Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бобомурод Абдуллаевга қарши жиноят иши “тўхтатилди”

Бобомурод Абдуллаевга қарши жиноят иши “тўхтатилди”
08 Şubat 2018 - 23:23 'да юкланди ва 1122 марта ўқилди.

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Тошкентдаги МХХ ҳибсхонасида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевга қарши “жиноят иши тўхтатилиб”, унинг ноқонуний ҳибсга олиниши ва қийноққа тутилиши юзасидан текширув ишлари бошланган.

Бу ҳақда Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов хабар тарқатди.

Икромовнинг ўз манбаларига таяниб, айтишича, журналистнинг ишини тергов қилган Ўзбекистон МХХ тергов бошқармасининг катта терговчиси Нодир Тўрақулов ҳамда терговчи Александр Веселов ишдан четлатилган.

Бир неча кун аввал МХХ ҳибсхонасига турмуш ўртоғини кўриш учун борган журналистнинг аёли Катя Балхибаевага терговчи Веселовнинг оёқ оғриғи билан шифохонада даволанаётгани айтилган.

Сурат Икромовга кўра, Бобомурод Абдуллаев иши бўйича қийноқлар билан бирга “жиноят ишини сохталаштириш” факти бўйича ҳам текширув ўтказилмоқда.

Унинг маълумотича, текширув ишларини Ўзбекистон Бош прокуратураси олиб бормоқда.

“Афтидан, Бобомурод Абдуллаевга қарши сохта жиноят иши қуламоқда ва биз яхши натижаларни кутамиз”, – дейди Сурат Икромов.

Эски ва янги терговчилар

Ҳозирча журналистга нисбатан жиноят иши тўхтатилгани борасида расмий тасдиқ йўқ.

Бош прокуратура матбуот хизмати вакили Би-би-сининг бу ҳақдаги саволига “бизда бундай маълумот йўқ” дея жавоб берди.

Тўрақулов ва Веселовнинг терговдан четлатилганини пайшанба куни Юнусободдаги “Гвардейский” номи билан билинган МХХ ҳибсхонасида турмуш ўртоғи билан учрашган Катя Балхибаева ҳам тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Бобомурод Абдуллаев иши бўйича тергов Нодир ва Фарруҳ исмли терговчиларига топширилган.

Аммо Катя Балхибаевнанги айтишича, турмуш ўртоғининг терговчилар ишдан четлатилганидан “хабари бўлмаслиги мумкин”.

“Мен шу хабарни етказиш учун боргандим, аммо 10 дақиқадан кейин Бобомуродни олиб чиқиб кетишди”, – дейди Катя Балхибаева.

Унинг сўзларига кўра, янги тайинланган терговчилар журналистнинг аёлидан АҚШ элчихонаси дипломатлари билан телефондаги ёзишмасини кўрсатишни талаб қилишган.

Бунга Катя Балхибаева ҳам, Бобомурод Абдуллаев ҳам эътироз билдиришлари ортидан учрашувда ҳозир бўлган икки терговчи ва яна 4 киши учрашувни тўхтатиб, маҳбусни олиб чиқиб кетганлар.

Балхибаеванинг сўзларига кўра, у турмуш ўртоғи билан учрашишга рухсат олиш учун АҚШ элчихонаси хавотир билдирганини терговчиларга айтишга мажбур бўлган.

“Шундан кейин улар мени телефондаги АҚШ дипломати билан ёзишмаларимни кўрсатиш шарти билан учраштиришди”,- дейди Катя Балхибаева.

Аммо кейинроқ у ёзишмаларни кўрсатишдан бош тортган.

Аёлининг сўзларига кўра, учрашув чоғида Бобомурод Абдуллаев ҳам терговчиларга “қандай асосда ёзишмаларини кўришга ҳаққингиз бор?”, дея эътироз билдирган.

Катя Балхибаевнинг сўзларидан Бобомурод Абдуллаевнинг ташқи дунё, жумладан, ахборот дунёсидан ҳам буткул ихоталанган ҳолда ушлаб турилгани англашилади.

Ўтган ҳафта журналистнинг онаси Гавҳаржон Мадаминова ўғлининг қийноққа тутилгани, унинг баданида моматалоқ изларини кўрганини айтганди.

“Сотқин”

Ишдан четлатилгани айтилаётган терговчи Нодир Тўрақулов муқаддам Сурхондарё вилоят МХХ бошқармасида хизмат қилган.

Чоршанба куни интернетга сиздирилган аудиода Президент Мирзиёев МХХнинг Сурхондарёдаги фаолиятини қаттиқ танқидга тутган.

У МХХ раҳбарлари ҳақида гапира туриб, “сотқин” ва “ифлос” сўзларини ишлатган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 27 сентябрида ҳибсга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон ЖКнинг 159-модда 4-банди бўйича (“Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумини ағдариш мақсадида тил бириктириш”)айбланмоқда.

МХХ Абдуллаев мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг буюртмаси билан “политолог Усмон Ҳақназар” тахаллуси остида интернетда мақолалар чоп этгани ва “Эрк” партияси раҳбари билан биргаликда ҳокимиятни куч билан босиб олишга қаратилган режани ишлаб чиққанини айтган.

Муҳаммад Солиҳ ушбу айбловларни рад этган.

Айни пайтда у Бобомурод Абдуллаев узоқ йиллар мобайнида “сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида мақолалар ёзиб келган муаллиф эканини тасдиқлаган.

Бобомурод Абдуллаев устидан тергов ҳаракатлари ўтган йил декабрида тугаганига қарамасдан, унинг нима учун ҳануз МХХ вақтинчалик тергов ҳибсхонасида ушлаб турилгани сабаби маълум эмас.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort