Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўғузхоннинг қиличи

Ўғузхоннинг қиличи
10 Şubat 2018 - 7:00 'да юкланди ва 305 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(12-қисм)

Авазниёз отни елдириб,
Кириб кетди саксовулзорга.
Баҳодирлар кўксига уриб,
Бош қўйдилар ўйламай дорга.

Қонга тўлиб икки кўзлари,
От солдилар мерган изидан.
Мункиб кетар отлар тизлари,
Тер қуйилар ҳорғин юзидан.

Авазниёз учириб отин,
узоқ юриб қолдирди-да из,
у айланиб гўё бир чақин –
орт томондан пайдо бўлди тез.

Икки бархан ўртасидан от
солар чоғда баҳодирлар даст,
човут урди пистирмадан бот,
мерган шердай қутурганди маст.

Бешта ботир ер тишлаган чоқ,
Саросима тушди отларга.
Айқаш-уйқаш бош билан туёқ,
Отлар ўзин урар ўтларга.

Отлар йўлин йўқотганида,
Фойдаланиб қолди у яна.
Мерган чўтлаб ўқ отганида
Жонсиз қолиб кетди беш тана.

Алплар ўзин ростлаганча то,
Авазниёз яна бўлди зим.
Ўнта жонга қўйди-да нуқта,
Чўккан тошдай ғойиб бўлди жим.

Бошин ушлаб қолди ботирлар,
Бели синган илондай нолон.
Йигирма беш бўлди майитлар,
Узуларкан яна қанча жон!

Ўта маккор чиққанди душман,
Ўлаксахўр ул қари тулки.
Ботирлар панд едилар ёмон,
Бир овчига бўлганда кулки.

Майитларни йиғиб бир жойга,
Битта гўрга этдилар дафн.
Чек қўйдилар бундай ғавғога,
Ғам уларга солганди тизгин.

Кўзи очилганда уларнинг,
Қайиқ сувга оқиб бўлганди.
Фойдаси йўқ афсус чексанг минг,
Чақмоқ чақиб, ёмғир қуйганди.

Саккиз ботир – осилиб боши,
Қайтмоқдалар бир турна қатор.
Юзларини куйдирар ёши,
Ёруғ дунё кўзларига тор.

Қуёш йиғлаб ботмоқда ғарбга,
Тўкилган қонларга беланиб.
Чидолмасдан қумлар ҳам зарбга,
Тўлғонарлар жондай эланиб.

Саксовуллар буккандир қаддин,
Ботирларга келгандай раҳми.
Бу қайғунинг йўқ эди ҳадди,
Қўрқув солар саҳрога ваҳми.

Ботирларнинг юраклари қон,
Жунаидхон сўзларин эслаб!
Айтган эди: “Галдирлар ёмон,
ҳар биттаси қирқта шерталаб!

Асли насли Бўзқурт авлоди,
осонликча бермайдилар ён.
Шууринда Ўғузхон ёди,
номус учун аямаслар жон.

Ор ёнинда мол-дунё қилча
кўринмайди улар кўзига.
Олмайдилар ўлик чивинча,
қарши чиқсанг айтган сўзига”.

Энди пушаймондан нима наф,
Жунаиднинг сўзи бесамар.
Аввал-бошдан бўлмасдан тараф,
ўйлаш керак эди онқадар!

Қорақумда туриб Жунаид,
Сибирдаги елни билади.
Муаллими серташвиш ҳаёт,
У миллатни, элни севади.

Сардорларга солмаслик қулоқ
Шу кунларга туширмадими?!
Кибру ҳаво, манманлик чатоқ,
Қадримизни қочирмадими?!

Саккиз бошда фақат битта ўй,
Хатосидан барча пушаймон.
Энди фарқсиз азами ё тўй,
Ўзан топмай ўртанади жон.

Эгаси йўқ отлар ирғаниб,
Одимлайди – саҳро бепоён.
Пишқиради ғамдан қийналиб,
Тоғдай оғир юкдир пушаймон.

Тундай қора мунчоқ кўзлари,
Дона-дона тўкар ёшини.
Ёлларида ғамнинг тўзлари,
Кўтаролмас ердан бошини.

***

Меҳваридан замин айланиб,
Борлиқ кийди қоп-қора чопон.
Алплар шимол, ғарб томон эниб,
Йўлин давом эттирган замон.

То тунгача қайтмасалар гар,
қароргоҳда қолган етти алп,
кутмоқлиги лозим эди ҳар –
ҳолатда ҳам кечувда туриб.

Оёқ йўли Амударёдан,
Зоҳир эди битта кечувда.
Ўта олмас бундан ҳар одам,
Кимлар оқиб кетмаган сувда.

Унга етгунча ҳам тўқайзор,
Ўтардилар отлар тизилиб.
Лаҳатдан ҳам сўқмоқ эди тор,
Бир от зўрға сиғар, эзилиб.

Орқасига қайта олмас от,
Сўқмоққа бир ургандан сўнг бош.
Чангалзорга кириб қолса бот,
Шерлар тортар эдилар ювош.

Амударё қирғоғигача
уч чақирим эди масофа.
Бу қирғоқдан у қирғоққача
яна шунча эди саҳифа.

Билган одам йўлакни борлаб,
Олиб ўтар эди карвонни.
Кўплар оқиб кетарди зорлаб,
Топаман деб сувдан ўзанни.

Амудан соғ кечган ҳар киши
юз тутарди Дарғонотага.
Камбағалнинг ўтгандай қиши,
Боқмас эди қайтиб дарёга.

Амударё қилиб масхара,
Оқар эди тўлғониб борҳо.
Суви лойқа бўлса ҳам сара,
Тортаман дер домига юҳо.

Қанча ботирларнинг суяги
макон тутган дарё тубидан.
Қон ичмоқлик унинг тилаги,
Кесиб ўтманг асло ичидан.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар