Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўч олмоққа изларди чора…

Ўч олмоққа изларди чора…
06 Şubat 2018 - 7:00 'да юкланди ва 620 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(8-қисм)

Тўхтамасдан тўлиқ  икки кун
йўл босганди ботирлар шаҳдам.
Кечиб дарё ўзанидан тун,
Қоракўлга етгандилар дам.

Жиғачидан галдирга томон
Арвоҳ каби келдилар пусиб.
Мирзоқалъа тинч эди ҳамон,
Булут кезар осмонда тўзиб.

Айғоқ киритилди энг аввал,
Топмоқ учун аҳволдан хабар.
Қирқ ўғлонга кулганди иқбол,
Қишлоқ ичи тинч ва бехатар.

Ботирлари йўқ эди ҳозир,
Ҳимояга кетган ёш-қари.
Ушламоққа ким агар қодир,
Ишлатмоққа қурол аксари.

Қирқта ботир сарфламасдан куч,
Сайлаб олди етти сара тош.
Қишлоқни ҳам секин ташлаб тинч,
Шимол сари урди яна бош.

Келган йўлдан қайтмади улар,
Хафсизликка йўқ эди гаров.
Қайтса ортга аямай талар,
Сезган бўлса, куч йиғиб биров.

Етти тошнинг ҳар биттаси минг
узукка кўз бўларди. Ёқут.
Ҳар қайсиси бир шаҳзоданинг
киритарди манглайига қут.

Баҳосига ҳар битта қизнинг –
Ўн мамлакат бўлолмас товон.
Гули эди улар ўғузнинг,
Қуёш каби нурланиб алвон.

Қўлларини боғладилар-да,
Ўрадилар аямай ипак.
Парилар зор йиғладилар-да,
Яратгандан сўрдилар эмак.

Қизлар гўё тўрга тушган ғоз,
Силкиндилар бари беимкон.
Шу алфозда ким сўрарди роз,
Гар боқмаса толе бу замон.

Етти йигит еттисин белга
боғлаб, урди отга қамчини.
Бўри дориган эди элга,
Энди наф йўқ юлса сочини.

Ҳимояга етмайди қўли,
Тезроқ келса эди ботирлар.
Тўлғонади Қизилқум чўли,
Номус кетди, дея, эй эрлар.

Тонгда кўсак ёрган гулғунча,
Қизлар мизлаб юзин ювар ёш.
Қонлар қотди қалбда тугунча,
Андуҳлардан аланглайди бош.

Мушук чангалидаги чумчуқ,
Қалтирайди қўрқувдан юрак.
Санчилади орқадан урчуқ,
Ингранади оғриқдан курак.

Шундай улар йўл босди узоқ,
Тонг оқариб, кун келди тикка.
Уйқу билмас андуҳлар уйғоқ,
Тутқунликдан бағирлар тилка.

Чўққисидан оққанида кун,
Қолди узоқларда юрт ҳиди.
Қизлар ютиб боради дамин,
Қоракўлни кўрмаслар энди.

Вожиб бўлармикан ё доди,
Яратганнинг ўзига аён.
Авазниёз сўзини айтди,
Барчасини айладик баён.

                    ***

Чўпонга дуч келиб қирқ ботир,
Сотиб олди тўртта серкани.
Бир овлоқда тўхташиб охир,
Ўтга тобладилар декчани.

Тўрт саркани бирпасда сўйиб,
Оёғидан илдилар бир-бир.
Чеккароқдан қумлоқни ўйиб,
Саксовулдан айладилар қўр.

Этни бўлак-бўлак чопиб сўнг,
Терисига қайтиб тиқдилар.
Серка сиғди терига аранг,
Қопдай ямаб, чандиб тикдилар.

Саксовул чўғига қум тортиб,
Устига тердилар тўртта қоп.
Қопга қумни кўрпадай ёпиб,
Юзландилар ҳордиққа шу тоб.

                    ***

Ботирларни уч кунлик чарчоқ
Босган эди ёвдай беаёв.
Ғафлат очиб уларга қучоқ,
Уйқусига қалади қалов.

Йиғлайвериб чарчаган қизлар
Ухлай олмай юраги доғлиқ.
Олма каби нақшиндор юзлар,
Битта ипда бариси боғлиқ.

Ипнинг эсам иккинчи учи
Бир ботирнинг қўлида эди.
Чарчоқларга етмасдан кучи,
Ботир мудраб пахсадай оғди.

Нарироқда отлар чимдиниб,
Чилпир янтоқларнинг уруғин.
Олислардан юлғун тиниқиб,
Кўринади чўзилиб озғин.

Юлғунларнинг орқасидан зим,
Кимса кузатмоқдадир ўғрин.
Оти билан кучуги ҳам жим,
Эгасининг кутиб буйруғин!

Авазниёз мерган эди у,
Ўч олмоққа изларди чора.
Унга ҳаром ҳордиқ ва уйқу,
Душманини қилмаса пора.

Оти билан итин қолдириб,
Аста борлаб босди у оёқ.
Милтиғин ҳам шохга илдириб,
Қўлларига олди бир таёқ.

Авазниёз қаддин тутиб рост,
Чўғ ташлади отлар кўзига.
Отлар бир талпиндилар-да суст,
Сўнг келдилар қайтиб ўзига.

Тулпорларнинг бир-иккисини
Шапатилаб қўйди эркалаб.
Кесиб чиқди айилларини,
Пусиб юриб битта-битталаб.

Сўнгра йўлин эттириб давом,
Қадамлади ботирлар томон,
Қирқ ботир тош қотган батамом,
Шундай ўлса, қолади армон.

Мерган улар устида туриб,
Ҳар бирига ташлади нигоҳ.
Деди: – Бундай бўлмас ўлдириб
Увол қилмоқ уларни гуноҳ.

Дунё дунё бўлади, аммо
Қайтиб келмас бундай ботирлар.
Ҳушёр ўлсин ботирлар, илло,
Қолсин ортда яхши хотирлар.

Мерган битта хуржунни тортиб,
Керагича олди ўқ-дори.
Сўнг қизларга ўнг бўлди туриб,
Дилда қўзиб номуси, ори.

Тамом қайтди фикридан мерган,
Деди: – Тортиб олдилар улар,
қишлоғимни босиб дафъатан!
Текинга ҳам керакмас қизлар.

Мен ҳам тортиб оламан зўрлаб,
Зўравонлар топсин жазосин.
Ўғирланган молни ўғирлаб,
Топтайманми ўғуз номусин!

Мерган қайтди ортига шу чоқ,
Аламидан ғазаби қўзиб.
Бироқ уни авради димоқ,
Териқуртдан юраги озиб.

Қумни ковлаб, тортиб бир қопни,
Таёғига илдирди мерган.
Ўгирилиб ташлаб қадамни,
Юриб кетди тезда бу ердан.

Териқуртни олиб келди-да,
Қўйди юлғунларнинг тагига.
Чокларини аяб кесди-да,
Бирпас боқиб турди гўштига.

Ҳил-ҳил эриб пишган эди гўшт,
Буғи чиқиб кўтарилди ҳид.
Оппоқ асал жилоланиб тўш,
Иштаҳани айлар эди хит.

Яримидан шўрваси милт-милт,
е, дегандай эди интизор.
Бу таомдан топилмасди хилт,
Кекирдак ҳам лиққиларди зор.

“Бисмиллоҳ” деб, мерган бир бўлак.
гўштни олиб, солди оғзига.
Оғзида гўшт эриди, илик,
Ютунмасдан оқиб бўғзига.

Суягини Тарлонга “ма” деб,
Нарироққа ирғитди шу тоб.
Хуллас, мерган бир саркани еб,
Ҳужум тархин айлади ҳисоб.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort