Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари: Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан Бобомурод Абдуллаевнинг қийноққа солинишини ўрганиши лозим

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари: Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан Бобомурод Абдуллаевнинг қийноққа солинишини ўрганиши лозим
14 Şubat 2018 - 21:20 'да юкланди ва 483 марта ўқилди.

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Human Rights Watch ташкилотининг расмий вебсайтида эълон қилинган «Ўзбекистон: Журналистнинг қийноққа солиниши ўрганилиши лозим» номли мақолада 12 та инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўзбек ҳукуматини ҳибсда сақлаб турилган журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қўлланилган қийноқлар ва ноинсоний ҳатти-ҳаракатлар юзасидан «батафсил, холисона ва мустақил текширув ўтказиш»га чақиргани ҳақида ёзилади.

Мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев 2017-йилнинг сентябр ойида «конституцион тузумни ағдаришга уриниш» даъвоси билан МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди. Журналистнинг яқинлари жорий йилнинг 3-февралида инсон ҳуқуқлари гуруҳлари билан бўлган суҳбатда Абдуллаев ҳибсда сақланиб келинаётган вақт давомида кучишлатар тизимлар ходимлари томонидан бир неча бор қийноққа тутилганини маълум қилган. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Бобомурод Абдуллаев ва ўхшаш иддаолар билан ҳибсга олинган бошқа шахсларни зудлик билан озод қилишга чақирмоқда.

Мақолада Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловнинг «Ўзбек ҳукумати хавфсизлик хизматларини ислоҳ қилаётган пайтда бир журналистнинг қийноққа тутилаётгани ҳақида хабарларнинг юзага чиқиши зудлик билан мазкур масала бўйича текширув бошлашга сабаб бўлиши ва омма томонидан қораланиши лозим,» деган сўзлари келтирилади.

Мурожаатномага имзо чеккан 12 гуруҳ Amnesty International, Марказий Осиё Инсон Ҳуқуқлари Ассосиацияси (the Association for Human Rights in Central Asia), Фуқаровий Ҳуқуқлар Ҳимоячилари (Civil Rights Defenders), Журналистларни Ҳимоя қилиш Қўмитаси (the Committee to Protect Journalists), Freedom House, Human Rights Watch, Инсон Ҳуқуқлари Бўйича Халқаро Ҳамкорлик ташкилоти (Internation Partnership for Human Rights), Норвег Хелсинки Қўмитаси (the Norwegian Helsinki Committe), Чегарасиз Журналистлар (Reporters Without Borders), Freedom Now, Article 19 ва Инсон Ҳуқуқлари Бўйича Ўзбек-Немис Форуми (the Uzbek-German Forum for Human Rights)дан иборат.

Мақолада 8-февраль куни инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромовнинг Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қийноқларни амалга оширишда гумонланаётган икки нафар МХХ мулозими тергов жараёнидан четлатилгани ва текширув амалиёти бошланмагунча шаҳарни тарк этмаслик борасида огоҳлантирилгани ҳақида хабар бергани маълум қилинади.

Ҳуқуқ фаоллари, шунингдек, «экстремистик руҳдаги мақолалар ёзиш» ва «давлат тузумини ағдаришга даъват қилиш» айби билан ҳибсда сақланиб келинаётган таниқли иқтисодчи ва блоггер Ҳаёт Насриддинов ҳамда ёш олим Акром Маликни ҳам зудлик билан озод этилишини талаб қилмоқда.

Ҳибсга олингандан буён Бобомурод Абдуллаевнинг мустақил адвокат танлашига имкон берилмаётгани ва яқинлари унинг ёнига қўйилмаётгани ҳақида хабарлар бот-бот тарқалиб келмоқда.

Журналистнинг рафиқаси Каттақиз Балхибоева мазкур иш юзасидан на матбуот вакиллари на инсон ҳуқуқлари фаоллари билан сўзлашмаслиги лозимлиги ҳақида огоҳлантирилганини айтади.

Мақолада маълум қилинишича, жорий йилнинг январь ойида яқинлари билан учрашган Абдуллаев совуқ камерада кийимсиз ўтиришга мажбурлангани, бир неча кун давомида ҳеч қандай овқатсиз ва соатлар давомида ётоғига боғланган ҳолда сақлангани, МХХ ходимлари унинг оиласи ҳамда яқинларини йўқ қилиш билан таҳдид қилгани ҳақида айтган.

Журналистнинг онаси Гавҳаржон Мадаминова ўғлининг иши юзасидан турли давлат ташкилотларига кўп бора мурожаат қилган, ижтимоий тармоқлар орқали президентдан ёрдам сўраган, лекин ҳукумат бу сўровларга ҳеч қандай муносабат билдирмай келмоқда.

Шунингдек, Абдуллаев ўтган йилнинг декабрь ойида кучишлатар тизимлар босими остида адвокати Сергей Маёров хизматидан воз кечишга мажбур бўлгани ҳам маълум.

«Абдуллаевга нисбатан қўлланган қийноқлар юзасидан холисона ва мустақил текширув ўтказилиши ҳамда мазкур қийноқларга маъсул бўлган ҳар қандай шахс терговга тортилиши лозим,» дейди Инсон Ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-Немис Форумидан Умида Ниёзова.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Абдуллаев иши бўйича гумонланиб, ўтган йилнинг 20-октябрида қўлга олинган Ҳаёт Насриддиновнинг қийноқларга юз тутиши эҳтимоли юзасидан ҳам ўз хавотирларини билдирмоқдалар.

Мазкур иш бўйича Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида ёзган мақолалари ортидан 2016-йил июльида ҳибсга олиниб, ҳозирда олти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Акром Маликов ҳам сўроққа тутилмоқда.

«Ўзбекистонда вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун яхши имконият мавжуд, лекин биз журналистлар ва блоггерларнинг ҳибсга олиниб, қийноқларга юзланаётгани ҳақида ҳануз эшитмоқдамиз. Абдуллаев ишининг қандай якун топиши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳолати яхшиланадими ёки йўқми, деган саволга жавоб топишимиз учун синовдир,» дейди Инсон Ҳуқуқлари Бўйича Халқаро Ҳамкорлик ташкилоти директори Брижит Дуфоу.

Ўтган 15 йил давомида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қатор бўлимлари, АҚШ Давлат Департаменти ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа Суди Ўзбекистон қамоқхона ва вақтинчалик ҳибсхоналарида кенг авж олган қийноқлар юзасидан мунтазам бонг уриб келмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар