Бу ишларнинг қолмади сири

Бу ишларнинг қолмади сири
66 views
16 March 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(42-қисм)

Ўн еттинчи қисм

Шундай ётди мерган уззукун,
Қизил чўлда, қумнинг остида.
Қилт этмасдан тошдек безабун,
Дук-дук урар юрак кўксида.

Қизил қонга ботди танаси,
Тўғралмаган қолмади жойи.
Вужудида минг бир яраси,
Кеч куз эди, яқин қиш ойи.

Чол барини қиларди баён,
Қолмас эди қиссадан зарра.
Мерган ўлар, янчилган илон,
Ботирлар шер – тортдилар наъра!

Чол сақлади сукут бир муддат,
Артди кўзларининг ёшини.
Қилич учун улуғ бир миллат
топтаб ўтди ўз қардошини.

Миллат учун галдирдан вакил
Елкасида кўтарди тоғни.
Қалқон этди кўксини буткул,
Бир кун дунё кўрар бу боғни.

***

Рўмолини олиб қўлига,
Оналари йиғлади зимдан.
Оталари Аҳмад Яссига:
– Рози бўлгин, ‒ деди, ‒ ўғлимдан.

Яссавий ҳам – миллат отаси:
– Рози бўлсин, ‒ деди, ‒ Бир Эгам!
Ёйилганда кўр чолнинг сўзи,
Бир тан бўлди дунёда турк ҳам.

Зирқирарди барчанинг дили
отлар туёғининг зарбидан.
Ўғузхоннинг шонли қиличи
от устида келар дафъатан.

Қуш сингари енгил бўлган от,
Қанот боғлаб учарди – бургут.
Тушунмасди юз ботир, ҳайҳот,
Осмонларни қопларди булут.

Борар эди йўллар узаниб,
Ботирлардан очилиб ора.
Қурч ўғлонлар ўтдек ўртаниб,
Қамчи урар отга тобора.

Бор аҳволни пайқаган Тарлон –
зафаридан олиб янги куч,
сапчир эди олдинга – қоплон,
Қоракўлни кўзлаб тажанг, ўч.

Кўз олдида Мирзоқалъаси,
Ўртасида ғариб бир тепа –
қадалганда Ўғуз шамшири,
нурланади бу ерлар қайта.

Бир-бирига кифт қўйиб қурол,
Кийиб олган мерган тўнини.
Бошга илиб телпагини – чол,
Босмоқдалар мерган ўрнини.

Бор туркларга бўлди бу аён,
Бу ишларнинг қолмади сири.
Юзта ботир от қўйиб, гирён,
Учмоқдалар, юракда ори.

Билиб турар эди Жунаид,
Муштларини тугиб, қисиб тиш.
Унга зарур эди оқибат ‒
Ҳал бўлмоғи шарт эди бу иш.

Келажакни ўйларди Сардор,
Турк миллатин эртанги кунин.
Кўкрагида аламлари бор,
Давр ситамларидан ғамгин.

Кирмаганда тушига агар
чўнг бобоси, буюк Ўғузхон,
бундай қилмас эди муқаррар,
машҳур тиғни бермасди осон.

У кўзлаган марра сарбаланд,
Ўзида йўқ эди ихтиёр.
Қурби етса урар эди банд,
Бу ишларга этмасди қарор.

(Давоми бор)