Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўғузхон тарихи. III Боб

Ўғузхон тарихи. III Боб
03 Nisan 2018 - 8:00 'да юкланди ва 531 марта ўқилди.

Анвар Шукуров

Ўғузхон тарихи
III Боб

Искандар бошқа, Зулқарнайн бошқа..

Математик рус олими Г.Перельман 2006 йилда француз олими Пуанкаренинг юз йил олдинги назариясини исботлаб, «йилнинг энг катта кашфиётчиси» номини олганди. Мен ҳам кўплаб олимларга тақлидан 1400 йиллик жумбоқни ечишга бел боғладим.

Бу савол 1400 йилдан буён дунё олимлари назарида бўлиб турибди. Саволнинг берилиши тарихи ҳам жуда қизиқарли. Кўпчиликка маълумки, бундан 1400 йиллар илгари ер юзида оламшумул воқеа юз берди. Макка шаҳрида яшовчи Муҳаммад (с.а.в.) деган киши ўзини Охирзамон пайғамбари эканлигини эълон қилди.

Шунда биринчилардан бўлиб у кишига ўзининг яқин қариндошларининг кўпчилиги қаршилик қилдилар. Расули Акрамни жисмонан йўқ қилиш режаси иш бермагач, улар Расули Акрамни илмда мот қилмоқчи бўлдилар.

Уларнинг режасига кўра, бунинг йўли осон эди. Чунки, Муҳаммад (с.а.в.) ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайди. Бу воқеадан бир неча йил илгари Аллоҳнинг ер юзига туширган Китоблари ¬– Таврот, Забур, Инжил, шунингдек бошқа пайғамбарларга туширилган саҳифаларнинг билимдонлари бўлмиш – яҳудийларнинг энг зўр олимлари Мадина (Ясриб)га кўчиб ўтгандилар. Шунда улар арабларга: «Охирзамон Пайғамбари ер юзига тушадиган аломатлар кўриниб қолди, у яқинда Ясрибда, бизнинг қавмимиз орасидан чиқади ва биз дунё ҳамда охират илмини қўлга киритиб, мартабамизни яна ошириб оламиз»-дегандилар.

Макка задогонлари бу гапларни эслаб қолгандилар. Улардан баъзилари «афсус, илм яна яҳудийларга ўтаркан, агар пайғамбар бизнинг орамиздан чиққанида унга сидқидилдан хизмат қилган бўлардик»-дегандилар. Аммо, реал воқеликда ўз гапидан тондилар ва Муҳаммад (с.а.в.)нинг Пайғамбар бўлиб чиқмаслигини жуда хоҳладилар ва маккорона режа туздилар.

Режага кўра маккалик бир неча киши ўша пайтда дин илмида пешво бўлган ясриблик яҳудий олимлардан Муҳаммад (с.а.в.) учун учта мураккаб савол келтириш эди. Маккалик вакиллар Ясрибга келиб ўз илтимосларини баён қилганларида, Аҳли Китоблар ҳайратдан лол қолдилар. Шу сабабли, бир неча кун маслаҳатлашиб учта ечиб бўлмайдиган саволни ёзиб уларни ортга қайтардилар. Ўшанда яҳудий олимлар ўзлари топиб берган саволларга жавобини аниқ айтганликлари ҳақида маълумот йўқ. Бироқ улар жавобнинг ташқи томондан тўғри-нотўғрилигини англаш мумкинлиги ҳақида ишора бердилар холос. Яъни, «агар сизлар айтаётган киши бу саволларнинг иккитасига узун, биттасига қисқа жавоб берса, у Пайғамбар бўлиши мумкин»-дейишди.

Нега жавобни аниқ айтишмайди? Чунки, улар тўғри жавоб келишига ишонмасдилар. Ўша пайтдаги арабларнинг саводхонлиги ҳақида Имом Бухорий бобомиздан келтирилган ушбу ҳадис ойдинлик киритса керак:

1913-ҳадис. Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (сав): «Кўпчилигимиз уммий (ўқиш ва ёзишни билмайдиган) жамоамиз. Шу сабабдан биз араб жамоаси ёзишни ҳам, юлдузларга қараб ҳисоблашни ҳам ва уларнинг қай тартибда ҳаракат қилишини ҳам билмаймиз, бунинг ўрнига қиладиган ибодатларимизнинг вақтларини шундай аниқ ва кўзга кўринадиган қилиб белгиладикки, бу белгиларни билишда ва ҳисоб-китоб қилишда уммийлар ҳам, бошқалар ҳам бирдир», – деб, икки муборак қўлларининг бармоқлари билан мана бундай ва намоз мана бундай қилиб, бир гал йигирма тўққиз ва бир гал ўттиз рақамини кўрсатдилар».

Дунёдаги энг катта мўъжиза Охирзамон Пайғамбарининг ер юзида пайдо бўлиши. Кейинги ўринда – мана 1400 йилдан буён бирон-бир нуқта ва вергули ўзгармасдан келаётган Охирги Китоб Қуръон.

Мана шу ўтган даврда, айниқса, охирги 100 йил ичида жуда кўп олимлар Қуръондаги матнларни тафаккур қилиб кашфиётлар қилдилар. Уларнинг ичида шифокорлар, географлар, физиклар, биологлар ва бошқа соҳа олимлари бор.

Шулар қатори мен ҳам Қуръондаги матнни тафаккур қилиб, ўз фикр-мулоҳазаларимни баён этишга жазм этдим.

Шундай қилиб, яҳудий олимларнинг энг билимдонлари томонидан Расули Акрамга берилган уч саволнинг биттаси бугунги мавзуимиз – Зулқарнайн ҳақида эди.

Бу масалага ҳозирги бизнинг диний олимларимиз жавоби “Ислом” энциклопедиясида қуйидагича баён этилади:

ЗУЛҚАРНАЙН

(араб. – икки шохли) – Қуръонда қиссаси келган мўмин банданинг исми. Зулқарнайн шахси ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзи тадқиқотчилар уни македониялик Искандар деб ҳисоблашади. Бироқ, Ислом таълимотига кўра бу тўғри эмас, чунки македониялик подшо Аллоҳнинг ягоналигига ишонган мўмин бўлган эмас. Қуръондаги Зулқарнайн эса, мўминдир. Аллоҳ “Каҳф” сурасида Пайғамбар (сав)га хитоб қилиб: “сендан Зулқарнайн ҳақида сўрарлар” деган. Муҳаммад (сав)дан одамлар Зулқарнайн тўғрисида сўраганлар. Қиссада айтилишича, Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзида ҳукмронлик, мол-у дунё, аскарлар ва бошқа катта имкониятларни берган эди. Шунингдек, Аллоҳ унга ҳукм юритиш, бинокорлик ва ободончилик, давлатни мустаҳкам тутиш каби ишларни ўргатган эди. Зулқарнайн ўз мулкларини айланган. У шимол томон йўл олган. Икки тоғ орасига етганида, уларнинг ортида бирон гапни англамайдиган қавмни кўрган. Бу қавм Зулқарнайндан ер юзида бузғунчилик қилгувчилар – Яъжуж ва Маъжуждан ўзларини ҳимоя қилиш учун тўсиқ қилиб беришини сўрашган. Зулқарнайн Аллоҳ унга берган илм орқали мустаҳкам темир девор қуриб, ҳалиги қавмни Яъжуж ва Маъжужнинг ҳужумларидан сақланишига ёрдам берган.

Истеъдодли ёш ўзбек шарқшунос олими Файзуллоҳ Отахонов бу борада жуда яхши тадқиқотлар олиб борган экан.

Эътиборингизга унинг «Искандар… Зулқарнайнми ёки Мақдуний?» номли илмий мақоласини, бироз қисқартирган ҳолда келтираман:

«Олимлар орасида ҳанузгача бир жумбоқ бор. Қуръони каримда келган Зулқарнайн ҳақиқатан ҳам македониялик Искандарми ёки бошқами?

Жумбоқни қўлимизда мавжуд манбалар асосида таҳлил қилиб кўрамиз. Қуръони каримда Каҳф сурасининг 83 – 98-оятларида Зулқарнайн ҳақида баён этилган. “Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзида ҳукмронлик, молу дунё, аскарлар ва бошқа катта имкониятларни берган. Турли хил илмларни ўргатган (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири ҳилол”, 3-жузъ, 514-бет) ..

Қуръонда яна Зулқарнайннинг сафарлари ҳақида ҳам хабар келади: ғарбга боради, йўлида учраган қавмларни, Аллоҳнинг йўлидан узоқ бўлиб кетганларини жазолайди, мўминларини мукофотлайди. Машриққа сафари ҳам шундай кечади. Борган жойларининг ҳукмронлиги унинг қўлига ўтаверади. Бир қавмнинг илтимосига кўра Зулқарнайн уларни Яъжуж ва Маъжуж бузғунчиликларидан асраб темир ва мис эритмаси қоришмасидан мустаҳкам девор қуриб беради. Зулқарнайн барча яхшиликларини Аллоҳнинг раҳматидан деб билган. Бундай хулқ фақат ҳақиқий мўминларга хос хулқдир.

Ибн Касир тафсирларида бундай келади: “Искандар Зулқарнайнни румлик дейувчиларнинг далиллари кучсиздир. Румлик иккинчи Искандар Филис (Филипп) ўғли Мақдуний (македониялик)дир. Қуръонда келган Зулқарнайн тўғрисида Азроқий бундай дейдилар: “Байтуллоҳни Иброҳим (а.с.) билан бирга тавоф қилган, вазири Ҳизр (а.с.) бўлган. Искандар Мақдунийнинг вазири эса Арасту бўлган ва милоддан тахминан 300 олдин ҳукмронлик қилган. Қуръондаги Зулқарнайн Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган”(милоддан аввал 3000 йиллар) Ибн Касир. “Тафсирул Қуръанил Азим”, “Дорул маърифа”, Байрут, 3- жузъ, 1989 й. 106-бет.. Демак, Қуръонда келган Зулқарнайн билан Александр Македонский яшаган даврлар ораси тахминан 2700 йилга фарқ қиляпти.

“Тафсири Жалолайн”да келишича: “Зулқарнайн солиҳ киши, одил подшоҳ бўлган, пайғамбар бўлмаган. Баъзилар Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган ва Иброҳим (а.с.) қўлларида Исломга кирган дейишади. У Искандария шаҳрини қурган Искандар Мақдуний эмас, чунки у мушрик бўлган ва Зулқарнайндан анча кейин яшаган. Ораларда минг йилдан ошиқ муддат ётибди. Иккаласини битта деганлар ҳам бор. Масалан, Ибн Асир “ал-Комил” ва Ибн Хишом “Сийрат”ларида шундай келган. Зулқарнайннинг исми ҳақида аниқ далил йўқ. Бу ҳақда айтилган гаплар далилсиздир. Аллоҳ таоло Қуръонда исмлаганидек “Зулқарнайн” дейиш бизга кифоя қилади” “Тафсири Жалолайн”. “Дорус саъада”, Истанбул, 392-бет..

Турк тилидаги “Қуръони карим ва маънолари таржимаси”да бу масалага қуйидагича изоҳ берилади: “Зулқарнайннинг ким бўлгани тўғрисидаги яҳудийларнинг саволига аниқ бир маълумот йўқ. Байзовий тафсирида унинг Буюк Искандар экани, пайғамбарлиги аниқ бўлмаса-да, лекин солиҳ бир банда бўлгани тўғрисида баъзи олимларнинг фикри бир эканлиги зикр этилади. Ҳолбуки Зулқарнайн, Аллоҳнинг Китобида ойдинлашишига кўра, қирол Искандардан анча олдин келган пайғамбар бўлгани эҳтимоли барибир кучли кўринади”. “Қуръони карим ва маънолар таржимаси” (туркча), муаллифлар жамоаси, Анқара, 1993 й, 301-бет
Ғарб шарқшуносларининг аксарияти Александр Македонскийни Қуръондаги Зулқарнайн деб ҳисоблайдилар. Масалан Олга Бибикованинг “Кругосвет.net“да эълон қилган мақоласида Қуръонда келган қиссалар тўғрисида фикр билдиради, шунда Зулқарнайнни Александр Македонский бўлган деб тушунтиради. Бошқа Ғарб олимлари ҳам Зулқарнайн ҳақида ёзсалар қавс ичида Александр Македонский деб қўшиб қўядилар. Машҳур “Вокруг света” энциклапедиясида ҳам шундай келади.

Александр Македонский милоддан аввалги 356 – 323 йилларда яшаган юнон-македон давлати раҳбари, кўп давлатларни босиб олган подшоҳ. Ҳатто бизнинг диёримизгача ҳам келган. У тузмоқчи бўлган салтанатига марказ қилиб Бобилни танлайди. Унинг эрта вафоти мақсадига эриштира олмайди. У Бобилда вафот этади А.Кабиров. Жаҳон тарихи 6- синф учун. Тошкент. “Ўқитувчи”. 2001 й, 240-248 бет.

Қиёсий таҳлил

Александр Македонский асосий тарбияни устози Арастудан олган. Эътиқоди қандай бўлганини Арастудан қиёс қилиб олишимиз мумкин. Шунда бу Мақдуний Қуръондаги Зулқарнайн эмаслиги ўз-ўзидан ойдинлашади.

Қуръонда фақат “Зулқарнайн” тарзида келган, исми айтилмаган. Шунинг учун “Тафсири Жалолайн” китобида: “Зулқарнайн бўлиб келдими фақат шундай аташимиз кифоя қилади” , дейилади “Тафсири Жалолайн”. “Дорус саъада”, Истанбул. 392-бет..

Зулқарнайн яшаган давр ҳам тортишувли масала. Ибн Касирда келган Азроқийнинг фикрича Зулқарнайн Иброҳим(а.с.) замонларида яшагани тўғрисидаги хабарни ўқидик. Буни тўғри дейдиган бўлсак, Абу Лайс Самарқандий тафсирларида бунга тўғри келмайдиган маълумот берилган: “Дунёнинг деярли барча жойларини босиб олган тўртта йирик подшоҳ ўтган, шулардан иккитаси мусулмон, иккитаси мушрик – кофирдир. Мусулмонлари Сулаймон (а.с.) билан Зулқарнайн, кофирлари Намруд ва Навахуданаср бўлган” Абу Лайс Самарқандий. “Баҳрул улум”.

Намруд Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган машҳур подшоҳ. Зулқарнайн билан Намруднинг замондош бўлишгани ишончсизроқдир. Чунки Абу Лайс Самарқандийнинг фикрига таянадиган бўлсак, бир замонда иккита қудратли подшоҳ ҳукмронлик қилиши қийин.

Зулқарнайнни пайғамбар бўлган дейдиганлар ҳам бор. Ҳазрати Алидан (р.а.) пайғамбар бўлганми деб сўралганида: “Одамларни тўғри йўлга бошлаган Аллоҳнинг солиҳ бандаси бўлган” Ибн Касир. “Тафсирул Қуръанил Азим”, “Дорул маърифа”, Байрут, 3- жузъ, 1989 й. 106-бет , деб жавоб берганлар.

Қуръони каримда номи зикр этилган учта шахснинг пайғамбарлиги баҳслидир. Улар Луқмони Ҳаким, Ҳазрати Ҳизр ва Зулқарнайнлар. Турк олими Мустафо Осим Кўксол ўзининг “Пайғамбарлар тарихи” китобига Зулқарнайнни ҳам киритган. Лекин, Зулқарнайнни пайғамбар бўлмаган дейдиганлар ҳам бор, дея изоҳ беради М.О.Кўксол. “Пайғамбарлар тарихи”, 2- жилд, Анқара, 1993й. 286-бет.

Мумтоз адабиёт нима дейди?

XIII-XIV асрларда айниқса Мовароуннаҳр ва Хуросон адабиёт аҳллари орасида “Хамса” ёзиш удум бўлган. Маълумки, Хамса бешлик дегани. Яъни, бешта мустақил достондан иборат битта йирик асар. Шу бештадан биттаси албатта Искандарга бағишланган достон бўлган. Низомий Ганжавийнинг “Искандарнома”, Ҳусрав Деҳлавийнинг “Ойнаи Искандарий”, Абдураҳмон Жомийнинг “Хирадномаи Искандарий” достонлари шулар жумласидандир. Жумладан Алишер Навоий ҳам худди шу йўлда “Хамса” битган ва ичида “Садди Искандарий” достони бор. Унда шоир македониялик Искандарни қаҳрамон қилиб олади. Унинг ҳарбий юришлари, устози Арасту билан савол-жавоблари, суҳбатлари, умуман олганда, қилган ишлари ҳақида сўз юритади. (Достонда “Искандари соний” деб аталган шахс Ҳусайн Бойқародир.) Алишер Навоий. “Садди Искандарий”. 11- жилд, 626-бет

Достонда “Зулқрнайн” сўзи учрамайди, Искандар бўлиб келади ва асосан Искандар Мақдуний яшаган давр тасвирланган. Демак бу томондан Қуръонда келган Зулқарнайнга унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аммо савол туғилади: нега унда достон “Садди Искандарий” деб номланган? “Сад” девор дегани ва уни, Қуръонга кўра, Зулқарнайн қурган, тўғри, Алишер Навоий достонни “Садди Искандарий” деб номлади, лекин бевосита девор ҳақидаги тасвирларни бор-йўғи икки бетга жойлади. Унда келишича, Искандар девор қурдиради, девор хом-ашёси асосан тош бўлади ва темир билан мустаҳкамланади Алишер Навоий. “Садди Искандарий”. 11- жилд, 465- 466 б..

Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн эса, деворни Яъжуж ва Маъжужлардан сақланиш учун темир ва мис эритмаси қоришмасидан қуради. Алишер Навоий “Искандар Мақдуний кўчманчи қабилалар ҳужумларига қарши Ўрта Осиё ва Қофқозда қурган девор” Раҳматуллоҳ Обидов. “Қуръон мавзуларининг маънавий тарихий ащамияти”. Тошкент ислом университети”, 2006й. 306-бет ) ни назарда тутган бўлиши мумкин. Чунки Алишер Навоий замонида ҳам бу икки шахс ҳақида тортишувлар бўлгани эҳтимоли бор.

Тўғри, “Садди Искандарий” достони тарихий асар эмас ва у воқеаларни биз тарихий хужжат сифатида ололмаймиз. Шоир “Хамса”нинг қолган достонларида – “Фарход ва Ширин”да жавонмард йигит, “Лайли ва Мажнун”да афсонавий ошиқ, “Сабъаи сайёр”да адолатсиз подшоҳ тимсолларини тасвирлагани сингари, “Садди Искандарий”да ҳам бадиий ижод маҳсули ўлароқ буюк ва фазилатли подшоҳ тимсолини яратди. Яъни, улуғ шоир инсонпарварлик ва адолат ҳақидаги ғояларни етказиш учун аниқ тарихий шахс – шоҳ Искандар тимсолидан фойдаланган. Бадиий ижодкор бундай усул қўллашга тўла ҳақлидир.

Эътиборли жойи – Қуръони каримда ҳам, Алишер Навоийнинг достонида ҳам девор (садд) ҳақида гап кетади. Лекин деворни Қуръони каримда Зулқарнайн қуради, “Достон”да эса Искандар қуради. Девор қурган зот Қуръони каримда “Зулқарнайн” дейилган, “Искандар” дейилмаган. Достонда эса Алишер Навоий девор қурган зотни “Искандар” дейди, “Зулқарнайн” демайди.

Келтирилган манбаларда бу масала ҳақида битта ва узил-кесил хулоса чиқаришга етарли далил-ҳужжатлар учрамади. Фикрларни умумлаштирадиган бўлсак, аксинча, илм аҳли орасида уч ҳил қараш бор экани маълум бўлади. Бир тоифа олимлар Зулқарнайн билан Александр Македонскийни бир одам дейишади. Яна баъзилари бошқа-бошқа бўлган дейишади. Учинчи тоифа олимлар, ҳали бир тўхтамга келишмаган. Бу уч хил фикрнинг мавжудлиги Зулқарнайн билан Македонский масаласининг аниқ ечимга эга эмаслигини билдиради. Лекин ўтмишда “Зулқарнайн” лақабли бир нечта подшоҳлар ўтган, “Зулқарнайн” дейилиши уларни буюклик даражасини кўрсатган, балки шунинг учун ҳам одамлар бу икки шахсни бир деб адашаётгандирлар. Кейинчалик тарихий изланишлар натижасида бу мавзу яна ҳам ойдинлашади деб ўйлаймиз».

Ажойиб тадқиқотлар мақола, тўғрими?

Эслатма: Яҳудий дин олимлари ер юзида қадимда ўтган подшоҳнинг исмини, арабчада Зулқарнайн демаганлар, албатта. Менимча, улар мазкур подшоҳнинг дунё икки қутбини забт этганлиги фактига урғу берганлар ёки Яъжуж ва Маъжуж (Гог ва Магог) ўртасида девор қурдирган Шоҳ ҳақида сўраганлар.

Афсуски, Аллоҳнинг дастлабки уч Китоби бўлмиш Таврот, Забур, Инжилнинг матнлари аслиятдан ўзгариб кетган. Шунинг учун бу Китоблар билан Қуръондаги Зулқарнайнни солиштириш имконияти йўқ.

Аммо, Қуръондаги фактлар орқали бу жумбоққа мантиқий ечим топса бўлади, деб ўйлайман.

Нима учун Зулқарнайн масаласини ўрганган баъзи олимлар уни Александр Македонский билан боғлаб қўйишяпти?

Александр Македонский тарихий шахс. У Пайғамбар Муҳаммад с.а.в.дан 800 йил олдин яшаган. Яҳудийларда Александр Македонский ҳақида қандай маълумот бормиди деб изланганимда, уларда ўша пайтда мавжуд бўлган бир китобга дуч келдим.

Хўш, уларда ўша пайтда қандай маълумот бор эди?

Яҳудийлар учун бу ҳақдаги энг мукаммал маълумот милодий 1 асрда яшаб ижод қилган Иосиф Флавийнинг “Яҳудийлар асори атиқалари” ва “Яҳудийлар урушлари” номли китоблари эди (айтмоқчи, Қадимги дунё тарихига оид китоблар айнан шу манбаларга таяниши ҳақидаям фанда фикр мавжуд).

Хўш Иосиф Флавийнинг ўзи ким эди?

Унинг асл исм шарифи Йосеф бен (Маттитъяху) Маттафия. Миллати яҳудий. Иерусалимда милодий 37 ёки 38 йилда туғилган – тахминан 100- йиллардан кейин вафот этган. У бой яҳудий оиласига мансуб бўлган. Ёшлиги, ўсмирлигида анъанавий, яъни яҳудийча диний (иудаистик) таълим-тарбия олган. Иудаизмнинг турли йўналишларини иштиёқ билан ўрганган. Йигирма уч ёшида империя пойтахти Римга келиб бир неча йил яшайди. Буюк шаҳарнинг катталиги-ю, дабдабаси уни ўзига ром этади. Уйига қайтганида эса у ерда Рим истибдодига қарши озодлик уруши бораётган эди. 66-73 йилларда бўлиб ўтган ушбу уруш кейинчалик Иосиф Флавий таъбири билан тарихга “Яҳудий уруши” номи билан киритилди.

Йосеф бен Маттитъяху Римликларнинг асосий зарби йўналтирилган Галилея шаҳридаги исёнчилар қўшинининг бошлиғи этиб тайинланади. Йосеф сусткашлик билан ҳаракат қилгани туфайли, исёнчилар енгилади. Унинг ўзи римликларга таслим бўлади. Тутқинликда у римлик саркарда Веспасианга, у яқинда император бўлишини башорат қилади. Кўп ўтмай Веспасиан рим императори бўлгач, Йосефни асирликдан қутқаради. Шунда Йосеф ўз ҳомийсига миннатдорчилик сифатида, римликлар одатини қабул қилиб, Веспасианлар зотининг фамилияси – Флавий номини олади (унинг бу ибрати кейинчалик бошқа миллатдошларига ҳам юққан бўлса, неажаб). И.Флавий умрининг охиригача император саройида яшаб, ўз даврининг «энг нуфузли яҳудийси» номи билан шуҳрат қозонади ва иккита асар ёзади. Бу асарлар императорга маъқул тушади.

И.Флавий қадимги бир неча тилларни билган, шу сабабдан ўз асарларида бизгача етиб келмаган жуда кўп манбалардан фойдаланади. И.Флавий ўрта асрларда ҳам энг обрўли тарихчилардан ҳисобланарди. Шунинг учун кўпгина тарих дарсликлари унинг маълумотлари асосида битилган.

И.Флавийнинг “Яҳудийлар асори атиқалари” асари 11-китоби 7-8-бобларида Александр Македонскийнинг Иерусалимга кириб келишидан олдинги ва келишидаги воқеалар тасвирланади.

7-бобдаги воқеалар қисқача мазмуни:

…Яҳудийлар вилоятида руҳонийлар ҳокимияти ўрнатилган бўлиб, уни бош диний роҳиб (кейинги ўринларда раввин) бошқарган. Бош раввин Элиасав вафотидан сўнг унинг ўрнига ўғли Иуда ўтиради, унинг вафотидан сўнг ҳокимиятга унинг ўғли Ионн эгалик қилади. Унинг даврида форсларнинг шоҳи Артаксеркснинг ҳарбий қўмондони Вагой ибодатхонага қурбонлик учун келтирилаётган ҳар бир қўй учун 50 дирҳамдан пул тўлаш ҳақида буйруқ чиқариб, ибодатхона одатларини мушкуллаштиради.

Бундай буйруқ берилишига эса қуйидаги воқеа сабаб бўлади: Вагой Ионннинг укаси Исо (Иусус) билан дўст бўлгани сабабли, унга ҳокимият-бош раввинликни олиб беришни ваъда қилади. Бу ваъдага ишонган Исо ибодатхонада акаси Иоанн билан жанжаллашади. Муштлашувда Ионн укасини ўлдириб қўяди.

Бу оғир жиноятни “Аллоҳ Таоло жазосиз қолдирмайди” деган ақидаги биноан (яҳудийларнинг қандай художўйлигига эътибор беринг –А.Ш) яҳудий халқи форсларнинг қулига айланиб қолади, улар эса ўз навбатида ибодатхонани ҳақоратлайдилар. Яъни, форсларнинг қўмондони Вагой, дўсти Исонинг ибодатхонада ўлдирилганини эшитиб, яҳудийларга қараб қичқиради:

«Сизлар ибодатхоналарингда одам ўлдиришга қандай ҳадларинг сиғди?» ва ибодатхона меҳробига кирмоқчи бўлади. Яҳудийлар қаршилик қилганларида эса, “мен қотилга нисбатан тоза эмасманми?” дейди ва муқаддас қадамжога кириб боради.

Шундан кейин етти йил давомида Исонинг ўлими учун Вагой яҳудийларни турли туман азобларга дучор қилади.

2. Иоаннинг вафотидан сўнг бош раввинлик унинг ўғли Иаддуйга ўтади. Доро томонидан Самария шаҳрига сатрап(ҳоким)ликка қўйилган, асли куфалик бўлган Санаваллет, Иаддуйнинг укаси Манассияга қизи Никасони турмушга беради. Янги сатрап Оссурия подшолари, Келасария ҳукмдорларига кўпгина ташвишлар келтирган Иерусалим шаҳрининг қудратидан фойдаланиб, яҳудий билан қуда тутининш эвазига бутун яҳудий халқи билан муносабатларини яхшиламоқчи эди.

Саккизинчи бобнинг қисқача мазмуни:

1. Бу пайтда Эги шаҳрида юнонлар шоҳи Филипп ўлдирилиб, тахтга унинг ўғли Александр ўтиради ва Гелласпонт орқали ўтиб Граник ёнида Доро қўшинини тор-мор келтиради; сўнгра у Лидия ва Ионияга қараб юради, уларни ҳам тобе қилиб, Карияга талон уюштиради, Памфилия чегараларига киради.

2. Айни шу пайтда иерусалимлик оқсоқоллар бош раввин Иаддуй, хорижликка уйланган (демакки, наслни бузган-А.Ш.) кишига алоқадорлиги туфайли, ундан норози бўлиб, унинг укаси Манассияга қарши исён кўтарадилар…

Иаддуй халқнинг эътирозини қабул қилиб, укасига ибодатхона меҳробига яқинлашишни таъқиқлаб қўяди. Шунда Манассия қайнотаси Санаваллетнинг ёнига бориб, у ўз хотинини севса-да руҳонийлик лавозимидан воз кечолмаслигини, демакки, унинг қизи билан бундан буёғига яшай олмаслигини айтади.

Маккор ва уддабурро Санаваллет унга, хотини билан ажрашмаса, нафақат бош раввинлик, балки бутун яҳудийлар вилоят ҳокимлигига уни тайинлашини, подшо Доронинг алоҳида розилиги орқали эса самарян тоғидаги Гаризим тепалигида Иуресалимдаги каби катта ибодатхона ҳам қуриб беришни ваъда қилади…

Аммо, воқеалар Санаваллет айтганчалик ривожланмайди. Подшо Доро жангда мағлуб бўлади. Фотиҳ А.Македонский эса Сурия, Дамашқ, Сидонни эгаллаб, Тир шаҳрини қамал қилади.

Шу жойда А.Македонский яҳудийларнинг раввини Иаддуйга хат юбориб, «озиқ-овқат ва одам кучи билан унга кўмак берса, македонларнинг дўстлигига мушарраф бўлишини, кейин улар Дорога тўлаган миқдордаги маблағни унга тўлаб турса» – кифоялигини маълум қилади. Аммо, Иаддуй –«токи Доро тирик экан, унинг билан тузилган аҳдномани бузолмайман»- деб А.Македонский элчиларига рад жавобини беради.

Бу хабарни эшитган А.Македонский Иаддуйга нисбатан ғазаб отига минади. А.Македонский Тирни ҳам эгаллайди ва Ғазони қамал қилади.

Вазиятдан фойдаланган тадбиркор Санаваллет А.Македонскийга 8000 кишилик қўшин билан ёрдамга келади. Унинг кўнглини олиб, ўзининг режасини амалга оширишга уни кўндиради ва яҳудийларни иккига бўлиш эвазига куёви Манассияни бош раввин деб эълон қилади ҳамда ибодатхона қурилишини бошлаб юборади.

Александр Ғазони ҳам қўлга киритиб, Иерусалимга қараб йўл олади.

Бу хабарни эшитган бош раввин Иаддуй қўрқувдан ўзини йўқотиб қўяди ва македонларни қандай кутиб олишни билмайди, чунки у аввалги осийлиги учун, шоҳ ундан ғазабланганини билар эди.

Шунинг учун у қурбонликка жонлиқ сўйиб, бутун халқига Аллоҳга илтижо қилишни, келаётган хавфдан яҳудийларни Яратган ҳифзу-ҳимояда асрашини сўрашни буюради.

Ибодат маросими тугагач Иаддуй чарчаб уйқуга кетади, шунда Аллоҳдан унга ваҳий келиб, «дадил бўлишни, шаҳар дарвозаларини гулчамбарлар билан безаб, уларни очишни, ўзлари эса оппоқ кийим кийиб шоҳни кутиб олишга пешвоз чиқишни, улар Аллоҳнинг ҳимоясида» эканлиги маълум қилинади.

Уйқудан турган Иаддуй худди шу ишларни қилиб, Аллоҳ номи битилган, тахтачани кўтариб А.Македонскийни, бошқалардан-да кўра дабдабалироқ кутиб олгани йўлга чиқади.

А.Македонскийнинг аъёнлари эса, «Иаддуйнинг бўйсунмаганлиги учун, подшо уларнинг юртини талашга рухсат беради» -деб ўйлашади. Аммо, А.Македонский Иаддуйни кўргач, ғазаб ўрнига унга мурувват кўрсатади. Аллоҳ номи ёзилган тахтачага таъзим бажо айлаб, бош раввинга биринчи бўлиб ўзи салом беради. Донг қотиб қолган аъёнларига эса, -«мен раввинга эмас, Аллоҳга таъзим қилдим, бу қарияни эса македониянинг Ди шаҳрида тушимда айни шу кийимда бир неча бор кўргандим, у менга форслар устидан ғалаба қилишим башоратини бериб, тезлик билан ҳаракат қилиш лозимлигини айтган эди, бундан ташқари у менга бутун сафарим давомида ҳамроҳлик қилишини билдирган эди, ўшандан буён ҳеч кимни бу кийимда кўрмагандим, бугун эса уни кўриб тушим ўнгидан келганини ва мен Аллоҳ розилиги билан форслар устидан ғалаба қилишимга ишонаяпман», -дейди.

У раввиннинг ўнг қўлидан ушлаганча шаҳарга киради. Яратганга қурбонлик қилгач, унга пайғамбар Дониёлнинг китоби кўрсатилади. Мазкур китобда -«греклардан бир фотиҳ чиқиб, форслар ҳукмронлигини ағдаради» – деб ёзилган бўлади. А.Македонский бу башорат ўзи ҳақида эканлигини билгач, яҳудийларнинг ҳурматини жойига қўяди ва уларга кўплаб мурувват кўрсатади.

И.Флавий шахсига ва унинг асарининг баъзи жойларига бунчалик кўп тўхталишимиз, ўқувчида мавзудан йироқлашувдек туюлиши мумкин.

Муаллифнинг бундай иш юритишига сабаб шуки, ўша пайтдаги яҳудийлар учун И.Флавий асари жуда қимматли манба ҳисобланган.

Худди шунингдек, эътибор берган бўлсангиз, ўша пайтдаги яҳудийлар Иаддуйни ҳам, А.Македонскийни ҳам, авлиё даражасига кўтаришмоқда. Яъни, улар бир-бирлари билан туш орқали учрашиб, Иаддуй томонидан шунчалик катта гуноҳ қилинган бўлса-да, А.Македонский унга мурувват кўрсатганлиги айтилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳатни эътибордан қолдирмаслик керак.

А.Македонский милоддан олдинги III асрда яшаган.

Бу пайтда Аллоҳнинг икки китоби – Таврот ва Забур ерга туширилган бўлиб, бу иккала Китоб ҳам яҳудийларда, демакки Аллоҳ ҳақидаги энг тўғри билим уларнинг руҳонийларида эди.

Ердаги дарахтнинг қуриган барги Аллоҳнинг рухсатисиз ерга тушмаслиги Қуръонда айтилади. А.Македонский каби подшонинг туғилиши, яшаши ва вафот этиши ҳам Яратганнинг изнисиз бўлмайди-ку. Бундан ташқари бу фотиҳ энг катта душманини енгиши, ғарбу шарққа лашкар тортиб у жойларни ҳам фатҳ этишидан олдин, унинг зафарли одимлари тушида маълум бўляпти, мабодо унинг қалбига яҳудий руҳонийси Иаддуй орқали Аллоҳга иймон келтириш ёзилган бўлса, неажаб?

Агар ундан енгилган мажусийлар, оташпарастлар, бутпарастлар ўзларининг диний маросимларини ўтказиб, унда А.Македонскийни улуғлаб турли сарполар кийдирган бўлса, шоҳ уларнинг кўнглидан ўтолмай бу ишларга рағбат билдирган бўлса, ҳали Инжил ва Қуръон тушмасидан олдинги воқеаларни кейинги Китоблар – Инжил ва Қуръон, ҳадислар талаблари билан солиштиришимиз тўғри бўлармикин?

Балким, Александр Македонский Қуръондаги Зулқарнайндир?

Келинг шу савол атрофида кенгроқ мушоҳада юритамиз.

Расули Акрамга Аллоҳдан келган жавоб «Қаҳф» сурасида баён этилган.

Ушбу оятларнинг русчадан – ўзбек тилига соддалаштирилган таржимаси қуйидагича :

83. Улар сендан Зул-қарнайн ҳақида сўрарлар,–

Айт: “Мен сизларга у ҳақдаги воқеаларни хабар қиламан”

84. Биз унинг ердаги қувватини мустаҳкамладик

Ва унга барча йўллар ва воситаларни бердик

85. У ўзи йўл танлади ва отланди.

86. У қуёш ботаётган жойгача борди

Ва унинг лойқа булоқ узра ботаётганини
Ёнида эса бир халқ қишлоғини кўрди.
Биз айтдик:

“Эй, Зулқарнайн! Сен уларни жазолашинг ҳам
Меҳрибонлик кўрсатишинг ҳам мумкин”

87. У деди:
Биз гумроҳларни жазолагаймиз-
Кейин у Яратганга қайтганида
Ўз улушини оғир жазо билан яна Ундан олади.

88. Аммо, кимки иймонли бўлиб, яхши амал соҳиби бўлса
Биздан унга – ажойиб совғани
Қилаётган талабимизни ҳам
Яхши сўзла унга айтгаймиз”

89. Кейин у бошқа йўлга отланди

90. Энди у қуёш чиқаётган жойга йўл олди

Ва у ерда қуёш нурларидан яширинишга
Парда берилмаган халқни кўрди.

91. (У уларни қандай топган бўлса) ўша ҳолича қолдирди.
Ва биз унга бу ҳақда маълум қилдик.

92. У яна йўлга отланди.

93. Икки тоғ оралиғига келмагунча тўхтамади,Тоғ пастида бир халқни топди,
Уларни гапи аранг тушуниларди.

94. Эй Зулқарнайн!–дейишди улар.–
Яъжуж маъжужлар ерда бузғунчилик қилмоқдалар.
Сен биздан маблағ олсангда, улар билан бизнинг ўртамизда девор қуриб берсанг

95. У деди:
“Аллоҳ берган куч-қудрат менга
Етарлича юксак мукофот,
Сиз менга иш кучи билан ёрдам қилинглар
Мен сизларга қурайин девор”

96. Темир парчаларини келтиринглар
Қачон тоғ қирралари текис бўлганда
“Босқонларга дам уринг”– деди.
Темир олов янглиғ ловуллаганда
У деди: “Келтиринглар уни менга,
тоғлар орасидан қуяман уни”

97. Шундан кейин (Яъжуж маъжужлар) ўтолмадилар,
ошолмадилар, тешолмадилар ҳам ушбу деворни

98. Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ иродасидан,–деди у,- Унинг айтган вақти келганда бу жой майда тошга айланар Аллоҳнинг айтганлари эса Ҳаққирост содир бўлгувчидир.
Қуръондаги яна битта муҳим детал-девор (сад)ни аниқлашим керак бўлади.
Хўш, А.Македонский девор қурганми?

Иосиф Флавийнинг “ Яхудийлар уруши”номли асари VII китоби, 7-боби, 4-хатбошида шундай жумла бор:
…Аланлар Танаид(бу ерда Дунай-А.Ш.) дарёси ва Мэотида(ҳозирги Азов денгизи-А.Ш.) кўли қирғоқларида яшовчи скиф қабиласидир. Талончилик мақсадида Мидияга йўл оларкан, шоҳ Искандар темир дарвоза билан беркитиб ташлаган, ҳозирда эса гирканларга қарашли бўлган ўтиш йўлагидан фойдаланиш учун Гиркания шоҳи билан улар музокара олиб бордилар, розилик олганларидан сўнг эса қуюндай ёпирилиб, олдида учраган барча нарсани теп-текис қилдилар…

Бу маълумотдан сўнг яҳудий олимлари Зулқарнайн ҳақидаги саволни бежизга пайғамбаримизга бермаганликлари кўриниб қолди. Яъни, савол келажакдаги эмас, балки бўлиб ўтган, яҳудий тарихчиси И.Флавий баён қилган воқеалар ҳақида бўлмоқда, шекилли. Пайғамбаримизга эса Аллоҳ томонидан ваҳий орқали, яҳудийларнинг талабларига мос жавоб туширилмоқда.

Иккинчидан, девор Хитой ёки Ҳиндистонда эмас балки Гиркания (Каспий) денгизи атрофидаги тоғларда қурилган бўлиб чиқмоқда (!). Яъжуж-маъжуж эса ўша пайтда динга кирмаган бир скиф (туркий) қавми ҳақида кетмоқда.

Интернетда эса ўз исм шарифини номаълум қолдирган бир киши, бу масалада қуйидагича хабарни қолдирган. “Кавказнинг бош чўққилари ўртасида ҳақиқатда бир тоғ бор. У маҳаллий нахлар тилида «Эчиг лам», яъни “Темир тоғ” деб аталади, шу тоғ атрофида эса қачонлардир бу ерда улкан қурилишлар бўлганлигини билдирувчи далиллар бор.

Аммо, жуда қатъий бир факт Александр Македонский – Зулқарнайн эмаслигини билдириб турибди. Александр Македонский дунё икки қутбини эгалламаган!!!

Энди юнонистонлик Александр Македонскийни Қуръондаги Зулқарнайн билан бир шахс деган масалани ким туркий адабиётга олиб кирди?- деган савол ҳам келиб чиқади.

Булардан бири, бобомиз А.Навоий эдилар ва у киши беш достондан иборат “Хамса”сидаги достонларнинг бирини “Садди Искандарий” деб номлаб, уни Александр Македонскийга бағишлайдилар.

Аммо, бу ғояни биринчи бўлиб илгари сурган киши у киши эмас эдилар. Мана ўша А.Навоийнинг “Садди Искандарий” достонига ёзилган сўзбошида филолог олима М.Ҳамидованинг бу ҳақдаги фикрлари:

“…Искандар — тарихий шахс бўлиб, Александр Македонский номи билан бутун дунёга шуҳрати кетган юнон подшосидир. У ўзининг қисқа, аммо шиддатли ҳаёти давомида қарийб ер юзининг ярмини забт этиб, бирлашган давлат барпо этишга улгурган жаҳонгир эди.

Ўттиз уч йил умр кўрган бу қудратли румлик фотиҳ образи кишилик жамиятининг доимо диққат марказида бўлиб келган. Давр ўтиши, замонлар алмашинуви натижасида дунёга ларза солган Александр шахси, унинг зафарли юришлари-ю ғалабалари афсоналар қобиғига ўралиб, тарихий қиёфаси, фактлар силсиласи ўзгартирилган ҳолда талқин қилина бошлади. Натижада тарихий ҳақиқатдан узоқ бўлган турли-туман асарлар юзага келди. Афсонага айланган Александр образи Искандар номи билан Шарқ халқларининг забардаст шоирлари асарлари қаҳрамони учун ҳам прототип бўлиб хизмат қилди.

Румлик фотиҳ Искандар ҳақида тўлақонли образ яратиб, уни марказий сиймо сифатида Шарқ адабиётида илк бор талқин қилган шоир — буюк озар классиги Илёс ибн Юсуф Низомий Ганжавий бўлди. Унинг «Искандарнома» (1211) достони ўзидан кейин майдонга келган Хусрав Деҳлавийнипг «Оинайи Искандарий» (1299—1300), Жомийнинг «Хирадномайи Искандарий» (1484) ва Навоийнинг «Садди Искандарий» (1484) каби шоҳ асарларининг яратилиши учун туртки бўлиб хизмат қилди. Чунки, Низомий томонидан асос солинган «хамса»чилик унинг вафотидан сўнг адабий ҳаётда анъанага айланган, унга энг яхши ва арзигулик тахмис сифатида Хусрав Деҳлавий «Хамса»си, Абдураҳмон Жомий достонлари мажмуаси юзага келган эди. Форс адабиётида давом этиб келаётган бу адабий анъана XV асрга келганда ўзбек халқининг ардоқли шоири Алишер Навоий томонидан илк бор туркий тилда давом эттирилди, натижада ўзбек халқи ҳам бу ноёб асарни ўз она тилида ўқишга муваффақ бўлди” (Садди Искандарий, Тошкент-1991 й. Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси, 5-бет).

Эътибор берган бўлсангиз Қуръонда Зулқарнайн ҳақида сўз боради. А.Навоий эса Искандар ҳақида асар битади. Аммо, яъжуж ва маъжуж қабиласи ўртасидан бир сад (девор, тўғон) қуриб бериш борасида бу иккала шахс битта эканлиги маълум қилингандай кўринади.

А.Навоий ўз асарининг назмий баёнида бу масалада бироз иккиланганини билдиради, аммо унинг устози А.Жомийнинг гапларидан сўнг, фикрлари қатъийлашгани кўринади:

“Баъзи тарихчилар бу ҳақда бошқача сўз ҳам ёзганлар Искандарни Дорога нисбат берганлар ҳам бўлган. Гўё Рум шоҳи, асалари ўз уясини ясагандек, қизини зеб-зийнат билан безаб, Дорога берган эмиш. Аммо орада ўтган бир иш сабабли буларнинг муросалари бузилиб, Доро у қизни отасиникига жўнатиб юборган эмиш. Бироқ тўй бўлган кечаси булут садафга дур қатрасини тўккан экан. Ой-куни тўлиб, у садаф дурни юзага чиқаздики, ундан жаҳон шараф топган эмиш.

Яна бундан бошқа «Форс тарихи»да тубандаги каби сўзлар ҳам бор:

Гўё дунёда икки Искандар ўтган бўлиб, иккаласи ҳам ўз даврида жаҳон ҳукмрони бўлган эмиш. Унинг бири Доро билан урушган-у, иккинчиси яъжужларга қарши сад-девор қурган эмиш. Лекин дунёнинг доноси бўлмиш Жомий Искандар қиссасидан элни баҳраманд қилиш ниятида «Искандар» достонини ёзди. Элга ҳақиқий аҳволни Жомийгина баён қилди. Тангри уни балолардан сақласин. Дарҳақиқат, унга Искандар иши манзум, барча ҳолати яширин эмасди.

Айни фурсатда мен ҳам шу иш билан машғул бўлганим учун жамийки тарих китоблари қаршимда турар эди. Искандар ҳақидаги юқорида баён қилинган хилма-хил гаплар мени лол қилиб (А.Навоийнинг иккилангани исботи-А.Ш.) қийнагач, ер ўпиб, у донодан савол сўрадим.

Жомий ҳазратлари: «Иккита Искандар бўлган», деган гапни аниқ ҳужжатлар билан рад этиб:

— У ишлар бизга аниқ, маълум ва қатъий далиллар билан исботланган,— дедилар. Искандарнинг асли насабини Низомий қандай таърифлаган бўлса, донишманд ҳам шундай тасдиқладилар. У ҳақиқатан Файлақуснинг ўғли бўлиб, тарихчиларнинг бу ҳақдаги ихтилофлари тўғри эмас. Энди тадқиқот қилиш билан ҳақиқат аниқлангач, мен ҳам бу ҳақиқатни тадқиқ этишга киришай…” (Садди Искандарий, Тошкент-1991 й. Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси, 558-бет).

Энди навбат А.Навоий Искандарнинг юриши ҳақида чизиб берган йўналишига бир эътибор қаратсак:

“Давлат ҳомийси бўлмиш Искандар Рум тахтига шоҳ бўларкан, бошлаб душманларни йўқотишга киришди ва душманлардан у ерни тозалади. Ундан сўнг жаҳонда бўлган шаҳарларни фатҳ этиш нияти билан қўшин тортди. Бошлаб, Мағриб заминга (Африка мамлакатларига) ўч олиш учун юриш қилди. Тиғдан оққан қоннинг зўри билан Зангибор (Ҳабашистон) даги келишмовчиликларни бартараф этди. Ундан кейин Доро билан олишиб, у олчоқнинг кулини кўкка совурди. Яна шу каби мамлакатларни олишни пайсалга солмай, Фаранг шаҳрини фатҳ этди. У ернинг халқларини муте қилгач, Қрим билан Андалусни (Испанияни) босиб олди. Қайтиб Мисрни фатҳ этиш учун жанг бошлади, фалак уни Миср юртининг шоҳи қилди. Табиатини ёқтириб қолиб, Миср ўлкасида Искандария шаҳрини барпо этди. Сўнгра Зардуштни даф этиш учун ҳужум қилиб, уларнинг ўтига тиғ Ажам Ироқи томон юруш қилганда, у ердаги одамлар бунинг оҳангидан баҳраманд бўлдилар. Араб Ироқига от сурилганда қадамидан у ернинг халқлари баҳра олди. Сўнгра, Шом ва Халабга йўл олиб, у ерлардан ҳам тилаги ҳосил бўлиб, шодлик насиб этди. Суҳайл юлдузидек ёруғ юз билан Яман ўлкаси томон чиққанида, бу ернинг тошлари қип-қизил ҳақиқдек кўринди. Тупроғини ўпиш ниятида Макка шаҳрига азм қилиши биланоқ унинг эшиклари очилиб кетди. У ердан қуруқликлар сари юриш қилиб, ажойиб манзиллар юз тутди. Сўнгра Форсни олишга киришганда, у ўлка жанг-жадалсиз таслим бўлди. Бу ерлар олингач, қувончга тўлган шоҳ, бахт-саодат билан Шимолга қараб йўл олди. Эндиликда мамлакатларни босиб олишга одатланган шоҳ жаҳду жадал билан Хоразмни ҳам қўлга киритди.

Тўхтанг! Мана Зулқарнайн ҳақида қадимги олимлар баҳс олиб борган жой қаерда экан!!! Хусусан Эрон олимлари «яъжуж-маъжуж ўртасида девор тиклаган Зулқарнайн бошқа шахс» деганича бор экан. Чунки, форслар шоҳи Доро билан урушган Александр Македонский Хоразмни забт этмаган, А.Навоий айтаётган Хитойга ҳам бормаган. Бу фактларни биз яхши биламиз. Шунинг учун А.Навоий айтган фикрларни охиригача тинглаб, мушоҳадаларимизни кейин давом эттирсак:

“–Қуёшдай порлаб турган байроқни баланд кўтарган ҳолда Дашти Қипчоқни ҳам олиб, у ерга ёруглик сочди. Бу ўлкадан отининг жиловини бургач, Сақсину Сақлоб вилоятларининг жиловини кўлга олишга шошилди. Ос ва Рус томон юрганда у ердагиларнинг юзлари қўрқувдан каҳрабодек сарғайиб кетди. Йўли Чаркасу Гуржа сари тушганда, барча гуржию чаркас бунинг қулига айланди, Шимол халқини ўз эҳсонига ғарқ қилиб бўлгач, Шарқни олиш учун ҳаракат бошлади. Фархор мамлакатини ўз манзилига айлантиргач, у гулистондаги ҳар бир тиконни кесиб ташлади. Мовароуннаҳрни босиб ўтаркан, Искандар у ерда Самарқанддек шаҳарни тиклади, Чигил билан Яғмодан худди чаманда ғарбдан шарққа эсган шамолдай ўтиб кетди. Юриш қилиб, Чин тахтига бориб ўтирганда, Хитой хоқони унинг қаршисида хизматкорлардек бел боғлаб турди. Сўнгра Ҳиндистон сари босқун ясаганида, подшоҳ Кед унга қуллуқ қилишдан бошқа чора тополмади. Ҳиндистон ва Хитойда бўлган бутхоналарни бузиб, тоат-ибодат қилувчиларга кошоналар қурди. У ўлкаларда кофирларнинг айб-нуқсонларини орадан кўтаргач, Жануб сафари учун от сурди. Синд, Кеч ва Мукрон томонларни босиб ўтгач, Кирмонга қараб сафар қилди. Хуросоннинг ҳаётбахш ҳавоси ёқиб қолгач. у ерда Ҳирот шаҳрини бунёд этди. Сипоҳон (Исфиҳон) сари даштларни босиб ўтаркан, Рай деган шаҳарни бино айлади. Оламдаги бутун мамлакатларни фатҳ этиб, хотири жам бўлгач, яна ўз Ватани Румга қараб равона бўлди. Бирмунча вақт май базмлари тузиб, айш-ишрат қилса ҳам, кўнгли ором топмади. Яна бошқатдан оламни сайр этишга бел боғлаб. мамлакатларда хайрли ишлар бунёд этди”.

«Платон менинг дўстим, аммо ҳақиқат қимматли»-деганларидек, А.Навоий бобо ҳам адашяптилар. Александр Македонский Хитойни забт этгани йўқ, ҳатто Ҳиндистонни ҳам. Бу жойларни Ўғузхон забт этганлигини Абулғози ва Мирзо Улуғбек тасдиқлайдилар.

Қуръондаги Зулқарнайннинг юрган йўналиши ҳам аввал ғарб, кейин шарқ, кейин шимол эканлигини юқорида кўрдик.

Ҳозирги пайтда қуёш ботадиган томон деганда Исландия мамлакатини олсак, қуёш чиқадиган, одамлари ўша пайтда кийимсиз юрган кишилар деганда ҳозирги Индонезия, Янги Зеландияларни тушунса бўлади.

Хўш, дунёдаги қайси миллатда, дунёнинг икки қутбини забт этган бобоси ҳақида, қандай маълумот бор?

Бошқа миллатларни билмадим-у, аммо, биз туркийларда бундай киши бор!!!

Бу Ўғузхон!

Унинг дунё икки қутбини эгаллаганлиги фактини ёзма манбалар орқали осонгина исботлаб бераман. Бу шу даражада оддийки, унга диққатингизни жалб қилиб, ҳайрон қоласиз.

Туркийларнинг энг машҳур Ўғузнома достонидаги Ўғузхоннинг олтита ўғли исмига эътибор беринг:

1. Кун;
2. Ой;
3. Юлдуз;
4. Кўк;
5. Тоғ;
6. Денгиз.

Ўғузхон ўғилларининг исми ер юзидаги барча кўриниб турган нарса унга тегишли эканлигини билдиради.

Анвар Шукуров

Давоми бор

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort