Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шаҳд бўлмаса, юрт топмас тўзим

Шаҳд бўлмаса, юрт топмас тўзим
08 Şubat 2018 - 7:00 'да юкланди ва 348 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(10-қисм)

Шарқдан қуёш кўтармасдан бош,
Қазиб бўлган эдилар қабр.
Юракларда қолмади бардош,
Кўзларидан оқиб қонли дур.

Қатор қилиб терилган мурда –
қонга бўкиб ётар саккиз лош.
Барчасининг гўри бир ерда,
Бир лаҳатга қўядилар бош.

Шунда қўйиб эрларни баёв,
Мерган пайдо бўлди қай гўрдан!
Беш ботирни отиб беаёв,
Ғойиб бўлди у яна бирдан.

Қайтади деб уни ҳеч қачон
Ўйламаган эдилар бирров.
Доғда қолиб ўлди бешта жон,
Мерган этди алпларни меров.

Жигарларин чўқиб ўч-алам,
Ўғлонларни еди ҳамият.
Ўлганларга тутмасдан мотам,
Айладилар тезда маслаҳат.

Етти йигит шу ерда қолиб,
Кутадиган бўлди тунгача.
Йигирмаси дарҳол из олиб,
Тинчитади чолни унгача.

Йўлга тушди йигирма ботир,
От кишнатиб мерган изидан.
Олам титрар ваҳимадан зир,
Осмон хира тортди тўзидан.

Етти қизнинг кўзларида ёш,
Йиғлаб қолди ичларидан зор.
Дов мерганга беролмасдан дош,
Ёш ўғлонлар ўлади бекор.

Авазниёз мерган ҳийласи
бир лашкарга солади ғулу.
Овга чиққан овчи найласин,
Энди сўлар боғларнинг гули.

Тутиб тирик эрларга аза,
Қон йиғлади етти малойик.
Паноҳ истаб Оллоҳдан роса,
Тиладилар тўзим, омонлик.

Туркистонга бер, дея, бирлик,
Кўзларидан тўкдилар ёшлар.
Ёлворишиб, тортдилар зорлик,
Бекор завол топмасин бошлар.

Бор туркларнинг оёғига ҳеч
санчмасин деб бекорга тикан,
йиғлайвериб туширдилар кеч,
Бу кўримлар бошда бор экан!

                      ***

Авазниёз атайлаб тонгда
ботирларга қилганди ҳужум –
раҳм-шафқат бўлмайди, жангда,
шаҳд бўлмаса, юрт топмас тўзим.

Ўйлагандай чиқса режаси,
Орқасидан тушади илғор.
Уни тутди уруш нашъаси,
Кўзга инди қизил қон ғубор.

Маст шерлардай иккала томон
Бир-бирига ёмон қилди қасд.
Аламидан йиғлайди осмон,
Булутлар ҳам кезадилар паст.

Охирги кунларини кузак –
кузатади қонларга қориб.
Қишга бошин уради, бешак,
Фарёдлардан ҳансираб, ҳориб.

Йигирмата ботир аламдан
Босиб келар бамисли аждар.
Қувлаб ўтиб бири биридан,
Олов пуркаб, ҳар жуни наштар.

Етса, тирик ейди мерганни,
Қарич-қарич ғазабдан тиши.
Унутдилар бари дунёни,
Сўқир қилди ғазабнинг ниши.

Мерганга ҳам шу эди лозим –
Ботирларнинг сўнгсиз ғазаби.
Ақл жаҳдга қилганда таъзим,
Бошланади умр азоби.

Ҳисларга бош бўйсунса магар,
Оёқ қадам ташлар беуғур.
Нодонликдан эзилар жигар,
Ғофил подшоҳ – боладайин ғўр.

Мерган чиқиб бархан устига,
Кўз ташлади келган изига.
Жилов бермай учқур отига,
Боқди осмонларнинг тўзига.

Елиб келар учқур тулпорлар,
Уфқлар хира тортганди чангдан.
Мерган оти тинмай пишқирар,
Қони жўшиб бўлажак жангдан.

Пўлот панжалари мерганнинг
Чирмаб тортар от жиловини.
Жаҳли қўзир шунда Тарлоннинг,
Босолмасдан ўч оловини.

Мерган санар қушдай, аланглаб,
Келаётган отлар сонини.
Йигирмата – дейди, ҳижжалаб,
Қўйворади от жиловини.

От пастликка қоядай энар,
Тиззасидан ўпар шиғил қум.
Тарлон ундан олдинлаб кетар,
Тин билмайди вовуллаб бир зум .

Мерган ишнинг режа бўйича
Кетишидан бўлади иқрор.
Ҳамма нарса унинг ўйича –
Ўлим излаб келмоқда илғор.

Авазниёз мерган нияти –
Чўл ичига кирмоқ тобора.
Тикилса ҳам дорга ҳаёти,
Саркашларни қилмоқ минг пора.

Бу ерларда сувсиз, озиқсиз,
Чалғитади уларни авраб.
Чексиз чўлда йўқотиб, изсиз,
Сўнгра қайтмоқ қизларга қараб.

Аниқ эди мерган ҳисоби,
Йигирма еттиси сонда йўқ.
Ўн учининг ўчди шам ёди,
Қароргоҳда еттиси тўлиқ.

Йигирмани айласа гумдон,
Ортга қараб солади у от.
Қизлар қайтар қалъага омон,
Маликалар, ҳурлардай озод.

Унга омад кулмаса агар,
Тилка-пора бўлади тани.
Армон қолар қиёмат қадар,
Ўлган жойи қабри, ватани.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар