Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туғулгуси бир кун ул Ўғлон…

Туғулгуси бир кун ул Ўғлон…
20 Mart 2018 - 7:00 'да юкланди ва 726 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(45-қисм)

Йигирма биринчи қисм

Тонгда тарқамоқни келишиб,
Ҳамма қўйди ёстиққа бошни.
Кўплар ухламади гаплашиб,
Йўқладилар ошна – йўлдошни.

Ухлар эди мерган қотиб донг,
Тушларига кирди Ўғузхон.
Келажакдан уриб нурли бонг,
Васиятин қилди ул мардон:

“Тур-да, қалъа тепасига чиқ! –
Деди Авазниёзга Ўғуз! ‒
Бир Оқ Туя келар. Дейсан: чўк!
У ташлайди дарров букиб тиз!

Олиб тиғни, Туяга ўлтир,
Туя сени олиб кетар чоқ –
ҳеч нарсадан олмай хавотир,
сарлочиндай олисларга боқ!

Сен кўрасан, Онабўри бот
ковлаётган бўлади чуқур.
Иккиланмай шарт қилични от,
Бўри ўзи ҳукмни ўқир.

Қолганлари ўзин йўлида –
тураверар Жайҳундай собит.
Қилич эгасининг қўлида,
ишлар қилар бўлмайди нобуд!

Туғулгуси бир кун ул Ўғлон,
Гўрўғлидан, Ўғуздан Буюк!
Зиёсидан олам чароғон –
Турклар ўғли башарий, Суюк!

Чингиздан у бўлади айёр,
Темурбекдан орифроқ, оқил.
Усмонлидай кезар шаҳриёр,
Унга башар бўйсунар буткул!

Башариятнинг равнақи учун
олиб борар самовий жанглар.
Юлдузларни кезади бутун,
Чизмоқликка ожиздир ранглар!”…

Ўғузхоннинг гаплари шунда
чала қолди, уйғонди галдир.
Уйдан чиқди қоп-қора тунда,
Тепаликда ўтирди собир.

Ялаб Мирзоқалъани йиллар,
Ёдгор қолган ундан – бир ҳовуч.
Бу тепадан кесишиб йўллар,
Қанча қалблар топганлар овунч.

Тепаликка суқилган қилич
Ўғузхондай турибди дуркун.
Атрофда тун, сув қуйгандай тинч,
Жимирлайди юлдузлар тамкин.

Чол ўтирган жойда қўйпўстак
турар эди ўшандай ҳали.
Авазниёз ўйламай бўлак,
Унга бориб чўкди заҳоли.

Хотиралаб кўрган тушини,
Келажакка йўналди фикри.
“Ким у ўғлон? Олди ҳушини,
Ким ҳақида Ўғузнинг зикри!”

Ўйлай-ўйлай юлдузлар сари
кўз югуртиб ташлади назар.
У ўйларди: “Кимга Кўк меҳри,
Ким экан у, қучгувчи зафар?!”

Қибла томон буриб шунда юз,
Мерган кўриб қолди – бир шуъла.
Нур таратар кўкдан оппоқ тўз,
Атрофни ёритиб бир йўла.

Овоз келди дилга ёқимли,
Уни босди тотли бир титроқ.
Ҳаво баҳордайин ютумли,
Чалинарди бот-бот қўнғироқ.

Тўшагидан ётган одамлар
туриб келаверди хушчақчақ.
Ёш боладай шодмон ботирлар
нурга талпинишарди илҳақ.

Қўнғироқнинг майин жаранги
Кўнгилларга ботади ипак.
Оқарарди жаннатнинг тонги,
Нурли тонлар шукуҳга илҳак.

Ярим тунда қоп-қора кеча
оппоқ бўлиб ёришди, Жаннат!
Гулзорга айланиб ҳар кўча,
Одамларнинг кўзида ҳайрат.

Термуларди беғубор барча,
Шодликлардан чеҳралар нурлик.
Ҳаммаёқни ёритди парча,
Қанот боғлаб учганда ҳурлик.

Овоз яқинлашар ҳар лаҳза,
Шуурларни аллалайди занг.
Куз оқшоми баҳордай тоза,
Руҳ риштаси торлари таранг.

Кела-кела оҳанг охири
Оқ Туяга айланди, ажаб.
Оқ Туянинг ўркачи айри,
Нурдан яралгандай эди заб.

Бўйнидаги етти қўнғироқ,
Ҳар бирида етти оҳанг бор.
Ғафлат нима – билмайди, уйғоқ,
Қирқ тўққиз ранг – йўқ зарра ғубор.

Туя келиб тепа пастида
тизза ташлаб чўккан маҳали –
кўрган ёнди Туя ишқида.
Бармоқ тишлаб қотди аҳоли.

Авазниёз тушунди, айнан
унга эди мазкур ишора.
Дарров ирғиб туриб ўрнидан,
Тиғга кўзин тикди шарора.

У суғурди тиғни тепадан,
Кейин минди бориб Туяни.
Туя туриб шунда ўрнидан,
Эргаштириб кетди зиёни.

Туя билан юриди ёруғ,
Садо бериб сирли оҳанг ҳам.
Осмонларда ҳилпираб бир туғ,
Туя билан кетарди ҳамдам.

Авазниёз Туя устида
ўтирарди Хизирдай ориф.
Ўғузхоний қилич дастида,
Бухородай нуроний, шариф.

Кўзин тикиб ортидан барча,
Шамдай қотиб қолди ҳайратдан.
Таъқиб қилиб борар нур, парча,
Галдир масрур эди бу бахтдан.

Интиҳони ўйларди шу дам,
Юрагида чексиз ҳаяжон.
У ташлаган эди бир қадам –
Келажакка, зафарга томон.

Туя қисқа муддат ичинда
йўл юриди жуда ҳам узоқ.
Замон мубҳам қолди маконда,
Қўйган эди нур вақтга тузоқ.

Тонг кўз ёра бошлаган чоғи,
Чўл киндигин босганди Туя,
Тонгнинг кумуш рангли сиёғи
Қизилқумга солганди соя,

Олислардан, ердан тепага
сочиларди ҳар замон тупроқ.
Мерган кўзи тушиб қорага,
Киприк қоқмай термулди узоқ.

Туя ўша нуқтани кўзлаб,
Бораверди йўлида собит.
Галдирнинг тунд юраги бўзлаб,
Тиғга шу, деб ўйларди, тобут!

Яқин қолганида англади,
Онабўри ковларди қудуқ.
Икки қўллаб тиғ чангаллади,
Ҳаяжондан тиллари дудуқ.

Туя чоҳ оғзига борганда,
Онабўри чиқди-ку чаққон.
Мерганнинг тиғ турар дастида,
Ўт сочилди у чеккан оҳдан.

Узоқ тараддудланмади галдир,
У сустларни ёмон кўрарди.
– Қиличга шу экан-да, тақдир, –
Дея уни қудуққа урди!

Туя юрди кутмай бир замон,
Яна қайтиб изига қараб.
Чоҳда қолди тиғи Ўғузхон,
Онабўри тупроқни тараб.

Кутгандайин шуни, бўралаб
кўз очирмай ёғди оппоқ қор.
Оппоқ кўрпа чўлларни қоплаб,
доғ қолмади. Олам беғубор!

Галдир туролмасдан яна тик,
Ўркачига ётди Туянинг.
Синган ёғочдайин у букик –
ўртасида икки қоянинг.

Ўрангандай саксовул қорга,
У туяга ёпишди такрор.
Кўзи боқар эди қалъага,
Тирик етиш умидида зор.

Узоқлардан кўринди тўда,
Бўрилар, деб ўйлади галдир!
Босиб-янчиб ўзин йўлида,
Довруқ солар минглаб баҳодир.

Чўлни қоплаб олганди қора,
Кўринмасди учи, қироғи.
Селдай босиб келар тобора,
Тоғни босса, қолмас урвоғи.

Галдир билди: йўлбарсдай тажанг,
Туркларнинг қурт ўғлонлари бу.
Жунаидга бўлгандилар ўнг,
Бари ботир от солиб, ёҳу!

Борми турк элига қарши куч,
Тоғларни қул этади ўрлаб.
Денгизларни этар бир ҳовуч,
Қасд этсалар ботирлар гурлаб.

Авазниёз кўзларида ёш –
Шуурида чексиз ҳис, севинч.
Оғриқларга у бериб бардош,
Термуларди кўзга йиғиб куч.

Қувонмаган эди бу қадар,
Умр суриб, шу ёшга кириб.
Юраги нақ болғадай тепар,
Келгандайин Ўғуз тирилиб.

Алплар кўрмас эди мерганни,
У нурланиб бўлганди Оппоқ.
Олгандилар устидан йўлни,
Еру кўкка солганча титроқ.

Бироқ отлар сезиб туяни,
Ўтардилар айланиб ундан.
Галдир тутиб икки қояни,
Кўзларини узмас турклардан.

Шерлардайин босиб чўлни маст,
Ўтиб кетди ўғлонлар қувноқ.
Барханларнинг ўркачлари паст,
Авазниёз бўзлаб қолди тоқ.

Зўрға буриб бошини мерган,
Боқар алар ортларидан зор.
Рамақижон бўлган эди тан,
Қиши етди, битди ёз, баҳор.

Кўзларида қатор-қатор ёш,
Кўкрагида бор қанча армон.
Деди: – Алплар, кўнглимиз ёндош,
Мен ўламан энди бегумон!

Деди: – Миллат яшайди мангу!
Деди: – Турклар оламда боқий!
Онасидир унинг Кўкбўри,
Ўғуз отасидир ‒ Ёфасий!

Оллоҳ сенга ёр бўлсин, турким!
Адолатдан юксалсин, туғинг!
Яшайвер – ўт ичра Самандар,
Шаксиз, энди ўлади ўғлинг!

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort