Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Алишер Навоий қитъалари

Алишер Навоий қитъалари
10 Şubat 2018 - 6:00 'да юкланди ва 522 марта ўқилди.

Алишер Навоий қитъалари ўта гўзал. Маънога тўла. Ўқиб қалб ҳузур қилади, гоҳо кўзлар ёшланади…

“Қитъа” сўзи парча, бўлак деган маънога эга. Фақатгина жуфт мисралари қофияланган ва арузнинг муайян вазнида битилган, ахлоқий-таълимий шеърлар қитъалардир.

Қуйида Навоий ҳазратларининг қитъаларини насрий баёни билан тақдим этмоқдамиз.

Умид қиламизки, мутолаа онлари завқли кечажак, иншаОллоҳ.

таҳририят

* * *

2-қисм

Фано мақомиға еткан солик васфидаким, молдин анга зиён йўқтуру жоҳдин нуқсон

Солики озодани кўрсанг ғаний, қилғай дебон
Мол анинг манъи сулуки қилмағил инкор анга.

Кема тийри мол аро бўлмиш муқайяд демагил,
Кўрки, онча мол ўлурму мониъи рафтор анга.

Мазмуни:
Фано мақомига етган соликнинг сифати. Молдан унинг учун зиён йўқ, бойликдан эса нуқсон

Бир покиза соликни кўрсанг, у бой бўлса, мол дунёга берилибди деб унинг йўлини инкор қилма.
Кема қора мол ичида йўқ бўлиб кетади дема, қара, шунча юк унинг сузиши учун монелик қиляптими?

* * *

Ўзлукдин қутулмоқ суубатида ва ананийят тарки шиддатида

Эй кўнгул, тан тахтасин бу қаъри йўқ гирдобдин
Истасанг соҳилға чекмак, билки, бу осон эмас,

Пиру истеъдоду тавфиқ ўлмаса бўлмас бу иш,
Кимдурурким, бағри бу ҳасратдин анинг қон эмас.

Мазмуни:
Ўзликдан қутулиш азоби ва борликни тарк қилиш шиддати ҳақида

Эй кўнгил, тан тахтасини бу туби йўқ гирдобдан соҳилга олиб чиқишни истасанг, бу осон эмас.
Агар кишининг бағри бу ҳасрат ила қон эмас экан, бир йўл кўрсатувчи пир, истеъдод, тавфиқ бўлмаса, бу иш бўлмас.

* * *

Ақлнинг барча тариқида маошни душвор билмагу жунунға қарор бермак

Важҳи маош учун кишиким деса фикр этай,
Қисмат ризосидин анга бегоналиқ керак.

Кунжи қаноат арчи эрур салтанат валек
Элдин тамаъни узгали мардоналиқ керак.

Ким ишқ асири ўлсаки, мумкин эмас висол
Дарду балоға ҳамдаму ҳамхоналиқ керак.

Лаззоти нафс тарки самари офият берур,
Лек ул шажарни эккали фарзоналиқ керак.

Тажрид нуридин киши кўз ёрутай деса,
Аҳбоб ҳажри шамъиға парвоналиқ керак.

Гар анжуманни деса муриду мутиъ этай,
Кўп нуктаву фасонада афсоналиқ керак.

Ботин ҳаримида тиласа махзани ҳузур,
Зоҳир уйи асосиға вайроналиқ керак.

Зоҳир юзидин ар тиласа тожу иззу жоҳ,
Дарду бало муҳитиға дурдоналиқ керак.

Десанг халос ўлай борисидин Навоийдек,
Бехудлуғу май ичмагу девоналиқ керак.

Мазмуни:
Ақлнинг барча йўлида тирикликни душвор билмак ва жунунга қарор бермак ҳақида

Инсон тириклик учун фикр этай деса, қисматга ризо бўлмаслиги керак.

Қаноатнинг ўзи бир салтанат, аммо элдан таъма қилмаслик учун мардоналик зарур.

Агар ким ишққа асир бўлса, висол мумкин эмас, у дарду балога ҳамдаму ҳамхона бўлиши шарт.

Нафс лаззатини тарк қилишнинг меваси офиятдир – омонликдир, лекин бу мевани берадиган дарахтни экиш учун фидойилик керак.

Тажрид – ёлғизлик – Оллоҳ билан қолиш нури ила кўзни ёритаман деган инсон дўстлар айрилиғининг шамига парвона бўлиши лозим.

Агар киши кўпчиликни истаса, бошқаларни мурид қилай, мутеъ қилай деса, жуда кўп билим ва сеҳр борасида сеҳргарлик керак бўлади.

Кимки, ботин ичидан ҳузур хазинасини истаса, зоҳир уйини вайрону устига қуриши лозим.

Агар инсон зоҳир юзидан тож, иззат ва давлат тиласа, дарду бало ичида дурдона бўлиши керак.

Агар буларнинг ҳаммасидан Навоий каби халос бўлай десанг, ҳушингни йўқотишинг, май ичишинг ва жинни бўлишинг керак.

* * *

Қаноат нақшининг ифшосию нақшбандия тариқининг адоси

Қаноат тариқиға кир, эй кўнгул
Ки, хатм ўлғай ойини иззат санга.

Десанг шоҳ ўлай еру кўк басдурур,
Бу бир тахту ул чатри рифъат санга.

Фано шуъласида ёшур жисмни,
Керак бўлса зарбафт хилъат санга.

Етар лола буткан қоя қулласи,
Мурод ўлса гулгун ҳашмат санга.

Эрур бас ариғ нуктаву қон ёшинг,
Дуру лаълдин зебу зийнат санга.

Десанг хилватим анжуман бўлмасун,
Керак анжуман ичра хилват санга.

Ватан ичра сокин бўлуб сойир ўл,
Сафардин агар бўлса меҳнат санга.

Назарни қадамдин йироқ солмағил,
Бу йўл азми гар бўлса рағбат санга.

Дамингдин йироқ тутмағил ҳушни
Ки, юзланмагай ҳар дам офат санга.

Бу тўрт иш била рубъи маскун аро,
Чалинмоқ не тонг кўси давлат санга.

Бу оҳанг ила бўлғасен нақшбанд,
Навоий, агар етса навбат санга.

Мазмуни:
Қаноат нақшининг фош бўлиши ва нақшбандия йўлини адо қилиш ҳақида

Қаноат йўлига кир, эй кўнгил, шунда сен иззат мақомини хатм қилган бўласан.

Агар шоҳ бўлай десанг, ер ва кўк етарли – бири сенга тахт, бири эса юксак чодирдир.

Фано нури ичра жисмингни яшир, агар сенга зарбоф тўн керак бўлса.

Муродинг гулгун ҳашамат бўлса, қоя минорасида битган лола сен учун етарлидир.

Агар дур ва лаълдан зийнат истасанг, покиза сир ва қонли ёшинг шундай зийнатдир.

Хилватим анжуман бўлмасин десанг, сенга анжуман ичида хилват керак.

Агар сафар машаққати зарур бўлса, Ватанда сокин бўлсанг ҳам сайр этгувчи бўл.

Агар бу муборак йўлга кириш учун рағбатинг – хоҳишинг бўлса, қадамингни назардан йироққа қўйма.

Агар бир нафас ҳам ҳушингни йўқотмасанг, сенга офат юзланмайди.

Агар сен бу тўрт ишни тўрт маскан аро қилсанг, давлат ноғоралари сен учун чалинса, не ажаб!

Навоий, агар сенга навбат келса, бу оҳанг билан нақшбанд бўласан.

Қисқача шарҳ:
Ушбу қитъада Навоий нақшбандия тариқатининг шартларини санаган. У нақшбандия йўлида қаноат бирламчи эканини айтган. Навоий қитъада тўрт ҳолатга диққат қаратган:

1) анжуманда хилватга эришмоқ (хилват дар анжуман) – жамият ичра юриб Оллоҳ зикрида бўлиш;

2) ўз маконингда бўлиб сафар машаққатини билиш (сафар дар Ватан) – бу оламнинг ўзини бир сафар – сайргоҳ деб тушуниш. Бу оламдан, албатта, ўтиб кетиш нақдлигини ёдда сақлаш;

3) ҳамиша кўзни оёққа қадаб юриш (назар бар қадам) – кўз орқали турли гуноҳларга йўл қўймаслик учун ҳамиша юраётган йўлга қараш;

4) ҳар нафасдан огоҳ бўлиш (ҳуш дар дам) – ҳар нафасда Оллоҳнинг икки марта зикр этмоқ: олинган ва чиқарилган нафасда.

* * *

Таваккул сифатию бетаваккуллар мазаммати

Таваккулни улким қўюб, хотириға
Тушар шоҳ оллинда қуллуқ ҳавоси,

Насиби анинг бир аёқ ош эрур бас,
Агар ганжи Қорун эрур муддаоси.

Биравким, бўлур бир аёқ ош учун қул,
Юзига керактур қазоннинг қароси.

Мазмуни:
Таваккулнинг сифати ва бетаваккулларнинг айбланиши

Ким таваккулни унутса, хаёлида шоҳга қуллуқ қилиш бўлади. Шундай бўлгандан кейин, у гарчи Қорун ганжини муддао этса ҳам, бир товоққина ошга эришади, холос.

Агар кимки, шу бир товоқ ош учун қул бўлса, унинг юзига қозоннинг қорасини суриш керак.

* * *

Маҳлуқ мулозаматидин танфиру ғайри ҳақ мулозаматидин таҳзир

Кимки маҳлуқ хизматиға камар
Чуст этар, яхшироқ ушалса бели.

Қўл қовуштурғуча бу авлодур
Ки анинг чиқса эгни, синса эли.

Чун хушомад демакни бошласа кош
Ким, тутулса дами, кесилса тили.

Мазмуни:
Махлуққа мулозамат қилишдан нафратланиш ва Ҳақдан бўлакка эгилишдан ҳазар қилиш ҳақида

Агар кимки махлуқ хизматига камар боғласа, бели сингани яхшироқ. Ўша махлуқнинг олдида туриб қўл қовуштургандан кра бўйни чиқиб, қўли синса яна ҳам яхши.

Агар ўша махлуққа хушомад қилишни бошласа, нафаси қайтиб, тили кесилса, қани эди!

* * *

Сўзга қулоқ солмоқу оғиз очмамоқ, гавҳарни териб, ўз гавҳарин сочмамоқ

Қулоқда асра гаронмоя сўзнию фикр эт
Ки, дурсиз ўлса, не бўлғусидур садаф ҳоли.

Сўзунгни дағи кўнгул ичра асрағилким, ҳайф
Ким, уйла дуржни гуҳардин эткасен холий.

Бу дуржу икки садафни тўла дур этканга,
Зиҳе улувви гуҳар, балки гавҳари олий.

Мазмуни:
Сўзга қулоқ солиб оғиз очмаслик, гавҳар териб, ўз гавҳарини сочмаслик ҳақида

Қулоғингда қимматбаҳо сўзни асра ва фикр эт: агар дур бўлмаса, садаф қандай ҳолга тушади?

Сўзингни яна кўнгил ичида сақла, агар шундай қилмасанг, қутиндан гавҳарларни сочганингдек ҳайф бўлади.

Бу дуржу – кўнгилни ва икки садафни – қулоқни дурга тўла қилган одамга офарин! Балки унга янада олийроқ гавҳарлар насиб этсин!

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort