Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ер юзини босди хавотир

Ер юзини босди хавотир
09 Mart 2018 - 7:00 'да юкланди ва 648 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(35-қисм)

Авазниёз бир замон титраб,
Келди тиниб яна ҳушига.
Лаҳзаларда кўргуздими Раб,
Ўтмиш кирди унинг тушига.

Атрофига қаради…  Кузак.
Борлиқ эрир ичидан ғамгин.
Жунаидхон турарди сергак,
От устида Ўғуздай тамкин.

Қуёш ҳали жойида, муқим,
Ўтмабди-ку орадан ҳеч вақт.
Ўзанини ковлайди оқим,
Замин қилар барига тоқат.

Жунаиднинг кутиб имосин,
От устида – уйғонди мерган.
Илғаб шунда ғойиб “имло”син,
Ҳайдаб “манманлик”ни кўнглидан.

Ҳамма нарса эврилиб, яна
фасли баҳор, уфурди ифор.
Барглар ёзди ҳар томон шона,
Қушлар чуғурлашди беғубор.

Қурвон Сардор ўрнида Ўғуз
пайдо бўлди, эгнида чакмон.
От устида турибди, сўзсиз,
Белда қилич, кифтида камон!

Атрофини ўрашиб гуррос,
Келаверди тинмай халойиқ.
Бари эран, ўзбек-туркман рост,
Ўғузхоннинг шаънига лойиқ.

Ҳар хил кимса – жангчи, маориф,
уста заргар – Ўғузга таъзим!
Полвон Ота бошлиқ минг ориф,
Юлдузларга тўлди Хоразм!

Фаришталар кутилмаганда
Кўктепани келди кўтариб.
Хун дарёга уни қўйганда,
Нуҳ киштиси турди ирғаниб.

Оти билан чиқди Ўғузхон,
Кўктепанинг супасига қоқ.
Самога тик узганда камон,
Осмонда ярқ урди бир чақмоқ.

Булутларни супуриб шамол,
Пайдо бўлди осмонда Урганч.
Масжидларнинг тожида ҳилол,
Шаҳар эмас, у ердаги ганж.

Ўғузхоннинг қўнди бошига –
узукка қош қўйгани мисол.
Бу тенг эди дунё ёшига,
Восил бўлди минг йиллик висол.

Кўҳна Урганч устида ҳаёт
қайнар эди ‒ одатий ҳолат.
Дориломон эди юрт, баёт,
Ҳар гўшада ҳузур-ҳаловат.

Шунда Урганч устига кўкдан
қордай ёғди гуллар ёмғири.
Нур таралди осмонга ердан,
Қинидадир Ўғуз шамшири.

Кўкда сузди минг рангли булут,
Қамаштирди кўзни жилоси.
Барча дилозорликлар унут,
Пайдо бўлди иймон олмоси.

Каъба келиб Урганч устида
қўним топди – ердаги жаннат!
Саловатлар – Оллоҳ ишқида –
янграр эди таратиб зийнат!

Туронзамин бўлиб бор турклар
кўтарилди Каъбага қадар.
Миллат – завол топмас Самандар,
Шукроналар айтди нақадар!

Отдан тушди ҳовлиқиб мерган,
Дош беролмай сасларга ортиқ.
Манглай урди тупроққа бирдан,
Қидирмади бир маъно, мантиқ.

Хаёллари пишганди қиём,
Ишорани тушинди комил.
Бошланмоқда эди бир айём,
Ҳар бир ишда зарурдир омил.

Намозини қилди-да адо,
Сапчиб минди отига ориф.
Жунаидхон ўрнида пайдо,
Барчасидан Хизрдай воқиф.

***

Мен тайёрман, дегандай мерган,
Жунаидга этганда имо –
Сардор қўлин чўзганди, бирдан
овоз берди гумбурлаб само!

Юзта отлиқ қўзғолди – бир тоғ,
Ер юзини босди хавотир.
Отлар сапчиб отилгани чоғ,
Дарё қалқди жунжикиб дир-дир.

Дарё келмасидан ўзига,
Ўтиб кетди устидан юз от.
Дунё ботди отлар тўзига,
Ҳар бир алпнинг бири минг Фарҳод.

Авазниёз отнинг бошини
Қоракўлга буриб солди йўл.
Гўрўғлибек, деб йўлдошини,
Ўғузхонга у узатди қўл!

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort