Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Фитрат ва Чўлпон ҳақида ҳикоялар

Фитрат ва Чўлпон ҳақида ҳикоялар
06 Mart 2018 - 9:40 'да юкланди ва 951 марта ўқилди.

Мутаваккил Бурхонов. Нурли сиймолар (1991)

(ФИТРАТ ВА ЧЎЛПОН ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР)

БИРИНЧИ ҲИКОЯ

Тақдир менга Абдурауф Фитратдай улуғ исонни таниш бахтини раво кўрганидан мамнунман. Мен Фитратни анча яқиндан билганмаи, унинг уйига тез-тез бориб турардим. Фитратнинг уйида кўпгина санъаткорларни, шоирларни, олимларни учратганман.

Бу қутлуғ хонадондаги суҳбатлар менинг ҳаётимда чуқур из қолдирган, фикрим уйғонган, савиям кенгайган, санъат ва ижод ҳақидаги тасаввурларим анча тўлишган. Фитрат билан биринчи бор кўришганимда, домла тахминан 42 ёшларда, мен эса эндигина 14 ёшга қадам қўйган ўспирин эдим. Бу даврда Фитрат аллақачон халқ ўртасида катта шуҳрат қозонган: Атоқли инқилобчи, йирик давлат арбоби, фаол жамоатчи, баркамол олим, истеъдодли ижодкор сифатида танилган эди. Қандай қилиб, шундай машҳур одам оддий бир ўспирин йигит билан яқин бўлиши мумкин? Бунинг ҳеч қанақа фавқулодда сиру асрори йўқ. Фақат ўқувчи буни англаб олиши учун, гапни бироз олисроқдан бошлашим — ўзимнинг қариндош-уруғларим тўғрисида ҳам жиндай маълумот бермоғим керак бўлади.

Мен 1916 йили Бухорода, ғоят ажойиб бир оилада дунёга келганман. Онам сомонийлар сулоласининг энг сўнгги вакиласи бўлганлар. Отам эса Музаййин маҳдум номи билан шуҳрат топган бўлиб, мадрасада мударрислик қилган эканлар. У билими чуқур, фикри очиқ, жаҳолат ва мутаассибликни жинидан баттар ёмон кўрган, ижтимоий ҳаётдаги илғор ҳаракатларга, жумладан, жадидчиликка хайрихоҳ одам бўлган. Бунинг учун амирнинг таъқибига учраган ва фожиали ҳалок бўлган.

Биз беш фарзанд бўлганмиз — Моҳида ва Фотима деган опаларим, Минҳожиддин ва Мисбоҳиддин деган акаларим бўлган. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўқиган, оқ-қорани таниган ва айрим соҳаларда катта хизматлар қилган. Масалан, акам Мисбоҳиддин Бурҳонов Душанбеда яшаган, ўз вақтида «Тожикистони сурх» рўзномасининг муҳаррири бўлган эди. 1934 йилда уни қамадилар. У 1943 йилда қамоқ лагерларида ҳаётдан кўз юмган. Катта опам Моҳида, акамнинг қамалганига чидолмай, «халқ душманининг синглиси» деган «иснод»ни кўторолмай, ўз-ўзини ўлдирган. Фотима опам эса 1969 йили вафот этдилар. Мен шу опам туфайли, Фитратга яқин бўлганман. Аммо бунинг ҳам ўз ҳикояси бор.

Энди икки оғиз амакиларимдан гапирмоғим керак. Менинг уч амаким бўлган. Катта амаким Мазҳар махсум, ўртанча амаким Мукаммил махсум, кичик амаким Муаммир махсум. Уларнинг учови ҳам ўқиган, тараққийпарвар бўлиб, инқилобдан олдин Бухорода жадид ҳаракатининг ташкилотчиларидан эди. Садриддин Айний ҳам, Файзулла Хўжаев ҳам ўзларининг Бухоро инқилоби тарихи ҳақидаги китобларида уларнинг номларини зикр қилишган ва фаолиятларига юқори баҳо беришган.

Амакиларимнинг учови ҳам 1937 йилда қамоққа олинган ва «халқ душмани» сифатида отиб ташланган. Катта амаким Маҳзар махсум математик эди. Ҳиндистонда, Туркияда ўқиган. Шўро ҳокимияти йилларида эса илмий фаолият билан шуғулланган. 20-йилларда «Маориф ва ўқитувчи» ойномасида унинг мелиорация тарихига, ер тузилиши масалаларига бағишланган мақолалари чиққан. Ўша давр олимларининг ғалати бир хусусиятлари бўларди. Уларнинг асосий мутахассислиги математика ёхуд кимё бўлса-да, барибир адабиётга, санъатга, мусиқага жуда қизиқар эдилар. Мазҳар махсум ҳам бундан мустасно эмас эди. Шу туфайли бўлса керак, у Самарқанддаги этнографик музика ва хореография ўқув юртининг директори Миронов билан қалин, дўстона муносабатда бўлган.

Амаким менда аллақандай қобилият учқунларини сезганми ё мусиқага муҳаббати ғолиб келганми, ҳар қалай, уйимиздагиларнинг қаршилигига қарамай, мени мусиқа мактабига берган. Энди гапнинг индаллосига келайлик. Учала амаким ҳам Фитратга жуда яқин бўлишган, уни қадрлашган ва ҳар жиҳатдан эъзозлашган. 1908 йили Фитратнинг Туркияга кетишида катта амакимнинг ҳиссаси бор. Мукаммил махсум ҳам. Фитрат билан жуда қалин дўст бўлган, дўстлик иплари шу қадар мустаҳкам боғланганки, амакиларим бамаслаҳат Фотима опамни Фитратга бериб, уни ўзларига куёв қилишган. Мен опамни жуда яхши кўрардим. Шу туфайли, тез-тез уни кўргани Фитратникига бориб турадиган бўлиб қолдим.

Бу чоғларда жумҳурият пойтахти Самарқандда булиб, Фитрат ҳам шу ерда ишлар, педакадемияда дарс берар ва институт берган уйда истиқомат қиларди. Уй Абрам хиёбонида, институтнинг шундоққина биқинида жойлашган бўлиб, оддийгина ортиқча ҳашамсиз қурилган: Бир хонаси оврупоча, иккинчи хонаси шарқона услубда безатилган, ойнаванд даҳлизли бир кулба эди. Авваллари мен жуда тортиниб, қимтиниб, бегонасираб келардим. Лекин кўп ўтмай, ётсирашлар бутунлай йўқолиб кетди.

Фитрат ўрта бўй, тўладан келган, гўштдор бурни остидаги тақасимон мўйлови ўзига ярашган, сочи тўкилиб, бошининг ёнлари ва орқа томонида қолган, шунинг учун пешонаси ҳаддан ташқари кенг кўринадиган одам эди. Уни анча хушфеъл одам деб ўйлаш мумкин. Аслида тажангроқ, серзарда, осонгина жаҳли чиқарди. Лекин менга нисбатан бир марта ҳам тажанглик қилгани йўқ. Билмадим, опам туфайли шундай бўлдими ёхуд менинг мусиқага ишқибозлигим Фитратга маъқул келиб қолдими, билмайман. Ҳар ҳолда, ҳар гал кириб борганимда, домла мени очиқ чеҳра билан кутиб олар, ўтиришга таклиф қилиб, аҳволимни суриштирар, қандай ўқиётганимни сўрарди.

Ростини айтсам, Фитратнинг уйи мен учун катта бир дорулфунун булди. Бу уйда мен Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон билан учрашдим, шу уйда шарқ мусиқасининг ҳақиқий гўзаллигини кашф этдим, унинг бениҳоя рангларга бой, битмас-туганмас бир хазина эканига ишонч ҳосил қилдим. Шу уйда Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Тошкентнинг машҳур хонандалари, созандалари ва мусиқашунослари билан учрашиб, улардан анча нарса ўргандим.

Юқорида айтганимдек, мен Фитрат хонадонига қатнай бошлаган кезларда, домла ўнлаб драматик асарларнинг, гўзал шеърий дасталарнинг, ҳар хил илмий асарларнинг муаллифи сифатида танилиб қолгандилар. Мен ҳам у кишини забардаст олим, истеъдодли ёзувчи, устоз муаллим, деб билар эдим. Яъни менинг назаримда, Фитрат ўта жиддий, ўта салобатли, унча-мунча нарсаларга қизиқавермайдиган, бунинг учун вақти ҳам йўқ бир кимса эди. Тез орада маълум бўлдики, менинг бу тасаввурим бутунлай нотўғри экан. Фитрат кўп нарсани қадрлайдиган, айниқса, мусиқани ҳаддан зиёд яхши кўрадиган одам экан. Ҳар ҳолда ўша кезларда ҳар ҳафтада бир марта Фитратнинг уйида мусиқа кечалари бўлиб турарди.

Бу кечаларда шоирлар ва олимлар билан бир қаторда Домла Ҳалим Ибодов, Ота Ғиёс, Ота Жалол, Абдуқодир Исмоилов, Абдураҳмон Умаров каби устоз санъаткорлар ҳам иштирок этарди. Бу кечалар тонг отгунча давом этар, уларда Шашмақом оҳанглари янграр, турли мусиқа асбобларининг садолари эшитиларди. Тез-тез мунозаралар бўлиб турар, шарқ мусиқасининг хусусиятлари, усуллари, нозик жиҳатлари тўғрисида тортишувлар бўлиб кетарди. Фитрат мусиқани, қўшиқни ғоят нозик ҳис қилиши билан бирга, куйдаги ҳар бир зарбнинг ўринли ёхуд ўринсизлигини пайқай оларди.

Ўша мусиқий оқшом иштирокчиларини эслаб, уларнинг маънавий дунёси нақадар бой бўлганига қойил қолишдан толмайман. Улар мусиқасиз яшай олишмасди, шарқ мусиқаси уларнинг ҳар бир ҳужайрасига сингиб кетгандай эди. Фитрат мусиқанинг чинакам фидойиси эди. У 26-йилларда мусиқа тарихига оид қимматли илмий асар яратди. Унда кўпгина мусиқа асбобларининг тузилиши билан бирга, пайдо бўлиш тарихини ҳам баён қилиб берган. Бундан ташқари, 20-йилларда у Бухорода мусиқа ўқув юрти ташкил қилди. Бу мусиқа мактаби ҳозир ҳам бор. Фақат таассуфлар бўлсинки, бугун ўша мактабни Фитрат барпо этганини камдан-кам одам билади. Ўша мактаб жамоаси шаҳар совети билан келишиб, мактаб деворига бир лавҳа осиб қўйса-ю, шу билан Фитратнинг руҳини хотирлаб турса, кўп савоб иш бўларди.

Фитратнинг мусиқага садоқатини кўрсатадиган яна бир воқеани биламан; 26-йилларнинг бошида у Бухоро Шашмақомини ижро этувчиларни тўплаб, Ота Ғиёсдан машғулот йўлини, Ота Жалолдан наср йўлини ёзиб олди. Сўнг Тошкентдан атоқли мусиқашунос Успенскийни чақириб олиб, унга ёнидан пул тўлаб, Шашмақомни нотага кўчиртирган. Кейинчалик бу ноталар Москвада босилиб чиқди. Унда «Фитрат ва Миронов таҳрири остида» деган ёзув бор. Ноталарнинг бир нусхаси ҳозирги кунда Ҳамза номидаги Санъатшунослик институтида сақланмоқда. Ўша кезларда классик меросни эъзозлаш эмас, таҳқирлаш, тепкилаб йўқотиш авж олган эди. Шундай шароитда Фитратнинг қилган иши чинакам жасорат ҳисобланарди. Бу жасорат туфайли, классик мусиқамизнинг муҳим бир қисмн келажак авлодлар учун сақланиб қолди.

Фитратнинг мусиқага муносабати ҳақидагина эмас, табиати тўғрисида, инсоний сифатларининг айрим жиҳатлари тўғрисида ҳам тасаввур берадиган яна бир воқеа эсимда. Юқорида айтганимдек, Самарқандда мусиқа ва хореография ўқув юрти бўлиб, у Шердор мадрасасида жойлашган эди.

Унда мусиқадан ўз даврининг таниқли созандалари дарс беришарди, адабиётни эса Ғулом Зафарий ўқитарди. Ўқув юртида талабалар вақти-вақти билан имтиҳон қилиб туриларди. Фитрат бу ўқув юртида ишламас, лекин ҳамма имтиҳонларда қатнашарди. Унинг иштирок этишига, саволлар беришига домлалар ҳам, талабалар ҳам кўникиб қолишганди. Бир гал домлалардан бирининг ўғли имтиҳон топширибди. У чилдирмада аллақайси куйни чалаётиб, битта «бум»ни ортиқча уриб юборибди.

«Бум» дегани чилдирманинг ўртасига уриладиган зарб, «бак» эса остига уриладиган зарб бўлиб, ҳар қайси куйда уларнинг миқдори қатъий белгиланган бўлади. У пайтнинг домлалари қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик деган нарсаларни билишмасди. Ўғлининг бир зарбни ортиқ урганига чидаёлмаган домла ғазаб билан ўдағайлабди: «Падаринг лаънат, «бум» йўқ эди-ку, бу ерда!» Фитрат қараса, имтиҳон бераётган боланинг иши пачава бўладиган. У дарров орага тушибди; «Домлажон, битта «бум» учун боланинг баҳосини туширмай қўяқолайлик». Фитратнинг орага тушганини кўриб, домла жаҳлидан тушибди.

Фитрат тажангроқ бўлса ҳамки, фикри тез ишлайдиган ҳозиржавоб одам эди. Зарур бўлғанда, бир лаҳзада керакли жавобни айтиб, харифини мот қилар экан. Бир куни бир талаба Фитратга мурожаат қилибди: «Домилажон! Мен сизнинг хатойингизни топдим!» «Хўш-хўш, — дептилар домла. — Қандай хато экан?» «Фалон мақолангизда «га» дейиш ўрнига «да» деб ишлатибсиз». Фитрат дарҳол жавоб берипти: «Эй, мулла! Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда «да» тугул, «ба» деб ёзар эдингиз».

Баъзан эса Фитратнинг топқирлик билан айтган гаплари зоҳиран юмшоқроқ, бўштоброқ кўринарди-ю, аслида жуда тагдор бўларди. Бундай ҳолларда домла киноя ва пичингдан моҳирона фойдаланарди.

Бир гал шундай воқеанинг гувоҳи бўлганман.

Самарқандга, Фитратнинг уйига Ғафур Ғулом келди. Бу кезларда у «ёш, умидли шоир» қаторида юрса ҳам анча танилиб қолган эди. Табиатдан қувноқ, ҳазил-мутойибани, аскияни яхши кўрадиган Ғафур Ғулом ҳадди сиғиб, Фитратга ҳам тегажоқлик қилаверар эди. Бу гал ҳам, у ҳазил оҳангда гап бошлади:

— Домла, сизни яна танқид қилиш бошланди-ку! Эринмаган одамнинг ҳаммаси сизга тош отяпти…

Фитрат, одати бўйича, паст овозда босиқ оҳангда сўради:

— Ҳа, сабаб? Нима қилибмизки, бизни яна танқид қиладилар?

— Нима қилардингиз! Ҳамма шоиру адиблар замонамизни мадҳ этиб асарлар ёзишяпти. Сиз бўлсангиз «лом-мим» деб мақтамайсиз.

— Нимани мақтай, ахир?

Ғафур Ғулом атайин, Фитратнинг жиғига тегиш учун, жиддий оҳангда дейди;

— Мана, тракторлар чиқди. Мақтангда ўшани.

—Ие, мулла Ғофир! Мен, ахир, унинг овозидан қўрқаман-ку, қандай мақтайин…

Фитрат кўп талабаларга устозлик қилган, кўп шоирларнинг асарларини ўқиб, уларни тўғри йўлга солишга уринган, лекин устоз сифатида ўта талабчан эди. Гапирган гапингиз, қилган-ишингиз, ёзган асарингиз дидига ўтирмаса, ҳеч аяб ўтирмасди. Кимлигингизга қарамай, кўнглидаги гапни рўй-рост юзингизга айтиб соларди: Айтса ҳам гўрга-я, жаҳли чиққанда, уйидан қувиб солишдан тоймасди.

Ҳамид Олимжон Самарқандда ўқиб юрган кезларида Фитратнинг шогирди эди. У Фитрат ёзган асарларни мукаммал ўрганиб чиққан, унинг маърузаларидан кўп озиқ олган. Булар билан ҳам қаноатланмай, Ҳамид Олимжон шеърият бобида ҳам Фитратнинг этагидан маҳкам тутган эди.. У ёзган шеърларини мунтазам—равишда Фитратга кўрсатиб борарди.
Афтидан, бундай учрашувларда Фитрат шеър ва шоирнинг қандай бўлиши кераклиги ҳақида Ҳамид Олимжонга анча нарса уқдирган бўлса керак. Хуллас, кунлардан бирида Фитратинг уйига Ҳамид Олимжон кириб келди. Кайфияти кўтаринки, ҳаракатлари шахдам. Аллақандай ички ғурур ва мамнуният билан Фитратга бир даста қоғоз узатди:

— Домла, мана, олтита шеър ёздим.

Фитрат уни ўтиришга таклиф қилиб, шеърларини ўқий бошлади. Аммо ўқиган сари пешонаси тиришиб, қовоқлари солина борди. Охири ғазабдан қўллари титрай бошлади. Олтинчи шеърни ўқиб бўлиши ҳамоно, шиддатли бир ҳаракат билан, шеърларни парча-парча илиб йиртди-да, Ҳамид Олимжон томонга улоқтирди.

— Булар шеър эмас, меър бўлипти. Сиз мен айтган гапларни яхши англамабсиз.

— Домла, нима гап ўзи? Нега бундай деяпсиз? — дея Ҳамид Олимжон Фитратни жунбушга келтирган сабабни англашга уринади. Фитрат эса буни тушунтириш ўрнига яна дағдаға қилади:

— Олтита эмас, иккита ёзинг. Лекин ёзганингиз шеър бўлсин!

— Домла…

— Чиқинг!.. .

Ҳамид Олимжон ўсал бир ҳолатда домланинг уйини тарк этишга мажбур бўлади. Қандай қилиб аламдан чиқиш йўлини ахтарган Ҳамид Олимжон кейин ўйлаб қараса, Фитратнинг гаплари тўғри—боягина ўзига доҳиёна туюлган шеърлар ўта ғариб, бенаво… Орадан анча вақт ўтди. Ҳамид Олимжон иккита шеър ёзиб, яна Фитратнинг ҳузурига келади. Бу гал ҳам домла шеърларини синчиклаб узоқ ўқийди, сўнг чинчалоғининг бир бўғинини кўрсатиб, дейди:

— Ана энди Ҳамиджон гапларимни шунчасини тушунибди.

Фитрат ғоят нуфузли, қисқа муддат ичида одамлар ўртасида иззат-икром қозона оладиган, шоир сифатида ҳам, олим оифатида ҳам эътибори баланд одам эди. Бу гаплар фақат менинг гапим эмас. Фитратни яхши билган танишларимнинг анча-мунчаси унинг тўғрисида оғзидан бол томиб гапиради. Улардан бири Султон Умаров.

Бу киши атоқли олим, йирик жамоат ва давлат арбоби эди. Султон Умаров ҳам Ўзбекистон, ҳам Тожикистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлган, Ўрта Осиё давлат дорулфунуни ректори, Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Совети Раисининг муовини, Тожикистон Фанлар академиясининг президенти лавозимида ишлаган. Фитрат билан боғлиқ воқеаларни менга айтиб берганида эса, Султон Умаров ҳали аспирант эди. Бу воқеа, афтидан, 30-йилларнинг бошида бўлган экан. Ўшанда Султон Умаров Ленинградга илмий командировкага борадиган бўлиб қолипти. Жўнашидан олдин жумҳурият раҳбарларидан бири у кишини ҳузурига чақирибди.

Шу кунларда Фитрат домла ҳам Ленинградга бориб, аллақандай илмий кенгашда иштирок этмоқлари кераклигини айтиб, Фитратдан бохабар бўлиб туриш Султон Умаровнинг зиммасига юкланибди. Фитрат рафиқаси билан Ялтада дам олаётган экан. Ўша ердан Ленинградга борибди. Султон Умаров меҳмонхонага келиб, Фитратни кенгаш бўладиган жойга кузатиб қўйибди. Ўшанда ёш аспирантни ҳайрон қолдирган нарса шу бўлибдики, Фитрат домла залга киришлари билан, донгдор шарқшунос олимлардан иборат мажлис аҳли у кишининг истиқболига оёққа қалқибди. Бунақа иззат-ҳурмат камдан-кам олимга насиб этади!..

Фитратнинг ниҳоятда зўр шоир экани ҳақида Лоҳутий айтган бир гап сира эсимдан чиқмайди. 30-йилларнинг ўрталарида мен Лоҳутийнинг бир шеърига куй басталадим. Шу муносабат билан орамизда яқинлик вужудга келди. Аниқ эсимда йўқ— 1939 йилмиди ёхуд бироз кейинроқми—ҳар қалай, Лоҳутий билан кўришиб, анча суҳбатлашиб, ўтириб қолдик. Гап айланиб Фитратга келди.
Шунда Лоҳутий бир воқеани айтиб берди: «Ҳа, Фитрат «халқ душмани»ку-я, лекин зўр шоир-да! Бир куни мен нима муносабат биландир унга шеърий мактуб ёздим. Кейин унинг жавобини кута бошладим. Ҳадеганда Фитратдан жавоб келавермади. Кута-кута, тоқатим тоқ бўлиб, энди жаҳл отига қамчи урабошлаган эдим, почтачи мактуб келтириб қолди. Фитратдан. У ҳам шеърда ёзипти. О, ана шеъру ана — санъат! Ўқиб чиқиб лол қолдим. Йўқ, шоир мен эмас эканман, «халқ душмани» бўлса ҳам Фитрат шоир экан!»

Айтиш керакки, Абулқосим Лоҳутий ҳазилакам шоир эмас эди. 1934 йилда у СССР Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарларидан бири бўлиб сайланди. 1934 йилдан кейин, Фитрат ҳақида биронта ижобий гап айтиш хатардан холи эмасди. Юқоридаги гапни айтишга Лоҳутийни ҳеч нарса мажбур қилгани йўқ. Шунга қарамай, Фитратнинг шоирлигига бу даражада баҳо берган экан, Лоҳутий завқ-шавқини ичига сиғдиролмаган, ҳақиқатни айтиб, юрагини бўшатиб олишга эҳтиёж сезган.

1956 йили Фитрат оқланди. Шундан кейин, кўп йиллар мобайнида, мен шу муборак зотнинг хотирасига муносиб бирон иш қилишни ўйлаб юрдим. Ниҳоят, унинг шеърларидан бирига куй басталаб, шу йўл билан жиндай бўлса-да, у кишининг руҳини шод қилдим. «Нега тарк этдинг мени?» деб аталадиган бу романс ҳозир нашр этилган, кенг ижро этиляпти. Бироқ ўзим басталаган романсни тилга олаётган эканман, буни мақтаниш учун ёхуд ижодимни кўз-кўз қилиш учун айтаётганим йўқ, албатта. Мен шу баҳона Фитрат шеърининг драматизмга тўла ижодий тарихини айтиб бермоқчиман.Шеър қўйидаги банд билан бошланади:

Гўзалим, бевафо гулистоним,
Боғи умримда тоза райҳоним,
Ғаму қайғуларин ҳужуминдан
Сен эдинг меҳрибон нигоҳбоним,
Мени беҳуда ташладинг кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да, тарк этдинг?

Шеърнинг қолган бандларини келтирмайман, у бир-икки йил аввал «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасида тўла эълон қилинган. Шеърнинг ижодий тарихи қeйидагича: Ҳижрон дардига тўла ҳар мисрасидан айрилиқ изтиробларининг дуди анқиб турган ғоят мунгли ва айни чоқда, ғоят нафис ёзилган бу шеър опам Фотима Бурҳоновага аталган. Юқорида айтганимдай, амакиларим опамни Фитратга 1928 йили беришган экан.

Бу пайтда Фитрат 42 ёшда бўлиб, икки марта ўйланишга улгурган эди. Аммо нима сабабдандир бир хотини билан муросаси келишмаган, иккинчи хотини эса вафот этган. Фотима опам билан Фитрат уч йил ширин турмуш кечиришган, кейин ажралишган. Аммо бу ажралиш ҳар икковларининг ихтиёрларига зид ўлароқ, менинг акам Мисбоҳиддиннинг тазйиқи билан бўлган.
У киши Фотима опамни Фитратга беришгани учун амакиларимдан ғоятда норози бўлган. «Нечун синглимизни турмуш қурган одамга беришди?», деган алам унга тинчлик берган эмас. Умуман, акам билан амакиларимнинг оралари илгари ҳам унча илиқ бўлмаган…

Хуллас, Мисбоҳиддин Бурҳонов 1931 йили Фотима опамни Самарқанддан Душанбега чақиртириб олиб, Қуръони каримни ўртага қўйиб, Фитратдан ажралишга қасам ичиради. Опам содда, художўй аёл эди. Табиийки, у қасамини буза олмайди, чунки мусулмончиликда қасамхўрлик энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади.

Самарқандга қайтгандан сўнг, у Фитратнинг уйидан чиқиб кетади. Бу Фитрат учун жуда оғир зарба бўлади. У анча вақтгача ўзига келолмай юради ва юрагидаги бор дардини қоғозга тўкиб солади. Шу тарзда «Нега тарк этдинг мени?» деган шеърий мактуб дунёга келади. Опам бу мактубни умрининг охирига қадар кўз қорачиғидай авайлаб сақлаган. Мен у кишининг вафотларидан сўнг, қоғозларини кўздан кечираётиб, мактубни топиб олдим ва ундан нусха кўчирдим.

«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort