Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Юрак тугул, эриди тошлар

Юрак тугул, эриди тошлар
12 Şubat 2018 - 7:00 'да юкланди ва 676 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(13-қисм)

Мерган яна айланиб ўтиб,
Кутиб турди пистирмада зим.
Қорабайир шамолдай елиб,
Топмас эди бир нафас тўзим.

Қорабайир қуйруқ кучидан
терисига сиғмасди бир дам.
Ғайрат тошиб келар ичидан,
Йўлларида Кўктарлон ҳамдам.

Мерган англаб алплар режасин,
Бор ҳунарин жамлади шу он.
Бир ҳамлада қолган барчасин
этмоқ учун ер билан яксон.

То бирлашмай туриб йигитлар,
Қилмоқ бўлди вақтида гумдон.
Бало олди олинмаса гар,
Оқибати бўлади ёмон.

Тун ярмидан оғганда алплар
ўта бошладилар орадан.
Мерган дўнглик ортида ётар,
Қуртдай боқиб тор пистирмадан.

Бир қарорга келганди бу чоқ,
Ботирларнинг ўйлови тайин.
Бормоқдалар улар кечув ёқ,
Яқинлашиб йўл босган сайин.

Демак, етти ботир ва қизлар
учрашади кечувда ҳукман.
То унгача олиниб бошлар,
Таскин топмоқ истарди мерган.

Кутмаганда мерган очди ўт,
Чинор каби йиқилди бир алп.
Таёқ солиб қоқгандайин тут,
Мерган бўлди уларни талаб.

Кўкдан юлдуз тўкилган каби,
Қора ерга беланди бошлар.
Ёнмай туриб ўчди-ку шами,
Юрак тугул, эриди тошлар.

Мерган ердан олмадай териб,
Ҳаммасини йиғдию шу чоқ.
Гул юзларни қонига қориб,
Сўнг устидан ташлади тупроқ.

Нафратланиб қилган ишидан,
Ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади илк бор.
Кўп иш қилди кичик ёшидан,
Қиёсласа – барчаси бекор.

Қорабайир мерганга монанд,
Давом этди йўлида сустроқ.
Мерган ўзин тутиб, қилди жаҳд,
Етмоқ керак манзилга тезроқ.

Унинг бундан бошқа йўли йўқ,
Ё ўлади, ёки ғалаба.
Ўз ишидан анча кўнгли тўқ,
Нуқта қўяр бу маротаба.

Қамчи урди отига аччиқ,
От тезлашди қоядай кўчиб.
Ёғдули тун сутдайин тиниқ,
Ой чиққанди булутлар қочиб.

Борлиқ узра отнинг дупури,
Қора туннинг дами ичида.
Яна қўзиб мерганнинг ори,
Йўлга тушди ёвнинг ўчида.

***

Зуҳро юлдуз кўрсатмасдан юз,
Авазниёз етди кечувга.
Чангалзордан оралади тез,
Ёқмоқ учун отини сувга.

Орқасидан Кўктарлон ирлаб,
Кириб кетди оёқ изидан.
Хас-хашаклар туёқни белаб,
Ёпишарди отнинг тизидан.

Юмронқозиқ кечгандай ўра,
Қорабайир интиларди олд.
У сўқмоққа сиғарди зўрға,
Сувга қараб талпинарди от.

Қорабайир йўлкадан неча
бора ўтган, танийди йўлни.
Дарёдан ҳам уриб кечганча,
Кесган эди ўнгдан то сўлни.

Авазниёз эгиб бўйнини,
Ўтирарди эгарда маҳкам.
Кўктарлон ҳам қисиб думини,
Орқасидан қолмас бир қадам.

Қорабайир тўқай домидан,
Қирғоғига чиқди дарёнинг.
Дарё сунар эди комидан,
Ўзи эди у аждарҳонинг.

Мерган нафас ростлаб қирғоқда,
Деди Қорабайирга: – Тўхта!
От қотганди у айтган чоқда,
От бошидан айирди нўхта.

Куймасин деб, сув ичиб отни,
Яна унга шимдирди қуйруқ.
От авайлаб босиб қирғоқни,
Урди сувга интизор тумшуқ.

Отдан қолган қуйруқни мерган
Кўктарлонга отди: – Ма, е! – деб.
Кўктарлон ҳам сапчиди қоплон,
Бир ҳамлада ямлади илиб.

Авазниёз мешига сувни –
Тўлғизгунча кутди Кўктарлон.
Тарк этганда мерган қирғоқни,
Ит дарёга отилди чаққон.

Мерган нари қирғоққа боқиб,
Гулханларга солди бир зум син.
Лашкар ерни юлдуздай ёқиб,
Давра қуриб олар эди тин.

Жунаидхон тикиб қароргоҳ,
Икки кўзи қизларга маҳтал.
Сергак эди қушдай лашкаргоҳ,
Тонг отмаган эди бу маҳал.

Кўзга ташланмоқликдан чўчиб,
Четга олди ўзини мерган.
Отга қайта сувлиқни солиб,
Бир пастқамга тортди дафъатан.

Гулханлар нур сочар қирғоқда,
Шу сабабдан қароргоҳ ойдин.
Кеча эди ҳали бу ёқда,
Ҳоким эди борлиқ узра тун.

Ҳар фурсатдан фойдаланиб тез,
Мерган қилди ишни жо-бажо.
Амр этиб от, итига боз,
Бир чеккага айлади у жо.

Ўзи қайтди ортига яна,
Борлаб юриб ўша йўлакдан.
Сафар тугар шу ерда, мана –
Бешотарни қўймас билакдан.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort