Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хоразм бу – Ота мерос Ер!

Хоразм бу – Ота мерос Ер!
21 Mart 2018 - 7:00 'да юкланди ва 1012 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(46-қисм)

Йигирма иккинчи қисм

Жунаидхон ҳодисотларни
кафтдагидай турарди кўриб.
Тўрт минг чоғли арслонлари
асрар уни қалъадай қўриб.

Дарғонота тўй қилди, байрам,
Уч кун ухламади, хурсанд халқ.
Турклар кўрди зафарни баҳам,
Изн берди Яратган, Барҳақ.

Туя олиб қайтганда тиғни,
Туриб кетди жойидан Сардор.
Оқ туяда кўриб галдирни,
Тақдиридан бўлди миннатдор.

Муҳаммаднинг туясини Ҳақ
юборганди бир шамшир учун.
Яратганнинг олдидаги нақд,
Туркларнинг шон-шарафи бутун.

Тўлиб кўзларининг косаси,
Қурвон Сардор бўғилди бирдан.
Ёшлар оқди дур қатораси,
Сизиб унинг икки кўзидан.

Жунаиднинг кўзларида ёш
кўрмаганди ҳали ҳеч киши.
У орқага ўгирганча бош,
Одамлардан келганди ғаши.

Гуноҳ қилиб қўйган боладай,
Яширмоқчи бўлди ёшини.
Узангига Сардор қўйди пой,
Қамчи уриб, чопди отини.

Марол бўлиб елиб кетди от,
Орқасидан тушди лашкари.
У дарёдан тилади сабот,
Армонлари тўкилди бари.

У қирғоқда отни еталаб,
Узоқ юрди ҳовучлаб юрак.
Тиғни галдир отса, ярақлаб,
Чоҳ тубидай санчилди курак.

Лашкарлари шердайин саф-саф,
Турар ташлаб олисроқдан син.
Жунаиднинг зотига, насаб,
Бўғиларди дарё ҳам ўқтин.

Орқасига қайтганда Туя,
Ҳамма жойни босди оппоқ қор.
Мерган зўрға ўтирар қия,
Яна бўлди қайтадан бемор.

Жунаиднинг сиқиб нафаси,
Азоблардан эриб битди мум.
Лек галдирга келди ҳаваси,
Ич-ичидан қилди такаллум.

Жунаид кўз олдида шу чоқ
пайдо бўлди Бўри галаси.
Тоғни урса этарди урвоқ,
Тегирмондай барин калласи.

Ўркачга тўш тиркади галдир,
Сўнг кўтарди зўрға бошини.
Келар эди саноқсиз ботир,
Мерган тўкди севинч ёшини.

Қоракўлдан алплар бошлаб йўл,
Баҳс боғлашиб, чопардилар от.
Юраклардан ўтлар тошар мўл,
Ҳар биттаси – минг битта Фарҳод.

Қурвон Сардор турган нуқтани
кўзлаб олар ботирлар парвоз.
Ўйнатарлар кўкда қамчини,
Қанот боғлаб учарлар шоввоз.

Авазниёз туйиб бир фахр,
Қувонарди кўзлари беҳад.
Бугун туркка кулганда тақдир,
Овчи кўтаролмас эди қад.

Оппоқ Туя алплар кўзига
Чалинмасди – нурланган боис.
Отлар четлаб, кетар йўлига,
Ҳаволарда қорни этиб тўз.

Мерган зўрға бош буриб шу чоқ,
Боқиб қолар ботирларга зор.
Унинг кўнгли миллатга муштоқ,
Энди унинг умиди бекор.

Кўзларида қатор-қатор ёш,
Кўкрагида бор қанча армон.
Деди: – Алплар, кўнглимиз ёндош,
мен ўламан энди бегумон!

Чидолмади Жунаид охир,
Бўғзин йиртиб чиқди ўкирик.
От дарёга ташланди кескир,
Сув – Сардорга кафт тутган кўприк.

Орқасига қарамай Сардор,
Лашкарига силтади қамчи;
“Кут”, дегани эди, кескин, зор,
Кўзида ёш томчи ва томчи.

Соқолини эзиб ирмоғи,
Томар эди сувнинг юзига.
Дарёнинг ҳам бўғиб томоғи,
Қайтар эди оқиб изига.

Жунаидхон кўз ёшларини
кўрсатмоқдан қиларди номус.
Моҳлар, дарё қамишларининг
тагларида йиғлар эди муз.

“Овчи: – Миллат яшайди мангу!
Деди: – Турклар, оламда боқий!
Онасидир унинг Кўкбўри,
Ўғуз отасидир ‒ Ёфасий!

Оллоҳ  сенга ёр бўлсин, турким!
Лафзинг бўлсин қуролинг, туғинг!
Яшайвер – ўт ичра Самандар,
Шаксиз энди ўлади, ўғлинг!”

Қоракўз от тўқай оралаб,
Чиқди сакраб Тақиртепага.
Жунаидхон тўхтамай, йиғлаб,
Дам урарди қалқиб ҳавога.

Баланд тепаликнинг устида
тагида қурч туркмани оти.
Бутун Турон эди кафтида,
Ўғузхоннинг у шонли зоти.

Нари қирғоғида дарёнинг
турар эди шерлари тажанг.
Эранлари эди дунёнинг,
Ўғузхондай ҳар бири башанг.

Жиловида туркмани оти,
Қушдан учқур  қанотлари бор.
Буроқ, Ғиркўк – парилар зоти,
Турклар каби улар ҳам кибор.

Олисларга термулди Сардор,
Сўнмас эди юрак олови.
Юрт ишқида эди у бемор,
Олди ҳислар ундан жиловни.

Отдан тушди Жунаид бир пайт,
От кишнади бош силтаб ёвқур.
Ўтганларни эслаб у бот-бот,
Келажакни этди тафаккур.

Жунаидхон юриб тепада,
Ўйларига тамом бўлди ғарқ.
Келажакда ўй, мушоҳада,
Миллатини қўлласин Барҳақ.

Хоразмнинг сўнгги уч юз йил –
Тарихини эслаб қатма-қат:
Турк элига эмасди қойил,
Бу уч юз йил эди бешафқат.

Завол топди Хоразм кўп бор,
Ўприлишлар йили бу йиллар.
Бўлмади илмга эътибор,
Қўполлашди, сустлашди эллар.

Яхши подшоҳ чиққанда тахтга,
Орқасида турди ёмони.
Давр дасти тегмади элга,
Золимларнинг бўлди замони.

Дўлайтирди ўрис муштини,
Юрт хатардан бўлмади холи.
Эговлади бири бирини ‒
Мана Туркистоннинг аҳволи.

Кўзларининг артиб ёшини,
Ферузхонни ёд этди ғамгин.
Гуноҳкордай эгди бошини,
Ғамга ботиб олди чуқур тин.

Исфандиёр билан кечган дам,
Унинг фожиали ўлими…
Муштларини қисди у маҳкам,
Кўкси ёниб, келди алами.

У ўйларди: шу подшоҳлар ҳам
Ўғузхоннинг зурёдлари-ку!
Хоразмнинг турклари – бақам,
Юксак туғли авлодлари-ку!

Ўзи ўтирган дамлар тахтда!
Хаёлларин ўртади йиллар.
Хозиргача турибди аҳдда,
Руҳи ҳурлик, озодлик истар.

Ухлаб ётса, бир кун тушида –
Ўғузхонни кўрганди – бир нур!
Умр суриб шунча ёшида,
Тушмаганди титроққа бир қур.

Бўлиб ўтган ҳодисаларни
Бир-бир сўзлаб берганди Ўғуз.
То тонггача эслаб Туронни,
Иккаласи ўтирди ёлғиз.

Онабўри келишини ҳам,
Оқ туянинг қўнғироқлари.
Қилич чоҳга санчилиб маҳкам,
Таралади қум – тупроқлари…

Кўз олдида Жунаидхоннинг
яна қайта акс этди кўзгу.
Шундай бўлди охир Ўғузнинг,
Сўзларидан олдилар улгу.

Жунаиднинг хизмати фақат –
қиз олдирди галдирдан бориб!
Қолганига давр бетоқат,
Кейин… йўллар кетди адашиб.

Шундай бўлди барчаси яққол,
Бажарилди ишлар бехато.
Битган бўлса азалдан иқбол,
Ожиз қолар бу дунё ҳатто.

Ўғуз шама қилгандай яна,
Хиванинг қур йиқилди тахти.
Сардор тиғни олди биргина,
Содиқ эди лафзига аҳди.

Ўйларидан Жунаид таскин
тополмасдан боқди чўлларга.
Елар эди жанубдан тўлқин,
Сиғмай сўқмоқ, катта йўлларга.

Бўридайин журъатли, азот,
Елка бериб бир-бирига шод.
Осмондайин руҳлари озод,
Келар, қоматлари боғ-шамшод.

Оҳу каби суниб отлари –
Ўнгирлардан ўтарди сакраб.
Туркманлар бу, Ўғуз зотлари,
Залворидан ер йиғлар титраб.

Қоракўлдан, қилич базмидан
қайтмоқдалар, қалбларда сурур.
Улар турклар, Ўғуз азмидан,
От устида тоғлардай мағрур.

Жунаидхон ўгрилиб шу чоқ,
Боқди олис-олисга ўтли.
“Имо”сига термулиб муштоқ,
Тўрт мингта шер турарди отли.

Қандай қилиб мана шунча шер
ташлаб кетар тўқайини зор.
Хоразм бу – Ота мерос Ер!
Боқар эди Сардор интизор.

Соғинарди кўриб туриб у,
Ўлади-ку кўрмаса лаҳза.
Аму бўлиб бир гўзал оҳу,
Жунаидга этарди ғамза.

Арслонлар тепани ўраб,
Ер титратиб тортарди наъра.
Еру осмон қўрқиб, қалтираб:
“Сизларники, ‒ дер, – бир кун марра!”

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort