Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Президент русча гапирса…

Президент русча гапирса…
14 Şubat 2018 - 22:54 'да юкланди ва 1519 марта ўқилди.

Кеча Сурхондарё вилоят телевидениесида Япония элчиси ва бир қанча японияликлар ҳақида репортаж берилди. Унда бир япон ўзбек тилида суҳбат берди. Бунинг акси ўлароқ, кунчиқар давлат элчиси рус тилида гапирган бўлса-да, унинг гаплари ватанимизда давлат тили мақомига эга бўлган ўзбек тилига на оғзаки, ва на субтитр билан ўгириб берилди.

Агар кўрсатув рус тилида бўлганида эди, ўзбек тилида берилган суҳбатлар албатта рус тилига ўгирилган ва баланд овоз билан ўқиб эшиттирилган бўлур эди. Айниқса, Ўзбекистон президентининг мамлакат ичи ва чет эллардаги кўплаб халқаро сафарлари пайтида бошқа давлатлар раҳбарлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан рус тилида олиб борган суҳбатлари умуман ўзбек тилига ўгирилмасдан, ўзбек халқининг тили ва мавқеъи камситилмоқда.

Афсуски, юқорида келтирилган хабарчилик ва журналистика услуби мустақиллик йилларида умуман ўзгармади. Ўзбекистон Конституциясининг давлат тили ўзбек тили эканлиги ҳақидаги модда бу борада чўпчакка айланиб қолгани ғоят ачинарли ҳолатдир. Аммо, нима учундир на Конституциявий суд, на қонунлар ижросини назорат қилиш ваколати берилган Бош прокуратура бу масалага эътибор қаратгани йўқ!

Хўш, телевизор кўрадиган Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи рус тилини тушунади? 32 миллион кишининг ҳаммаси ҳам телевизорда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий мавзулардаги кўрсатувларни томоша қилмайди, албатта. Лекин, бу рақамни 24 миллион киши деб оладиган бўлсак, шундан тахминан 30 фоиз киши русчани яхши билади ва келтирилган мавзудаги анча-мунча гапларни англайди, десак бўлади.

Аҳолининг яна 20 фоизи русчани ўртача даражадан паст савияда тушунади, деб тахмин қиламиз. Телетомошабинларнинг 25 фоизи русчани чала-чулпа англаса, қолган 25 фоизи эса умуман билмайди. Шундай экан, нима учун ўзбекча кўрсатувларда рус тилида берилган суҳбатлар ўзбекчага ўгирилмайди? Халқнинг ярми ахборот етказилаётган тилни тушунмаса бу қанақа матбуот бўлади?!

Мен ўзим телевидениеда анча йиллар давомида “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатувига муаллиф ва бошловчилик қилганман. Рус тили дохил, бошқа тилларда берилган суҳбатларни ўзим доим ўзбек тилига ўгириб, эфирга узатганман.

Телевидение ходимлари мамлакат президентининг нутқ ва чиқишларини ўзбек тилига ўгириб, эфирга узатишга қўрқишади. Бунга бошқа давлатлар президентларининг рус тилидаги чиқишлари ҳам киради. Лекин, ҳадиксирашга ҳеч қандай қонуний асос йўқ. Қолаверса, ўзбек тилидаги кўрсатувда бошқа тилларда берилган суҳбатларни таржима қилиб бериш зарурлигини мамлакат Конституцияси ва “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун моддаларидан ҳам англаб олса бўлади.

Телевидение журналистлари ўзларига “нима учун мамлакат президентининг рус тилидаги чиқишлари ўзбек тилидаги ёзма нашрларда рус тилида берилмайди?” деган саволни бериб кўришсин. Масалан, “Халқ сўзи” газетасида президентнинг русча нутқи ўзбек тилига ўгирилмай русча берилса бўладими? Аҳоли буни қандай қабул қилган бўлур эди?

Президентнинг чет тилда айтган асл гапларини пасайтириб, устидан ўзбек тилида таржимасини бериш одобсизликка ҳам кирмайди. Олдинги давлат раҳбари даврида у нима деса ҳеч қаерини “кесмасдан”, шундайлигича эфирга узатишган. Ўзбек тилида гапирганида эса сўзларини “текислаш” учун монтажчилар бор маҳоратини ишга солишган. Ўтган юртбоши ўзининг фикрлари шундоқлигича берилишини талаб қилган, десам муболаға бўлмайди.

Энди замон ўзгараяпти. Шунинг учун, мамлакатдаги телеканаллар бу борадаги иш услубини ўзгартириш пайти келди.

Аслида, Ўзбекистон президентининг ўзи Конституция ва қонунларга амал қилган ҳолда ҳамма ерда фақат давлат тилида гапирганида эди ҳеч қандай муаммо келиб чиқмаган ва давлат тили обрўси секин-аста юксалиш томон қадам қўйган бўлур эди.

Омон бўлсак ўша кунларни ҳам кўрармиз.

Бахтиёр Шоҳназар

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Тугри суз! Призедент русча гапириши купол килиб айтганда демак призидент руспараст русларга ялтокилик килиш, уз тилига ва халкига хурмати йук! булиб куринади хохоласак , хохламасакда! ИАК ва унинг оиласи узбек халкини хич хурмат килмади. Лекини молини талон-тарож килиб узбек халкидан кул килиб фойдаланди!!! Хотини татьяна умуман узбекчани билмас экан!!!

    15/02/2018 10:59
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort