Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мана одоб, мана бу – чирой…

Мана одоб, мана бу – чирой…
18 Mart 2018 - 7:00 'да юкланди ва 995 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(43-қисм)

Ўн тўққизинчи қисм

Чол сўзларди тинмасдан ҳамон,
Кўрганларин қўймай барини.
Келар эди қалъага томон
тулпор олиб Ўғуз тиғини.

Орқасидан Кўктарлон гурлаб,
Ғолиблардай соларди довруғ.
Қорабайир Ғиркўкдай кишнаб,
Овозидан кўтарарди туғ.

Етиб келган ботирлар саф-саф,
От кишнатиб турарди қоплон.
Қамчисининг соплари садаф,
Отлар сапчир бамисли жайрон.

Оқиб келар тўрт ёндан алплар,
Уларга йўқ чеку чегара.
Олислардан тинглайди қалблар,
Қиссадонлар топдилар чора.

Қорабайир кўринди шу чоқ,
Илдамларди жиқ терга ботиб.
Зафардан маст эди арғумоқ,
Пишқирарди бўғзини йиртиб.

Элдан-элга бўлиб овоза,
Осмонлардан берарди садо.
Руҳлар эди беҳиштдай тоза,
Тоғдай буюк эди муддао.

Узоқ жангдан қайтган жангчидай,
Гурлаб ҳурар эди Кўктарлон.
Айри-айри саси пайдарпай,
Қайтар эди акс бериб чандон.

Чол тўхтатган эди қиссасин,
Ўйга чўкиб ўтирарди жим.
Билмоқ учун қисса ҳиссасин
эл ёприлиб келар бетиним.

Қорабайир тепа остида
келиб турди, бургутдай суниб.
Ўғуз тиғи милтиқ устида –
Гўё Авазниёз суюниб.

Кўктарлон ҳам ёнида ҳозир,
Сих-сих этиб ёлини, аждар.
Кўкбўридай сергак ва ҳадир,
Тиғни қўриб, соқчидай бедор.

Шунда тулпор жаҳонни бузиб,
Оч тўлқиндай сапчиди кўкка.
Зафаридан кишнади чўзиб,
Қилич каби ўйноқлаб тикка.

Бутун отлар сапчиди шу он,
Туёқ чалиб турди ҳавода.
Эрлар деди: – Тиғи Ўғузхон!
Чақмоқ чақди кўм-кўк самода.

Қиссадонлар шуури иниб,
Халойиққа етказди шу дам.
Бутун турклар оёққа туриб,
Шодлик сочиб, бошлади байрам.

Бироқ шунда чол кўтариб қўл,
Барҳам берди қувончга шу тоб.
Деди: – Ҳали тугаган йўқ йўл,
ботган қуёш сочсин нур, офтоб!

Шунда бирдан қулагандай тоғ,
Ерни босиб кўтарилди сас.
Ваҳимадан титрарди ҳар ёқ,
Дамин ютиб турарди ҳар кас.

Юзта ботир бўлиб минг қоплон,
Наъра тортиб келарди босиб.
Бургут кўриб осмондан ҳайрон,
Кўрса филлар кетарди озиб.

Терга ботган отлар шу заҳот
ёриб кирди сафларни найза.
Ён беришиб ўғлонлар ҳам шод,
Узиб берди занжирдан ҳалқа.

Қорабайир атрофини гир
ўрадилар мисли ярим ой.
Чол ҳукмига бўлдилар тайёр,
Мана одоб, мана бу – чирой.

Отнинг тақасидай юзта ой –
чолга маҳтал турарди бари.
Қорабайир кўшкли бир сарой,
Бир юз бир от – юзи чол сари.

Ой кўксида Кўктарлон бир хол,
Салобатин оширди яна.
Жаннатлардан лавҳадир бу ҳол,
Ер юзида беҳишт бу – мана.

Изоҳларга очилмайди лаб,
Олмаганни туртмоқдан не наф.
Шу эди-ку азалда матлаб,
Турклар – созга терилган садаф.

Чол сўзининг маъносидан халқ
муддаони тушунди яхши.
Ҳамма эди галдирга илҳақ,
Тўхтамасди ровий чол бахши.

Она Бўри воқеасини –
бошлаганди шимолдан айнан.
Айтар эди ҳикоясини
улаб тўхтаб қолган жойидан.

Қандай турган бўлсалар, шундай
от устида ўтирар, шерлар.
Эшитмоққа қулоқлари шай,
Кўкбўрини кутарди эрлар.

Тўрт томондан йиғилиб ҳамон,
Келар эди ботирлар гуррос.
Қайнар эди жўш уриб турклар,
Юракларда ўтли эҳтирос.

Қорабайир қоя каби тик,
Устидадир Ўғузхоний тиғ.
Кўктарлон ҳам тиниқиб, тетик,
Боқар чолга, кўзларида чўғ.

Ҳалқа солиб турар юзта шер,
Чолнинг буйруғига мунтазир.
Ҳар биттаси ўн қўтосдан зўр,
Ўл, десалар, ажалга ҳозир.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort