Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Муҳаммад Солиҳ: Тозаланган майдонда янги диктатор тахт қурмасин!

Муҳаммад Солиҳ: Тозаланган майдонда янги диктатор тахт қурмасин!
02 Mart 2018 - 7:50 'да юкланди ва 1668 марта ўқилди.

Таниқли ўзбек шоири, сиёсий диссидент, «Эрк» Демократик партияси лидери 69 ёшли Муҳаммад Солиҳ 1 март куни Ўзбекистон ҳокимият тизимларидаги кейинги ўзгаришлар юзасидан «Элтуз» нашри мухбирига эксклюзив интервью берди.

Муҳаммад Солиҳ жумладан ҳукуматдаги бир қанча йирик амалдорларнинг ишдан олиниши ва қамоқларга ташланаётганига муносабат билдирди.

«Бугунги тозаланаётган майдонни янги авторитар режим учун ҳам қўллаш мумкин, халқнинг озодлиги, ҳуррияти ва демократия учун ҳам қўлланиши мумкин», деди жумладан ўз интервьюсида Муҳаммад Солиҳ.

У шунингдек «Элтуз» мухбирининг мамлакат ташқи ва ички сиёсати, ундаги мухолифатнинг ўрни ҳақидаги кўплаб саволларига жавоб берди.

Сўнгги шоир ва биринчи сиёсатчи…

Ўз ижодини 70 йилларда бошлаган Муҳаммад Солиҳ шеърлари ғарб авангардизми, сюрреализми ва шарқ фалсафасини уйғунлаштирган, ўз даврида бу ҳусусият совет танқидчилари ўқига нишон бўлган.

Шунга қарамай у 20 дан зиёд тўпламлар чиқарган, Франц Кафка прозаси ва XX аср француз шоирлари асарларини ўзбекчага ўгирган улуғ ўзбек адибидир. Ўз навбатида унинг асарлари немис, инглиз, рус, турк, озарбайжон тилларига таржима қилинган.

Ëзувчи Ҳамид Исмойил таъбирига кўра, у Совет Ўзбекистонининг сўнгги шоири ва мустақил Ўзбекистоннинг биринчи сиëсатчисидир.

Олға силжиш ва чекинишлар…

1988 йили Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда таъсис этилган илк норасмий «Бирлик» Халқ ҳаракати асосчиларидан бири бўлди, кейинчалик эса ўз тарафдорлари билан «Эрк» демократик партиясини тузди.

Муҳаммад Солиҳ 1991 йили Ўзбекистондаги президентлик сайловида Ислом Каримовга рақиб сифатида қатнашди ва расман 12 фоиздан зиёд овоз қозонди.

1993 йили Муҳаммад Солиҳ ҳукумат босимлари ортидан ватанни тарк этишга мажбур бўлди.

Ўзбекистон ҳукумати Солиҳни 1999 йилги 16 феврал портлашлари ташкилотчиларидан бири деб айблаб келади.

Бироқ, бу айбловлар бўйича судда кўрсатма берган асосий гувоҳ Зайниддин Асқаров уларнинг қийноқлар натижасида олинганини айтиб, Муҳаммад Солиҳнинг портлашларга мутлақо алоқаси йўқлигини билдирган эди.

Манба: Eltuz.com

* * * Видео матни * * *

Қудрат Бобожон: Мана Солиҳ ака кейинги пайтда кузатаётганимиз ҳукуматдаги бир қанча йирик амалдорлар ишдан олинди ва қамоқларга ташланаяпти. Масалан, Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров яқинда қўлга олинди. Шунга муносабатингиз қандай?

Муҳаммад Солиҳ: Ҳар ҳолда бу қўлга олинишлар, мана ярим йилдан бери актив давом этаётган “аввалги Каримов кадрларидан тозалаш” жараёнининг бир тадрижий давоми. Ва бу бизни адолатни тантана қилиши нуқтаи назаридан севинтирадиган хабарлар. Бировнинг қамалишидан севиниш албатта яхши нарса эмас, аммо адолатнинг тантанасидан инсонларда қандайдир бу ҳозирги сиёсий режимдан бир розилик кайфияти туғдираяпти. Шу маънода мен ҳам бу “тозалаш” жараёнидан хурсандман шахсан.

Қудрат Бобожон: Сизнинг назарингизда бу аммалларни Мирзиёев нима учун қилаяпти деб ўйлайсиз?

Муҳаммад Солиҳ: Ҳар ҳолда Шавкат Мирзиёевинг ўша реформа, ислоҳ қилиш нияти самимий ва бу ислоҳотни қилиш учун албатта унинг олдида турган тўсиқлардан халос бўлиши керак. Фақат Шавкат Мирзиёев бир раҳбар сифатида эмас, балки ўзбек халқи ҳам, Ўзбекистон иқтисоди ҳам, Ўзбекистон сиёсати ҳам бу тўсиқлар билан ислоҳ қилинмайди, яъни бутун бу жабҳалар бу тўсиқлардан халос бўлиши керак. Шунинг учун қилинаётган ишлар, яна такрорлайман, тўғри йўналишда кетаяпти.

Қудрат Бобожон: Рашид Қодиров 15 йил давомида Ўзбекистоннинг Бош прокурори бўлган. Ўтган ойда Иноятов ишдан олинди, ундан олдин бошқа юқори мартабали зобитлар ишдан кетди, кўплари қамалди, кўплари олган унвонларидан, амалларидан айирилди. Бу янги бир авторитар тузумни яратиш учун қўйилаётган қадамлар бўлиши мумкинми?

Муҳаммад Солиҳ: Яъни ишнинг табиатидан келиб чиқадиган бўлсак, албатта бу айни замонда авторитар тузум учун тамал бўлиши ҳам мумкин. Бу энди бугунги раҳбарнинг ниятига боғлиқ. Яъни бу тозаланган майдонни янги бир авторитар режим учун ҳам қўлланиши мумкин ёки халқнинг озодлиги, ҳуррияти ва демократия учун ҳам қўлланиши мумкин. Майдон икки нарса учун ҳам тозаланиши керак, авторитар тузум учун ҳам тозаланиши керак ва янги эркин бир давлат қуриш учун ҳам майдон тозаланиши керак эди. Биз истаган том люстрация юз бермаган бўлса ҳам шунга яқин бир нарса, унга ишорат шаклида бир тозаланиш бошланди деб умид қилаяпмиз.

Қудрат Бобожон: Бугунги Мирзиёев сизга Каримовни эслатмаяптими? Бугун авторитар, эртага мутлоқ диктаторга айланиши мумкин эмасми сизнинг назарингизда?

Муҳаммад Солиҳ: Бу таҳлика доим бор. Мен яна такрор айтаман, бу лидернинг ниятига боғлиқ. Агар лидер ҳақиқатдан халқига “хизмат қилиш учун келдим бу ерга, бу хизмат, бу лавозим мен учун бир омонат Аллоҳ тарафидан, халқ тарафидан топширилган. Шунинг учун бу омонатни мен халқимнинг озодлиги учун, ҳуррияти учун, давлатимизнинг равнақи учун қўлланаман”, деб ният қилган бўлса албатта Каримов қилган ишларни қилмайди Мирзиёев. Йўқ, агар унинг нияти ҳам Каримовники каби бузуқ бўлса, бундан Аллоҳ сақласин, албатта биз унда ҳеч нарса қилаолмаймиз. Яна иккинчи бир давр бошланади, Каримов даври, бундан Аллоҳ қўрисин, деб дуо қиламиз табиий.

Қудрат Бобожон: Мирзиёев барча қудратли структураларнинг бошқарувини алмаштирди. Аввал Молиядан бошлади, Тиббиёт соҳасига ўтди, кейин Ички ишлар, ниҳоят прокуратурага ва Миллий Хавфсизлик Хизматига навбат келди. У айрим нутқларида ҳатто ўтган даврда 37-йиллардагидек сиёсат олиб борилганини айтаяпти, самимий деб ўйлайсизми унинг бу фикрларини?

Муҳаммад Солиҳ: Самимий деб ўйламайман, самимий деб умид қиламан. Чунки, ҳозиргача мана шу мансабдан олинаётган инсонлар ҳақиқатдан халқимизга узун йиллар давомида азият берган нсонлар, зулм қилган инсонлар, шу маънода Мирзиёевнинг қилаётган ишини ўзининг яккаҳоким режими учун тайёрлаётган ер, тамал деб эмас, балки ҳақиқатдан халқимиз учун бу нарсаларни қилаяпти деб умид қиламан. Аммо мен бундан, табиий, амин эмасман. Буни вақт кўрсатади.

Қудрат Бобожон: Ҳақиқий маънодаги мухолифатга Мирзиёев йўл беради деб ўйлайсизми?

Муҳаммад Солиҳ: Агар йўл бермаса, демак Каримовдан жуда катта фарқи бўлмайди. Каримовдан жуда катта фарқ қилиш учун мутлақо сиёсий мухолифатга йўл бериши керак. Ҳозир биринчи босқичда албатта биз ўзини яхши ҳис қилиши учун, ўша ўзининг бутун кучларини бир жойга тўплаб, концентрация қилиб бу тозалашни бошлаш учун биринчи босқичда балки сиёсий мухолифат ёки умуман сиёсий эркинликларни иккинчи босқичга кўйиб турган бўлиши мумкин, лекин иккинчи босқичда ҳам, зотан бу босқич мана келди, агар бу яна давом этадиган бўлса, фақат иқтисодий эркинликлар билан чегараланиб қолмоқчи бўлса, албатта Каримовдан кўп фарқ қилмайди. Мен ўйлайманки ўтган 27 йиллик диктатура режими жуда кўп одамларга бўлгани каби, у ерда ишлайдиган одамларга ҳам, шу жумладан Мирзиёевга ҳам катта сабоқ бўлди, дарс бўлди. Ва Мирзиёев Каримовнинг бу фожеали хатосини, хато эмас фожеали хатосини, халқимизни ярим аср орқага ташлаб юборган бир хатони Мирзиёев такрорламайди деб умид қиламан.

Қудрат Бобожон: Сизга шундай таклиф бўлса: “Ватанга қайтишингиз мумкин, реабилитация қилинасиз, лекин сиёсий фаолият билан шуғулланмайсиз” дейишса, қайтиб борасизми? Яъни сиёсат билан шуғулланмаслик эвазига ватанга қайтиш таклиф қилинса?

Муҳаммад Солиҳ: Мен Ўзбекистонга, аввал ҳам айтдим, 100 фоиз озод инсон, эркин инсон бўлиб қайтишни истайман. Ҳеч қандай шарт, ким тарафидан қўйилса қўйилсин, мен бу шартни қабул қилиб ва бўйин эгиб ва “йўқ, мен сиз айтган фаолият билан шуғулланмайма” деб туриб мен бормайман. Мен истаган фаолиятим билан шуғулланадиган, озод инсон бўлиб қайтишни истайман Ўзбекистонга. Ўзбекистонга қул бўлиб ҳеч қачон қайтмайман, аммо озод инсон бўлиб қайтаман албатта.

Қудрат Бобожон: Сизнинг барча оила аъзоларингиз, мисол учун мана Мирзиёев келганидан кейин Муҳаммад Бекжон озод этилди, ҳаммамиз биламиз у дунёда энг узоқ вақт қамоқда ўтирган журналист ҳисобланади. Босимлар озайдими, яқинларингизга Ўзбекистонда босим йўқ деб айтаоласизми бугун?

Муҳаммад Солиҳ: Босимлар озайди ва жуда ҳозир бизнинг у ердаги қариндошлар жуда мамнун, яъни аввалги ғилай қарашлар бизнинг оилага, бизнинг қариндошларга йўқ ҳозир. Умуман ўша маҳаллий ҳокимиятдаги, у ердаги инсонлар бизнинг оилага жуда яхши муносабатда бўлаяпти, яъни бир аниқ қилган иши бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда аввалги муносабат йўқ. Ола қараш йўқ ҳозир.

Қудрат Бобожон: Сиз буни позитив бир ишорат деб ўйлайсизми?

Муҳаммад Солиҳ: Позитив ишорат деб ўйлайман. Ва ўйлайманки бу мутлақо марказдан топширилган бир нарса, чунки марказдан агар топширилмаган бўлганда эди улар бу нарсани қилишга, бу муносабатни ўзгартиришга журъат қилолмасди, деб ўйлайман.

Қудрат Бобожон: Шавкат Мирзиёев 2018 йил оғир йил бўлишини айтган. Ҳозиргача айтадиган бўлсак Каримов тузган ўша тузум гўёки йўқолгандек, лекин халқнинг кундалик ҳаётида катта ўзгариш бўлаётгани йўқ. Нима қилиш керак деб ўйлайсиз? Ечим йўли қандай сизнинг назарингизда?

Муҳаммад Солиҳ: Ечим йўли, ҳозир гаплашганимиздек, жабҳаларнинг фақат биттасида эмас, танланган жабҳаларда ислоҳот қилиш эмас, ҳамма жабҳаларда бошлаш керак, нолдан бошлаш керак ислоҳотни. Шунинг учун ҳам бир жабҳани эркин ташлаб қўйиб, бир жабҳани аввалги Каримов занжирларида тутиб турсангиз, ҳеч қачон муваффақият бўлмайди. Бу нарсага ўша сиёсий жабҳа ҳам доҳил. Яъни улар халққа эркинликни бутун жабҳаларда бериши керак. Парча-парча, порция-порция эркинлик бўлмаслиги керак. Менимча буни кун ўтган сайин Шавкат Мирзиёев тушуна бошлайди, тушунишга маҳкум ва буни ҳаётнинг ўзи талаб қилади ва ҳудди қайта қурилиш пайтидагидай. Ва бу тажрибалардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Мирзиёев яқин замон ичида тотал, бутун ҳамма жабҳаларда бу эркинликни беришга мажбур бўлади. Ёки орқага, аввалги Каримов диктатурасига қайтишга мажбур бўлади. Иккита йўл бор. Шунинг энг яхшисини, энг хайрлисини танлайди деб умид қиламиз.

Қудрат Бобожон: Ўзбекистонга геополитика жиҳатидан, мана Россия расмийлари айтаяпти, террор ҳужумларининг кучайиши, экстремистик кучларнинг таҳдид солиши хавфи ҳақида айтилаяпти. Нима деб ўйлайсиз, Марказий Осиёда мана ҳозир Яқин Шарқда, Сурияда, Ироқда бўлаётган сингари вазиятнинг издан чиқиб кетиши эҳтимоли борми?

Муҳаммад Солиҳ: Бизга ҳам шундай истиҳборотлар келаяпти. Масалан, айни Суриядаги ва Ўрта Шарқдаги бўлган воқеаларнинг айнисини Ўрта Осиёга ташиш учун стратегия ишлаб чиққан давлатлар бор, деган истиҳборотни биз ҳам олаяпмиз. Бу давлатлар асосан буюк давлатлардан бир-иккитаси саналаяпди, уларнинг манфаати у ерни ҳам қориштириб, бир ғовға чиқариб, ўзининг контроли остига олиш учун, геополитик манфаатлари учун, бу бўлгани ҳам қурбон қилмоқчи деган баъзи таҳминлар, эҳтимоллар ҳақида биз ҳам ахборот олаяпмиз. Буни албатта ўша давлатнинг стратеглари, аналитиклари буни тушуниб, билиб бунга қарши чора кўришлари, бир-икки тадбир олишлари керак деб ўйлайман.

Қудрат Бобожон: Бу ҳолатда Шавкат Мирзиёев қайси йўлни танлаши керак, ташқи сиёсатда?

Муҳаммад Солиҳ: Ташқи сиёсатда синалган бир йўл бор, шаффофлик бор. Ташқи сиёсатда, албатта биринчи навбатта биз ўзимизнинг миллий манфаатларимизни кўзлашимиз керак. Мирзиёев бир ақилли сиёсатчи сифатида биринчи ўринга миллий манфаатларни қўйиш керак. Биз на Россияга, на Хитойга ва на Америкага душман бўлишимиз шарт эмас. Айни пайтда бу учаласига дўст бўлишимиз ҳам шарт эмас. Булар билан муносабатлар ҳаммаси миллий манфаатлар замирига қўйилиши керак. Яъни, ҳеч ким билан биз урушишимиз керак эмас, аммо ҳеч кимдан қўрқишимиз ҳам кераги йўқ. Сиёсий лаганбардорликка ҳам ўрин йўқ. Бизнинг 32-33 миллион нуфузлик бир давлатимиз бор ва ўзига яраша бойликлари бор, ўзига яраша ресурслари бор ва мустақил бўлиш учун бутун компонентлар бор. Бундан максимум фойдаланиш керак, жиддий бир ташқи сиёсат керак бугун. Қўшнилар билан бутун дарвозаларни очиш керак, биз буни йилларча Каримовга айтдик, Каримов тескарисини қилди. Ҳатто, менга қолса масалан бутун гумрукларни ҳам бекор қилган бўлардим. Бугунги этапда бу гумрукни бекор қилиш бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаса чегараларни очиб қўйиш керак. Ҳалигача очилгани йўқ. Мирзиёев ўзининг яхши ниятларини айтаяпти, қўшни давлатларнинг Каримовга бўлган ишончсизлиги бир нави Мирзиёевга қарши ҳам давом этаяпти масалан атрофдаги ўзимизни қўшни, қардош ўлкалар тарафидан. Мана шу нарсаларнинг ҳаммасини бартараф қилиш керак ва минтақани эркинлаштириш керак, минтақани озод бир минтақа ҳолига келтириш керак. Бунинг учун Ўзбекистон буюк бир давлат. Ўзбекистон беш жумҳуриятнинг ичида балки, айтишим мумкин, мен ўзбек бўлганим учун эмас, геостратегик ҳамма тарафдан, ҳам иқтисодий, ҳам демографик жиҳатдан буюк бир давлат. Яъни, Ўзбекистон ҳал қилувчи бир давлат. Калит, анаҳтар бир давлат. Яъни, Ўзбекистон шу тарафга қадам ташласа бошқалари ҳам унга оёқларини, юришини тўғирлашга мажубр бўлади. Шунинг учун минтақанинг тақдири Ўзбекистонга боғлиқ деса ҳам муболаға бўлмайди. Ва ўлканинг бу аҳамиятини тушунса агар, иншаАллоҳ тушунади Шавкат Мирзиёев, шунга қараб жуда вазмин, оқил бир сиёсатни олиб боради, ташқи сиёсатни айтаяпман. Ҳамма билан иложи борича дўст бўлишимиз керак. Бошқа бизнинг йўлимиз йўқ. Айниқса қўшниларимиз билан, чунки ҳаммаси бизинг қардош халқлар. Тожик ҳам, Қирғиз ҳам, Ўзбек ҳам, ҳаммаси битта миллат дейиш мумкин ҳатто.

Қудрат Бобожон: Шавкат Мирзиёевнинг мана шу олиб бораётган ўзгаришлар, ислоҳотларига қарши чиқувчи куч бугунги Ўзбекистоннинг ичкарисида бор деб ўйлайсизми?

Муҳаммад Солиҳ: Бор. Баъзи буюк давлатларнинг узантилари бор Ўзбекистон ичида. Ва Ўзбекистоннинг Турк дунёига интеграция бўлишига, Турк дунёси билан бирлашиб, яъни Турк дунёси деркан аввал ўша беш жумҳурият, бу ердаги яшаётган Ўрта Осиёдаги ва Озарбайжон, мана биз Турк дунёси деймиз яъни, шу интилишларига тўсиқ бўлиш учун ҳаракат қилаётган буюк давлатларнинг узантилари, спутниклари бор. Булар албатта бу интеграцияга азалдан қарши бўлган, бугун ҳам қарши. Шу маънода ақли салим бир ички ва ташқи сиёсат, мана шу компонентларни ҳам ҳисобга олган ҳолда, табиий у давлатлар билан уришишнинг кераги йўқ, аммо ичкаридан бир, фақат мана бу ҳозирги коррупцион командаларга қарши люстрация эмас, ташқи узантиларга ҳам қарши бир люстрация керак, тозаланиш керак. Яъни, ташқи давлатларнинг агентларини тасбит қилиб чиқариш керак. Булар учун жуда катта зарар бераяпти. Мана бу пропаганда, ташвиқот, медиа ичида ҳам жуда катта мана шунақа жосусворий узантилар жуда катта ва халқнинг кайфиятини тушириб, социо-психологик жиҳатдан халқимизга қаттиқ таъсир қилиб, гўё биз фалон давлат бўлмаса оч қоламиз деган туйғуни бизга ерлаштириш учун қилинаётган контр-пропаганда ишлари жуда кучли аслида. Мана шу нарсалардан ҳам биз тозаланишимиз керак деб ўйлайман.

Қудрат Бобожон: Шу масалада Каримов анча муваффақият қозонган эди деб айтаоласизми? Шундай тасаввур, фикр ҳам бор, яъни у ташқи сиёсатда ҳукумат манфаатларини ҳимоя қилаолган деган.

Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистонни ташқи дунёдан изоляция қилиш асносида бу ҳам ўзидан беиҳтиёр ўзи ҳам бу ён бўлган. Яъни буни махсус бир сиёсат ўлароқ қилгани йўқ. Ташқи дунёдан тамомила изоляция қилди. Шу маънода ташқи давлатларнинг бизга қарши манфий таъсирларини ҳам албатта минимумга индирган бўлиши мумкин. Лекин бу унинг шуурли бир сиёсати деб билмайман. Умум изоляциядан келиб чиққан бу натижа менимча.

Қудрат Бобожон: Суҳбатингиз учун раҳмат Солиҳ ака.

Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort