Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тарих ҳали кўп нарсани сўзлайди

Тарих ҳали кўп нарсани сўзлайди
14 Şubat 2018 - 8:00 'да юкланди ва 649 марта ўқилди.

ТАРИХ ҲАЛИ КЎП НАРСАНИ СЎЗЛАЙДИ

Озодликка янги чиққанимда иккита айб билан назорат(надзор)га қўйилдим.

Биттаси-кечаси соат иккида магнитофонни баланд қилиб музика қўйибман, қўшниларни безор қилиб ухлатмай тўполон қилибман.

Иккинчиси-маст бўлиб кўчада одамларни қувлабман. Бир кулгим ҳам қистайди, бир кўзини “лўк” қилиб қараб, юзидан бир туки қимирламай айблай олганига “тасаннолар” дейман.

Айбнома ўқилди, мен “айбимни” тан олдим. Ҳар ой тилхат ёзиб қўл қўйишга “ҳукм қилиндим”…

Ўша кунлар эсимдан чиқмайди, ҳар ойнинг ўттизинчи куни уйдан хайрлашиб чиққанман. Ўн уч йил шу таҳлит давом этди. Ҳар ойнинг ўттизинчисида бир карра қамалганман. Чунки, ҳеч нарсага кафолат йўқ эди. Рози эмасман асло!

Бир кишидан “қачонгача энди шу аҳвол?” деб сўрагандим, юқоридаги расмни кўрсатиб “ё у, ё сиз” деб юзига кафтлари билан фотиҳа тортди ва “унгача вперёд” деб қўлини олдинга силтади. Яна, “агар ўлиб кетсангиз ҳам ҳужжатларингиз саксон йил архивда сақланади” деб қўшиб қўйди…

У кунлар ўтди, кетди, эсдан чиқмайди аммо, боболаримиз очарчилик йилларини айтиб беришганда ўша пайтдаги қамчилик раислар одамларни урганини, қон қақшатганини эшитиб, дилларим зирқираб эшитардим, кўрмаган бўлсам ҳам ёмон кўрардим.

Гитлер деган одамхўрни, Сталин деган қонхўрни лаънатлардим, нафратланардим. Мен оч қолмадим, урушга бормадим, лекин давримга яраша синовдан ўтдим, заҳримни ичимга ютдим. Менга ҳам Аллоҳ набиралар берса, насиб қилса, замонам Сталинларини айтиб ўтаман. Ўтган бўлса ҳам, кетган бўлса ҳам, тарихда чандиқли из, қалбда қонли ҳанжарда тортилган чизиқ қолди. Рози эмасман асло!

Бу кунни, бу даврни кўрмайман деб ўйлардим, охири йўқдай туюларди, ҳаёлимда ўша одамнинг “вперёд”и муҳрланиб қолганди. Бу замонни кутиб-кутиб оламдан ўтиб кетган, ҳаётда ёнма-ён яшаб, орқама-орқа вафот этган, бир жуфт дўппайган қўшни қабр, падари бузрукворим ва волидаи муҳтарамамнинг зиёратларига чиққанимда йиғлардим, тезроқ олдиларига боришни истардим, фитна, ёлғон, туҳматлар билан “обод” бўлган дунëдан безиганимни айтардим, онамнинг бағрига қайтишни жуда-жуда истардим. Рози эмасман асло!

Бу рўшнолик кунларимни волидайнларим кўришмади, мамнун бўлишмади, дуолар қилишмади. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор…

Салим АЙЮБИЙ

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар