Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ўзбекистон Каримовдан сўнг очилмоқда”

“Ўзбекистон Каримовдан сўнг очилмоқда”
14 Şubat 2018 - 13:19 'да юкланди ва 1165 марта ўқилди.

«Каримов вафотидан 17 ой ўтиб, Freedom House узоқ йиллар давомида сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликлар даражаси бўйича Шимолий Корея билан бир қаторда баҳолаб келган Ўзбекистонда демократия учқунлари кўрина бошлади,» деб ёзади Неил Букли ўзининг Financial Times’да эълон қилинган мақоласида, деб хабар беради Би-Би-Си радиоси. 

Унга кўра, бир кун олдин 80 йиллик юбилейи шарофати билан Каримов ҳайкали пойига гулдасталар қўйган Мирзиёев эртаси куни Каримов режимининг асосий устунларидан бири бўлган Рустам Иноятовни ўз йўлидан олиб ташлади. Жаноб Букли Иноятовнинг ишдан олиниши мамлакатни очиш йўлида Мирзиёев қўл урган амалларнинг энг дадили, деган фикрда.

Шунингдек, Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг 18 та сиёсий маҳбуснинг озод қилиниши ва эҳтимолий экстремист сифатида қора рўйхатга туширилган 17,500 шахсдан 16,000 таси ушбу рўйхатдан чиқарилиши мақолада алоҳида таъкидланади.

«Агар Мирзиёев ислоҳотлари чуқурлаша борса, бу кекса раҳбарлар эгаллаб олган мазкур минтақада улар вафотидан сўнг сиёсий ўзгариш бўлиши мумкинлигини кўрсатади,» деб ёзади муаллиф.

Муаллифнинг фикрича, Мирзиёев қўл ураётган ўзгаришлар сиёсийдан кўра кўпроқ иқтисодий хусусиятга эга. Мирзиёев ҳокимиятга келгандан буён сиёсий мухолифатга йўл очилмади, сайловлар ҳануз эркин ва шаффоф эмас. Иноятов кетган бўлсада, репрессив давлат аппаратига мансуб амалдорларнинг аксарияти ҳануз ҳукуматда ўтирибди. Улар исталган пайтда Мирзиёев амалга ошираётган ислоҳотларга тўсқинлик қилиши мумкин.

Мирзиёев дафн маросимида
Мирзиёев дафн маросимида

Букли Совет Иттифоқи қулашидан сўнг мамлакатни сиёсий беқарорликлар домига тушишидан сақлаб қолгани даъво қилинадиган Каримов режими Андижон қатлиомидан сўнг золимлаша боргани ҳақида ёзади.

Мақолада ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсуповдан иқтибос келтирилишича, «собиқ президент йиллик иқтисодий ўсиш 8 фоиздан кам бўлмаслиги керак деб буйруқ бергани» сабабли 2004-2016-йиллар давомида мазкур кўрсаткич расмий қоғозларда 7-8 фоиздан кам кўрсатилмаган. Қадри сунъий равишда ошириб кўрсатилган эски расмий валюта айирбошлаш курсида ҳисобланган бу фоизларнинг эса ҳақиқий ҳаётга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган.

Муаллиф Каримов давридаги иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақиятсизликка учраши, репрессив сиёсат, турмуш шароитининг кескин пасайиши кўплаб ўзбекистонликларни меҳнат муҳожирларига айлантирди, деган фикрни илгари суради. Унга кўра, Каримов билан деярли бир вақтда ҳокимият тепасига келган Нурсултон Назарбоев чекланган қаттиққўл сиёсат ва эркинроқ бозор иқтисодиётини юритиш орқали 25 йил ичида 152 миллиард долларга тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилган пайтда, Ўзбекистонга атиги 9,6 миллиард долларлик инвестиция киритилди. Каримов вафотига келиб Ўзбекистондаги ялпи ички маҳсулотнинг харид қобилияти нуқтайи-назаридан аҳоли жон бошига тўғри келган миқдори 6,000 долларга тенг бўлган бўлса, бу рақам Қозоғистонда деярли 25,000 долларни ташкил қилар эди.

Муаллиф хорижий инвесторлар йиллар давомида ўзбек сўмида йиғилиб қолган маблағларини хорижий валютага конвертация қила олмаслик ҳолатига барҳам берилганини олқишлайди. Жаноб Букли импорт шартлари юмшатилгани, хорижий инвесторлар учун солиқ имтиёзлари берилган эркин иқтисодий зоналар яратилгани, Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига қўшилиши йўлида музокаралар қайта бошлангани, президент томонидан маҳаллий бизнесларни режасиз текширишга икки йиллик мораторий қўйилгани каби ҳолатларни «муҳим қадамлар» деб атайди.

Бироқ муаллиф Ўзбекистон ўзини арзон энергетика хомашёси билан таъминлаш ўрнига нефть ва газ каби табиий заҳираларни ҳануз четга сотишда давом этмоқда, деган фикрда.

Жаноб Буклининг ёзишича, бизнес муҳити гуллаб-яшнаши учун фақат иқтисодий ислоҳотларнинг ўзи етарли эмас. Бу учун бутун сиёсий ва маъмурий тизимни радикал тарзда қайта ташкиллаш талаб қилинади. Шунингдек, фуқаролар ва компанияларни ҳимоя қилиш йўлида қонунларни такомиллаштириш, суд тизмини эркинлаштириш ва кенг илдиз отган коррупсияга барҳам бериш зарур.

Мақолада амалдорларни халқ билан яқинлаштириш, ҳукуматнинг фуқаролар учун хизмат қилишини алоҳида эътироф этиш Мирзиёевнинг муҳим ютуқларидан бири сифатида қайд этилади.

Маҳаллий матбоутда нисбатан эркинлик пайдо бўлгани, қўрқув даражаси сезиларли пасайгани ҳам тилга олинади.

Бироқ Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов сўзларидан олинган иқтибосга кўра, ҳукумат «сўз эркинлиги ва фуқаролик жамиятини таъминлаш учун» аниқ қадамлар ташламоғи зарур. МХХнинг барча соҳалар узра кенг қулоч ёзган таъсири, бизнесларга аралашувини чеклаш лозим.

«Хорижий дипломатлар Мирзиёевнинг Ўзбекистонда ғарбона шаклдаги демократияни яратиши эҳтимоли кам бўлсада, у кўпроқ либерал иқтисодиёт устидан қатъий сиёсий назорат ўрнатишга асосланган Қозоқ моделига тақлид қилмоқда деган фикрда,» дейди муаллиф.

Кўп йиллар давомида демократик эркинликлардан узоқ режимда яшаб келган ўзбеклар учун Мирзиёев амалга ошираётган ҳар қандай кичик ўзгариш хуш қарши олиниши табиий ҳолат, деган фикрлар билан мақола якунланади.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort