Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Халқ душмани” исмли шараф

“Халқ душмани” исмли шараф
01 Mart 2018 - 6:00 'да юкланди ва 1326 марта ўқилди.

“ХАЛҚ ДУШМАНИ” ИСМЛИ ШАРАФ
(Коммунизм арвоҳлари билан ғавғом)

Камина 25 йиллик сиёсий муҳожирман. Узоқ йиллар Оврупода яшадим, энди Туркияда истиқомат этмакдаман.

Ўзбекистонда диктаторлик бошқарув ўзгаргандан кейин гўё ватанга қайтиш имкони пайдо бўлди. Ҳар ҳолда, соғ бўлсинлар Ўзбекистондаги яхши ниятли дўстларим мени бунга ишонтиришга ҳаракат қилаяптилар. Президентга каминани юртга қайтариш ҳақдаги мурожаат хатининг ташаббусчилари ҳам шу биродарларим бўлади. Хатга 455 та адабиёт, санъат аҳли ва бошқа касб эгалари имзо қўйишибди.

Ва бошланди.

Коммунизм арвоҳлари каминага ҳужум бошлади.

Бу сафар бизники эмас, чет эл “арвоҳлар”и ҳужумга ўтди. Таъбир билан айтганда, “яқин хорижий ўлкалар”даги арвоҳлар.

Менинг юртга қайтишим мумкинлиги ҳақда илк жумлани ўқиган заҳоти, бизнинг МХХнинг эмас, русча ёйинланадиган  “Vesti.uz” сайтининг мияси ҳаракатга тушди. Тўғрироғи, Осиё осмонига учирилган дезинформация ва фитна уруғларини ёйишда устаси фаранг “сунъий йўлдош”лар ҳараката тушди. Булар собиқ рус империясининг собиқ ҳудудларида унинг эски улуғворлигини тиклашдан мукаллафдирлар.

Мана, “Vesti.uz”нинг  13.02.2018 санасида ёйинлаган бир мақола шундай бошланади: “Деярли 200 та маданият вакили Шавкат Мирзиёевдан мухолифатчи Муҳаммад Солиҳни ватанига қайтаришни сўради. Ва  жуда хато қилдилар!!” 

“Vesti.uz” бу вакилларнинг нимада “жуда янглишганини ёзмайди. Аммо “хато қилдилар!” ибораси у қадар ишончли жаранглайдики, xудди “Vesti.uz”га шахсан Мирзиёевнинг ўзи Солиҳни Тошкентга киритмасликка сўз бергандай!

“Vesti.uz” шундай давом этади: “Мурожаатга қўл қўйганлар “Истанбул қоровули “ни ўз хатида “буюк шоир” деб атайдилар, “такдир тақозоси билан сиёсатга кириб, ўлканинг мустақиллиги учун курашди”, деб ёзадилар.

Эслатиб ўтамиз: Муҳаммад Солиҳ (ҳақиқий исми Мадаминов Салoй) миллиятчи “Бирлик” ҳаракатининг қурувчи отаси эди. “Бирлик” Совет ҳокимияти давридаёқ, удумга айланган демократик шиорларни ниқоб қилиб, радикал ислом позициясига ўтган эди. Русия диаспораси “Бирлик”ка ҳамиша ишончсизлик билан қараган. Унинг актив фаолияти кўпчилик(руслар)нинг Ўзбекистондан чиқиб кетишига сабаб бўлган.

Айнан Муҳаммад Солиҳ, “Литературной газета”нинг собиқ махсус муxбири, Ёзувчилар Уюшмасининг биринчи котиби бўлгандан кейин “миннатдорчилик” сифатида русча “Звезда Востока”журналини тору-мор қилди. Журнал бу даҳшатли зарбадан бугунгача ўзига келолмаяпти. Солиҳ ўша пайтлардаёқ Русияга ва моҳияти рус бўлган бутун нарсаларга ҳужум қилди. У муҳожирликда кечирган 25 йил давомида ҳам Москва сиёсатига ҳужум қилишдан тўхтамади. Бу ҳолда 69 яшар “арбоб”нинг қайси нутқлар билан ватанга қайтишини тасаввур қилиш қийин эмас. Холбуки, унинг “ватани” билан Русия муттафиклик ва стратегик ҳамкорлик бўйича шартномага қўл қўйган.

Яна шуни унутмаслик керак-ки, Солиҳ хорижда “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” (аъзолари бир қишлоқ чойхонасига жо бўлади)ни тузиб, радикал қарашларини яширмасдан, ўлкасидаги ҳокимиятни куч билан ағдаришга чақирди.

Шубха йўқки, ҳокимият ҳирси билан кўр бўлган Солиҳ, Шавкат Мирзиёевнинг демократик ўзгаришларидан фойдаланиб, яна тартибсизликалар ташкил қилишга уринажакдир”. (https://vesti.uz/nuzhen-li-uzbekistanu-muhammad-salih/)

Биринчидан, матн дезинформация ва ёлғон билан тўлган:

1.Мурожаатга деярли 200 эмас, 455 та киши имзо чеккан.

2.Мен ҳеч қачон “Литгазета”нинг махсус муxбири бўлмаганман.

3.”Бирлик”нинг эмас, “ЭРК”лидериман.

4.”Бирлик” ҳеч қачон “исломий” бўлмаган.

5.”Звезда Востока”га ҳеч қандай алоқам бўлмаган, у вайрон қилинган бўлса, мен ўлкани тарк этгандан кейин бўлган.

Мендаги “Русофобия”га келсак: Бу қип-қизил ёлғон. Рус халқи содда ва марҳаматли халқ. Рус шоирлари ва маданият аҳли ичида менинг дўстларим кўп. Белла Ахмадуллина ва Виктор Соснорадан тортиб, Иван Жданов, Александр Еременко, Алексей Парщиков ва бошқаларгача. Улар биз билан қувонч ва ғамда шерик, доим дарддош бўлган, уларга менда ҳамиша севги ва эҳтиром бўлган.

Vesti.uz: “Миннатдорчлик сифатида”…дея ёзади, гўё бир яхшиликлари учун миннатдорчилик қилмаганман. Нима учун миннатдор бўлишим керак сизга?

Ёзувчилар Уюшмасига котибликни имо қилаётган эсангиз, мен бу вазифага сизнинг ва КПССнинг ёрдами билан эмас, аксинча, сизларнинг қаршилигингизни енгиб келдим.

Ўзбекистон КП Марказқўми менинг сайланишимга очиқ қарши эди. Умуман, камина Ёзувчилар Уюшмасининг 1988 йилги Пленумида сайлов йўли билан сайланган илк котиб эдим. Аввалари котиблар КП Марказқўми тарафидан тайинланар эди. Ва котибликка истисносиз коммунистлар тайинланар эди. Мен бу вазифага келган илк антикоммунист эдим.

“Vesti.uz”, каминани “Истанбуллик қоровул” дея камситади ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг аъзоларини “бир қишлок чойхонасига сиғадиган озчилик”, дея таърифлайди.

У ҳолда сизнинг ваҳимангизга сабаб нима?

Наҳотки, тарафдорлари «бир чойхона аҳли» қадар бўлган бир кишининг Тошкентга келиши шу қадар қўрқинчли бўлса?

“Vesti.uz” шундай жавоб беради: “Ҳокимият ҳирси билан кўр бўлган Солиҳ, Шавкат Мирзиёевнинг демократик ўзгаришларидан фойдаланиб, яна тартибсизликалар ташкил қилишга уринажак. Ўзбекистон президенти бошлаб берган бу янги “қайта  қуриш”нинг нормал фаолияти ўрнига Украина ёки Молдавадаги каби хаос келиши мумкин.”

Бу абзацда Шавкат Мирзиёевга қарши очиқ бир гина бор. “Янги қайта қуриш”, “президент бошлаб берган” жумлаларига эътибор беринг. “Vesti.uz” қўлланган “в затеянной президентом перестройке” жумласи ўзбекчада “президент бошимизга бало қилган қайта қуриш” деган маънони беради.

“Затеянной” сўзида Москванинг Мирзиёевга қарши катта гинаси яширинган.

Менинг “ҳокимият ҳирсим”га келсак. Агар чиндан ҳам бундай бир хирс бўлганда эди, мен 1992 йил 5 май куни Ислом Каримовнинг таклифини қабул қилган бўлардим. Ўша куни у менга, бош вазирлик дохил, салкам ярим “салтанати”ни бермоқчи бўлганди.

Мен рад этдим.

Чунки эркин бир давлат қурилишини орзу этардим. Бундай бир давлатнинг қурилиши эса Каримов каби бир диктатор билан ҳамкорликда қурилиши мумкин эмасди.

Бизнинг 4 соатдан ошиқ давом этган бу тарихий суҳбатимизни бизни тинглаб турган оталарингиз сизларга айтиб беради, сўраб кўринглар. Суҳбат собиқ КП Марказқўмини биносининг 6-қаватида бўлиб ўтган эди.

“Vesti.uz”, мени 25 йил хорижий ҳаётимда доим Москванинг сиёсатига қарши ҳужум қилганимни ёзади. Аммо битта ҳам мисол, битта ҳам манба келтирмайди. Чунки манбанинг ўзи йўқ. Чунки 25 йил давомида камина Каримов режимига ҳужум қилди, Москвага вақтим йўқ эди.

“Vesti.uz” Ўзбекистон президентига хат ёзган арбоблардан ғазабланади.

“Vesti.uz” Ўзбекистондаги миллионлик рус диаспораси номидан ғазабланади.

“Vesti.uz” менинг ватаним Ўзбекистон билан муттафиклик ва стратегик ўртоқлик шартномаси тузган Русия номидан қутиради.

“Vesti.uz”нинг фикрича, 455 та маданият арбобининг юртдан қувилган одамни 32 миллионлик аҳоли номидан ватанга чақиришга ҳаққи йўқ, агар бунга бир миллионлик “рус диаспораси изн бермаса!”

Сиз нима Аппартеидмисиз?

Бу саволга “Vesti.uz” жавоб бераолмайди, мен жавоб бераман. Чунки бу менталитетни(зеҳниятни) танийман. Ёшлик йилларимдан, Совет Ўзбекистони давридан бери биламан бу зеҳниятни.

Бундан 30 йил муқаддам “Правда Востока” (15.12.1988) газетасида босилган “Ҳақгўй Муҳаммаднинг икки хил сўзи” мақоласидан бир иқтибос келтирмоқчиман. Бу парчани “Vesti.uz” мақоласидан олинган парча билан солиштирсангиз ёзиш услубларининг ҳайратланарли даражада ўхшаш эканлигини кўрасиз. Ҳолбуки, бу икки матндан биттасининг муаллифи аллақачон ўлган.

“Совет Ўзбекистони” газетасида босилган мақола

30 йил олдин “Правда Востока” (Юрий Кружилин) ёзганди: “Яқинда биз ҳаммамиз таниқли рассом Глазунов “маҳаллий” матбуот ва “экспортга” мўлжаллаб айтган испан газетаси учун айтган фикр-мулоҳазаларини бир-бирига қиёслаб, ахир кишида виждон бўлиши керак-ку, деб ажабланган эдик. Маълум бўлишича, бундай ҳолни Ўзбекистонда ҳам учратиш мумкин экан. Буни “Нью Йорк Таймс” газетаси саҳифаларида совет шоири “Муҳаммад Солиҳ” деб имзо чеккан Салой Мадаминов исботлаб берди. “Солиҳ” дегани “одил”, ҳақиқатгўй” ёки истасангиз, “ҳалол”,” виждонли” дегани“.

Энди “Vesti.uz”нинг жумласига қаранг: “Эслатиб ўтамиз: Муҳаммад Солиҳ (ҳақиқий исми Салой Мадаминов) миллиятчи “Бирлик” ҳаракатининг қурувчи отаси эди. “Бирлик” Совет ҳокимияти давридаёқ, удумга айланган демократик шиорларни ниқоб қилиб, радикал ислом позициясига ўтган эди. Русия диаспораси “Бирлик”ка ҳамиша ишончсизлик билан қараган. Унинг актив фаолияти кўпчилик(руслар)нинг Ўзбекистондан чиқиб кетишига сабаб бўлган“.

Одам ўлди, аммо унинг услуби яшаяпти.

Одам – бу услубдир” ҳикматидан йўлга чиқсак, 30 йил давомида “рус диаспораси” номидан гапирган бу “одамча”ларнинг услуби ҳеч ҳам ўзгармабди.

Ким булар  “Vesti.uz” ниқоби ортидаги зотлар?

Биринчидан, бу мавжудотларнинг “рус диаспораси”га ҳеч қандай алоқаси йўқ. Рус диаспораси аллақачон бизнинг жамиятнинг узвий қисмига айланган ва улар бу жамиятда на этник жиҳатдан, на ижтимоий ва на-да сиёсий жиҳатдан ноқулайлик ҳис этадилар. Руслар ёки рус тилли аҳоли аллақачон маҳаллий турмуш тарзига интеграция бўлган. Маҳаллий аҳоли ва улар ўртасида миллий заминда “Vesti.uz” кўрсатишни истагани каби ҳеч қандай зиддият ҳам йўқ.

Биз “Vesti.uz”нинг Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати тарафидан молиялаштирилаётганини таxмин этамиз.

“Vesti.uz” каби нашрлар собиқ совет империясининг собиқ ҳудудларини назорат қилишга қасамёд қилган “арвоҳ”ларнинг янги авлоди. Улар Советлардан чиққан давлатларнинг мустақил сиёсатга интилишини кўрган заҳотиёқ бу ҳаракатни бир ёқли қилишга тайёр турадилар.

Жамиятда мустақил миллий сиёсатга туртки берадиган энг кичик ўзгариш ҳам улар тарафидан бартараф этилиши керак.

Бу нуқтада Ўзбекистон ҳам истисно эмас.

Миллий кадрларнинг чет эллардан ватанга қайтиши миллий шуурнинг қайта тирилишини таъминлаши мумкин, бу эса ўз навбатида Ўзбекистоннинг собиқ “Oға”лар назоратидан тамоман қутилишига олиб келиши мумкин. Ўлкамиздаги Москванинг кўринмас борлиги таҳлика остига кириб, давлат тизимларидаги, махсус хизматларда, мудофаада ва бошқа муҳим стратегик нуқталардаги Кремл агентлари ифшо бўлиши мумкин. Бу эса давлат раҳбарларининг эркинроқ сиёсат юритишига, қарорларни мамлакат манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилишларига йўл очиши  мумкин.

Мана шундан қўрқишади “Vesti.uz” орқасида турган кимсалар.

Мен уларни ёшлигимдан, СССР давридан бери биламан.

Улар билан илк учрашувим 1984 йил май ойида юз берди.

Мен у пайтларда Тошкентнинг Қорақамиш 2/4 массивида 1 хонали квартирада оилам билан яшар эдим.

Бир куни май ойининг илк кунларида телефон жиринглади ва биттаси “бу КГБ дан майор Клишченко” деб ўзини таништирди. Майор мени Дзержинский майдонига келишимни сўради, бу майдон КГБнинг марказий биносига туташ эди. Майдоннинг шундоқ ёнида “маршрут минибус”лари бекати бор эди. Янглишмасам, “19-маршрут”да Қорақамишдан келиб, бекатга тушган заҳоти майор мени “дарров” топди.

Бирга юриб КГБнинг биносига етиб бордик.

Ичкарида деярли бўш бир хонага кирдик ва суҳбат бошланди.

Майор хушмуомала ва вазмин эди.

У “сиз чет эллик меҳмонлар билан яхши диалог қураоласиз” деб мақтаган бўлди.

Гап шундаки, мен майор қўнғироғидан икки кун олдин Варшавалик бир турколог хоним Элжбета Госчитсткани уйига кузатган эдим. Ундан олдин у билан бирга бизнинг дўстимиз, америкалик аспирант Девин Девисни уйига кузатгандик.

КГБ майори улар ҳақда фикримни сўради. Уларнинг ажойиб инсонлар эканини айтдим.

Майор эътироз билдирмади.

Аммо бир неча сония сўнгра менинг кўзимга қараб: “Фақат улар сизга пантуркизмни юқтирмаса бўлди” деди.

Мен уни дарҳол тушундим.

Девин Девис ва Элжбета Госчитстка менинг “Туркийда гапир” номли бир шеъримни инглиз ва поляк тилларига таржима қилгандилар. Бу шеър адабиётчиларнинг тор даврасида гўё турк қавмларининг бирлигига давъат деб қабул қилинса-да, шеър тўғридан бундай бир маъно ташимас эди.

Майорга “менга энди бирор нарса юқтириш қийин” дедим.

У мамнун кўринди. Ва уларнинг ташкилоти фаолияти ҳақда гапира бошлади. Тўғрироғи ташкилотнинг ёзувчи, шоир, артист ва бошқа маданият  арбоблари билан қандай ҳамкорлик қилишини ҳикоя қилиб берди.

Охирида бир армани инженернинг чет элликлар билан қандай усталик билан танишиб, алоқа ўрнатганини ва унинг чет эллик хонимлар билан қандай саргузаштлар яшаганини айтиб берди.

Бу инженернинг Тошкент марказида яхшигина квартираси борлиги, Москвадаги кавартираси эса нақ Арбатда эканини ҳикоя қилди.

“Сизда ҳам мулоқот истеъдоди бор. Боз устига сиз таниқли, “модный” шоирсиз. Сизга “давлат таъминоти” неъматларини таклиф қиламан. Доим саёҳатда бўласиз ва ҳар хил чет элликлар билан алоқалар ўрнатасиз. Тошкент марказида ва Москвада яхшигина квартирангиз бўлади. Албатта, маошингиз ҳам шунга яраша бўлади”, деди майор ниҳоят.

Мен кулиб юбордим.

Болалигимда “жосус” булишни орзу қилганимни айтдим. Аммо ёшим улғайган сари мендан “жосус” чиқмаслигини англадим, дедим.

Майор “биз сиздан тўппонча ва гизли силоҳлар билан қушанган классик маънодаги жосус функциясини бажаришни талаб қилмаймиз албатта. Сиз фақат саёҳат қиласиз, саёҳатдан қайтиб, у ерда танишган кишилардан эшитганларинигизни қоғозга туширасиз холос”, деди.

Мен унга сир сақлай олмаслигимни айтдим. Яна рол ўйнашни ҳам бажараолмаслигимни эътироф этдим. Мен билан суҳбатлашётган кишиларни ёзиб олишни эса ҳеч эплаёлмаслигимни билдирдим. Мана, уйдан чиқаётиб, хотинга “мен КГБ офицери билан учрашувга бораяпман”, деб аллақачон айтиб қўйдим, дедим.

Майор қип-қизил бўлди.

“Мен тушундим”, деди.

Бу суҳбат ҳақда ҳеч кимга айтмаслигимни илтимос қилди.

“Ленинградская”даги КГБ биносидан чиқиб гуркираган яшилллик ичида яшнаётган “Инқилоб Xиёбони”ни кесиб ўтиб, “Пушкин” кўчасига чиқдим ва ёзувчилар Уюшмасига кирдим.

У ерда дўстларимга КГБ биносида кечган учрашув ва менга қилинган таклиф тафсилотларини айтиб бердим.

Менинг бошқа йўлим йўқ эди.

Бу менга ўз мустакиллигимни сақлаб қолишнинг ягона йўли бўлиб кўринди.

Шундай қилиб, “комммунизм арвоҳлари” билан шахсий ва расмий «достон»им бошланди. Бу соатдан сўнгра улар мени муттасил таъқибга олдилар ва таъқиб то 1995 йилнинг 10 апрелигача давом этди, яъни тўққиз йил.

“ЛИРИК” ЧЕКИНИШ

Бошқа тарафдан бу учрашув “комммунизм арвоҳлари”нинг мени ўз лагерига тортишга уринишларининг сўнггиси эди. Яна-да тўғриси, бу менинг болаликдаги совет идеологиясига бўлган садоқатимни тиклаш учун қилинган сўнгги уринишлари эди.

Албатта, барча совет болалари каби мен ҳам пролетаризм руҳида тарбияландим. Ва бу коммунистик тарбия менда ўз аждодларимга нафрат уйғотган эди. Кичик пролетар эдим чунки. Аждодларимни Октябр революциясига қадар уйида хизматчи бўлгани учун, далаларида қароллар ишлагани учун ёмон кўрардим.

Гарчанд, бувим Шукур энанинг айтишича, бобом Бегжон бег жуда камтар одам бўлган, емагини ҳам ўша қароллар билан бирга еган, уларнинг оилаларига қараган ва қароллар уни жуда яхши кўрган.

Мени”Солиҳ бег” деган ҳар ким билан дарров уришардим. “Бек” калимаси ёш пролетар учун бир ҳақорат эди чунки.

Шундай мустаҳкам мафкуравий тамал билан Совет Армиясига кетдим. Можористондаги “Жанубий Қўшинлар Гуруҳи”(ЖКГ)га бориб тушдим.

18 ярим ёшда эдим ва 1968 йилнинг 20 августга ўтар кечаси Можористондан Чехословакияга кирган қўшинлар авангардида эдим.

Советларнинг Чехословакия ишғоли менинг болалик дунёқаришимни остин-устун қилди.

Мен у ерда ўзимнинг кимлигимни англадим. Ўз мамлакатимни, миллий мансубиятимни, аждодларимни ва халқимнинг тарихини билдим. Жиддий тадқиқ этдим. Муаллимларим армиядаги Рус Шовинизми ва мен хизмат қилган “Отдельный Разведывательный Батальон(ОРБ)при дивизии”даги кичик кутубхона бўлди.

Бу ерда менга биринчи марта КПССга кириш учун ариза ёзишни таклиф қилишди. Гўё бу таклиф яхши мерган ва намунали аскар бўлганим учун мукофот бўлиши керак эди. Мен бу таклифни қабул этмадим.

Бу ҳаракатим билан “коммунизм арвоҳлари”ни илк бор хафа қилдим.

Армиядан кайтдим (1970) ва мен ортиқ “Совет Одами” эмас эдим.

Уйга келиб, илк бор раҳматли отамга шу саволни бердим: “Ота, нега бобом Бегжон бегни ўлдириб мол-мулкимизни тортиб олган совет режимини ҳимоя қилиш учун урушга кетдингиз?”, дедим.

Отам дунёқарашимнинг кескин ўзгарганини кўриб турарди ва киноя билан “овулда суҳбаталашадиган улфат қолмаганди, шунинг учун кетдим”, деди.

Отам кўнгилли бўлиб урушга кетиш учун бир неча бор ариза ёзишига қарамай, уни 1942 йилгача фронтга олишмаганди, сабаби режим тарафидан йўқ қилинган “бой”нинг боласи фашистлар тарафига қочиб ўтишидан қўрққандилар.Ниҳоят, 1942 йил бошида уни чақирдилар ва у урушга кетди. 1943 йилда елкасидан ярадор бўлди, яраси битгунча икки ойлик таътил олиб уйга келди, икки ой сўнгра яна фронтга равона бўлди. Маршал Роккосовский армиясида жанг қилди.1946 йилда “Жасурлиги учун” медаллари билан ватанга қайтиб келди. Бу медалларни болалигимда кўксимга тақиб юришни севардим…

Мен армиядан қайтган йилим 1970 да Тошкент Давлат Университетининг журналистика факултетига ўқишга кирдим.

Ўқишимнинг 2-курсида менга бирданига факултет профсоюзи раиси вазифасини таклиф қилишди. Мен рад этдим. Аммо курсдош дўстларим қистови билан вазифани қабул этдим, фақат, бир йил ўтар ўтмас, яна ўша “коммунизм арвоҳлари” – бу сафар Университет парткомидан – келиб, КПССга аъзо бўлишга ундай бошладилар. Мен профкомлик вазифасидан дарҳол кетдим ва такрор мустақиллигимга эришдим.

Бундай “коммунистик таклиф”лардан яна бири 1989 йил Ўзбекистон КП Марказий Қўмитаси Биринчи котиби Рафиқ Нишонов кабинетида қилинди.Нишонов мени Ёзувчилар Уюшмаси раиси Одил Ёқуб ва Парткоми Иброҳим билан бирликда чақириб, Ўзбекистон депутатлигини таклиф қилди, мен рад этдим. Халқ сайласа, бу вазифани  қабул қилардим, аммо бегона бир партия рўйхатидан депутат бўлишни қабул қилаолмаслгимни айтдим.

Яъни мени 40 ёшгача фақат КГБнинг агентлари эмас, у ёки бу шаклда “давлат таъминоти” неъматлари ҳам таъқиб қилиб юрди.

Мендан “коммунизм арвоҳлари” билан зиддиятга бормаслик талаб этиларди холос.

Фақат бу “арвоҳлар” билан зиддиятга бормасликка “рози” булган 30-йиллар жадидларини ҳам ўлдириб юборган бир қонли тарихни ўқиб, улар билан келишиш мумкин эмаслигини англагандим.

Жадидлар ҳаммаси ўлдирилиб, улар ва яқинларига коммунистларнинг “халқ душмани” тамғаси урилганди.

 Мен ҳам 10 апрел 1993 йилда  қорoнғи бир кечада Ўзбекистонни тарк этаркан, ўзимни “халқ душмани” деб аталган бу тамғага мутлоқо лойиқ эканимни идрок этдим.

Зеро, “Қайта Қуриш” даврида тузилган “Бирлик” ва “Эрк” ташкилотлари номларини мен Жадидлардан олгандим. Улар 1910-йилларда шу номлар остида ўзларининг сиёсий ташкилотларини тузгандилар.

80-йиллар охирида  менинг сафдошларим бу номлар манбаси ҳақда билмасди. Аммо “коммунизм арвоҳлари” жуда яхши билишарди. Чунки ўтган асрнинг 10-чи, 20-чи ва 30-чи йилларида уларнинг оталари – “арвоҳлар” менинг жадид оталаримни қатл этгандилар.

Хуллас, 1990 йилга келиб, “коммунизм арвоҳлари” М.Солиҳнинг улар билан келишуви мумкин эмаслигини тамоман англаган эдилар.

1990 йилда Олий Советга бўлиб ўтган нисбатан демократик сайловларда “коммунизм арвоҳлари” мени “русофоблик ва пантуркизм”да айблаб ҳужум қилдилар.

Уларнинг ташвиқоти эффектив бўлди: менга овоз берган “Профессорлар шаҳарчаси” сайлов ҳудудида яшайдиган русларнинг сони ўша ҳудудда яшайдиган аҳоли сонининг 11 фоизини ташкил этарди. Менга қарши овоз берган сайловчи овози хам айнан 11 фоиз бўлди.

1991 йилдаги Президентлик сайловларида “арвоҳлар” менинг “русофоблигим” ва “пантуркист”лигимга исломий чизги илова қилишди. Улар “агар Солиҳ сайловда ғалаба қилса, у бутун аёлларга паранжи кийдиради”, дея ташвиқот юритдилар.

Ислом Каримов эса бу орада Наманган шаҳри радикаллари пойида тиз чўкиб, “халқ истаса албатта халифат қуришга қарши эмасман” деб қасам ичаётган эди. Бу воқеа 1991 йил декабрида суратга олиниб, ютубда намойиш қилинаётган видеода собит, истаганлар кўришлари мумкин.

1992 йил 2 июлда сиёсий тазийиқларга қарши норозилик сифатида Олий совет депутатлигидан истеъфо қилганим “коммунизм арвоҳлари” сафида қувончли бир саросима яратди. Бу қувончни улар табиийки, янги пайдо бўлган диктатор Ислом Каримов билан баҳам кўрдилар.

Ислом Каримовнинг гўё Кремлга “қарши” популистик “ҳужум”ларига қарамасдан, “арвоҳлар” Ўзбекистонни гизли бир шаклда бошқаришда давом этмакда эдилар.

Биз эса… Бизнинг атрофимиздаги чамбар тобора торая бошлаганини фақат биз эмас, ҳамма сеза бошлади.1992 йилнинг охирида партиямиз офиси олдидаги йўлда мени машина билан уриб кетишга ташаббуслари муваффақиятсиз чиқди.

Мен ҳар ерда бошланган қаттиқ босим натижасида Қозоғистондаги Черняевка деган кичик касабага бориб ерлашдим. Ва у ерда ” Давлат сирлари” деб номланган бир китобча ёздим.

Тошкентга 1993 йил феврал ойида қайтдим. Бу пайтга келиб партиямизнинг бутун нашрлари тўхтатилган, лидерларнинг баъзилари ҳибсга олинган, баъзилари жамоатчиликдан тўла изоляция қилинган эди.

Менга қарши ҳам “давлатга қарши параллел ҳокимият қуриш ва конституцион тузумга таҳлика ташкил этиш” каби сохта айб қўйилиб, жиноий иш очилганди.

1993 йил апрел ойи бошида мени ҳибсга олишиб, ИИБ ертўласига ташладилар. 4 кунлик ҳолдан тойдирувчи сўроқлардан кейин “шаҳардан чиқмаслик” шарти билан, ертўладан чиқаришди.

Мен 10 апрел куни “шарт”ни бузиб, шаҳардан чиқдим.

Бугунгача ўлкадан “қочишимга” “комммунизм арвоҳлари”нинг ўзлари йўл очиб қўйдилар деб ўйлайман. Улар бу шаклда “русофоб” ва “пантуркист”дан абадиян қутилмоқчи бўлган бўлишлари мумкин.

Чет элда уч марта мени йўқ этишга уриниб кўрдилар, Аллоҳим мени қутқарди ва мен ҳали ҳам тирикман. Бутун бу акцияларда “арвоҳлар” изини кўриш мумкин.

Ўзбекистон МХХсининг собиқ бошлиғи Иноятов Москвага содиқ бир кимса ўлароқ каримов режими душманларини йўқ қилиш учун доим Лубянкадан ёрдам сўради ва “арвоҳлар” ҳам ўз вассалларини ҳимоя қилиш учун қўлларидан келган нарсани аямадилар албатта.

Эътибор қилинг,(Жуковский, Тигран Каплан, Чечен) Фуод Рустамходжаевга (Россия), Обидхон Қорига (Швеция), Абдулла Бухорига (Туркия) ўк узган бутун қотиллар рус паспорти ташиганлар.

ПАНТУРКИЗМ

Энди Пантуркизм ҳақда бир оғиз сўз. Ўзбекистонда пантуркизм билан “арвоҳлар”дан бошқа ҳеч ким қизиқмайди.Парламентда ўтирган арбоблар ва давлат тизимларида ишлаётган мулозимлар пантуркизм нима эканлигини биламаса ҳам керак. Агар уларга пантуркизм моҳиятининг Турк қавмлари яшаётган ўлкаларнинг интеграцияси эканлиги айтилса, балки улар ҳам бунга севиниб, “пантуркист” бўлиб олишарди.

Пантуркизм Россия, Хитой ва Эронда қораланади, чунки бу давлатлар бевосита Турк давлатлари билан чегарадош ва тарихлари бўйича турклар билан геополитик рақобат қилишган.

Совет давлати Ўрта Осиё Турк давлатларини Турк дунёсидан бутунлай айириб қўйган эди. Ва Советлар ўз пропагандасида пантуркизмни бир жиноят сифатида тарғиб қилган.

“Коммунизм арвоҳлари” бугун ҳам пантуркизмни ҳали пайдо бўлмасданоқ, ниш урган заҳоти йўқ қилишга интилаяпти. Бунга Россияда эмас, Ўзбекистонда ғайрат қилишаяпти.

Яқинда Тошкентда ёш турколог олим Андрей Кубатинни “пантуркизм”да айблаб қамоққа ташладилар. Мен бу олимга қарши жиноий ишни “коммунизм арвоҳлари” олиб бораётганидан аминман. Бу Кремлнинг “зийрак кўзлари” Ўрта Осиёдаги геополитик манфаатларига тааллуқли энг кичик детални ҳам кўздан қочирмайдилар.

ХУЛОСА

“Vesti.uz”даги “Ўзбекистонга Муҳаммад Солиҳ керакми?” мақоласи юқорида тилга олганимиз “Правда Востока”да 30 йил аввал босилган мақолани сўзма-сўз такрорлаяпти.

Кўриб турганингиздек, “Ўзбекистоннинг русча матбуоти”да 30 йил давомида ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.Чунки “матбуот” ҳали ҳам русларнинг қўлида эмас, “коммунизм арвоҳлари”нинг қўлида.

Қолаверса, биз русларни “диаспора” деб ҳисобламаймиз. Улар этник ўзига хосликларини сақлаган ҳолда, аллақачон Ўзбекистон халқининг узвий қисмларидан бирига айлнаган.

“Арвоҳлар” рус тилли аҳолини вақти-вақти билан маҳаллий аҳолига қарши қўйиб фитна чиқаришга интилиб туради, бу аҳоли ўз борлигини бу сифатда ишлатилишига асло қўймайди.

Ўзбекистон учун эса амалда том мустақил давлат бўлиш замони келди. Ўлкани “арвоҳлар”дан тозалаш керак, туб-томиригача.

Вақт келди.

Муҳаммад СОЛИҲ

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 2 Yorum )

  • AbuFotima ;

    Rustamga: Domin bu bir niqob, unda ishlaydiganlar Rus manfaatlari uchun ishlaydi, ishchilari Rustabiat “Uzbeklar” bulishi mumkin.Maqolani yana uqib chiqishingizni maslahat beraman.

    Maqolaga keladigan bulsak, Nafaqat yozuvchilik borasida balki Siyosat borasida kuchi mutaxasis ekanligini kursatib turibdi. Yoshlik vaqtimda adamlar saylovda Muhammad Solihga ovoz berib kelganda, oilaviy suhbatda shu inson halolligi,kamtarligi va halq dardi uchun kurashadigan inson deb tariflagandi.Shu suhbatdan keyin Muhammad Solihga qandaydir bir kuchli mehr uygongandi. Taqdir taqozasi bilan Toshkent Oliygohlariga uqishga kirib, jadidlar tugrisida qiziqib,usha vaqtda Jadidlar haqida mavjud bulgan barcha kitoblari uqib chiqdim va Turkiy halqlarini siyosiy-iqtisodi va teritorial jihatdan birlashsagina Rus va Chin hafidan holos bulib Dunyoda Kuchli mamlakat qurish mumkniligini tushunib etdim. Undan keyin Islom Tarixiga qiziqib, islom dinii etarlicha urgandim va tabiyki Karimov rejimdan 10-yillik qamoq jasosi bilan taqdrilandim.(Nima emish Konstitusiani , Davlatni kuch bilan agdarmoqchi emoshman)…Usha vaqtda ilk “KAMOLOT” tuzilganda unga kirishga bizni rosa davat qilgandi Universitet rahbarlari, biz ochiqchasiga bu bir Koministik bir tashkilot deganimzdan keyin Universistetdagi MXX chilar bizga” Halq dushmani” tamgasini bosgandi..Allohni izni bilan Hozir Amerikani nufuzli Unirsitetida tahsil olayapman…..
    Uzbek halqi 70 yillik+Karimov davri da Komunistik goylardan voz kechaolmadi, balkida usha goyani (Ruslarga yaqin bulish) mustahkamlandi. Haqiqy hur fikrli, Mustqail Uzbek davlatini qurmoqchi bulgan hozirgi kundagi Uzbek uglonlari Bobomurod Abdulla, Akrom Malik, Hayot Sharafiddinov va boshqalarni, hozirgi davrdagi zamonoviy “Uzbek Komunistlari “bartaraf qilmoqchi…. Bechora oddiy halqimiz tomosha qiishdan boshqaga yaramaydigan qilib quygan usha “ARVOHLAR”ni tamoman yuq qiladiga vatq keldi albatta, Agar biz yana sustkashlik qilsak, qanchadan qancha hurparvar Uzbek uglonlarini qurbon qilinadi!!!!
    Muhhamad Solih uzbek halqini haqiqiy lideridir!!!
    Sizga soglik salomatlik, Duo bilan hamfikr vatandoshingiz!

    01/03/2018 23:09
  • Rustam ;

    Бу сайтга россияни алокаси йук , домин узбекистонники , маш маша Узбекистондан чикяпти Солих ака…

    01/03/2018 15:51
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort