Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Чиқар жондан қўрқув на фойда”

“Чиқар жондан қўрқув на фойда”
03 Şubat 2018 - 7:00 'да юкланди ва 888 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(6-қисм)

Замонбобо қирликларида –
қилиб юриганда у шикор,
чексиз қумлик кенгликларида
мерган кўрди узоқда ғубор.

Кўкка кўтарилганда тўзон,
Чўкиб босди ерга қулоғин.
Чўл бағрини титиб беомон,
Келар эди тулпорлар ҳорғин.

Қулоғига йиғиб шуурни,
Билмоқ истар – отлиқ не миқдор.
Санаб чиқди отлар сонини,
Ҳар эгарда ўтирар бир нор.

Ҳар бир норки,  ўн шоҳдан буюк,
Залворидан инграйди ер ҳам.
Кўрса қочар бўрию кийик,
Шамоллар жим тутмоқда мотам.

Қирқта отда қирқта қурч полвон,
Белида – қин ичида қилич.
Яна етти тутқунликда жон,
Томирлари уради нотинч.

Мерган сапчиб жойидан туриб,
Сакраб минди учқур отини.
Отга шошиб қамчини уриб,
Эргаштирди ола итини.

Таҳликани сезган Кўктарлон
жанговар бир ҳолатда ирлаб –
чопди мерган чақирган замон.
Тўрт ёнини бўридай борлаб.

Мерган зумда кечиб пастликдан,
Ўтди барханларнинг ортига.
У эгардан тушди-да, бирдан:
– Ёт, ёт! – деди содиқ отига.

Одам мисол қайтариб нолиш,
Қорабайир чўзилди узун.
Қумга бошин ташлади хомуш,
Жониворнинг кўзлари маҳзун.

Мерган пусиб кўтарганда бош,
Ит эмаклаб келди баробар.
Кўк осмонда чанг кўринди тож,
Отлиқлардан этиб бохабар.

Мерган бархан елкасида хол,
Қўнғиз каби илгарилайди.
У ўзига берганча савол:
– Отлиқлар ким? – дея сўйлайди.

Отлиқларнинг билди сонини,
Залворидан қуролларин ҳам.
Ер фош қилди улар сирини,
Аён этди шуури – бир шам.

Қўққисидан дилини хаёл
Этганида санчилиб хижил,
Қишлоғини эслади, алҳол,
Юрагига сиғмай ҳатто қил.

Қўлга қурол оладиган бир –
қолмаганди қишлоқда кимса.
У ҳам ўйламасдан, бетадбир,
Овни хоҳиш этганди, хумса.

Шунда қулоқларин қилиб динг,
Узоқларга кўз тикди Тарлон.
Тутган эди осмонни оқ чанг,
Ер гупурдан титрарди нолон.

Тоғдан кўчган тошдай ўприлиб,
Келар эди қирқ отли эман.
Орқасидан тўзон ёприлиб,
Кўтарилар заминдан туман.

Чалингандай “охирзамон” деб,
Қиёматнинг хабари – сури.
Замонбобо дамини ютиб,
Қон қақшайди далаю қири.

Яқинлашган сари отлиқлар –
ваҳм босиб қўрқмас мерганнинг,
нафаси бўғзига тиқилар,
бошин босар дамда Тарлоннинг.

Аён қилиб қўймасин дея,
ўзларининг турган жойини,
бўйнини ҳам тортиб ичига,
йиғди букиб тўрт оёғини.

Аммо мерган кўзининг қири
отлиқларда, узмас бир баҳя.
У ҳам ўғузларнинг ботири,
Орқасига қайтмас нор туя.

Томирида гупуриб қони,
Англаб бўлмас ҳислардан тажанг.
Қирқта экан отлиқлар сони,
Мингги билан у қилади жанг.

Фироғийнинг айтганлари ҳақ:
Эрнинг жони ўқ билан ёйда.
Мард қайғуга бўлмайди илҳақ,
“Чиқар жондан қўрқув на фойда”.

Бироқ отлиқларнинг муроди
Эмас эди мерганга аён.
Идрокида эранлар ёди,
Кўкрагида ёнса ҳам исён.

Жунаиднинг қирқта ботири
Бу ерларга келмайди бекор.
Ич-ичидан изиллаб зори,
Даъват этар: “бўлгин деб бедор!”

Гўрўғлининг йигитларидай,
Савлат тўкиб қирқта қоплон, алп,
Кифтда милтиқ, ўлимга ҳам шай,
Ҳеч нарсадан тортмайдилар тап.

Остидаги отлари аждар,
Қумга тегмас эди туёғи.
Айилидан ёпқичгача зар,
Қуёшдай нур сочар сиёғи.

Қулоқларин остидан тери
Оқар эди томчилаб маржон.
Кўзларида Ғиркўкнинг қўри,
Осмонларга ёғдирарди шон.

Мерган қумга кўксини босиб,
Кузатарди син солиб зимдан.
Тарлон қовоқларини осиб,
Сакрамоққа шай эди ердан.

Бўйнига чанг солган панжалар
Турмасликка этарди амр.
Қорабайир майин пишқирар,
Эгасига термулиб ҳадир.

– Ёт-ёт! – деди отига мерган,
Бош ташлади яна қумга от.
Овоз келар дукурлаб ердан,
Отни чорлаб йўлларга, ҳайҳот.

                        ***

Отлар кечиб ўтдилар масрур,
Ғолиблардай бошин тутиб тик.
Қирқта йигит эгарда мағрур,
Елкалари тоғлардай буюк.

Ўғирланган шоҳнинг тахтини –
қайтаргандай элига топиб,
бажаргандай эрлик аҳдини,
туришлари эди ғаройиб.

Қумлоқдаги изга солмай син,
Улар қўйди илк хатога йўл.
Ҳеч вақога парво қилмас, чин,
Юракларда шодликлари мўл.

Хира тортди қувончдан кўзлар,
Осонликча овланиб ўлжа.
Дор остида бир куни бўзлар,
Ким арқонни кўрмаса қилча.

Отлиқларнинг ўзини, алҳол,
сезмаганин англаган мерган,
орифлардай тутамлаб соқол:
– Бисмиллоҳ, – деб қўзғалди ердан.

Ўтиб бўлгач хатар, таҳлика,
Бир “имо”дан сакраб турди от.
Кўктарлон ҳам айланиб тикка,
Ҳуриб қўйди узиб-узиб бот.

Авазниёз мерган отига
Миниб олди йигитдай сакраб.
– Кетдик! – деди кейин итига,
От йўл солди издан йўрғалаб.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort