Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қолмас энди бу иш жазосиз…

Қолмас энди бу иш жазосиз…
05 Şubat 2018 - 7:00 'да юкланди ва 683 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(7-қисм)

 

Қумда қолган туёқлар изи
Ёзган эди мерганга мактуб.
От изларин очилиб юзи,
Ўқир эди хатларни котиб.

Туёқлардан учган тупроқни
эҳтиётлаб олиб кафтига,
мерган тутди исга димоқни.
Сўнг синчиклаб боқди афтига.

Димоғига урган таниш ҳид
Алдамаган эди мерганни.
Гумонлардан дили бўлди хит,
Аламлари куйдирди жонни.

Чўлни босиб кетди бир зумда
Қоракўлнинг сассиз фарёди.
Етти қизнинг жони ҳалқумда,
Фақат аён бўлмади оти.

Кўктарлоннинг тик бўлди ёли,
Қорабайир кишнади ғамли.
Чол қурғурнинг қочди хаёли,
Қамчи босди отга аламли.

Тўғонини урган дарёдай,
туриб орқа оёғида от –
кишнар эди узмай пайдар-пай.
Еру кўкни тутди совуқ дод.

                    ***

Ўқ мисоли узилган фарёд
Қирқ ботирни ўтди оралаб.
Бир зарбадан қотди қирқта от,
Юрагини қўрқув яралаб.

Кўк юзини булутлар қоплаб,
Чўлни босди қоп-қора туман.
Қирқта тулпор жўровоз кишнаб,
Булутларга ташлади каман.

Оёғига тушгандай тузоқ,
Тўлғондилар булутлар, яққол.
Кўкни тилиб барқ урди чақмоқ,
Шамол эсди елгандай марол.

Чўққилардай турди қирқ ботир,
Зиғирча ҳам қилмасдан писанд.
Шерларда бор эди хавотир,
Қирқта чўққи турар беписанд.

Авазниёз айланиб қанот,
Отлиқларнинг турди олдида.
Жиловида Қорабайир от,
Байроғи бор Тарлон ёлида.

Елкасида бешотар милтиқ,
Яраланган шердай қайсар – танг.
Юрагида ғазабдан чандиқ,
От устида турибди аранг.

Қирқ ботирдан олдинлаб бири:
– Нима керак,  ‒ деди, – сенга, чол?
Мерганнинг ҳам қўздими ори,
Саволига у берди савол:

– Ночорларни ўғирлаганлар
йигитмикин? Айтгин сен, ўғлон!
Яна улар бўлса туркманлар,
ҳар биттаси олғир шер, қоплон!

– Тўғри! – деди, жавобан отлиқ, –
лек ҳеч кимни ўғирламадик.
Биз жангчимиз, шоҳларга лойиқ,
узоқ келажакни кўзладик.

– Ўғлон, гапинг рост бўлса агар,
сўзларингни исботла ҳозир.
Мерган деди: ‒ Қизларни қайтар,
отдан тушиб сўрайман узр!

Ботир деди: – Йўқ бунга илож,
бу Жунаидхон берган фармон.
Узатсак ҳам етмайди қулоч,
қаршилар ҳам тополмас омон!

– Иложини сиз топмасангиз,
чигалликни ҳал қилар қурол.
Яхшиликдан ўгирганлар юз,
гувоҳ бўлинг, топади завол!

Ўр мерганнинг оғзидан бу сўз
Ўқ мисоли чиқди жаранглаб.
Сўз айтмоққа чоғландию боз,
Ботир қотди бирдан аланглаб.

Қалқиб чиқди иккинчи ботир –
Олов пуркаб жаҳддан аждарҳо.
Деди: – Қоракўллик мард, галдир,
ҳар нарсада бордир интиҳо.

Гап гапирсанг, ўйлаб, сўнг гапир,
Тилинг – ҳаётингга таҳлика.
Етти қизни Қурвон Сардор пир
ҳурдай сийлаб, этар малика.

Авазниёз ботирни бўлиб,
Деди: – Улар шундай хон қизи.
Қандай қилиб юлдузни узиб,
дейсиз яна, илдим юлдузни!

Жунаидхон мард осмон қадар,
бутун эди айтган ҳар лафзи.
Нияти пок бўлганда агар –
Келмасмиди тиланиб ўзи?

– Бизни жўнатди, – деди ўғлон, –
Йўллар босиб келдик қирқ совчи,
қолсин десанг бош танда омон,
йўлингга кет, қийнама, овчи!

Мерган деди: – Фикрингиз хато,
Тадбирингиз – ўғрининг иши.
Яратгандан қилингиз ибо,
Қайтарсангиз қизларни яхши.

Ёким Жунаидхоннинг ўзи
совчи бўлиб келсин, марҳамат.
Бош устига ҳар айтган сўзи,
топилади бизда ҳам ҳиммат!

Тушунамиз Сардор фикрини,
қувватлаймиз дилимиздан тоб.
У ўйлайди ўз миллатини,
шу туфайли у азиз жаноб!

Аммо бу йўл тамом нотўғри,
Урф-одатга келмас ҳеч-да мос.
Ов овламас уйидан бўри,
бундай одат шоқолларга хос!

Вазиятни англаб қирқ ботир,
Ора йўлда қотди бир муддат.
Гап қолмади бўлмаган зоҳир,
Етмас эди лақилллашга вақт.

Жунаидхон Дарғонотада
Кутар эди йўлга тикиб кўз.
Қиш кезарди юрт остонида,
Жунжуктирар эди танни куз.

Йўллар чорлар эди лашкарни,
Кутар эди қор босган тоғлар.
Ташлаб кетманг, дегандай – юртни,
Йиғлар эди сарғайган  боғлар.

Барисини ўйлаб қирқта бош,
Қабул айладилар бир қарор.
Мерганга деб: – Олдимиздан қоч,
йўқса бошинг кесилар бекор!

Бошқа йўл ҳам йўқ эди, бўлак,
Отилган ўқ – берилган буйруқ.
Қизларни деб ерга кетса чок,
Ўлмасалар қайтмаслар қуруқ.

Улар Авазниёзни эмас,
Ҳақиқатни этдилар хотир.
Мерган улар учун битта хас,
Шубҳага ён бермас қирқ ботир.

Содир бўлди иккинчи хато,
Жўмардликнинг орқасидан боз.
Авазниёз мерганни ҳатто
Саранжомлай олмас минг сарбоз.

Қабул қилмадилар сўзини,
Шайтон ҳийласига алданиб.
Давом этиб шерлар йўлини,
От солдилар ундан айланиб.

Тажанг бўлиб қолди мерган хўп,
Жони қолиб танида омон.
Томирида қасддан талотўп,
Оқибати бунинг кўп ёмон.

Бўри қўйга солгандай пойлаб,
Битта-битта олади энди.
Аламлари уни пармалаб,
Олов бўлиб вужуди ёнди.

Раҳми келиб қирқта йигитга,
Ортларидан термулди узоқ.
Улар шафқат этиб мерганга,
Жонларига тикдилар тузоқ.

Мерганда ҳам йўқ ўзга чора,
Қолмас энди бу иш жазосиз.
Тақдир ўзи берди тадора,
Мурод унмас энди қазосиз.

Эгасининг фикрин уққандай,
Қорабайир кишнади яна.
Кўктарлоннинг ёли тикандай,
Ҳаллослайди ирғиб ҳар ёна.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар