Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўз касбига доғ тушираётган МХХ ходими ҳақда

Ўз касбига доғ тушираётган МХХ ходими ҳақда
11 Şubat 2018 - 19:57 'да юкланди ва 1937 марта ўқилди.

(“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушевга мактуб)

“Дунё ўзбеклари”дан:

Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати раҳбари алмашиб, бу идора олдига Президент томонидан янги ва улуғвор вазифалар қўйилган экан, буни амалга ошириш МХХ янги раҳбарияти билан бирга, биз – журналистларнинг ҳам муқаддас вазифамиздир.

Яшириб нима қилдик:  Соҳада тартиб ўрнатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган  МХХнинг янги раисига ва унинг фаолиятига қарши бўлган эски ҳодимлар бу идорада ҳали жуда кўп. Уларни бирма бир қулоғидан ушлаб, жамоатчиликка кўрсатишимиз ва асл башарасини очишимиз керак.

“Дунё ўзбеклари” ўз даврида МХХ Сурхондарё вилоят Бошқармасининг ҳаддидан ошган эркатой мулозими Нодир Тўрақулов (Нодиршоҳ) ҳақида туркум мақолалар эълон қилган эди. Кейинчалик унинг МХХ Марказий Аппарати Тергов Бошқармаси мулозими бўлиб кўтарилиб кетганини эшитдик. Яқинда унинг жиноий ҳатти ҳаракати ҳақида қўлимизда тўпланиб қолган барча ҳужжатларни алоқадор идораларга тақдим этдик.

Натижасини кутяпмиз. Лекин бу кураш осонлик билан бўлаётгани йўқ.

Бизга МХХнинг ўз касбига доғ тушираётган бошқа бир ходими ҳақида материал юборган ўқувчимиздан келган жумлаларга эътибор қаратинг:

“Aka mxx va agentlik haqida hozir bermang iltimos. Manga tel bulyapti aniqlanmagan nomerladan. Mxx haqida qanqa material bergansan dib…”

Президент бу идора ва уларнинг жиноий ишлари ҳақида такрор ва такрор гапириб турган бир пайтда улар ҳануз ўз айбини яшириш, журналистлар оғзини ёпиш ва уларни шантаж қилиш билан банд.

Худди шундай ҳол яқинда МХХ Бухоро вилоят Бошқармасида матбуот ва маданиятни назорат қилувчи Ҳайдарали исмли ёшгина чекист томонидан ҳам содир этилган эди.

Агар ёдингизда бўлса, биз Узоқ йиллар “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” вилоят газеталари бош муҳаррири бўлиб ишлаб келган таниқли ёзувчи Жаҳонгир Исмоиловнинг Миллий Хавфсизлик Хизмати Бухоро вилоят Бошқармасида оммавий ахборот воситаларини назорат қилувчи МХХ мулозими Ҳожиакбар Юнусбаев ҳақидаги танқидий мақоласини эълон қилган эдик. Бугун энди Ҳожиакбар дўстимиз Хоразмга бадарға этилиб, ўрнига Ҳайдарали исмли паркентлик ёшгина йигитча келибди.

У Бухородаги ўз фаолиятини биз билан ижодий ҳамкорлик қилаётган, ҳикоя ва шеърларини Канадага йўллаб турган бухоролик ёзувчи синглимизни суҳбатга тортиб, “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинаётган материалларни Бухородан ким бизга юбораётгани билан билан қизиққан. Ўзбекистондаги махсус мухбиримиз Шокир Саъуддуллаевни сўраб суриштирган. Бизда эълон қилинаётган танқидий мақолалар ҳақида саволлар берган.

Демак, Президент астойдил жон куйдириб, бу идорани адолат ва диёнат томон юз бурдирай дейди. Улар эса ҳануз эскича ишлаш ва ўз айбини хаспўшлаш билан банд.

Биз бугун “Дунё ўзбеклари” билан астойдил қизиқаётган ўзбекистондаги чекист дўстларимизга шуни айтмоқчимиз: Сизларнинг “Ўтда ёнмас, сувда чўкмас” собиқ раисларингиз тўғрисида, унинг жиноий ҳатти ҳаракати ҳақида уч-тўрт йилдан бўён танқидий мақолалар ёзиб келаётган “Дунё ўзбеклари” ва унинг Бош муҳарририга нима саволларингиз бўлса, тўғридан тўғри ўзимизга мурожаат қилинг.  Ўзбекистондаги ижодий ҳамкорларимизни тинч қўйинг. Акс ҳолда ўзингизга ёмон бўлади.

Шу ўринда Ўзбекистондаги ўқувчиларимизга мурожаат қилмоқчимиз: Ўз касбига доғ тушириб, инсоф диёнатни йўқотган МХХ ходимлари ҳақида арзу додингиз бўлса, ҳеч нарсадан қўрқмасдан бизга мурожаат қилишингиз мумкин.

Чекистлар ўз вазифаси бир четда қолиб, ҳалол ва пок инсонлар тақдири билан ўйнашадиган, улар устидан экспериментлар ўтказадиган даврлар ўтиб кетди.

Адолатли ва жасоратли Ўзбекистон Президенти бор экан, у қора кунлар энди ҳеч қачон қайтиб келмайди!

Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 7 февраль, 2018 йил…


“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушевга ўз касбига доғ тушираётган МХХ мулозими ҳақида танқидий мақолага асос бўладиган АХБОРОТ ва МАЪЛУМОТЛАР

Маматов Хуршид Сафаралиевич Миллий Хавфсизлик Хизматининг Жамоатчилик билан ишлаш бошқармасининг (управления “МС”) ҳаракатдаги зобити ҳисобланиш билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази директори ҳамдир.

Хуршид Маматов марказдаги вакант лавозимларга смета бўйича ажратилган маблағларни бюджетга қайтариш ўрнига, уларни мукофот пули сифатида ўзига яқин ходимларни мукофотлаш учун ишлатиб келмоқда.

Ўзининг шу каби молиявий кирдикорларини беркитиш учун Марказ бош бухгалтери Б. Усмановнинг ойлик тариф сеткасини марказ бошлиғи ўринбосарлари билан бир хил разряд қилиб белгилаб берган ва унга алоҳида машина ажратиб берган.

Бухгалтер ҳам ўзининг ҳамтовоғи бўлганидан сўнг у Марказ пулларини ўзининг ҳордиқ чиқаришига, кўнгилчоғлик қилишига ишлатиб Марказ пулларини талон-тарож қилиб келмоқда.

Мисол учун 2018 йил Янги йил байрамини пойтахтнинг энг муҳташам тўйхоналаридан бири “Чароғон” тўйхонасида ўтказди. Бу тадбирларга бошлиқ Марказнинг барча ходимларини эмас балки ўзига яқин бўлган ходимларни ва МХХ хизматидаги хизматдошларини чақириб байрамни нишонлашди.

Айниқса вилоят бўлимларидаги ходимлар бунақа тадбирларга умуман таклиф этилишмайди. Яна бир қизиқ ҳолат шуки ҳар бир идорада ходимлар касаба уюшмаси розилиги билан ишдан бўшатилса бу идорада ундай эмас. Хуршид Маматов МХХдаги аллакимларнинг номини айтиб қўрқитган ҳолда ходимларни уларнинг “розилиги”сиз ишдан бўшатади.

Марказ бошлиғи Хуршид Маматов Марказ мулкидан худдики ўзининг шахсий мулки каби фойдаланиб келади. Масалан, Марказнинг хизмат автомобиллари ва ҳайдовчилари Маматовнинг фарзандларини ҳар куни пойтахтдаги энг нуфузли мактаблардан бири бўлган 110-сонли мактабга олиб бориб олиб келиш, уйдаги юмушларни бажариш каби ишларни бажаришда ишлатилади.

У ўзининг шахсий автомашинасига керакли бўлган эҳтиёт қисмларни ҳам Марказ омборидаги марказ автомашиналари учун мўлжалланган эҳтиёж қисмлардан олиб фойдаланади ва ўз шахсий автомашинасини марказ шофёрларига деярли ҳар куни ювдириб туради. Ҳайдовчилар ҳам бу ҳолатга ҳеч нарса дейишмайди чунки уларга бунинг учун мукофот пуллари ажратилиб берилади.

Ходимларни ишга қабул қилишни эса умуман гапирмаса ҳам бўлади. У МХХнинг ҳаракатдаги зобити бўлганлиги сабабли Марказга МХХ ходимларининг қариндошларини ишга олиб келмоқда.

Масалан, Кадрлар бўлимидаги Ф. Эргашева, Техника бўлимидаги В. Бойко, Умумий бўлимдаги Р. Хаджаева, М. Сайдихаджаева, М. Джураева ва Интернет бўлимидаги М. Юсуповлар қайсидир бир МХХ ходимларининг қариндошларидир. Марказга ишга қабул қилинадиган ходимлар махсус комиссия томонидан қабул қилинади.

Лекин айрим ходимлар комиссиянинг кўзини шамғалат қилинган ҳолда ҳам ишга қабул қилинади. Мисол учун Интернет бўлимидаги Ф. Тошмухамедова Хуршид Маматовнинг яқин ўртоғининг хотинидир. Ишхонада Маматов ходимларни тошкентлик ва вилоятликларга ажратган ҳолда фаолият юритади. Бу ҳолатни кўпроқ ходимларни  мукофотлашда кўриш мумкин.

Юқорида айтганимдек Маматов ўзига хайрихоҳ бўлган одамларни ишга қабул қилади ва уларга мукофот пулларини кўп миқдорда тўлайди. Мисол учун Марказнинг Тошкент вилояти бўлими бошлиғи Д. Нарзуллаевни марказ ходимлари Самарқандга борганида яхши кутиб уларни меҳмон қилгани учун лавозимга тайинлаган.

Ходимларни шарманда қилиш шу даражага бориб етганки байрам тадбирларида Маматов ўзига ёқмаган ходимларни саҳна кўринишлари орқали очиқдан очиқ масхаралаб келади.

Марказнинг фойдаланишга топширилган биноси ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтсак фойдадан холи бўлмайди. МХХ қаерда текшириш ўтказса ўша ерда қурилишларни текшириб камчилик топадиган бу идора вакиллари негадир ўзларига қуриб топширилган янги бинонинг сифатга жавоб бермаслигини кўриб кўрмаганлоикка олишди.

Бино фойдаланишга топширилганига унча бўлмаганига қарамасдан бинонинг ертўла қисмида юқори намлик сабабли Марказнинг архиви,  спорт зали ва бошқа хизмат хоналари умуман фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Шу гапларни ёзар эканман менда бир савол пайдо бўлди. Шу марказ ўзи керакми аслида. Зора бу мақолани Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг мансабдор шахслари ўқиб шу саволни ўзларига беришса бўларди.

Марказ аслида МХХнинг буйруқларини бажариб МХХга ёқмаган ОАВ ва нашриёт ва матбаа корхоналари томонидан чиқарилган китоб, газета, журнал ва ҳоказолардан хато излаб ушбу ОАВ ёки нашриётга чора кўриш учун Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига қонуний чора кўриш учун тақдимнома жўнатади.

Агентликнинг мутахассислари ҳам бў тақдимномадаги важлар асосли ёки асосли эмаслигин ўрганмасдан (ўрганиб бўладими, бу тақдимномани ахир МХХ ҳаракатдаги зобити Хуршид Маматов томонидан имзоланганку) тақдимномада келтирилган ОАВ ёки нашриётга тақдимнома жўнатади ва ёпиш керак деган кўрсатма келган бўлса бу ОАВ ёки нашриётни лицензиясидан мосуво қилиш учун судга мурожаат қилади.

Битта вазифани ҳам Марказ ҳам Агентлик бажариб келиши ва битта иш учун иккита ташкилот бюджетдан маблағ олиши бу очиқчасига давлат бюджетини талон-тарож қилиш эмасми.

Яна бир қизиқ ҳолат барча ОАВ ва нашриёт ёки матбаа корхоналарига лицензияларни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги берсаю, марказ негадир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги таркибига киритилганлиги ҳам кишини ўйлантиради.

Шунда ҳам марказ ходимлари шунчалик саводлики уларнинг тақдимномалари асосан мана бу саҳифадаги палон сўзда “х” ҳарфининг ўрнига “ҳ” ҳарфи бўлиши керак эди ёки Палончи Писмадончаев “1902 йил 23 мартда” эмас балки “1902 йил 22 март соат 23:59да” туғилган деган хатоларни бўрттириб тақдимнома юборишадиган ҳолат жуда кўп.

Аслида эса шундай сайтлар борки уларга кирсанг у ердаги ёзувларни ўқишга ва расмларни томоша қилишга уяласан киши. Мисол учун www.bestmusiс.uz ёки www.uzbekona.uz (бу сайтларга кириб бош саҳифани “F5” тугмаси орқали янгиласангиз кифоя) лар шулар жумласидандир.

Бу ердаги уят сўзлар ва расмлар наҳотки марказнинг назарига тушмаётган бўлса ёки имло хатолари бор ОАВлар давлат сиёсатига қарши ҳаракат қилишган бўлармикин. Лекин улар Марказ раҳбари Хуршид Маматов ва ходимлари учун керак эмас. Марказ фақат буюртма асосида кимнидир лицензиясини олиш керак бўлса ўшани хато ва камчилигини қидириш учун ишлайди.

Орфографик хатоларни қидириш учун бутун бир жамоани ишлатиб уларга давлатнинг йириқ миқдордаги маблағларини ажратиш шарт эмасдир.

Мақолада келтирилган ҳолатларни албатта Хуршид Маматов раҳбарлигидаги Марказнинг фаолиятини ўрганиш орқали аниқласа бўлади ва МХХнинг янги раҳбари бу ишни қойилмақом қилиб бажарадилар деб ўйлаймиз.

(Муаллифнинг исми шарифи бизга маълум)

Манба: dunyouzbeklari.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort