди. Унинг бутун фикри-ёди Авакянда эди. Авакян сон-саноқсиз қўйлар каби Дуйсенистонга ҳайдаб келаётган бойликларни ҳар кун хориж банкларига жойлаб, ҳар икки сўзининг бирида уни мақтагани-мақтаган эди. Бу унинг тутинган қизлари – Батангул билан Сатангулга қаттиқ ботарди. Улар ҳар қандай йўл билан ўлкабошига туйнук топиб, Авакяннинг башарасини фош этишга бел боғлаган эдилар.

Опа-сингиллар ғазабдан тиш қайраб юрган шундай кунларнинг бирида тутқунлик жонидан ўтган Марусия билан тил топишдилар.

Тилини бўғзига ютиб, хўмрайиб юрадиган бир индамас билан улар қандай тиллашдилар, буни ҳеч ким билмасди. Аммо уларнинг мудҳиш режаси хусусида Қорасаройдаги аёллар бир-бирларига пичирлашиб хабар етказишдан ўзларини бир дақиқа ҳам тия олмасдилар. Мишмишларга кўра барчаси Қорасаройдан номи ўчирилган собиқ бош боқон Тайсиннинг қўли билан амалга ошиши кутуларди. Бир неча ойдан буён занжирда териси суягига ёпишиб ётган Тайсиннинг бу ишлардан хабари бор-йўқлиги маълум эмасди. Аммо шу ўтган даврда у ҳақда Қорасаройда жуда кўп бўлар-бўлмас гаплар тарқалди. “Чап қанот”нинг тўрт минг йил илгари қозоқларнинг тарихи битилган туя терисини ўлик денгизнинг тўққиз минг қулоч тубидан топиши Тайсиннинг асл башарасини фош қилди. Унда айтилишича, ноёб тарихий далилларни Манаснинг катта холасининг қайниси Қизчибей ёзиб қолдирган экан. Қайдларда Нострадамус билан Ванганинг ҳам, бўстонлиқлик табиб Ичкеткизди мулло билан ғузорлик мулло Алкашларнинг номи ҳам тилга олинган, улар қозоқлар ҳақида кўп яхши башоратларни билдиргандилар.

Бу маълумотларда қозоқлар дунёни тўфон балосидан қутқарган од қавмидан беш минг йил илгари Гоби саҳросига тушган, яъни қозоқлар Одам қавмидан эмас, билъакс, улар Момо Ҳавонинг айби билан жаннатдан қувилган фаришталарнинг авлодлари, мўғул-татарларининг ўтмишдошлари эдилар. Сартлар ҳам форслар билан арабларга аралашиб сараланмасдан бурун, битикда келтирилишича, уларга яқин қариндош бўлган эканлар. Ёзувларда айтилишича, Тайсин “самозванец” бўлиб, асл қозоқ  ити бўлмиш Тарлоннинг шажарасини ўзлаштирганди. Шунинг учун ҳам ота-боболари Туркманистондан бўлган Тайсиннинг ўз ижтимоий келиб чиқишидан фахрланишга ҳаққи йўқ эди. Буни эшитган Тарлон тонгдан кечгача думни хода қилиб юрар, шомдан тонг отгунча эса думини чотига сиқиб, курсининг тагига кириб ётиб оларди. Опа-сингиллар Қорасаройга келган кунининг эртаси унинг юрагини олган бўлиб, у опа-сингилларни кўрди дегунча қон босими ошадиган бўлиб қолганди. Тағин туя терисига битилган маълумотларда айтилишича, Туркманбошининг уч томлик “Руҳнома” китобидаги бутун бошли тарих ҳам қозоқларнинг сўнгги минг йилликда амалга оширган ишларининг баёни бўлиб, уни бир юз элликта бекорманда туркман олими қозоқ тарихидан ўғирлаб ёзиб, Туркманбошининг номидан чоп эттирганди.

Теридаги битикларни Мирзелимбай ўз кўзлари билан кўргач, унга елимдек ёпишиб олди. Олдин айтганларига тескари ўлароқ, ўзининг Муҳаммад пайғамбарга ҳам, саидларга ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини урғулаб, умрининг қолган қисмини теридаги тилсимларни очиш, бор куч-ғайратини қозоқ халқининг тараққиёти тарихига бағишлашини эълон қилди. Умрининг энг гуллаган даврини “Туркистон” ҳаракатига бағишлаганидан афсус чекиб, ҳаётидаги бу тузатилмас хатосини у “фалокат” деб атади. Уни руҳлантирган мистер Куаро бу хайрли иш учун қўлидан келган ёрдамини аямаслигини айтиб, қозоқни қозоққа, Қозоғистонни бутун жаҳонга танитган “чап қанот”га Мирзелимбайнинг қўли билан узундан-узун дил изҳорлари битилган миннатдорчилик мактуби йўллади. Барчасини парда ортидан бошқариб турган Авакянни у мундоқ эсламади ҳам.

 Опа-сингиллар учун бу нарсаларнинг барчаси бир пулга қиммат эди. Уларни фарзандликка олиб, дунёни лолу ҳайрон қолдирмоқчи бўлган Дуйсенбайдаги илиқ муносабатнинг совуқлашуви бу бечораларни жинни қилаёзди. Унинг шу йўл билан ўлкадаги демократик тизимни мустаҳкалашга сўз бергани ҳам ғирт ёлғон бўлиб чиқаётганди. Токи ўлмаса, унинг Дуйсенистон тахтидан воз кечадиган сиёқи йўқ эди. Опа-сингилларни ворисликка тайёрлаш хусусидаги ваъдалари ҳам шунчаки сиёсат учун айтилган пуч гап бўлиб чиқди.

Арзимаган муддат ичида катта бойлик орттирган Дуйсенбайда Житириқнинг наслини кўпайтириш эҳтиёжи ҳам ўз-ўзидан йўқолиб қолди. Энди Житириқнинг ҳушига келиш-келмаслиги ҳам унинг учун унча муҳим эмасди. Хонасига қамалаб олиб очлик эълон қилган Марусияни эса у умуман эсламасди. Қўлтиғига тоғорча қистириб, унинг оёғи учида ўтирган Бахшилло икковидан биргина Марҳабо онда-сонда чиқиб-кириб хабар олиб турар, уларнинг нон-ошига қарарди. Эҳтиёж туғилганда, кимса билмас баъзи бир ҳожатларини Гулисипса бароридан келтирмаса, бошқа бировни уларнинг бор-йўқлиги қизиқтимас эди.

Террорчилик амалиёти қўлланганда қаттиқ қўрққан Бахшилло ўша кеча тилдан қолган бўлиб, ҳалигача гапира олмасди. “Рости – русти”, яъни “Куч – адолатда” деб ҳайқирган Дуйсенбайнинг бутун ишлари хўжакўрсинга эди.

Унинг хаёлида, “Бутун тизимни муштумимга йиғиб, хоҳлаганимни уриб янчсам, ўзимдан бошқанинг дамини ўчирсам, мамлакатда тинчлик-осойишталик ҳукм суради”, деган ҳавойи хаёлдан бошқа бирор вақо йўқ эди. У чориғини унутиб Марусиянинг кароватини ташкил этган тўртта исқирт тахтани эсласа, жирканадиган бўлиб қолганди. “Бор барака мана шу тўртта чирик тахтада”, деган сўзлари хотирасидан ўчиб кетганига гўё юз йиллар ўтгандек эди. Марусиянинг бир кунмас-бир кун ўлиб қолиши мумкинлигини ўйласа, кечалари ухлай олмай тўшагида ағанаб чиқадиган бир кимса эндиликда унинг тезроқ ўлишини истарди.

Тушларида “Талисманим ўлса, омад мендан жуз ўгирадими” дея алжираганлари рўёга айланганди. Қизиғи шуки, у кампирни Қорсаройдан чиқариб юбориб, ўз эркига ҳам қўймас, гўё шахси аниқланган она-болаларни катта пул эвазига сўраётган Халқаро ташкилотларга ҳам беришни истамасди. Шахси аниқланганини эшитган Марусия одамларнинг кун-кундан ақлдан озаётганларидан ажабланарди. Кимнингдир онаси, кимнингдир хотини ва яна кимнингдир аммаваччаси бўлиб чиқаётганидан ёқа ушлаб, энди ўлмаса, бу дунёда кун йўқлигидан сиқиларди. Озод, эркин юрган кунларини эслаб, ич-ичидан бўзлаб йиғлагани-йиғлаган эди. Унинг кўз ёшлари қовоқлари босиб қолган кўзларидан ташқарига чиқмас, буришиб кетган ёноқларидан сизиб, иягидан узилиб тушмас, бу кўз ёшлар унинг оҳ-воҳига қўшилиб, лахча чўғ каби юрагига тўкилар, учмоқни истаса-да, учолмаётган шуурининг қанотларини куйдирарди.

Марусия ўзини Қорасаройдан изсиз чиқариб юборишлари эвазига опа-сингилларга икки жойда кўмилган хазинанинг ўрнини айтмоқчи эди. Дуйсенбайнинг бобоси бутун бойликларини у билан бўлашган бўлиб, кампир ҳақиқатан ҳам тўғри гапирмоқда эди. Дуйсенистоннинг ҳозирги амлокларини унга Дуйсенбайнинг бобоси совға қилган, хазина ҳам шу атрофга кўмилганди.

Бобоси оламдан ўтганидан бир неча йиллар ўтгач, Дуйсенбай Марусияни мардикор бозорига кўчириб олиб борди. Ўшандан буён Марусия Дуйсенистонга қайтиб оёқ босмаганди. Дуйсенбай унинг мулкларини ўзлаштириб, ўзиники қилиб олгач, унинг бу ерларда қиладиган бирор иши қолмади. Нафсиламбирини айтганда, у учун бу амлокларнинг ҳам, кўмилган хазинанинг ҳам бир чақачалик қадр-қиммати йўқ эди. У ҳурликни, озодликни севар, қўл-оёқларидаги кўринмас занжирларнинг парчаланишини орзулар, бу йўлда бор дунёсидан, ҳатто жонидан ҳам кечишга тайёр эди. Шунинг учун ҳам умр бўйи тўйиб ичиб, ўзини унутишни хуш кўриб келди. Бу дунёнинг ғирромликларини бир дақиқа бўлса унутса, шу унинг учун катта мол-давлат эди. Одамларнинг ёлғон-яшриқлари, мол-мулк дея ўзларини ҳар кўйга солишлари унинг жонига текканди. У одамларга умуман ишонмайдиган бўлиб қолган, одамлардан кўра итларни, паррандаларни кўпроқ ҳурматларди. Улар тушунадими, йўқ, одамлар йўқ жойда ўшаларга сўзларди. Ўзи гапириб, ўзи ичини бўшатар, ўзи гапириб, ўзи дардларидан бўшанарди. Бирор одамни кўриб қолса ғинг демас, оғзига талқон солиб оларди. Шунинг учун ҳам унинг гапирганини шу пайтгача ҳеч ким кўрмаганди. Баъзи бировлар уни гапира олмайди, гунгу лол деб ўйларди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар