Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қанақа гўзал тасодиф!

Қанақа гўзал тасодиф!
09 Mart 2018 - 8:00 'да юкланди ва 1280 марта ўқилди.

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

11-ҚИСМ

Москвадаги отел бу сафар люкс эмасди. Тавфик Маликов турклар учун икки кунга Академия меxмонхонасидан хона ажратган эди.

Коллокиюм бир йил Туркияда бир йил Совет Иттифокининг турк жумҳуриятларидан бирида ўтказилиши керак эди. Биринчи йиғилиш Бокуда ўтиши мўлжалланганди. Бокуга кетиш учун эса Москвада икки кун овора бўлиш лозим эди. Боку ҳайъати рўйхатига Tошкентга борганлардан фақат турт киши: профессор Оқтош, профессор Эрйигит, профессор Ойдамир, ва Эрйигит хўжа илтимоси билан, Ўғуз Думон киритилганди. Қолган олимлар янги эди.

Ўғуз Истанбул ҳаво майдонида профессор Ойдамарни кўриб, севинганди.

–Нехабар бор, Ўғуз, — дея қўпол xазил билан гап бошлаганди бу қувноқ хўжа.

Академиянинг нонушта қиладиган буфети иккинчи қаватда жойлашганди. Ўғуз хўжалар ўтирган столдан чеккароққа ўтирди.

Ўгал хўжа:

–Ўғуз, кел ўғлим, тортинма. Мана, Ўрхон Шоик хўжа билан таниш. У билан гаплашиш фурсатидан фойдалан, — деди.

–Сизни безовта қилмайин, хўжам, — деди Ўғуз тортиниб.

–Кел, Ўғуз, Баҳовуддин билан нима гаплашаётганимизни эшит!

Ўғуз курсусини хўжаларга яқин тортиб, ўтирди. Кейин Ўрхон Нодий ва Тавфиқ Маликов даврага қўшилди.

–Баҳовуддин, — деди Ўрхон Шоик Гўкёй хўжа, — ҳақиқатан Хитой манбаларида турклар ҳақида қайд шу қадар кўпми?

–Хўжа, тарихимизнинг илк минг йили хитой манбаларида қайдлидир, — деди Баҳовуддин хўжа, — кейинги асрларда-да Хитой ҳудудида яшаган туркларнинг тарихи хитойлар тарафидан муфассал қайд этилган.

–Раҳматли профессор Тўғон доим “хитойчани билмасдан туриб, турк тарихини ёзиш мумкин эмас” дерди.

–Мен ҳам шу фикрда бўлганим учун хитойчани ўргандим, — деди Баҳовуддин хўжа.
Ўрхон Нодий хўжа:

–Баҳовуддин хўжа фақат хитойча орқали эмас, олмон синологлари воситаси билан ҳам хитой манбаларидан фойдаланди, — деди.

–Сиз Москвада кунингизни хитой манбаларини тортишиб ўтказмоқчимисиз? Буни Бокуда гаплашамиз, — деди профессор Маликов.

Ўрхон Нодий:

–Маликов тўғри айтаяпти, — деди, кейин Ўрхон Шоик Гўкёйга юзланиб:

–Хўжам, биз Тавфиқ билан академияга кетамиз, сизлар вақтни йўқотмай Москвани томоша қилинглар. Mаҳмат билан Сўнарнинг тажрибаси бор, сизга шаҳарни кўрсатишади. Ҳа, Ўғуз ҳам бор, у ҳам бу ерга иккинчи марта келиши…

***
Ўғуз ётоғига кираётиб, ўйлади. “Бу ватан кимники?” шеърининг муаллифи масхарачи эди. “Истеxзо законинг порлашидир”, деганди Эрйигит хўжа, аммо Ўрхон Шоик Гўкёй хўжа танқидда ортиқча шафқатсиз эди. Унинг боғига дастурсиз кирмоқдан ҳамма қўрқарди. Лекин профессор Оқтош “ҳамма” категориясига кирмасди. У кўп нарсани биларди. Гўкёй хўжа билан тенг гаплашаоларди. Қолганлари хўжадан чекиниб туришарди. Хатто ҳазилкаш Ойдамир хўжа ҳам Гўкёй қаршисида “оғзига қараб” гапирарди. Профессор Дўғон Гўкман тегирмон юзли, бодомқовоқ бир ўртаосиёли эди. Унинг латифалари одамлар билан алоқада энг қулай восита эди. Эрйигит хўжа “Дўғон латифа профессори” дерди уни. Профессор Суод Сарварўғли жиддий ва камгап киши эди. У Ўғузнинг Ироқда бўлганини эшитиб, “Орзу-қамбар”ни ёзиб олдингми, деб сўради. Ёзиб олдим, деганда жуда қувонди ва Ўғуздан “бир нусхасини менга ҳам бер” деб илтимос қилди.

Ўғузнинг уйқуси қочганди, ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Москва кечалари жодули эди. Соат кечаси ўн иккига яқинлашибди, xанузгача қоронғулик тушмаганди. Кўчалар кенг, машина ва одамлар сийрак эди. Ора-сира ширакайф эркак-хотинлардан иборат гуруҳлар ўтиб қоларди.

Бу майдон нақадар кенг, бу дарахтлар нақадар юксак эди! Гўё кўкка узаниб, панжаларини Оллоҳга очгандай эдилар. Мингларча япроқ оxангли қимирлаши билан бу бўшлиқни тўлдирар экан, “Оллоқ йўқ” деб айтиш мумкин эмасди. Нуx тўфонининг Бобил таблетларида ёзилганлиги муқаддас диний китоблардаги воқеаларнинг ҳақиқат эканлигидан далолат бермайдими? Ваҳийнинг илоҳий ҳақиқати кейинроқ Мессопотамияда бузиб талқин қилинган бўлиши мумкин-ку? Қуръонда пайғамбарларга келган ваҳийнинг кейинги авлодлар тарафидан бузилгани ва унутилгани ҳақида ёзилган-ку.

Аммо Ўғузнинг миясига маълум бир савол қайта-қайта ҳужум қиларди:

–Нимага муқаддас китоблардаги воқеалар фақат Ўрта Шарқ ҳудудлари ичида қолиб кетган? Оллоҳ сўзлари нега Ўрта Шарқ билан чегараланган?

Бу саволни Ўғуз илоҳиётчи олимга ҳам берганди. Олим “муқаддас китоблар ўша китоб индирилган минтақа халқига хитоб қилгани учун ўша минтақа билан чегаралангандир, ки уларга тушунарли бўлсин. Хатто баъзилари жўн афсоналарнинг муқаддас китобларда тасвирланиши тушунарли бўлиши учун қилинган эди”, деди. Хуллас, масала педагогик метод, услуб масаласи эди. Мантиқли фикр эди бу, аммо Ўғузнинг бошини гаранг қилган саволни ечишга бу фикр ҳам ожизлик қиларди.

Владимир Илич Лениннинг мияси ҳам шундай фикрлар билан машғул бўлган бўлиши керак. Акс ҳолда, бу кенг майдонда бошини кўкка тикиб турмасди.

Ҳайкал пойида, қўлида “водка” шишасини ушлаб ўтирган ночор одам бу ҳашаматли ҳайкалга ярашмасди. Лениннинг боши осмонда, палтосининг этаклари шамолда xилпирар, кўзлари узоқларга боқарди. Олмониядан Петербургга поездда йўлга чиқаркан, унинг миясида инқилоб чақмоқлари чақарди. Илоҳий китоблар ҳақида фақат Швецарияда ўйлаган бўлиши мумкин. Бу китобларни аввалига эксплуатация воситаси сифатида қўлланишни ўйламаган…

Ленин ҳақида бу қадар жиддий ўйлай бошлаганидан Ўғуз ўзи ҳам xайрон бўлди. Ҳар ҳолда, ҳайкалнинг тарихий xайбати бунга сабаб бўлганди.

Горбачев ким? Бир тафтишчи, ревизионистми? “Перестройка” баъзи ғарб мутафаккирлари айтганидай, коммунизмнинг ўлими бўлиши мумкинми? Лениннинг мамлакат узра ёйилган соясига қараганда коммунизм яна узоқ яшаши керак.

***
Учок Боку ҳаво майдонига қўниб, тўхтаганида трап ёнида кутаётганлар гуруҳи кўринди. Эрйигит хўжа қўлида гул тутган калта бўйли, оқ сочли одамни таниди. Ҳудди расмларда кўргани каби бурни ва кўзлари йирик эди. Эрйигит хўжа ерга оёқ босар-босмас, уни келиб қучоқлади:

–Сен ҳақлисан Мaxмат, — деди у, — Ереван деган жой бир замонлар туркнинг Равон хонлиги эди. Уларга бир қарич ҳам тупроқ бермаймиз.

Бу одам билан Mаxмат Эрйигит биринчи марта кўришаётган бўлса-да, ҳудди узоқ йиллардан бери бир-бирини танигандай эдилар. Бу профессор Замонов эди. У профессор Эрйигитнинг “Турк адабиёти” журналида чиққан бир мақоласини эслади. Кейин Эрйигит хўжа Замоновнинг 60-йилларда арманиларга қарши Нахчиванда митинг уюштирганини сўйлаб берди. Замонов исмини эшитиб, Ўғуз ҳам кулимсиради. Замоновнинг юборган китоблари учун Отатурк кутубхонасида алоҳида бир бўлим ташкил килинганди.

–Mаxмат, — деди Замонов, , — мен сенинг бу қадар ёш эканингни билмасдим, сени бир оқ сақол тасаввур қилгандим.

Озорий туркларининг шеваси Ироқ турклари шевасига жуда ўхшарди. Фақат озорийларда “айн” ва “xо” товушлари бўғиздан чиқмасди. Яна бир фарқ… Яна бир фарқ шунда эди-ки, бирорта озорий зиёлиси нутқ отар экан тутилиб қолмасди. Сўзлар оғизлардан сув каби узлуксиз оқарди.

Оқшом емаги учун “Озорбайжон” отелининг емакхонасига тушганларида одам кўп эди. Балки 30-40 киши бор эди. Ҳар хил мева, қуруқ емиш ва ичкиликлар билан дастурхон тўлганди. Ўғуз ўтиришга жой ахтараётганида ёнида бир шарпа сезди. Ўгирилиб, тили тутилгудай бўлди, уни қучоқлаб кўришаётган Гулнор эди.

–Қанақа гўзал тасодиф!, — деди Гулнор.

Ўғузнинг тили базўр калимага келди:

–Сен, — деди у, — демак сен ҳам бу ердасан, Гулнор!

–Ҳа, мен ҳам шу ердаман, энди кел, сенга курсатай, яна ким бор экан, — дея Ўғузнинг қўлидан ушлаб судради қиз.

Aнвар Mурод билан Эрйигит хўжа қуюқ суҳбатга кўмилгандилар.

–Узр, Mаxматбей, — деди Гулнор, кейин Aнвар Mуродга юзланиб: — Aнвар ака, менинг ёш касбдошим Ўғуз ҳам келибди, танишинг, — деди.

–Хуш келибсан, Ўғуз, — деди Aнвар Mурод ва ёнидан Уғузга жой очди. Кейин яна суҳбатга давом этаверди.
Бу кеча озорийларнинг оғзидан бол томарди. Шомил Алиев сокий этиб сайланганди. Унинг иши меҳмонларга ширин сўзлар айтиб, қадаҳ кўтартириш эди.

Ўғуз озорийларнинг нега бунча ширин нутқ отиш сирини англади. Зиёфатлар нутқ отиш дарслари эди. Шомил Алиев илк қадаҳни Ўрхон Шоик Гўкёй учун кўтариб, уни “қўрқутчи”лар (Дада Қўрқут) пири деб улуғлади.

Ўғуз бунча илтифот сўзларининг бир ерга тўпланганини кўриб ҳайратланди. Озорийлар мақтовни “таърифлама” дейишарди. Таърифламада мақталаётган одамнинг нормал фазилатлари эмас, энг ижобий тарафлари кўкка кўтарилиши лозим эди.

Илк қадаҳ Гўкёй ҳўжа шарафига кўтарилгани яхши бўлди, хўжа гўзал нутқ қилди. Ўрхон Нодийнинг илтимоси билан узун бир шеър ҳам ўқиди.

Ўғуз аслида Гулнор билан гаплашишни истаса-да, зиёфат нутқлари, “таърифлама”лар ҳам уни жуда завқлантирарди…

Турк ҳайъати таклифи билан соат 24-ларда денгиз соҳили бўйига сайрга чиқишди.

Июл ойининг бошлари, денгиздан илиқ шабада эсарди. Хазор денгизи Қоф тоғининг орқасидаги афсонавий денгиз эди. Соҳилда одим отаётганлар оқ, қўнғир ва қора сочлари билан, ўртаосиёли кўзлари билан гўё замон-макондан ташқаридаги мавжудотлар эди. Улар асрлар оша суҳбатлашаётгандилар, бир-бирларига юракларини тақдим этаётгандилар. 1988 йил июл ойида Хазор ўзининг энг бахтли кечасини яшаётганди. Истанбул ва Tошкентдан келган шабада таъсирида секин тўлқинланди, оқ кўпиклари билан соҳилда юраётганларга кулимсиради. Ўртаосиёли кўзлар Хазор кўпигининг саломини олдилар. Бу соҳил соҳил бўлгандан бери, бу майдон майдон бўлгандан бери шундай тўлқинланган юраклар кўрмаганди. У кеча фикрлар, ҳаёллар, савдолар учрашди, у кеча сочлар учрашди, томчилар учрашди…
Бир оппоқ кўпик шари Гулнорнинг сочларига кўнди. У Гулнорнинг гапларига қулоқ солди:

–Сен кетгандан кейин кўп нарса ўзгарди, Ўғуз. Мен хом мева эдим, пишдим. Полопон қушча эдим, етишдим. Юрагимни азоб-изтиробда қовурдим. Кўп ташвиш, машаққат чекдим, аммо пишдим. Юртда бўлаётган воқеаларни мен ҳам яшашим керак. Достонларнинг юкини мен ҳам тортмоғим керак. Буларни фақат Aнвар Mуродга айтдим, энди сенга айтаяпман, Ўғуз, — деди қиз.

“Бечора Ўғуз, ичидагини Гулнорга айтолмаяпти. Мени сирдош танлаганинг учун нақадар севиндим, демоқчи, аммо дея олмаяпти. Мен ҳам сенга сирларимни сўйласайдим, демоқчи, аммо уни ҳам айтолмаяпти. Нега бу қадар эҳтиёткорсан, Ўғуз? Кел, сени Хазор тўлқинларидай ювайин, қалбингни топ-тоза айлайин. Не бўлса юракда, не бўлса зеҳнда, барини қўлингга олиб, қаршингда турган қизга узат!” деди Оқ кўпик.
Оқ кўпик Ўғузнинг суъний сўзларини тингларди:

–Ҳар бир киши хато қилади, Гулнор. Муҳими, хатолардан сабоқ олиш, — дерди Ўғуз.

“Оҳ, соҳтакор инсон зоти! Икки йил аввал Aнвар Mурод ҳам Гулнорга ҳудди шу сўзларни айтганди. Лекин у ҳам айтаётган сўзларига ишонмасди. Балки, ичида Гулнорга лаънат ўқиганди ўша пайтда у. Тўғри, сен лаънатламаяпсан, аммо сен ҳам юрагингдагини яшираяпсан. Гулнорнинг яшил кўзлари жодуси ҳақда қанча марталаб ўйладинг! Айт, энди буни кичик соҳтакор!”, деди шивирлаб Оқ кўпик.

Ўғуз ва Гулнор узоқ суҳбатлашдилар. Бечора Ўғуз ҳеч очилиб гаплашолмади. Оқ кўпик учиб кетди, қоронғуликка кўмилди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort