Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Давлат дастури лойиҳаси бўйича мулоҳаза

Давлат дастури лойиҳаси бўйича мулоҳаза
15 Ocak 2018 - 7:20 'да юкланди ва 1154 марта ўқилди.

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳасига киритилган йўналишлар шубҳасиз Ўзбекистонда жамиятни эркинлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашга қаратилган ижобий қадам сифатида баҳоланади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) мамлакатда бошланган ислоҳотларнинг сиёсий соҳага ёйилишидан дарак берувчи ушбу Давлат дастури лойиҳасини қўллаб-қувватлашини маълум қилади.

Давлат дастури лойиҳасида ўрин олган йўналишлардаги қуйидаги чора-тадбирларнинг ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида ўта муҳим аҳамиятини алоҳида эътироф этмоқ жоиз:

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш борасида:

– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг жазони ижро этиш фаолиятинимониторинг қилиш борасидаги ваколатларини янада кенгайтириш.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш борасида:

– Терговга қадар текширув, суриштирув ва терговнинг ҳар томонлама ҳамда холисона юритилиши, муайян ишлар юзасидан қарорлар қабул қилишда судьянинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган қўшимча ҳуқуқий чоралар ишлаб чиқиш.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш борасида:

– Ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасига асосланган ҳолда “Хабеас корпус” институтини янада кенгайтириш доирасида суриштирув ва дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш.

– Фуқароларнинг қийноққа солиниши ёки бошқача тарздаги қадр-қимматини камситувчи тазйиқлардан ҳимояланиш кафолатларини янада кучайтириш.

Маъмурий, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий процессуалқонунчиликни такомиллаштириш борасида:

– Суд-тергов жараёнларининг шаффофлигини ошириш, тарафларнинг ўзаро тортишуви тамойилини мустаҳкамлаш, жиноят ишларини юритишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид илғор халқаро стандартларни жорий этиш.

– Ҳаётий муҳим миллий манфаатларнинг ташқи ва ички таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоллари юқорида санаб ўтилган йўналишлар билан боғлиқ бир қанча таклифларни ишлаб чиқди. Мазкур таклифларни Давлат дастури лойиҳаси эълон қилинган расмий веб-саҳифага юклашда жараёнида матн ҳажми билан боғлиқ баъзи техник чекловларга дуч келинди. Ўйлаймизки веб-саҳифа техник ходимлари бу ҳолатга эътибор қаратишади.

Шунга қарамсадан Давлат дастури лойиҳасидаги энг муҳим тадбир саналган 2018 йилнинг октябрь ойигача бўлган муддатда “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида қуйидаги икки таклифимизни муҳокама веб-саҳифасига юклашга муваффақ бўлдик.

     1. Амалдаги МХХ идорасини бутунлай тугатиш ва миллий манфаатларни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳақиқий маънода кафолатли ҳимоя қиладиган янги хавфсизлик ташкилоти тузиш лозим. “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилар экан 2016 йил 16 сентябрда қабул қилинган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун тажрибаси такрорланмаслиги лозим. Чунки ушбу қонуннинг қабул қилиниши Ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ амалда жиддий ўзгаришлар ясагани йўқ. “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун асосида янги тузилган Миллий хавфсизлик хизматининг асосий иш фаолияти разведка, контрразведка, давлатлараро уюшган жиноятчилик, ташқи таҳдид масалалари бўлишлиги яратилажак қонунда қатъий қилиб белгиланиши керак. Ушбу идоранинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий масалаларга аралашувини тўхтатиш лозим. Асосийси МХХнинг сиёсий фаол фуқаролар ва мухолиф қарашдаги инсонларни таъқиб қилишларига мутлақо йўл қўймаслик керак. Шунингдек, мазкур идорада ишловчилар сонини кескин қисқартириш ва соҳада фақатгина етук, профессионал кадрлар фаолият кўрсатишларини таъминлаш зарур.

     2. Ўтган йиллар мобайнида МХХ томонидан Жиноят Кодексининг 159- ва 244-моддаларини оммавий тарзда қўллаш амалиёти яратилганлиги ва жиноят ишларининг сохталаштирилганлиги инобатга олиниб ушбу моддалар билан айблов эълон қилинган барча ишлар қайта кўриб чиқилиши лозим. Жиноят Кодексининг 159-, 244- ва 221-моддаларининг ҳақиқий талқини ва жиноят ишида малакаланишига доир алоҳида йўриқнома ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Ўйлаймизки, “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишда ва МХХ тизимини тубдан ислоҳ қилишда ушбу таклифларнинг инобатга олиниши давлат органлари орасида мувозанатнинг таъминланиши ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

ЎХҲ таҳлил бўлими

 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort