Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Сўз нури

Сўз нури
14 Şubat 2018 - 22:41 'да юкланди ва 432 марта ўқилди.

Ижодкор учун марказга интилиш нима?

Бу ҳодисанинг ўзига яраша сабаблари бор. Шоирнинг ижоди – унинг кўпчиликка мурожаат қилиш усули. Бу жиҳатдан олиб қараганда, аҳолиси кам, чекка жойларнинг бир хил, жўн, кўча, чойхона гаплари қорни, қовоқлари осилган турмушнинг шаллақи ташвишлари борлиқни англашга иштиёқи кучли бўлган ҳар қандай одамнинг туйғуларини сўндиради, ақлини чарчатади, кўнглини бездиради…

Марказда эса – бошқача. Чунки, бу ерда одам ва одамсинмонлар кўп. Сизнинг уларга ёхуд уларнинг сизга иши тушмаган тақдирда ҳам, кўз кўзга, назар назарга тушиши эҳтимоли йўқ эмас… Марказга интилишнинг сабабларидан яна бири – ҳар нечук ижодкорда шуҳрат қозониш истагининг мавжудлиги. Зеро, ижодкорнинг жамиятдан ёлғиз тилаги ҳам шу. Бу тилак, хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, ижодкорни марказга етаклайди.

Матназар Абдулҳаким шу икки арзон ҳиссиётдан ўз руҳини қутқара олган ноёб инсонлардан бири эди. Чунки, у ўз сўзининг қудратига ишонарди. Макон ва замон таъқибидан мосуво бўлган бундай инсонлар жўн сўзлар орасидан ҳам ўзининг жонбахш сўзини, кам сонли одамлар тўдасидан ҳам бутун бошли халқни, ўзига ўхшаган одамларни топа оларди. Зеро, Оллоҳнинг зулматпараст оламда ўз бандаларига раво кўрадиган энг буюк неъмати Нур бўлгани каби, шоир ҳам борлиққа тегишли бўлган барча сир-асрорларни сўз нури орқали кўради, яъни, Худонинг ўзи ҳам, фазли ҳам сўз билан англанади. Мана шу сўздан моҳирона фойдалана олган шахс шоир саналади.

Ҳақни теран англаш, унга восил бўлиш учун авлиёларнинг узлатни ихтиёр этиши ҳам – бежиз эмас. Узлатда ақл ва ҳис-туйғу мувозанатини сақлаш осон, дунёнинг ўткинчи жилолари уларни чалғитолмайди. Узлатнинг яна бир хосияти шундаки, у дунё кирдикорлари билан боғлиқ ҳодисалардан, дунёвийликнинг оҳанрабо “қудрат”идан, одамни чалғитиб, шайтоний васвасаларга дучор этгувчи ҳолатлардан тафаккурни омон сақлайди.

Матназар Абдулҳаким Ҳаққа интилган, ҳар икки сатрнинг бирида жарангдор, сершовқин, баланпарвоз, “хонашеру майдонғариб” сўз ва ибораларни тинимсиз қўлламай ҳам орифона ашъор ярата олган шоир ва шахс эди. Унинг таржимачилик соҳасидаги ҳалол ва машаққатли меҳнатларининг ўзи – ҳануз нафасимиз етмаган ва қадрига етилмаган ноёб ҳодиса.

Жисман пойгоҳда, руҳан юксакликда, ориф мақомида яшаб ўтган Матназар Абдулҳакимнинг умрини, ижодини, таъбир жоиз бўлса, – қанчалик олисда туриб гумбурламасин, садосини ҳамма баралла эшитадиган момоқалдироққа қиёслаш мумкин. Агар ижодкор сўзининг қудрати бўлмаса, у қулоғингиз тагида туриб бақирса ҳам – эшитмайсиз. Чунки, улар юқоридан туриб гумбурламайди.

Оллоҳ, ёруғ сўз нури билан дилларни нурафшон этган Матназар аканинг биз излаб топадиган қабрини пурнур, охиратини обод айлаган бўлсин.

Одил ИКРОМ

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар