Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Алишер Навоий қитъалари

Алишер Навоий қитъалари
09 Şubat 2018 - 16:15 'да юкланди ва 618 марта ўқилди.

Алишер Навоий қитъалари ўта гўзал. Маънога тўла. Ўқиб қалб ҳузур қилади, гоҳо кўзлар ёшланади…

“Қитъа” сўзи парча, бўлак деган маънога эга. Фақатгина жуфт мисралари қофияланган ва арузнинг муайян вазнида битилган, ахлоқий-таълимий шеърлар қитъалардир.

Қуйида Навоий ҳазратларининг қитъаларини насрий баёни билан тақдим этмоқдамиз.

Умид қиламизки, мутолаа онлари завқли кечажак, иншаОллоҳ.

таҳририят

* * *

1-қисм

Тенгри зоти ҳақиқатидаким, хирад мабҳуту нодондур ва аҳли хирад фартуту ҳайрон

Ҳақ зотиға биравки, хирад бирла фикр этар,
Отин эл ичра оқилу фарзона айлабон.

Миқдорини тенгиз суйининг истар англамоқ,
Лекин ҳубоб жомини паймона айлабон.

Мазмуни:
Тангри зотининг ҳақиқатида ақл лол ва нодон, оқиллар эса бемажолу ҳайрон

Кимки одамлар ичида ўзини оқил ва доно кўрсатиб Тангрининг зоти ҳақида ақл билан фикр қилмоқчи бўлса, у гўё қўлига пуфакдан жом олиб, денгиз сувининг миқдорини билмоқчи бўлган кишига ўхшайди.

***

Фаҳмсиз мулозимлар ғафлатида ва алар била маош ўткармак меҳнатида

Йўлдин озди ҳар мулозимдинки, ғафлат айладинг,
Будур ойин гар гадолиғдур ишинг, гар шоҳлиғ.

Уркудар элдекки чиқти кеча йўлдин маркаби,
Кўз юмуб очқунча чунким қилмади огоҳлиғ.

Олам аҳлида мулозимлар эрур ҳайвон кеби,
Қайси ғафлат англағоч зоҳир қилур бероҳлиғ.

Мазмуни:
Фаҳмсиз мулозимлар ғафлати ва улар билан бирор иш қилмоқнинг машаққати ҳақида Мулозимларингдан ғафлатда бўлсанг – бехабар қолсанг, улар йўлдан озади. Бу борада гадо бўлсанг ҳам, шоҳ бўлсанг ҳам фарқи йўқ – барибир шундай бўлади.

Мудраб қолган элнинг улови кечаси адашиб кетганидек, улар ҳам кўз юмиб очгунча огоҳ бўлмасанг, тезда йўлдан чиқадилар.

Хожасининг ғафлатини англагач, бебошлик қиладиган мулозимлар бу оламда айни ҳайвон кабидирлар.

* * *

Мутакаббир манзурнинг ҳусни чоғидаким истиғноси дарднок қилур ва ҳусни кетканда мулойимати ҳалок

Хўб экан чоғдаки мустағний эдинг, келмас эдинг,
Ўтти чун хўблуғунг жавр манга еткурма,

Кўп келур вақтда оз келмакинг эмгатти мени,
Оз келур вақтда кўп келмак ила ўлтурма.

Мазмуни:
Чиройли, аммо такаббур одам ҳусндор чоғида ноз билан кишини касал қилади ва ҳусни кетгач мулойимлиги ила ҳалок этади

Чиройга кўмилиб юрганингда – бой эдинг, келмас эдинг. Энди гўзаллигинг кетгач, менга кўп жабр қилма – тез-тез келиб туришинг лозим пайтда қорангни кўрсатмаслигинг мени кўп қийнади, энди оз келишинг лозим бўлганда келавериб мени ўлдирма.

* * *

Олтун, кумушга ҳирс манъиким, тутмоғи иликни қора қилур ва муҳаббати кўнгулни

Кўп олтун, кумуш сари қўл сўнмоғил
Ки, тутсанг кафингни қора занг этар,

Кўнгулда доғи майлини асрама
Ки, кўнглунгни доғи ҳамул ранг этар.

Мазмуни:
Олтин, кумушга ҳирс қўйиш мумкин эмас, уни тутмоқ қўлни қора қилади ва муҳаббати кўнгилни

Олтин, кумушга ҳадеб қўл чўзма, уни ушласанг, кафтингни қора занг қилади, кўнгилда яна олтин, кумушга муҳаббатни сақлама, чунки бу ҳам кўнгилни ўшандай қора қилади.

* * *

Маъни аҳлидин гадолиғ башорати ва суврат аҳлидин шоҳлиғ ишорати

Аҳли маъни гуруҳида зинҳор,
Ҳеч ор айлама гадолиғдин

Ким, буларға гадолиғ ортуғдур,
Аҳли сувратқа подшолиғдин.

Мазмуни:
Маъно аҳлидан гадолик хушхабари ва суврат аҳлидан шоҳлик ишораси Маъно аҳли даврасида гадо бўлишдан ҳеч қачон ор қилма, чунки булар учун суврат аҳлига шоҳ бўлишдан кўра гадолик афзалдир.

* * *

Покрав нисо таърифидаким, инсон онсиз холидур ва олудаваш рижолким, нурсизлиқдин дажжоли бемисолдур

Юз туман нопок эрдин яхшироқ
Пок хотунлар аёғининг изи,

Лут ўғлин кўрки солди тийралик
Динға нафс илгида табъи ожизи.

Даҳр аро ёқти сиёдат машъалин,
Покравлиқтин расулуллоҳ қизи.

Мазмуни:
Ўн миллион нопок эрдан кўра покиза аёлларнинг оёғи излари яхшироқдир, мана, Лут алайҳиссалом ўғлини қара – динга унинг нафс кўйида қоралик солди.

Расулуллоҳнинг, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, қизлари – Фотима онамиз розияллоҳу анҳо – у кишидан кейин бу дунёда улуғлик машъалини пок бўлгани учун ёқди.

* * *

Фано шарбати бобидаким, таъми заҳри қотилдуру бақойи абад нуши ул заҳрдин ҳосил

Фонийи мутлақ ўлмайин солик,
Анга йўқтур умиди мақсади кулл,

Қора туфроқға сингмаган қатра,
Андин имкони йўқ очилмоқ гул.

Мазмуни:
Фано шарбати ҳақида. Унинг таъми ўлдирадиган заҳардир, аммо боқийлик – абадийлик ичимлиги шу заҳардан ҳосил

Мутлақо ўзини фоний қилмаган солик учун мақсадга мутлақо етишмоқ умиди йўқдир.
Ахир, қора тупроққа қатра сингиб кетмаса, ундан гул очилмоғи имконсиздир.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort