Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бобомурод Абдуллаев ишида адолат умиди сўняптими?

Бобомурод Абдуллаев ишида адолат умиди сўняптими?
17 Mart 2018 - 10:09 'да юкланди ва 1009 марта ўқилди.

Давлатга қарши фитнада айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қийноқ қўлланмагани эълон қилинди. Тошкент шаҳар суди бу ҳақда 15-март куни ўтган маҳкамада маълум қилди. Абдуллаев суд мажлисида Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) томонидан ўзига нисбатан қўлланган қийноқлар ҳақида батафсил тўхталган.

Журналистнинг турмуш ўртоғи Катя Балхибоеванинг айтишича, маҳкама иштирокчиларини ларзага келтирган бундай қийноқларнинг инобатга олинмаслиги мамлакатда адолатли суд қарор топаётгани ҳақидаги умидларни йўққа чиқариши мумкин.

Ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринишда айбланаётган журналистлар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов ҳамда тадбиркорлар Шавкат Оллоёров, Равшан Салаевлар устидан навбатдаги маҳкама 15-март куни бўлиб ўтди.

5-март куни бошланган дастлабки суд жараёни мамлакат суд тизимида кузатилмаган ҳолат – Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қўлланган қийноқлар юзасидан тиббий экспертиза ўтказишга кўрсатма бериш билан тугагани ҳуқуқ фаоллари олқишига сазовор бўлган эди.

Экспертиза хулосасига кўра, айбланувчи қийноққа солингани ҳақидаги даъво тасдиқланмаган.

Катя Балхибоева бундан ларзага тушганини, эрига нисбатан кўрсатилган қийноқ аломатларига маҳкамада қатнашганлар ҳам гувоҳ бўлишганини айтади.

“Олдинги сафар адвокатимиз [Сергей] Маёровнинг қийноқ ҳақидаги аризаси инобатга олинганида жудаям хурсанд бўлган эдик. Аммо кечаги судда буларнинг қилган ишини кўриб, мен эрталабгача ухлай олмай чиқдим, гапиришга тил ожиз. Ҳамма нарса ўзгараётган бир пайтда, қонунлар устуворлик касб этаётган ўзгаришлар даврида, масалага бундай ёндашиш. . . нима дейишни ҳам билмайсан”, – дейди Балхибоева.

Суд раиси тиббий экспертиза қийноқ аломатларини топмагани ҳақида маълум қилган. Абдуллаев маҳкама залида танасидаги қийноқ изларини кўрсатганидан сўнг экспертиза белгиланган эди.

Катя Балхибоеванинг айтишича, Абдуллаев унга қўйилган айбловларни мутлақо рад этган, қийноқлар орқали айбга иқрор бўлишга мажбурлангани ҳақида батафсил тўхталган.

“Биринчи судда Бобомуродга нисбатан қийноқлар кўрсатилганига залда ўтирганлар ҳаммаси, дипломатлар, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари гувоҳ бўлишган эди. Хўжайин кўрсатинг деган жойни, ечиниб кўрсатган эди. Кечаги аҳвол эса бунинг мутлақо тескариси, умуман яхши нарса бўлмади. Судда Бобомурод 15 минутлар гапирди, шу вақт ичида қийноқлар ҳақида айтилган гапларга залдаги одамлар ҳам чидай олмай кетди. Шундан сўнг судя уни тўхтатди, бир томондан одамлар бунга чидай олмай қолишган бўлса, бошқа томондан бу гапларни ҳаммасини ёзиб улгуришлари ҳам керак эди. Билмадим, бу гапларни эшитгандан кейин суд қандай хулосалар чиқаради. . . У ўз сўзида фақат қийноқлар ҳақида гапирди, ўша олиб кетилган кундан бошлаб ҳали уч кун давомидаги қийноқлар ҳақида гапириб тугатмасдан аввал суд уни тўхтатди”, – дейди Балхибоева.

Абдуллаев ўтган йил 27-сентабр куни МХХ ходимлари томонидан яшаётган уйи яқинидаги кўчада ушлаб, олиб кетилган эди. Аввалига бир неча кун дом-дараксиз бўлган журналистнинг кейинчалик МХХ ҳибсхонасида сақланаётгани, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани, бу махфий жиноят ишини Миллий хавфсизлик хизмати юритаётгани маълум бўлди. Мазкур иш доирасида тадбиркорлар Равшан Салаев, Шавкат Оллоёров ва блогер Ҳаётхон Насриддинов ҳам ҳибсга олинди.

Уларнинг ҳаммаси жамоатчиликка “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси билан танилган муаллиф томонидан ёзилган мақолаларга алоқадорликда айбланмоқда.

Усмон Ҳақназаров мақолалари мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати саҳифасида эълон қилиб келингани, айбномада ҳаракат раиси Муҳаммад Солиҳ ҳам борлиги инобатга олинса, давлатга қарши фитна, ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш иши янги ҳокимият даврида мухолифатга нисбатан бошланаётган дастлабки маҳкама жараёни сифатида кўринади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу иш тазйиқ ва қийноқлар воситасида тузилгани ҳақида гапиришмоқда. Айбланувчилар терговдаги қийноқлар туфайли ҳокимиятни куч билан эгаллаш мақсади ҳақида иқрорлик беришган, бу ишни юритган МХХ зобитларининг кейинчалик бошқа жиноятларда айбланиб ҳибсга олиниши ҳам қийноқ тергов давомидаги асосий усул сифатида ишлатилганидан дарак беради.

Маҳкамада аввал ўзига нисбатан қийноқлар ўтказилгани ҳақида судга ариза киритган блогер Ҳаётхон Насриддинов айбномани тан олган. Айбланувчи тадбиркорлардан бири Равшан Салаев ҳам иқрорлик билдирган.

Журналистлар устидан маҳкама 26-март куни давом этиши кутилмоқда.

Манба: amerikaovozi.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мансур Халил ;

    Содда булманг, Узбекистонда яна нима содир булиши керак сизларни огох булишингиз учун? Президент янги сиёсат юргизгани билан тузум хали эски. Халкни хукуки учун курашадиган сиёсий куч булмас экан, шундай хол давом этаверади.

    18/03/2018 01:48
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort