Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Чўлпон ҳақида билганларим…

Чўлпон ҳақида билганларим…
08 Mart 2018 - 9:00 'да юкланди ва 1087 марта ўқилди.

Мутаваккил Бурхонов. Нурли сиймолар (1991)
(Фитрат ва Чўлпон хақида хотиралар)
(Давоми)

Иккинчи ҳикоя

Энди Чўлпон ҳақида билганларимни айтай.

Самарқанд пойтахтлик вақтида Чўлпон ҳам шу ерда истиқомат қиларди ва Фитратнинг уйига тез-тез келиб турарди. Умуман, Фитрат билан Чўлпон ёшлари жиҳатдан, ораларидаги тафовут анчагина бўлса-да, жуда қалин дўст эдилар. Улар бир-бирларини жуда ҳурмат қилишар, бир-бирларининг истак ва хоҳишларига ғоят эътибор билан қарашар, бир-бирларининг билимларию истеъдодларини ҳурмат қилишарди. Уларнинг дўстлиги 20-йилларнинг аввалиданоқ бошланган эди.

Маълумки, Чўлпон 1921 йилдан бошлаб,бир неча муддат мобайнида Бухорода яшаган ва «Бухоро ахбори» рўзномасида ишлаган. Қулоғимга чалинган гапларга қараганда, Чўлпонни Бухорога Фитрат таклиф қилган. Фитрат у пайтларда Файзулла Хўжаев раҳбарлигидаги Бухоро Халқ жумҳурияти ҳукуматида нозир бўлган ва шу мавқеидан фойдаланиб, Чўлпонни «Бухоро ахбори» рўзномасига муҳаррир сифатида ишга таклиф қилган.

Чўлпон ўрта бўй, тўлачадан келган, доимо юмалоқ гардишли оддий кўзойнак тақиб юрадиган одам эди.

У жуда серандиша, одамларга бехосдан озор бериб қўйишдан чўчийдиган, кўнгилчан ва чинакам шоирона табиатга эга эди. Арзимаган нарсага хуноби ошиб, фиғони фалакка етар, асабийлашар, яна арзимаган сабаб билан кайфияти жойига келиб қоларди.

Бир куни Фитратнинг уйига келсам, айвонда Чўлпон асабий бир ҳолатда у ёқдан бу ёққа юриб турибди. Салом бердим, нега кайфи бузуқлигини сўрадим. «Э, домланинг уйига меҳмонлар келган. Ҳаммаси бизни ёмон кўрадиган катталар. Яна хотинлари билан келишган. Улар тирноғимиз тагидан кир қидириб юрибди-ю, Фитрат домла уларнинг тегирмонига сув қуймоқда!».

Ҳеч нарсага тушунмай, яна суриштирдим. Фитратдомла меҳмонларга: «Қани, олинглар, олиб ўтиринглар», деб одатдаги манзиратни қилибди, меҳмон аёллардан бири: «Мен оляпман, мана, олдимни кўринг», деб жавоб берибди. Фитрат эса дарҳол сўз ўйини айтибди-ю, аёлни ўсал қилибди. Чўлпон шунга хуноб бўлаётган экан. Гаплашиб турганимизнинг устига, ичкаридан Фитрат чиқиб қолди. Чўлпоннинг асабий ҳолатини кўриб, унга сўз қотди: «Ие, ҳали ҳам хунобмисиз, бас-да! Ахир, узр сўрадим-ку!» Буни эшитиб Чўлпон яна тутақди: «Э, қўйинг-е, домла-ей, шунақа ҳам бўладими?! Расво қилдингиз».

Чўлпонни Фитратникида кўриб юриб, унинг яна бир хислатини билиб олдим — у ҳам мусиқани жуда-жуда яхши кўрар экан. Шашмақом садолари янграганда Чўлпон сел бўлиб, бутун вужуди қулоққа айлангандай, бир маромда чайқалиб ўтириб тингларди. Қулоғи мусиқада-ю, ҳаёллари жунбушга келиб, нималарнидир кўз олдига келтираётгани сезилиб турарди.

У эшитган куйларини юрак-юракдан жуда чуқур ҳис қиларди. Буни комил ишонч билан айтаётганимнинг боиси бор. Баъзан шундай бўлардики, Чўлпон бир куйни берилиб тинглаб, ундан бағоят мутаассир бўлиб, чиқиб кетарди-да, икки-уч кундан кейин шу куйга мослаб шеър ёзиб келарди. Бу шеър эса авалги сўзларга қараганда, куйга ўн чандон, юз чандон мосроқ бўларди.

Чўлпоннинг «Галдир» деган шеъри бунга мисол бўла олади. У халқ куйига мослаб, дутор тилидан, дутор туйғуларини изҳор қилувчи ажойиб лирик шеър яратган. Чўлпоннинг ўзи қўшиқ айтмас эди, лекин, жиндай дутор чертарди. Назаримда у дуторни чертган одамни ҳам яхши кўрарди ва дуторни алоҳида бир меҳр билан суярди. У Самарқандда турганида Солиҳа деган хотини бор эди. Солиҳа ажиб бир маҳорат билан дутор чаларди.

Чўлпон билан сўнгги марта 1936 йилнинг октябрь ойида Тошкентда, унинг Революция хиёбонидаги уйида учрашганман… Бунинг тарихи қуйидагича: 1936 йилнинг сентябрида мен Москвада опера студиясида ўқимоқда эдим.

Бирдан мени Тошкентга чақириб телеграмма келиб қолди. Телеграммага Муҳиддин Қориёқубов имзо чеккан эди. Қориёқубов ўша кезларда янги тузилган Ўзбекистон Давлат филармониясининг бошлиғи эди. Филармония олдида катта вазифалар турар, шунинг учун Қориёқубовга уни кадрлар билан мустаҳкамлашга ижозат беришган эди. Қори ака филармониянинг бадиий раҳбарлигига Маннон Уйғурни чақирипти.

Мени эса хормейстер этиб таклиф қилипти, тўғрироғи, тайинлапти. Тошкентга келиб, филармонияга боришим биланоқ, Қори ака: «Ўқишингни бироз кечиктирасан, ҳозир декада концертини тайёрлайсан», дея кўрсатма берди. Ноилож, кўнишга мажбур бўлдим. Узлуксиз репетициялар бошланди. Бир куни Қори ака мени ҳузурига чақириб қолди. Кирсам, хонада Уйғур ҳам ўтирган экан. Қори ака жуда жиддий оҳангда гап бошлади:

— 1937 йилда Москвада бўладиган ўзбек адабиёти ва санъати декадаси катта концерт билан якунланиши керак. Унда Совет ҳукумати ва коммунистик партия раҳбарлари иштирок этади. Эҳтимол, ўртоқ Сталиннинг ўзлари иштирок этсалар ҳам ажаб эмас. Табиийки, бу концертда энг яхши кучларимиз энг яхши номерларини зўр маҳорат билан кўрсатиб, санъатимизнинг бугунги қиёфасини намойиш этмоқлари зарур.

Концертнинг финали зўр бўлмоғи керак. Унда улуғ Сталин ҳақида тантанали хор янграмоғи лозим. Худди шу масалада қийналяпмиз. Қонцерт финалида ижро этишга муносиб шеър тополмаяпмиз. Хуллас, шу ишни сенга топширмоқчиман.

Сен Чўлпон билан эскидан танишсан. Борди-келдиларинг бор. Чўлпоннинг олдига бориб аҳволни тушунтирасан. Сталин тўғрисида зўр бир шеър ёзиб берсин. Чўлпоннинг аниқ ваъдасини олмай келма!

Ҳақиқатан ҳам, топшириқ жуда нозик ва ўта масъулиятли эди. Ахир, Москвада ҳукумат концертида шахсан ўртоқ Сталиннинг ҳузурида ижро этиладиган қўшиқнинг матнини ҳам, куйини ҳам ҳаммага буюриб бўлмайди-да! Айни чоқда, бу ғоят шарафли топшириқ.

Сталин ҳақида қўшиқ ёзган одамга ҳамманинг ҳам қўли етавермайди. Бундай одамга маломат тошларини отсанг, у ярим йўлдан қайтиб, сенинг бошингга тегиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳаммадан ҳам муҳими — қўшиқ муаллифлари декадага олиб борилади, якунловчи концертда қатнашмоғи керак. Мабодо, ўртоқ Сталин, «бу қўшиқнинг муаллифлари қани, бир кўришиб қўяй», десалар, «мана, улар», деб кўрсатиш керак-да.

Мабодо, Сталин кўрмаган тақдирда ҳам, барибир, Москвадан қуруқ қайтилмайди — биронта унвонми ё орден-медаль эгаси бўлиб қайтилади. Хуллас, истиқбол порлоқ… Ана шундай уйлар билан Чўлпоннинг эшигини қоқдим. Эшикни Чўлпоннинг ўзи очди. У мени сира кутмаган эканми, ташрифимдан ажаблангандай эди. Шундай бўлса-да, хушнудлик билан қарши олди.

Ичкарига кирдик. Камсуқумгина дастурхон ёзилди. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Суҳбат давомида ётиғи билан мақсадни англатдим. Қориёқубовнинг таклифини эшитиб, Чўлпон анчагача ўйга толди кейин чуқур хўрсиниб, жавобга оғиз очди.

— Ўзингиздан қолар гап йўқ, Мутаваккилжон. Сталин ҳақида шеър ёзиш мен учун сира-сира қийин эмас. Керак бўлса, бир кечада бунақа шеърлардан ўнтасини ёзиб бераман. Аммо масаланинг бир томони бор: Кўриб турибсиз, кейинги пайтларда менга тўрт томондан ҳужум бўляпти. Бошим устида булутлар жуда қуюқлашди. Мабодо, бирор фалокат рўй берса, менинг шеъримга куй басталаган композиторни соғ қўйишармикан. Мутлақо бегуноҳ одамлар ҳам бесабаб жувонмарг бўлиб кетишмасмикан?..

Мен хайр-маъзур қилиб чиқиб кетдим-да, бориб Қориёқубов билан Уйғурга Чўлпоннинг жавобини айтдим. Улар: «Ие, бу ёғини ўйламабмиз-ку», деганча бир-бирларига тикилиб қолишди.

Орадан кўп ўтмай Чўлпон қамалди, халқ душмани сифатида отилди. Аммо мен унинг «халқ душмани» эканига ишонолмай, узоқ вақт руҳий азобларда қийналиб юрдим.

Фитрат билан Чўлпон маданиятимиянинг икки буюк нурли сиймоси эдилар. Тақдир менга улар билан кўришиш, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш бахтини ато этди. Энди билсам, уларнинг давраларида, улар билан ҳамсуҳбат бўлиб ўтказган фурсатларим умримнинг энг нурли фурсатларидан экан.

«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан.

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort