Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Олтин бошлар бўларди ўтин…

Олтин бошлар бўларди ўтин…
10 Mart 2018 - 7:00 'да юкланди ва 985 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(36-қисм)

Ўн иккинчи қисм

Ботирлари Қурвон Сардорнинг
ўғирлаганида қизларни,
хабар топган эди галдирнинг
йигитлари зумда, сарсари.

Янги излар босилмасидан,
Қоракўлнинг йигитлари тўп.
Жой олдилар Мирзоқалъадан,
Тиш қайрашиб Жунаидга хўп.

Яшар эди Мирзоқалъада –
юз йигирма ёшли битта чол.
Ёшуллиси эди зиёда,
Қадди эди мажнунтолдай дол.

Кўзи кўрмай қолганди, қариб:
Жунаидхон деб чекди афсус!
Туркманлар, деб у, озроқ эриб,
Кўп бермади ҳодисага тус.

– Мени олиб боринг, ‒ деди у, –
Мирзоқалъа тепалигига.
Юзимни Хоразмга бурингу
чўкинг ҳамманг қум этагига!

Чолни олиб бордилар-да, сўнг,
Ўтқаздилар пўстакни солиб.
Хоразмга юзин қилиб ўнг,
Ҳамма чўкди теварак олиб.

Ботирлари бор эди элнинг,
Улуғлар ҳам эдилар ҳозир.
Ҳамма пойлаб оғзини чолнинг,
Буйруғига бўлди мунтазир.

Буни яхши билган ориф чол
муаммога изларди ечим.
Кўп танг эди шу дамда аҳвол,
Топмоғи шарт эди бир бичим.

Битта туркнинг икки элоти
Бир-бирини чавақласа гар,
тегар эди Оллоҳ нафрати.
Туғилганди ўртада кадар.

Шундоқ ҳамки замона нотинч,
Омад юз ўгирганди элдан.
Туркистонда тарқоқ эди куч,
Душман эса айёр, мустаҳкам.

Чол тош янглиғ қотиб турди кўп,
Сўз демади қалқиб бир оғиз.
Оқсоқолнинг атрофин олиб,
Тиккандилар Хоразмга кўз.

Чол охири сўз қотди, яхши!
– Кўрдим, ‒ деди, ‒ Авазниёзни!
Қирқта ботир шерларнинг нақши,
Кўрдим, ‒ деди, ‒ етти гўзални!

Барчасини айлади баён,
Ипидан то игнасигача.
Юракларда уйғонди инон,
Босилди чўғ, ҳовурлар анча.

Кўрганини эса чол бир-бир
одамларга сўзлади тиниб.
Ботирларнинг кўзларида қўр,
Бир қулоққа айланди иниб.

Ўқ йиққанда ҳар бир ботирни,
Илдизлари сирниқди ёмон.
Ўйлаб элни, юзу хотирни,
Юраклари ўртанди ёмон.

Тўн келтириб чол елкасига,
Ташладилар, тун эди яқин.
Ой булутлар кўланкасига
кириб кетди, юраклари хун.

Кузнинг салқин елвизаклари
Юз-кўзларни яларди совуқ.
Чолнинг тинмас эди сўзлари,
Ботирларга бермай йўл, чивиқ.

Чол Жунаидхоннинг фикрини
англаганди тубидан холис.
Қувватларди ичидан уни,
Ора қанча бўлмасин олис.

Туркнинг армонлари бир сабаб,
Ғойиб ўзи айлади аён.
Барчасида бир эди матлаб,
Нигоҳлари тушмасин қаён.

Қурвон Сардор билан оқил чол
масъул эди миллат йўлида.
Тутса улар заҳар ёки бол,
Ихтиёри эди қўлида.

Туркнинг ўғлонларин жилови
икки улуғининг измида.
Хоҳласалар, қасднинг олови,
Истасалар – неклик азмида.

Чол сўзларди кўрганларин бут,
Тариқча ҳам қўймай камини.
Эси, ҳуши тамоман унут,
Тотардилар алплар таъмини.

Кўз олдидан уларнинг шу чоқ
ўтар эди ҳар битта нарса.
Қирқта ботир мерганга улоқ –
кўпкаридай титарди роса.

Бир марта ҳам бермасдан имкон,
Сочди чўлга – оҳу тўдасин.
Қизилқумда эди у қоплон,
Беш бармоқдай билар ўрдасин.

Ҳар бир ботир йиқилганда, бир
даст силкиниб қалқарди осмон.
Титрар эди Қоракўл ҳам зир,
Ўч оларди мерган беомон.

Турсалар ҳам ўғлонлар жиддий,
Ачинарди ичидан, ботин.
Эмас эди бу жанглар оддий,
Олтин бошлар бўларди ўтин.

Қирқ ботирни ўлдириб галдир,
ўтганида Амударёдан –
Қоракўлнинг ботирлари зир,
тишлаб тилин, қолди оёқдан.

Етовида яна етти қиз,
Кўз олдида турибди қармоқ.
Ҳамма қотган таҳликадан муз,
Не қилмоқчи, дея, бу аҳмоқ?!

Жунаидхон қутурган шердай,
ғазабидан урса бир панжа –
мерган топталади хазондай,
бўлинади хасдай минг парча.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort