Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кутмаганда узилган бир ўқ…

Кутмаганда узилган бир ўқ…
07 Şubat 2018 - 7:00 'да юкланди ва 1224 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(9-қисм)

Осмон тўла юлдузлар, жим-жим,
Милтиллайди ёйиб сўзона.
Кузнинг совуқ кечалари тим,
Саксовуллар елдан ларзона.

 

Чарчоғидан фориғ тулпорлар,
“Чу”  демасдан учмоққа тайёр.
Териқуртни ковлаб ботирлар,
Бир-бирига боқдилар бедор.

Баланд бархан ўркачида алп,
Ўлтирибди бир чапдаст қоплон.
Ўч дастидан ўртанади қалб,
Кўзларига қуйилгандан қон.

Гулхан порлаб ёнар ўртада,
Суяк ғажир қирқта қурч ўғлон.
Қўрқув нима – билмас дунёда,
Бошларига оғса ҳам осмон.

Қўрасига дориган бўри,
Чўчитмасди, ақал, чивинча.
Ўн минг қўйли чўпоннинг қўри –
Юзи ўлса, кўринмас бирча.

Навбатдаги хато уларга –
тушмоғини билсалар қиммат,
сувни урардилар гулханга,
тўкмасдилар шерлардай савлат.

Бўри мисол ҳушёр тортиб дам,
Кўзлардилар пистирма, қалқон.
Ҳушёрларга омонлик ҳамдам,
Бепарволик энг катта қопқон.

Дабдурустдан така йўқолса,
Кимсасиз бир қизил саҳрода,
Қирқта ботир бепарво қолса,
Бошлар тайин қолиши дорда.

Қувватига бўлганлар ғарра,
Манманликнинг бўлар заволи.
Такаббурлик минг тишли арра,
Жон бўлади унинг уволи.

Авазниёз мерган этмай қилт,
Кўзлар эди ўлжасини соз.
Давра олиб қирқ олғир бўзқурт,
Суяк ғажир, кўнгли сарфароз.

Гулхан гурлаб ёнар ўртада,
Тўрт атрофни қуршаб олган тун.
Кўк бўзлайди боқиб ҳайратда ,
Томошаси бўлади узун.

Бир чеккада етти қиз титрар,
Бўри таталаган қўй каби.
Қирқта йигит бекор талтаяр,
Восил бўлмасидан матлаби.

Мерган туркман ўғлонларининг
Истарасин этар томоша.
Туғилмоғи энди кўп қийин
Бундай шерлар асрлар оша.

Сув ичганда ҳатто илонга
Тегма, деган қадим нақл бор.
Изн берди қирқта ўғлонга,
Авазниёз бу гал ҳам такрор.

                     ***

Кеча ичи қозондай қора,
Жунжукарди осмонда юлдуз.
Ерда гулхан сочарди шуъла,
Қолган бари нарсалар беиз.

Кўз кесмайди оёқ остини,
Мерган ичи ғуж-ғуж хавотир.
Асрагандай кўр ҳассасини,
Борлаб босар қадамин оғир.

Авазниёз юриди кўзлаб,
Гулхан сари олди-да мўлжал,
Бархан тутди кўксини музлаб,
Ёприлгандай устига ажал.

Авазниёз тегиб кетганда,
Титраб кетар бужур саксовул.
Кўргандайин аскар, саркарда,
Янтоқлар йўл очди – ясовул.

Қирқ ботирга етмай қирқ қадам,
Бир нуқтада қотди қув мерган.
Чол бўлса ҳам чўққидай бардам,
Авазниёз эди гужумтан.

Қирқта ботир қорнини тўқлаб,
Гурунглашар эди – кўнгил чоқ.
Ажал келди уларни йўқлаб,
Шум дунёнинг найрангига боқ.

Кутмаганда узилган бир ўқ,
Ер тишлатди битта арслонни.
Иккинчи ўқ учиб келиб чўқ,
Увол қилди иккинчи жонни.

Қолган ўттиз саккизта ботир
ҳеч нимани англамай ҳали –
увол кетди учта давангир,
шодлик давра кезган маҳали.

Улгурмайин қимирлашга ҳам,
Яна икки жон қилди таслим.
Ғофиллар ўқ отмасдан, илдам,
Авазниёз йўқолди шу зум.

Давра кўкдан тушган дўл мисол,
Ҳар томонга чатнади бирдан.
Тўрт тарафни ўради шамол,
Тун титранди қичқириқ-зордан.

Кўп ўтмасдан отнинг дупури
Қулоғига тегди алпларнинг.
Шердай ғарлаб югурди бари,
Қулоғи динг эди отларнинг.

Отга миниб, қайтадан ерга
Ағанади ботирлар бир-бир.
Довдирашиб тушдилар терга,
Тўпга тушда ваҳм-хавотир.

Ўнта ботир отни яланғоч
Миниб чопди мерган изидан.
Қолганлари қолди ноилож,
Хафаланиб ўзи ўзидан.

                   ***

Қорабайир кутиб эгасин,
Турар эди бархан ортида.
Эгасининг эшитгач сасин,
Чопди, итни эргаштирди-да –

Қорабайир тўхтамай бир дам,
Мерган хезлаб ўтирди унга.
Орқасига от қайтиб илдам –
Кўкрак урди қоп-қора тунга.

От йўлида олганда мўлжал,
Ит еларди арвоҳдай бесас.
Отга кеча беролмас халал,
Елар шамол билан басма-бас.

Мерган қўйиб беш жонга нуқта ,
Қолганларин кўзларди яна.
Арвоҳ мисол чарх урар уфқда,
Дилда ёнар қасос – аланга.

Авазниёз қулоғида тоб –
Садо берди отлар гупури.
У англади,  ботирлар хуноб,
Уни овламоқчи ҳар бири.

Бироқ осон эмасди бу иш,
Ўнғай эмас шерни овламоқ.
Рўёб бўлмас ғафлатдаги туш,
Чўпчак эди бозни ушламоқ.

Қизилқумнинг ҳар қарич ери –
Кафти мисол мерганга аён.
Уни дерлар Қизилқум шери,
Унга тиргак бунда тўрт томон.

Ҳар бир бута, ҳар бир қуруқ чўп
Йўл кўрсатар унга зимдан, лол.
Бунда унинг хуфияси кўп,
У сувдаги балиқ бемалол.

Мерган отлар яқинлашганда,
Пусиб ортга ўтди мисли шер.
Таваккал деб, тепки босганда,
Яна бирин у тишлатди ер.

Курагидан ўқ еган ботир
Оғиб тушди отнинг устидан.
Эгасиз от енгил тортиб, зир,
Ўтиб кетди бошқа отлардан.

Воқеани англашгунча то –
Тил тортмасдан ўлди уч киши.
Шундай қилиб, мерган бехато
Қумга қорди саккизта бошни.

Шундан сўнгра йўқолиб мерган,
Рўёдайин бўлди зим ғойиб.
Ботирлар ҳам ёниб аламдан,
Ортларига келдилар қайтиб.

Қонга ботган учта майитни –
олиб қайтмоқ қанчалар оғир.
Еймиз дея, номард мерганни,
Тиш қайрарди ўғлонлар бир-бир!

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Rustam ;

    Негадир шерларни укиб тушинмайдиган булиб колибман шекинли, еки бир оз бошкача езилганми , гуеки жуда эски адабий тилдами ээ кискаси билмадим , МухаммадСолих акани хам шерларини укиб тураман лекин негадир унга хам тушинишим кийин , лекин роса харакат киламан тушиншга , нима килиш керак бу шерларни тушиниш учун ?))

    07/02/2018 12:41
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort