Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Муҳаммад Солиҳ: Мирзиёевда тарихга мустабид режимни ислоҳ қилган сиёсатчи сифатида кириш учун имконияти бор

Муҳаммад Солиҳ: Мирзиёевда тарихга мустабид режимни ислоҳ қилган сиёсатчи сифатида кириш учун имконияти бор
05 Şubat 2018 - 17:12 'да юкланди ва 1582 марта ўқилди.

МУҲАММАД СОЛИҲ: МИРЗИЁЕВДА ТАРИХГА МУСТАБИД РЕЖИМНИ ИСЛОҲ ҚИЛГАН СИЁСАТЧИ СИФАТИДА КИРИШ УЧУН ИМКОНИЯТИ БОР

Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов истеъфоси ортидан ўзбекистонликларда бу тизимда ижобий ўзгаришлар бошланишига умид уйғонди. Бу истеъфодан кейин ўзбек мухолифати вакиллари қандай ўзгаришлар кутмоқдалар? Махсус хизматларида, умумият-ла, ижтимоий ҳаётда қандай ислоҳотлар ўтказилиши керак? “ТуркистонТВ” ана шу саволлар билан мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳга мурожаат қилди.

“Туркистон ТВ”: Муҳаммад Солиҳ жаноблари, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов истеъфоси ҳақидаги хабар Сиз учун янгилик бўлдими? Айрим маълумотларга кўра, истеъфо ҳақида Иноятовнинг ўзи президентга мурожаат қилган. Бошқа маълумотларга кўра эса мамлакат раҳбарияти ундан лавозимни бўшатиб қўйишни “сўраган”. Бу борада Сизда қанақа маълумот бор?

Муҳаммад Солиҳ: Мендаги маълумотларга кўра, Иноятов ўтган йилиёқ истеъфога кетмоқчи бўлган, аммо Шавкат Мирзиёев уни қўйиб юбормаган. Чунки, биринчидан, Мирзиёев лидер ўлароқ ҳали етарли даражада машруълик зирҳига эга эмасди. Яъни Иноятов истеъфосидан кейин очиқ тўқнашув юзага келгудек бўлса, МХХ ва унинг раҳбари томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган муҳтамал провокацияларга қарши етарли даражадаги нуфузга эга эмасди.

Лекин барибир Мирзиёев МХХ ертўлаларида қийноқ остида ўлдирилган юзлаб бегуноҳнинг қонига бошдан-оёқ ботган “Каримовнинг Ойболтаси”дан эртами-кечми тўла халос бўлишга мажбур эди.

Иккинчидан, Иноятовнинг орқасида турганларни заифлатиш, унинг давлат идоралари ва МХХ ичидаги одамларидан қутилиш лозим эди. Ўтган йил давомида давлат идораларида шу йўналишда “тозалаш ишлари” олиб борилди.

Бир ҳафта аввал эса Мирзиёев ўн бир вилоятда бу “контора” раҳбарига содиқ бўлган МХХ бошқармалари бошлиқларини ишдан олиб, бу жабҳада ҳал қилувчи зарбани берди.

Шу “тозалаш”ни амалга ошириб бўлганидан кейингина у Иноятовдан истеъфо аризасини “қабул қилди”.

Мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам позициясини мустаҳкамлаб олган Мирзиёев, эндиликда “кучли” деб билинган бу фигурани ўзига нисбатан ҳайрихоҳроқ бўлган бошқа бир фигура билан алмаштирди.

Мирзиёев Иноятовни ишдан олган заҳоти, у ўзи ва оиласи дахлсизлиги таъминланишида дастак истаб, дарҳол Москвага учди. Биздаги маълумотларга кўра, Иноятовни Путин қабул қилмаган, у ФСБ (Россия Федерал хавфсизлик хизмати – таҳр.) бошлиғи Бортников билан учрашган. КГБнинг содиқ аскар-чекисти учун дахлсизлик масаласи бўйича ҳам, афтидан, Тошкент билан шу Бортников “музокара” олиб борган. Ва ниҳоят, Мирзиёев сенаторлик мақомини тақдим этиш орқали Иноятовга бу дахлсизликни беришга мажбур бўлган.

“Туркистон ТВ”: Ҳуқуқ фаоллари Рустам Иноятовни унинг етакчилигидаги тузилма узоқ йиллар давомида мухолифатчилар ва ўзгача фикрловчиларни ҳибсга олиш, ўғирлаш ва қийноққа солишлар дохил сиёсий репрессияларни амалга оширганликда айблаб келадилар. Айрим ўзбекистонликлар Иноятов ўз қилмишлари учун суд олдида жавоб бериши кераклигини айтмоқдалар, бошқалари эса, унинг ёши ўтиб қолганини ҳисобга олган ҳолда, Иноятовни “юридик қалқон” остида қолдирса бўлаверади, деган фикрдалар. Бу борада Сизнинг фикрингиз қандай?

М. Солиҳ: Ўтган йили Рустам Иноятов номини “Магнитский рўйхати”га киритиш бўйича муайян уринишлар бўлганди, аммо Ғарбдаги айрим доиралар Каримов режимида алмашув бўлаётгани учун, яъни Ўзбекистондаги ўтиш даврини ҳисобга олиб, бу қадамдан тийилганга ўхшайдилар.

Энди бу шахс давлатимизни тамсил этмайди, энди унинг номи “Магнитский рўйхати”га киритилса, адолатли иш бўларди.

Бу тадбир генерал Рустам Иноятов бошчилигидаги Уюшган Жиноятчилар Тўдаси (УТД) чигилини ёзиш учун илк қадам бўларди.

Иноятов бошчилигидаги бу Жиноий Тўда у МХХга раҳбарлик қилган 23 йил мобайнида Ўзбекистонда сиёсий, молиявий ва куч ишлатар тузилмалар соҳасида ўзининг “мини-империя”сини қуриб улгурди.

Бу “империя”ни буткул парчалаш учун, биринчидан, давлат раҳбарларидан сиёсий ирода талаб этилади.

Улар МХХ қалқони ортига гизланиб, давлат ва ҳалққа улкан моддий зарар етказган бу каби йирик жиноий гуруҳ борлигини очиқ эътироф этишлари керак.

Бу Жиноий Гуруҳ ўзбек диктатори Каримов кўзи ўнгида ўз позициясини мустаҳкамлаш учун узоқ йиллар давомида “халқ душманлари”ни ўйлаб топди ҳамда ўзгача фикрловчилар ва диндорларни ўлдириб, қийноққа солиб, сиёсий жиноятларни амалга оширди.

“Туркистон ТВ”: Солиҳ жаноблари, Мирзиёевга йўллаган яқиндаги видеомурожаатингизда Сиз давлат раҳбаридан қамоқдаги журналистлар ва диндорларга адолатли муносабатда бўлишни ҳамда уларнинг озод этилишига кўмаклашишни сўрагансиз. Сизнингча, Ўзбекистон куч ишлатар тузилмаларида, хусусан, МХХда яна қандай ислоҳотлар ўтказиш зарур?

М. Солиҳ: Президентнинг ўрнида бўлганимда МХХнинг бугунги таркибини тўла тарқатиб юбориб, жаҳон стандартларига яқинлаштирилган мутлақо янги бир ташкилот тузган бўлардим.

“Махсус хизмат” дегани махсус хизмат бўлиши керак, ўз халқи устида зиндонбонлик билан эмас, балки истихборат (разведка) ва аксилистихборат (контрразведка) билан шуғулланиши лозим.

Бу тизим сиёсийлашмаган бўлиши керак, у бирор-бир сиёсий партия ёки сиёсий лидернинг ширкати ёки уюшмаси эмас, балки давлатнинг ташкилоти бўлиши лозим.

“Туркистон ТВ”: МХХнинг янги раҳбари Ихтиёр Абдуллаев ҳақида фикрингиз қандай? У киши МХХда президент Мирзиёев яқинда таъкидлаган реструктуризацияни ўтказа олармикин, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошира олармикин?

М. Солиҳ: МХХнинг янги раҳбарининг шахси ҳақида маълумотим жуда оз. Ўзбекистондаги танишлардан сўрасам, унга “ҳалол”, “одил” ва ҳатто “пулга сотилмайдиган” одам дея жуда ижобий баҳо беришди. ИншаАллоҳ, шундайдир. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Сиёсий маҳбус-журналистлар Бобомурод Абдуллаев, Акром Маликов ва Ҳаётхон Насриддинов ҳамда МХХ талабига кўра қамоққа ташланган минглаб маҳкумларга нисбатан МХХнинг янги раҳбарининг муносабати унинг учун илк лакмус қоғози бўлади, илк маҳактош булади. Агар Ихтиёр Абдуллаев бу имтиҳондан муваффақият билан ўтса, халқ кўзида юқори лавозимли раҳбар учун жуда зарур бўлган машруиятни қўлга киритган бўлади. ИншаАллоҳ, у бу синовдан муваффақиятли ўтар.

“Туркистон ТВ”: Жамиятшунослар фикрича, жамият бир текисда ривожланиши учун давлатга ўз ташкилотларидан ташқари конструктив мухолифат ҳамда уйғоқ фуқаролик жамияти ҳам зарур. Сизнингча, Шавкат Мирзиёев мамлакатда мухолиф қарашдаги ҳамда инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи кишилар бўлишига тайёрми? Ўзбек расмийлар томонидан хусусан Сиз билан қандайдир мулоқот қилишга уринишлар бўлдими?

М. Солиҳ: Ривожланган давлатларнинг барчасида сиёсий мухолифат сиёсий ҳаётнинг зарур компоненти бўлиб ҳисобланади. Агар Ўзбекистон президенти ҳақиқатан ҳам ўз мамлакатини ривожланган ва замонавий мамлакат ўлароқ кўрмоқчи бўлса, у ўз халқига албатта сўз эркинлигини беради, матбуот ҳамда сиёсий танлов эркинлигини беради. Шундан келиб чиқиб, у мухолифатни – Ўзбекистонда шу пайтгача кузатилганидек – ўзига душман деб кўрмайди. У мухолифатни демократик давлат қурилишида шерик, ўз халқига хизмат йўлида эса ҳамкор сифатида қабул қилади.

Сиёсий режимни ислоҳ қилиш йўлида турган асосий тўсиқ саҳнадан узоқлаштирилган бугунги кунда президент Мирзиёевда сиёсий мухолифатни легаллаштирмаслик учун, адолатсиз судланган мухолиф қарашдаги сиёсий арбобларни оқламаслик учун баҳона қолмади, деб айтсак бўлади.

Мирзиёев учун тарихга шунчаки навбатдаги президент бўлиб эмас, балки мустабид режимни ислоҳ қилган бир сиёсатчи сифатида кириш, бир миллий лидер бўлиб қолиш имконияти бор бугун.

Бу ишни амалга ошириш учун улкан сиёсий ирода ва жасорат талаб этилади. Умид қиламанки, Мирзиёев бу тарихий вазифанинг уддасидан чиқади.

“Туркистон ТВ”: Суҳбат учун ташаккур, Солиҳ жаноблари.

TurkistonTV
2018

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort