Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Синган “кўзгу”

Синган “кўзгу”
11 Şubat 2018 - 10:39 'да юкланди ва 990 марта ўқилди.

СИНГАН “КЎЗГУ”

Интернет сайтлари “уйғон”ди, онда-сонда бўлса ҳам миллий телевидениемиз касал одамдай “кўзини очиб” қараяпти, матбуот ҳам нималарнидир дудуқланяпти, аммо… Бу “уйғониш” унчалик ҳам кўнгилга таскин бермаётгандек! Кимнингдир турткиси билан уйғониш “уйғоқлик”ми? Ҳақ олинса, кўнгил тўлади! Берилган ҳақ билан мақтаниш ожизликдир! Ўзинг уйғонсайдинг, ўзинг ҳаққингни сўрашни билсайдинг, ҳеч бўлмаса, ҳаққини сўраганлар ёнида тура олсайдинг! Янаям пастроқ тушай, ҳаққини сўраганларга индамасайдинг!

Президент Ангренга бориб, халқнинг ночор аҳволи ҳақида жуда қаттиқ гапирди. Эртаси куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган бир журналист ёзди: “Биз шундоққина биқинимизда турган муаммони кўрмаган эканмиз, қаранг, Президентимизнинг донолигини!” “Хизмат кўрсатган” ҳалиям отда, ҳалиям бировга гап бергиси келмайди! Қани энди бир тил бўлса-ю, “Ҳазрат, сиз ана шу биқинингиздаги муаммони кўрмаганингиз учун раҳбар бўлдингиз, халққа хизмат қилмаганингиз учун “хизмат кўрсатган” олдингиз-да”, деса! Деганда энди нима ўзгаради?!

Шу одамдан кўп дакки эшитганман: “Ҳаётга қора кўзойнак билан қарайсан! Президент сиёсатига қаршимисан?!” Ўн йил олдин бу гапнинг нималигини билармидингиз? Шу атрофда юрган бўлсангиз, албатта билардингиз. Билмай кўринг-чи! Бу шундай таҳдид эдики, эшитган одам беихтиёр “биз ҳеч кимдан кам эмасмиз”, деворарди.

Ҳа, шунақа деб юравердик. Ўтган йили қарасак, биз ҳаммадан кам эканмиз! Таълим тизими издан чиқиб кетган, соғлиқни сақлаш аянчли аҳволда, қишлоқ хўжалиги ночор, ёшлар қаровсиз, диний саводсизлик авжига чиққан! Биз нима қилдик ўзи?

Ҳеч нарса қилмадик десак, инсофсизлик бўлади. Жуда кўп ишлар қилинди, лекин аксарияти хато йўлдан кетди. Нима учун шундай бўлди, биласизми? Жамиятдан ЭРКИН ФИКР қувиб чиқарилди! Фикр айтган одам душманга айлантирилди. Матбуот “бўлмайди” деган сўзни луғатидан ўчириб ташлади. “Ҳаммаси зўр, ҳаммаси бўлади”га чиқиб кетди! Ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб фикрлайдиган бўлдик. Шунақа қулинг ўргулсин кадрлар ишлаб чиқдикки, бири қўйиб, бир “Ватанни севади”!

Бир одам ҳеч қачон хато қилмаслиги, мутлақ ҳақиқатни гапириши мумкин эмас. Ғойибдан келадиган ваҳийнинг тўхтатаганига 15 аср бўлган ахир! Йўқ, биз буни тан олмадик, “сизники маъқул” дедик.

Эркин матбуот, эркин фикр яшайдиган жойда ҳукумат қутириб кетолмайди. Ҳукуматнинг кўзига матбуот кўзгу тутиб туриши керак. У “кўзгу”га қарасин, ўзини тузатсин! Бир ҳафта кўзгуга қарамаган одамнинг башарасини кўрганмисиз? 25 йил қарамаган одамникини-чи?! Биз “кўзгу”га қарамадик, уни “синдириб” ташладик. Ҳукумат билан ўртамиз узилиб қолди. Шунақа бир “девор” пайдо бўлдики, ошиб ўтишнинг ҳеч иложи йўқ! Пахтани териб, ғаллани йиғиб, газ, нефть, олтинни қазиб олиб “девор”дан ошириб ташлаймиз. Биз қора ботирларнинг мақсадимиз: “омбор”ни тўлдириш! Лекин бу ўлгур ҳеч тўлмайди. Тўлдиролмадик! Натижада, “дон” излаб ҳар томонга учиб кетдик. Шунда ҳам ҳеч ким “шунча меҳнат қилдинг, узр, қорнингни тўйғазолмадик”, демади. Ортимиздан: “дангасалар”, “хоинлар”, “ватангадолар” деб сўкиб қолди.

Биз соддалар билмадикки, “омбор”имизга “каламушлар” танда қўйишган экан! Буёғи Лос-А́нджелесу, буёғи Швейца́рияда миллион-миллон долларлик саройлар қурибмиз, виллалар сотиб олибмиз, шахсий самолётларимиз бор экан, Острогорский деган опанинг болаларини энг зўр университетларда ўқитибмиз… Лекин биз билмабмиз, билолмасдик ҳам-да! Чунки “кўзгу” синган эди, синдиришган эди.

Энди нима бўлади? “Кўзгу”ни бутлай оламизми?

Йўқ, чунки “кўзгу” синган куни ўқувчининг ишончи ҳам қўшилиб синган.

Яқинда бир “отахон” газета таълим тизимининг 10 йилликка қайтиши келажак учун муҳим қадам бўлганини ёзиб, исботлаб берди. 3-4 йил илгари “Коллежлар бизнинг келажагимиз” деб ёзиб, уни ҳам исботлаб берганди. Халқ бу гапнинг қайси бирига ишонсин?

Телевидениеда кўрганмисиз, ёши саксондан ошган бир онахонни залнинг ўртасига тўрғазиб қўйиб, туман прокурори бошчилигида бир зал одам “талаяпти”:

– Хоиннинг онаси!

– Шунақа бола тарбиялайсанми?!

– Юртнинг юзини ерга қаратди!

– Туманимизга иснод келтирди!

Ҳақоратнинг чек-чегараси йўқ. Бу ҳақоратларга онадан бошқа ҳеч ким чидай олмайди! Она боласи учун чидайди-да! “Бу шўрлик нима қипти?” денг, ўғли Россияга ишлашга кетиб, ўша юртлардан Туркияга ўтиб кетибди. Муаммо шу, шунга она айбдор! 20 йил олдин уни Туркияга ўтиб кетмайдиган қилиб туғиши керак эди.

Энди пластинкани алмаштирдик. “Туман ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳалла фаоллари билиб-билмай хато йўлга кириб қолган ёшларимизни соғлом ҳаётга қайтариш учун уйларига бориб суҳбатлар ўтказишяпти. Натижада, одамларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи тикланяпти”.

Айтинг-чи, залда қон ютиб турган 80 ёшли ўша онахон бу гапларни эшитиб нималарни ўйлаётган экан? Телевидениенинг қайси гапига ишонсин? Эртага яна бошқачароқ гап ўртага чиқиб қолса-чи!

Демак, матбуот кўрсатма асосида ишлашни бас қилиши лозим. Матбуот ҳукуматнинг оғзига қарамасин, тишлаб ўтирган мумини туфлаб ташлаб, ўзининг оғзини ҳам ишлатсин! Бугунгача келаётган йўлини ўзгартирсин, ўқувчининг ишончини қозонадиган йўлга ўтсин. Бу йўл – мустақил фикрлаш, ўз СЎЗИ ва ўз ФИКРИни айта олиш йўли бўлсин. Шунда бизнинг жамиятимизда ҳам ШАХСлар пайдо бўлади. Шахслар – миллат локомотивлари! Бутун бошли миллат китобхон, зиёли, буюк бўлиб кетиши мумкин эмас. Миллатнинг буюклигини ана шу “локомотивлар” кўрсатади.

Биз шахсларга йўл бермадик. Болаларимизни шахс қилиб тарбиялашга интилмадик. Ёшларимиздан бири ҳукуматимиздан “фахрий ёрлиқ” олган экан, қувончдан: “энди қандай яшайман” деб изиллайди. Ҳой, сенинг истеъдодингнинг нархи битта “фахрий ёрлиқ”миди ҳали?! Биттаси чиқиб, “мамлакатмизда ёшларга берилаётган эътибор дунёнинг ҳеч бир давлатида йўқ”, дейди. Чиноздан нарига ўтмаган қизалоқнинг гапини қаранг! Чунки у нима қилсин, ўзининг гапи йўқ, бу гапни қаердандир эшитиб олган. Аниқ билади, зарарсиз гап!

Хуллас, умумий гаплардан, шаблон гаплардан, энг муҳими, ёлғон гаплардан воз кечиб, реал ҳаётга қайтиш вақти аллақачон келди.

Алишер Назар

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort