Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кўкни тутди туркларнинг доди

Кўкни тутди туркларнинг доди
19 Mart 2018 - 7:00 'да юкланди ва 487 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(44-қисм)

Йигирманчи қисм

Жунаидхон фаҳмлаб ишни,
Якунига тиккан кўзларин.
Ўйлаб ўнгдан келган тушини,
Тинглар эди чолнинг сўзларин.

Қуйилганди қайнаб юраги,
Қолмаганди заррача гумон.
Ўғузхоннинг сирли шамшири
эгасини топар бегумон.

Қилич санчилмади тепага,
Бироқ тўғри тушунди шерлар.
Ҳовур кириб Сардор дилига:
– Оллоҳ! Оллоҳ! – дея пичирлар.

Жунаидхон кўзини юмиб,
Кўриб турар эди барини.
Орифлардай фикрга чўмиб,
Яқин этиб узоқ орани.

Тўғри эди мантиқан бари,
Холис эди чол тутган йўл ҳам.
Бу миллатнинг умум зафари,
Буни бутун эл қилсин байрам.

Авазниёз келсин, аввали,
Ишнинг сўнгги бўлади тиниқ.
Йиғилади ҳали аҳоли,
Чолнинг фикри айтилар аниқ.

Қуёш порлаб чиққанда шарқдан,
Олтин каби товланди ўлка.
Соя, салқин чекинди бирдан,
Сичқон бўлиб қочиб кўланка.

Кўкаргандай қуриган боғи,
Чол индамай завқланар замон.
Отлар бирдан кишнаган чоғи,
Юракларни босди ҳаяжон.

Қушлар учиб кетдилар гуррос,
Жониворлар қочди ип узиб.
Қолган барглар тўкилди шаррос,
Итлар ҳурар жаҳонни бузиб.

Қорабайир икки оёқлаб
ҳаволарга уради туёқ.
Кўктарлон ҳам ис олиб, вовлаб,
Чопарди гоҳ у ёқ, гоҳ бу ёқ.

Туркларнинг бор ботирлари тинч
ўтирарди, қоқилган қозиқ.
Эгарга ҳам ёпишганди зинч,
Отлар кишнаб, чайнарди сувлиқ.

Шамол турди кутмаганда зўр,
Дарахтларнинг эзилди бели.
Юракларга солиб оташ қўр,
Эсар Онабўрининг ели.

Босиб кетди ўтмишнинг ҳиди,
Алмашгандай замонлар жойин.
Чол нафасин ютиб, жим эди,
Онабўри яқиндир сайин.

Бир пайт йироқлардан қорайиб,
Улгу берди бир нуқта – қора.
Чанг, тўзонлар барҳо кучайиб,
Катталашар эди тобора.

Охир кириб келди Кўкбўри,
Салкам отдай келарди қадди.
Яқин бормоқ учун ул сари
сиғмас эди ҳеч кимнинг ҳадди.

Қорабайир ёнига бориб,
Мукка тушиб, буклади туёқ.
Тарлон сапчиб бўрига ҳуриб,
Очди ундан орани узоқ.

Ўз ҳаддида турди юз ботир,
Ҳеч нарсага қилмасдан парво.
Отлари тек, бамайлихотир,
Қимирлашни кўрмайин раво.

Қорабайир эса бояги,
Шодлигидан кишнади тортиб.
Кўкда ўйнар яна таёғи,
Сийнасида ғайрати ортиб.

Онабўри устида мерган
тута олмас эди қаддини.
Бўри бўйнин қучиб юз тубан,
Олган эди энди ҳаддини.

Чол ўрнидан қўзғолди-да даст,
Ҳар уруғдан чақирди бирни.
Туркларнинг ҳар тийрасидан мос
вакил чиқди тиклаб қаддини.

Чол мерганга айлади ҳукм:
– Қилични ол, – деди, – эгардан!
Галдир тараддудланди бир зум,
Кўтаролмай кўксини бирдан.

Қолмаганди бутун суяги,
Рост бўлмади қадди ҳаддига.
Ўнгланмасдан шунда ияги,
Ночор боқди зўрға олдига.

Фаришталар қоқишиб билак,
Кутмаганда бўлдилар пайдо.
Қўлтиғидан бердилар кўмак,
Кўзлар боқар қиличга шайдо.

Фаришталар ҳавода уни
даст кўтариб турдилар – бургут.
Мерган секин кийди тўнини,
Телпагини қўндирди собит.

Милтиғини қолдириб сўнгра,
Олди тиғни. Кафтида сопи.
Ботирлар шер – тортдилар наъра,
Кўкни тутди туркларнинг доди.

Ер юзида одамлар ҳайрон,
Уч-тўрт кунки, айрича ҳолат.
Кўҳна дунё яшарди обдан,
Зор қалбларга иниб муҳаббат.

Ҳар битта турк пилла қуртидай,
Воқеадан ўрарди ипак.
Осмонида балқиб тўлин ой,
Кунларининг мезони – юксак.

Авазниёз тепани чоғлаб –
урмоқ бўлганида қилични,
чол тўхтатди уни қучоқлаб,
сўнг чақирди вакил, эрларни.

Чол фикрини уққандай мерган
берди уруғларнинг дастига.
Жами уруғ бўлиб битта турк,
Тиғни санчди тепа кўксига.

Нур сочилди санчилган жойдан,
Осмонларда ўйнар камалак –
кумуш ранглар ёғиб осмондан,
чеҳраларга қўнди капалак.

Туриб орқа оёқларида,
Бари отлар кишнади узиб.
Қоракўл ер жаннатларида
қалқир эди кемадай сузиб.

Энг охирги туркман алплари
олган эди манзил довини.
Жайхундайин тошди қалблари,
Бари кўриб қилич овини.

Ўғузхондан мерос, ифтихор
дилларини айлаб тоғ қадар.
Ичларидан туйдилар зафар,
Туркманларда қолмади кадар.

Қилич сопин тутгандай бир мушт,
Бир билакка айландилар соз.
Руҳларига қўшилди чўғ, шашт,
Баҳорланди қайтиб сарфароз.

Онабўри йўқолди кўздан,
Сеҳргардай битта ҳамлада.
Қорабайир йўрғалаб бирдан,
Елдай учди Хизир чўлларда.

Кўктарлон ҳам отга жуда мос,
Ундан айри тушмайди бир дам.
Мерганнинг ҳам қадди бўлмай рост,
Ётқиздилар тўшакка илдам.

Чолнинг азми, буйруғи ила,
Қурбон бўлди юз қирқта жонлиқ.
Туркнинг ўғлонлари бир тийра –
Ўғузхондай бўлди бир отлиқ.

Тўй берилди уч кунга қадар,
Қоракўлга сиғмади одам.
Мирзоқалъа ўртада маҳшар,
Маросимлар бошлаб дам-бадам.

Кураш бўлди охирда катта,
Шерлар каби олишди алплар.
Чоллар чиқди курашга ҳатто,
Шодлик билан лиммо-лим қалблар.

Бир-бирини эзиб беаёв,
Полвонларнинг қолмади кири.
Турклар уч кун бермасидан дов,
Бор юртларда қилди тадбирни.

Муруввати боис Раббининг
Дунё уч кун чўмилди Нурга.
Ҳеч бир жойда ер нуқтасининг
ўлим, уруш бўлмади ҳар на.

Ер юзига Азроил уч кун
қадамини босмади ҳаргиз.
Қораймади шу уч кунда тун,
Ой, қуёшсиз қолмади ёлғиз.

Беморлар ҳам уч кун бўлди соғ,
Ўзлари ҳам аҳволдан ҳайрон.
Чангалзорлар уч кун бўлди боғ,
Булбулларнинг тиллари бийрон.

Авазниёз тикланиб бирдан,
Курашларда олишди – қоплон.
Қийқириқлар ёғди ҳар ердан,
Алплар суришганда беомон.

Чолнинг кўр кўзлари очилиб,
Ёш боладай шодланди мамнун.
Чаманзордай гул-гул очилиб,
Ҳотамтойлик кўргизди бутун.

Уч кун ўтиб тинди томоша,
Замин тушди ўқига яна.
Давр қайтди замонлар оша,
Қалқиб тинди дарёлар, мана!

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort