Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тўртликлар

Тўртликлар
03 Nisan 2018 - 5:00 'да юкланди ва 418 марта ўқилди.

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

 

ТЎРТЛИКЛАР

Бу даврада сирлар бўлиб бўлган фош,
Гулдонлардан гуллар йўқолган.
Улоқтирмоқ учун бир-бировга тош,
Бир-бировга отмоқ учун ўқ қолган.

* * *

Яшолмасдан ўтган умр ёдимда,
Ёдда сўнган олов — ёнмасдан ҳали…
Минг-минг ранг қабри бор қорачиғимда,
Бўғизимда минг-минглаб қўшиқ ҳайкали.

* * *

Сирли шитирлайсан менинг пойимда,
Сарғайганча қилиб ўз новдангни тарк…
О, тиз чўкиш мумкин бўлсайди сенга,
Куртакка йўл очиб берган ғамгин барг…

* * *

Фалак турли-турли нафас қилади,
Кўкдан гоҳо ёмғир, гоҳо қор инган.
Тупроқдаги данак ҳавас қилади
Лаҳзада ер ёрган қўзиқоринга.

* * *

Гуноҳ овоздами, қулоқда
Мени қийнайди шул сир гоҳи.
Қуёш нури — қўшиқ. Юлдузларники
Туюлади бўлиб хиргойи…

***

Неча йил бўлди-ки, қадди ниҳол, кўзи қаро келмас.
Бирон бир лаҳза йўқдир-ким, кўнгилга можаро келмас.

Унинг ноз бирла битган сўзлари ўқларга тимсолдир,
Келар… лекин бутун борлиқни қилмасдан яро келмас.

Мени беҳуда кутманглар висол айшида хушчақчақ,
Агар тўй бўлса бир уйда, унга мотамсаро келмас.

Тўкардим ёш, тиниқ кулгулари келди хаёлимга,
Бирон зулмат топилмас, қаъридан бир кун зиё келмас.

Соғинтирганда инсофни унутди икки шаҳлоси,
Агарда даҳрий эса одам, хаёлига Худо келмас.

Унинг лоқайд дилидан мен муҳаббат илтижо этдим,
Агарчи қулф эшикка нон тилаб ҳеч вақт гадо келмас.

Демиш ул ошиғим ишқимда минг дардга гирифтордир,
Қўйинг, дўстлар, тасаллони, унинг сўзи хато келмас.

***

Ёғар ёмғир… баҳорим шодми йиғлар,
Ё гулларни бериб барбодми йиғлар.

Тўкарми ёш кўриб умримни вайрон,
Ҳаётингни кўриб ободми йиғлар.

Фироқ бўлмас адо бу кунларимга
Сенингсиз ҳар нафас иснодми йиғлар.

Бу найсон сувлари бахтдан далилми
Тополмасдан ва ё исботми, йиғлар.

Қоқиб қарс қалдироқ, чақнар чақинлар
Чекиб ҳолимга кўк фарёдми, йиғлар.

Кўринмиш томчилар киприкларингда,
Уриб кўксимга тийғ, жаллодми, йиғлар.

Халоссан хоҳласанг Абдулҳакимдан,
У сендан бўлмайин озодми йиғлар.

* * *

Кетар бўлдинг… керакмас, ёр, тасалли,
Фироқ энди ўзи ғамхор тасалли.

Тасаллисан, юпандинг жабр этиб лек,
Тасаллига нечун даркор тасалли.

Рақибга хат битибсан. Ҳеч бўлурму
Гар иймон бўлмаса, туммор тасалли?

Юракда бир тикан озори тун-кун,
Агарчи кўзга минг гулзор тасалли.

Иковлон бир-бировга далдадирмиз,
Бўлур беморга бемор тасалли.

Азиз тут васлидам ёр сочларини,
Бўлур ҳижронда йўқса дор тасалли.

Хароба бўлди дил, кел, муҳташам қил,
Бўлур вайронага меъмор тасалли.

Ўзинг тоғ бўл, суянгил ўз-ўзингга,
Йўқ эрса, Матназар, бекор тасалли.

* * *

Ғариб бошимда гиргиттон чарх урган фалакдирсан,
Гаҳи офтоб, гаҳи моҳтоб бўлиб тун-кун ҳалакдирсан.

Сени деб гоҳи йиғлаб, гоҳи кулдим — ҳеч тафовут йўқ,
Балолардан хабарсанми, ва ё бахтдан даракдирсан.

Гаҳи оқшомлари истаб, соғиндим гоҳ саҳарларда,
Зиё бирланми ё зулмат билан, айт, муштаракдирсан.

Бериб мен кўнглинга озор, дедим андишасиз сўзлар,
Бир иблисни севиб қолган ажойиб бир малакдирсан.

Билолмам борми даркорим санго бир озгина, асло,
Билиб қўй, қомати шамшод, манго сен кўп керакдирсан.

Яро дилни ширин тил бирла қаттиқ айладинг аччиқ,
Билолмасман, шакарсанми, билолмасман,намакдирсан.

Тўкиб ёш сен қадам ранжида қилдинг, лекин атворинг
Бу тош бошимни ёш бошинг билан кўп ўйнамакдирсан.

* * *

Минг азоб бирлан қишу, наврўзу, ёз, кузлар келур,
Айрилиқнинг дастидан дардли ташаббуслар келур.

Осмонимдан, қуёшим, кетдингу, рашк этмадинг,
Ҳар маҳал ғуж-ғуж бўлиб, бошимга юлдузлар келур.

Қаҳратон хатлар келур сендан юракни яхлатиб,
Навбаҳор Жайҳундан оқиб санг келур, музлар келур.

Кўп ёмон бир мунтазам дардлар чекарман соғиниб,
Бу уқубатга қачон, билмам, танаффуслар келур.

Жилдирар сув, тол шивирлар ҳам гужумлар оҳ чекар,
Ишқда борлиқ ёдига турлик талаффузлар келур.

Банди зиндон эрди қиш фаслида минг гул, минг чечак,
Сенга пешвоз очилиб, собиқ бу маҳбуслар келур.

Бахт муқаддас салтанатдир, хос эмасман унга мен,
Эҳтимол, бу мулкка бир кун хосу махсуслар келур.

* * *

Сабрсизликларим тоқат бўлиб, бардош бўлиб чиқди,
Уқубатлар бари муштоқ кўзимдан ёш бўлиб чиқди.

Ўзимни мен халос айлай дедим ўю хаёлингдан,
Сочингга бир умр фикрим чигал чирмош бўлиб чиқди.

Оғир савдо тушиб бошимга мендан тондилар ногоҳ,
Улар сўнг кўз экан билсам, улар сўнг қош бўлиб чиқди.

Баҳорда баргни уйғотган шамоллар, бу не ҳикматким,
Хазон фаслида япроқ тўплаган фаррош бўлиб чиқди.

Ақиқ янглиғ эди лаблар, тишинг ўхшар эди дурга,
Улар ҳақда менинг айтган сўзим бир тош бўлиб чиқди.

Бутун борлиқ азалдан сақлаган асрор эдинг, жоним,
Мени кутган бу қутлуғ сир қошимда фош бўлиб чиқди.

Дединг: «Осмонда мен кимман ва ерда севганим кимдир?»
У ҳижрон ичра минг юлдуз билан сирдош бўлиб чиқди.

***

Машрабга татаббуъ

Менга даркордир малак, Мажнун учун Лайло керак,
Менга даркордир фалак, Мажнун учун саҳро керак.

Таъриф этсам маҳвашим кокиллари занжирини,
Йилда уч юз олтмишу беш зим-зиё ялдо керак.

Дардларимни тингламакдан тортадир озор ёр,
Нолалар фарзандиман мен, унга шўх ялло керак.

Ошиқнинг дунёси ишқдир, бул ҳавас дунёси мол,
Унга у дунё керакдир, бунга бу дунё керак.

Аҳли ишқ кўз ёшлари, ёр ҳуснига ташбиҳ учун
Биргина офтоб билан минг-минглаган дарё керак.

Мен-да тайёрман муҳаббат йўлида бермакка жон,
Етгали бу бахтга ёрдан биргина иймо керак.

Бошига кийди жаҳонни булбули беандиша,
Гўё ёлғиз ўзига ул гули раъно керак.

Бизни ошиқ, сизни маъшуқа яратмишдир худо,
Ҳукм ўқилган, иккимиздан энди бир ижро керак.

Эй кўнгил, ишқингни айтсанг, бўлғай олам ичра фош,
Бир худо, бир иккимиз фаҳм этгучи маъно керак.

* * *

Умрбод қилдингу оввора, кетдинг,
Сочи эй тим қаро фаввора, кетдинг.

Бўлиб қолдим алам-андуҳга ибрат,
Бўлиб ўрнак жафо-озора, кетдинг.

Ки маъсумликда, ёр, мусичадексан,
Жудолик номли бир шунқора кетдинг.

Ахир ҳар кун ботишда кун чиқиш бор,
Кетишда бўлса, қайтмоқ зора, кетдинг.

Иков жуфт порасимиз бир юракнинг,
Қолиб мен пора, оҳ, сен пора кетдинг.

Нигорим, яхши бор. Бўлсин йўлинг оқ,
Ки йўқса энди бахтим қора кетдинг.

Дебон «Қол!» бунда мен қолдим-да кетдим,
Раъйимга бормадинг-да, бора кетдинг.

* * *

Фақат сенмас, ҳузуримга бутун олам келур, келсанг,
Ки бўғзимга юракда қотганим-нолам келур, келсанг.

Унутгандим недур фарёд, унутгандим недур кўзёш,
Солиб ларза кўнгил осмонидан жолам келур, келсанг.

Асадларда қуриб, ақрабда қақраб зор кутгандим,
Хазон барҳам топиб мен водийга лолам келур, келсанг.

Юсуфдан айрилиб қолган ғариб Яқуб мисолиман,
Келур дийдамга нур келсанг агар, болам келур,келсанг.

Қадам ранжида қилгай тантана ғам остонига,
Аламлар хонадонига эса мотам келур, келсанг.

Хаёлимга парипайкар, фаришта келса, наф йўқдир,
Бир одам қошига, не бахтки, бир одам келур, келсанг

Ўзидан кетди кўнглим, оҳ, сени излаб йироқларга,
Ўзига сен билан қайтиб ул афтодам келур, келсанг.

* * *

Ҳаётим бўлди сен жононга маҳкум,
Ва сен жонон билан ҳижронга маҳкум.

Хаёлимда ёруғ рухсоринг ҳар дам,
Қуёш бўлган каби осмонга маҳкум.

Сени топдим бало-офатлар ичра,
Бўлар мардлар мудом майдонга маҳкум.

Билолмам, не гуноҳдир бу муҳаббат,
Юракдир бир умр зиндонга маҳкум.

Гирифтормиз умрбод бир-бировга,
Жоним танга, танимдир жонга маҳкум.

Ажабландик, сен ишқдан, мен ҳусндан,
Бир ҳайрон бўлди бир ҳайронга маҳкум.

Тутарман кўз сени ҳозир келар деб,
Ўтар умрим бўлиб ёлғонга маҳкум.

* * *

У келар жим, серхаёл… ўнгимда рўё бошланур,
Қоп-қаро тун қаърида бир зумда Зуҳро бошланур.

Талпинурман лол қолиб, ҳайратда чақнар кўзларим,
Неча йиллик ташнаман, қаршимда дарё бошланур.

Бошланур ноёб бир ҳолат, дамда минг мўъжиза кашф,
Соб бўлур маълум бу дунё, бошқа дунё бошланур.

Истагим минг-минг менинг, қалқмас тилимга ҳеч бири,
Кўзларимдан кўзларига минг тавалло бошланур.

Шеърларим хомуш эса, руҳимга ташланглар нигоҳ,
Одам ўғли ҳеч ёзиб билмас бир иншо бошланур.

Оқил эй ҳамроҳларим, кирмоқдаман Қайс қавмига,
Ортга қайтинг энди сиз, бу ёқда саҳро бошланур.

Ишқ-муҳаббат бўлди айб, ҳижрон жазосин тортаман,
Хайр деб ёр ҳукм этар, шафқатсиз ижро бошланур.

* * *

Бизга етказган азобидан фароғатландилар,
Бу азобдан кўнглимиз қаттиқ жароҳатландилар.

Номамизда номини ёзганда қилдик зарнигор,
Номасида номимиз бизнинг қаро хатландилар.

Қалбини забт этгали қилдик муҳаббатни қурол,
Қаршимизга қаҳрини айлаб яроғ, отландилар.

Ишқи йўқлар, билмадик, дунёга келдилар нечун,
На азоб чекди улар ёки на роҳатландилар?

Шаънимизга туҳмат айтиб бетиним аҳли фасод,
Ўзларига орттириб кулфат, қабоҳатландилар.

Кетдилар айлаб хиёнат бизга орому сурур,
Изтироб-андуҳга таҳсин, кўп садоқатландилар.

Сарвиноз бўй торттилар деб ҳеч қувонманг, эй кўнгил
Меҳри топмасдан камол, жабри балоғатландилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort