Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Яратганнинг бўлди инъоми…

Яратганнинг бўлди инъоми…
06 Mart 2018 - 7:00 'да юкланди ва 826 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(32-қисм)

Ўнинчи қисм

Эсар эди фасли навбаҳор,
Шивирларди айём ёмғири.
Бор оламда атиру ифор,
Кечаларнинг беҳишт, оҳори.

Ухлар эди Махдумқули. Тун –
қўйнидаги ғунчадай маъсум.
Тўлган ойдай нурланиб, сокин,
Лабларида ярим табассум.

Ўн олтига кирган-кирмаган,
Мўйлаблари урганди майса.
Қаддидан кўрк уфуради шаън,
Араб хатти, қошлар шоҳиста.

Туш кўрарди саҳарга яқин,
Ҳодисотда эди бор зеҳни.
Шу ўринда эранлар боғин
эшигида кўрди ўзини.

Шунда кимдир эшикни очиб,
Унга боқди, нигоҳи – маъоний.
Қучоқ очиб, боғлардай тошиб,
Келар эди Ҳазрат Навоий.

Махдумқули таниди шу чоқ,
Устозини ‒ Улуғ шоирни.
Ҳаяжондан кирганда титроқ,
Кутиб олди таъзимда шерни.

Эргаштириб устоз шогирдни,
Боғ ичига бошлади беун.
Махдумқули босиб изини,
Устозига юриди яқин.

Чексиз мевазор эди Чорбоғ,
Олма, анор пишганди сархил.
Ноклар товланарди – сари ёғ,
Капалаклар ранго-ранг, ҳар хил.

Чорбоғнинг қоқ ўртаси супа,
Тизилишиб турар қирқ Эран.
Кўнгил боғлоқ ишқнинг ипига,
Қуръондадир кўзлари, тийран.

Ҳар бирининг олдида Қуръон,
Очиқ турар ‒ дарёдай лавҳа.
Туркман гиламлари чўғ, хандон,
Ернинг устидаги зарлавҳа.

Юсуф Ҳамадоний ўртада,
Ўнг қўлида Абдухолиқ бош.
Чап томони Аҳмад Ясси-да,
Кубро, Аҳмад хожага йўлдош.

Ревгарий бор, Бобо Самосий,
Баҳоуддин, Саййид Барака.
Ҳасан Басрий, Қодир Гилоний,
Саловатлар – Оллоҳ ҳаққига!

Балхлик Румий, Паҳлавон Маҳмуд,
Фузулий бор, кўзларида ёш.
Чакмон турар Муҳаммаддан бут,
Энг ўртада – ердаги ҚУЁШ!

Қуёш атрофида ‒ чориёр,
Юлдузлардай таратар шуъла.
Эранларга Оллоҳ мададкор,
Янграмоқда – овозсиз Алла!

Нур ёғилар чакмондан кўкка,
Жаннатларда таралар бу ранг.
Махдумқули қўли кўксида,
Лол қолганча боқади гаранг.

Ҳамадоний туриб ўрнидан,
Аввал ўпиб чакмонни олди.
Қараб чиқиб ҳаммага бирдан,
Сўнг Навоий устига солди.

Япроқдайин титраб Алишер,
Енгларига зўрға тиқди қўл.
Манглайида мунчоқ-мунчоқ тер,
Бероларми бу чакмонга бел?!

Пайдо бўлиб шунда малаклар,
Яссавийга тутдилар коса.
Расул иноятлар қилдилар,
Қўл узатиб ҳиммати роса.

Хожа Аҳмад пирларга бир-бир
тутиб чиқди косани юриб.
Эранлар ҳам ишқ билан собир,
Тўлдирдилар қўшиб, тупуриб.

Турди Навоийнинг ёнида,
Хожа Аҳмад тутиб косани.
Мир эгнидан шарт чиқарди-да,
Фироғийга солди чакмонни.

Сўнгра олиб қўллардан ишқ – жом,
Тутди Фироғийнинг оғзига.
Жўшди Махдумқулида илҳом,
У уйғониб келди ўзига.

Ўғузхоннинг қиличидай, зум,
Тўхтамади бир жойда муқим.
Тилларидан сочди шеър, илм,
Лолазорга бурканди чўл, қум.

Махдумқули айтганида шеър,
Тинди булбуллари боғларнинг.
Оҳангидан тошлари эрир,
Бирлашди бошлари тоғларнинг.

Эл бирлашди, кун бирлашди, сўнг,
Ҳар бир уйга кирди Фироғий.
Бутун туркнинг сўзи бўлди ўнг,
Шеър кўкида Фироғий – қирғий.

Сўзга қанот боғлади Устоз,
Асал қўшди меҳри қўридан.
Сўз жонланиб учди сарфароз,
Илҳомининг чўғи зўридан.

Юраклар тош бўлса, эритди,
Тош ўрнида битди атиргул.
Кўз ёшларни тийди, қуритди,
Булбул мисол сайради кўнгил.

Чироқ атрофида момолар
ўғлонларга айтар эди шеър.
Фироғийни тинглаб болалар,
Завқлар сочиб тўкардилар тер.

Икки дарё оралиғида –
Сирдарёдан Хитойгача то,
Хоразмнинг жон қулоғида
инграб дутор, йиғлади сато.

Ироқдан то тоторга қадар
ёд олдилар Махдумқулини.
Оллоҳ ўзи этди Самандар
ёрлақаган мақбул қулини.

Махдумқули тимсолида вақт
келажакка очди дарвоза.
Турклар ўтди шундай солиб от,
Дунёларга солиб асъаса.

Сўз сеҳридан нурланган юзлар
Бир-бирига берарди шуъла.
Фироғийдан тўкилар сўзлар,
Эл йўлига бўлиб машъала…

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort