Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ундан кўра ўлмоқлик афзал

Ундан кўра ўлмоқлик афзал
13 Mart 2018 - 7:00 'да юкланди ва 815 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(39-қисм)

Ўн тўртинчи қисм

Тўқайзорни тилиб отлиқлар
чиқди қумнинг этакларига.
Белда қилич, кифтда милтиқлар,
Орни йиғиб билакларига.

Ҳар биттаси юз шердан ортиқ,
Ҳар биттаси татир минг эрга.
Қадамига йўллардир интиқ,
Саксовуллар тушдилар терга.

Елкасини қисди барханлар
ботирларни кўргани замон.
Инга урди юмронқозиқлар,
Тирқиради шоқол ҳар томон!

Қовоғини уйди-да кузак,
Осмонига чорлади булут.
Хазонларни ўйнаб елвизак,
Тўзон турди чўлда бесубут.

Сўқидаста – тўрт юзта таёқ,
Ер бағрига санчганда найза,
Тўлғонарди оғриқдан ер нақд,
Тулпорларнинг дупири тинса.

Тия олмас эди ҳеч қачон,
Чавандозда инон-ихтиёр.
Тўлғонса ҳам замин минг чандон,
Издиҳомни тўхтатмоқ  душвор.

Ҳали Ўғуз туғилмасданоқ,
Ёфас дунё кўрмасдан олдин,
Нуҳ киштига чиқмасиданоқ,
Отлар туркка кўз-қошдай яқин.

Тақдир этган азалда Тангри
турклар билан отни ёнма-ён.
Бирга кечар гоҳ йўл, гоҳ жангни,
Бири вужуд бўлса, бири – жон!

***

Шундай қилиб юзта чавандоз
тўғонини урган – бир дарё!
Чўлни босиб шерлардайин боз,
Елмоқдалар, титрайди дунё.

Барханлардан кечганда мерган,
Орқасига қарарди бот-бот.
Унга томон келарди туман,
Кўринмасди оқ тўзонда от.

Тоғдан кўчган қорнинг кўчкиси,
Келар босиб ортдан оппоқ чанг.
Девлар кўрса оғарди эси,
Чингиз кўрса қолар эди танг.

Зилзила тургандайин замин
титрар эди даҳшатдан зир-зир.
Саксовулзорлардан кетди тин,
Топталарди борлиқ беқадр.

Юз ботирнинг хаёлида бир
қилич эди  кўҳна Ўғузхон.
Бошқасига кўз ташламас қир,
Шу қиличга тикилганди жон.

Авазниёз еларди лочин,
Ҳис этибоқ ортидан ажал.
Орқасидан хатар келар чин,
Жон қушларин қилмоқ-чун қамал.

Бироқ унда аввалги жадал
қолмаганди, этса сарҳисоб.
Тўламоғи шарт эди бадал,
Унга қарши эди йўллар тоб.

Ҳар қандайин шароитда ҳам
у қилични ўйларди фақат.
Қоракўлга етказмоқлик – ғам,
От чопарди мерган бетоқат.

Ёши ошиб олтмишдан анча,
Бундай ҳолга ҳеч тушган эмас.
Ҳайиқмасди ўлимдан қилча,
У қилични етказолса, бас.

От устида Авазниёз чоқ
ўзи билан ўзи олишар.
У ўзига ўзи дерди: “Боқ,
Нима билан тугар бу ишлар?!”

Мирзоқалъа тепалигига –
қадалмаса агар-да қилич,
олов кетар Қоракўлига.
Юзи шувут, номус, ори – пуч.

Қилич чиқса қўлидан агар,
Жондан қиммат тушади бадал.
Жон бўлади танда дардисар,
Ундан кўра ўлмоқлик афзал.

Гап бўлади ортидан минг йил,
“Нўноқ овчи” бўлади номи.
Қилганлари топмайди соҳил,
Ой кўрмайди ҳовлиси, томи!

Авазниёз ўйлаб шуларни –
Отга қамчи босиб борар шаҳд,
Қорабайир ҳис этиб уни,
Шамол бўлиб елар қасдма-қасд.

Бироқ неча кунлик бедорлик.
ўтказганди отга таъсирин.
Неча кунки, оғзида сўлиқ,
Қорабайир кўп эди ҳорғин.

Кўктарлон ҳам отнинг изидан
қолмас эди сапчиб, бир қарич.
Ўт чиқарди унинг оғзидан,
Дарди эди унинг ҳам қилич.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort