Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қирқ ботирдан йўқ энди дарак

Қирқ ботирдан йўқ энди дарак
13 Şubat 2018 - 7:00 'да юкланди ва 414 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(14-қисм)

Чиқишга юз қадам етмасдан,
бир томонга олиб ўзини,
бута остин жой тутди мерган –
айтмоқ учун сўнгги сўзини.

Тонгдан дарак берарди Зуҳро,
Само узра бир тилла нишон.
Тўқай билан осмонлар аро –
туташмоқда эди нурафшон.

Қуёш тикка келган маҳал ҳам
ёришмасди чангалзор ичи.
у ерлардан қараганда кам
кўринарди қуёшнинг тожи.

Бўриларга кон эди бу жой,
Қурт-қумурсқа, қушлар ҳам сероб.
Ўзинг эплай олмасанг ҳол вой,
Азиз жонинг бўлади хароб.

Бу тўқайзор – бўрилар кони,
Шоқолларга йўқ бунда ором.
Кимга азиз кўринса жони,
Бу ерларда тополмайди ком.

Авазниёз шуларни ўйлаб,
То тушгача кутди ўлжани.
Қуёш қиёмига етиб тоб,
Яна таҳлил этди режани.

Хато қилдим дея у хуноб,
Боши қотди унинг бир муддат.
Шубҳасига топмади жавоб,
Ўз-ўзига солди маслаҳат:

“Нари қирғоқда Жунаидхон
нима қилиб турибди? ‒ деди. ‒
Қизлар келса, у аллақачон
қушдай учиб кетган бўларди!

Қурвон Сардор шу ерда, демак,
матлабига бўлади имкон.
Тўғри мудом топади кўмак”.
Фикридан тин олди мард мерган.

Аммо қуёш оғган маҳал ҳам,
Отлиқлардан бўлмади дарак.
Шуурини бир нуқтага жам
этиб мерган бош қилди сарак.

Ерни очиб, хаслар остидан
чўл бағрига босди у қулоқ.
Хабар топмай туёқ сасидан,
Ўз-ўзига деди: – Иш чатоқ!

Қуёш дарё устидан оғиб –
ғарбга ёнбош бўлган маҳалда,
гоҳ осмонга, гоҳ ерга боқиб,
чўтлар эди вақтни хаёлда.

От билан ит нима бўлди, деб
Ён-верига боқар ҳар замон.
Тинмай ўйлар ич-этини еб,
Алдандим, деб, қийналиб ёмон.

Қайта-қайта ернинг қаърига
қулоқ босмоқликдан эринмас.
Ер акс бермас эди зорига,
Эшитилар кераксиз минг сас.

Кутавериб бўлгандан безор,
Мерган охир кетмоқ истади.
Қўзиб ичидаги номус, ор,
Адашдинг, деб ўзин қистади.

Тўқай ичи қора зимистон,
Кун ботишга қолди бир баҳя.
Пусиб ётмоқ эмасди осон,
Кўтармасди бу юкни туя.

У қўрқарди алданишдан, бас,
Хато бўлса наҳотки чўти.
Шунда келди узоқлардан сас,
Ёнди мерган кўзининг ўти.

Қулоғини босиб ерга боз,
Гупурлардан топди у таскин.
Ҳужум учун шайланиб у тез,
Ростланди-да, сапчиди кескин.

Бироқ саноғидан норизо,
Тахмин қилди яна қайтадан.
Ошган эди ҳисоби тоза,
Отлар сони кўп йигирмадан.

Нима бўлса бўлди энди, деб
Турди барисига қўл силтаб.
Турна қатор бир-бир узаниб,
Отлар келди туёғи чақнаб.

Етти отлиқ орқасидан ҳам
Келар эди ўн уч от яйдоқ.
Одам каби отлар боши хам,
Эгаси йўқ устида бироқ.

Ҳаялламай мерган милтиқдан
бир деганча узди бешта ўқ.
Киприк қоқмай ёруғ дунёдан
бешта ботир барҳам еди, йўқ!

Қолган икки марднинг ҳам мерган
туйнук очди пешонасидан.
Демак, етти паймона тўлган,
Ўчди умр кошонасидан.

Шерни кўрган ғизоллардай тоб,
Қотган эди отларнинг қони.
Мерган тезда кўргузиб шитоб,
Айирди шарт тар етти жонни.

Отларга сўнг қилиб пўписа,
Қисталади дарёга томон.
Йигирма от қўрқувдан пуса,
Йўрғалади титраб безабон.

Кутмаганда, қулоққа яна
турли товуш келди дупуриб.
Йигирма от ғамдан мастона,
Келар эди тошиб, гупуриб.

Қирқта бўлди отларнинг сони,
Қирқ ботирдан йўқ энди дарак.
Етти қизнинг ачишиб жони,
Боқардилар мерганга ҳуркак.

Мерган сўзсиз қизларни бошлаб,
Одимлади қирқ от изидан.
Қизлар қўрқиб, қўлини тишлаб,
Мадор қочган эди тизидан.

Авазниёз Қорабайирнинг
етиб келганида ёнига –
қирқта отнинг қулоқлари динг,
йиғилганди гир атрофига.

Қорабайир, Гўрўғли янглиғ,
Жамлаганди отлардан даста.
Қирқта отни яралаган тиғ
қизларни ҳам қилганди хаста.

Мерган ўзин оларди ҳотам –
тоғни талқон қилгандай сипо.
Қизлар мизлаб, тутарлар мотам,
Юракларин кемириб жафо.

Мерган орқасига қизларни
қайтармоқни истамади, йўқ.
Ўзгартирган эди режани,
Яралаган уни қандай ўқ?!

Ўзидан ҳам сир тутар маккор,
Нима у сир? Оллоҳга аён!
Сўнгра қандай кечди бу шикор,
Куч етганча этамиз баён.

Тарлон ғолиб аскардай, масрур,
Елкасида сих-сихдир ёли.
У отларни ўралайди гир,
Гўё Қизилқумнинг шамоли.

Мерган етти отни ажратиб,
Айилини тортди мустаҳкам.
Ҳар бир қизни бирига ортиб,
Ўрнаштирди эгарга маҳкам.

Ўзи минди Қорабайирга,
Бир хезланиб турган жойидан.
От бошини бурди дарёга,
Сув бўйлади отни қорнидан.

Мерган тайинлади сўнг бир-бир:
– Юринг, ‒ дея, ‒ ортимдан, қизлар.
Дарё эмас, тубида қабр,
қўрқмасангиз, йўл топасизлар!

Мерган айтганидай ҳар бир қиз
орқасидан бўлдилар қатор.
Амударё чайқаларди муз,
Қирғоқлари хитойи девор.

Мерганнинг ҳам қизи бор эди,
Етти қизнинг ичинда – малак.
Энди ўн еттига етганди,
Юзи анор, сочи жамалак.

Ҳамма қизлар қатори ота
беэътибор эди қизига.
Ота бўлиб ақал бир марта
қарамади қизин юзига.

Мерган ҳозир эмасди падар,
Ўғлон эди элига туғли.
Эли учун жоиз бўлса гар
кечар эди бўлса минг ўғли.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар