Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Амударё оқар тўлғониб…

Амударё оқар тўлғониб…
14 Şubat 2018 - 7:00 'да юкланди ва 265 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(15-қисм)

Амударё оқар тўлғониб,
Яраланган аждарҳодай, маст.
От қорнидан ўпади суниб,
Оқизмоққа қилгандайин қасд.

Авазниёз орқасидан тик
барча қизлар эргашадилар.
Бир-бирига тилаб омонлик,
Кўзлари-ла тергашадилар.

Улар билмас, бу йўлдан мерган
кечган неча, йўқдир саноғи.
Уч-тўрт марта сузиб ҳам ўтган –
кучга тўлган йигитлик чоғи.

Орқасидан эргашган ҳар жон
борлаб босса, топмайди завол.
Хато қадам босса ногаҳон,
Бир хас каби бўлади увол.

Қолган отлар карвон ортидан
Ҳуркиб-ҳуркиб бўлди равона.
Тулпорларни қистаб Кўктарлон,
Сувдан кечиб борар ён-ёна.

Нариги қирғоқдан кузатиб,
Қурвон Сардор тушунмай ҳайрон.
Кун ётоққа бўлганди ётиб,
Аскарларга тўлганди майдон.

Дарё қирғоғини гулханлар
босган эди юлдузлардай ғуж.
Ҳар қадамни кеча оралар,
Туширганди тун карвони кўч.

Авазниёз кузатиб барин,
Бошлаб борар эди карвонни.
Дарёдан ҳам асов шуурин,
Тиёлмасдан қақшарди жони.

“Нега келяпман, ‒ дер эди у, ‒
Аждарҳонинг комига эмин.
Жунаидхон қиш, қаҳратон-ку,
Музлатмасдан кечирармикин?

Битта сочи тушса туркманнинг,
Осмонларга уради қилич.
Авазниёз, қирқтами жонинг,
Қайрилиб кет қирғоғингга тинч!

Қирқта тоғни ағдариб, яна –
Келмоқдасан ғолиблардай, маст.
Бу ишингдан у қилса таъна,
Аҳмоқ бошинг кетади-ку даст!

Йўқ-йўқ дерди у яна ўзи,
Ташлаб қочмоқ номарднинг иши.
Битта бўлар эрларнинг сўзи,
Бир келади ўнги ва туши!

Ўлдирса ўлдирар, бошда дор,
Тикилган у туғилганимда.
Битта бошда битта ўлим бор,
Қочмоқ йўқдир ўғуз элида!

Босқинчилик – элчилик эмас,
Менинг зарра айбим йўқ ишон.
Агар мени ўлдирса у, бас,
Адолатдан қолмабди нишон!”

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар