Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қанча ёвни еди бир ўзи…

Қанча ёвни еди бир ўзи…
08 Mart 2018 - 6:00 'да юкланди ва 684 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(34-қисм)

Шунда кунни босиб қора тун,
Бир қароргоҳ гавдаланди соз.
Ой сузарди кўкда беустун,
Келин бўлган қиздай этиб ноз.

Авазниёз йўқотиб ҳушин,
Ҳайратланиб кузатарди, лол.
Тушунмасди дунёнинг ишин,
Ҳорғин куздай эди бемажол.

Ой нуридан, кўзгудай равшан,
чалинарди кўзга қароргоҳ.
Гулхан атрофида ўн посбон,
Бедов отдай ҳушёр банагоҳ.

Ўрис қўнган эди йўлида,
Талаб келар экан бор жонни.
Чексиз Қорақумнинг бағрида
изламоқда эди Ўғлонни.

Пайдо бўлди шунда кўланка,
Қароргоҳга яқин ўртада.
Чодирлардан пусиб ўтди-да,
Ётиб олди қумликка шартта.

Кейин яна ўрнидан туриб,
Чодирларга кирди у бир-бир.
Бирпасдан сўнг кечага уриб,
Тун қаърига сингиди ёвқур.

Авазниёз кўзларида тонг –
оқарди он, қоқмасдан киприк.
Кўриб мерган қотиб қолди донг,
Қумда турар юз чоғли ўлик.

Қўйдай бўғизланган бариси,
Ётар қизил қонга бўялиб.
Орзусидай тиниб юраги,
Армонлари қумга тўкилиб.

Тирик қолган олтмишта аскар,
ҳеч нарсага етмасдан ақли,
афсус чекар, бариси бекор.
Истар ишни қилмоқ бир ёқли.

Қароргоҳни шундай қолдириб,
От чоптириб чиқдилар кўп тез.
Қумга мактуб ёзиб, куйдириб,
Кетган фақат битта ёлғиз из.

Бир кимсанинг шунчалик ишни
қилганига ишонмай лашкар –
йўқотганди бошидан ҳушни.
Қўмондон ҳам лол эсанкирар.

Бир зум қотиб турди-да оғир,
Издан солди лашкарлар бедов.
Эсар эди гармсел ғир-ғир,
Чўл сочарди оғзидан олов.

Кўп йўл босди аскарлар, ҳорғин,
Узоқлардан кўринди қўра.
Қотил шунда деб ўйлаб, тағин
хезландилар қасддан тобора.

Бир қўйхона эди ташландиқ,
Эски қўра эди нураган.
Из кирганди қўрага аниқ,
Аммо ундан чиқиб кетмаган.

Яқин келмасидан ёв ҳали,
Ёпирилди ўқлар ёмғири.
Душман ортга қочар маҳали,
Уч-тўртининг чиқди ғалвири.

Бир из кирган бўлса ҳам бунда,
Кўп одам деб душман қилди ўй.
Бирдан ўтиб ҳужумга шунда,
Истадилар шоқолбазм, тўй.

Ҳамма бўлиб бир чизиқда тўп,
Ёриб кирмоқ этдилар хаёл.
Қон ичмоқни истадилар хўп,
Аламлардан тийиқсиз шамол.

Гир атрофдан келмоқчидай дам,
Сочилдилар тўрт томонга тоқ.
Кутмаганда бўлдилар бирдам,
Чўлга тушди ваҳима, титроқ.

Милтиқлардан ёғилганда ўқ,
Чиқди мияларин қатиғи.
Қўмондони яна бўлиб зиқ,
Қайтди, борҳо чиқди аччиғи.

Деди: – Туйди фикримизни ёв,
яна бўлди аскарлар нобуд.
Бизга бунда ҳар бир нарса – ғов!
Фиғонидан чиқар эди дуд.

Кутмаганда мантиқ этиб у,
Сезиб қолди ҳийлани шайтон.
Деди: – Фақат битта одам-ку!
Милтиқлари кўп экан чандон!

Ўрис аскари еб талофат,
Бисёр эди юрагида ўч.
Уни еяр эди бу офат,
Ҳаракати кетар эди пуч.

Пистирмадан туриб неча бор,
Ёв қўрага қиларди ҳужум.
Эски пахса мисли тош девор
каби турар, ён бермас бир зум.

Ҳар даъфада душманга қарши
ўн милтиқдан отилади ўқ.
Ким ўзи у, дов бермас киши,
Вулқон каби ёғдиради чўқ!

Сурункали ҳийла, найранг, жанг
силласин қуритди барибир.
Ўқи тугаб, аҳвол бўлди танг,
Душман кутар, чиқади ҳозир!

Пистирмадан чиқмайди ҳеч ким,
Ёвнинг бўлар тоқатлари тоқ.
Ақли етди, бўлмайди таслим,
Керак бошқа тадбир ўйламоқ.

Тугагани ростдир ўқ-дори,
Қолмаганди душманда шубҳа.
Зарур эмас ортиқ тадори,
Ўқ отарди, у магар, йўқса.

Тўрт томондан эмаклаб душман,
Қўра сари судралди, илон.
Жавоб бермас эди у мерган,
Гўё таслим қилган эди жон.

Душман кўриб ғанимни шу тоб,
Кўзи чиқди ўтхонасидан.
Тилин тишлаб, ичида хитоб,
Ақли қочди эсхонасидан.

Ётар эди бир туркман Қизи,
Юрагига қадалган ханжар.
Қанча ёвни еди бир ўзи,
Аёл эмас,  Бўри бу, Аждар!..

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort