Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Суд ёпиқ режимга ўтказилди

Суд ёпиқ режимга ўтказилди
11 Nisan 2018 - 16:52 'да юкланди ва 925 марта ўқилди.

Бугун, 2018 йилнинг 11 апрел куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев ва бошқалар иши бўйича навбатдаги маҳкама бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари Т. Якубов, А. Веселов, Н. Муҳиддинов, Н. Тўракулов, М.Эргашев ва эксперт гувоҳлар жиноят иши бўйича суд мажлисига кўрсатма бериш учун чақиртирилди.

Суд мажлиси «Жамият» газетасининг бош муҳаррири ўринбосари Қаҳрамон Саидалиев кўрсатмаларини тинглаш билан бошланди.

Саидалиевнинг айтишича терговчи Т. Якубов уни компьютер технологиялари мутахассиси сифатида жалб қилган. Саидалиев икки ҳолис гувоҳ ва терговчи Т. Якубов билан интернет кафега кириб, у ерда Бобомурод Абдуллаев-Усмон Ҳақназаровга оид мақолаларни топиб, уларни принтердан чиқариш масаласи билан шуғулланган.

«Интернетда «Усмон Ҳақназаров», деб ёздим. Бир қатор маълумотлар чиқди, аммо линкларга босганимда сайт очилмади, кейин прокси орқали «Ўзбекистон Халқ Ҳаракати» сайтига кирдим, у ерда Усмон Ҳақназаров рукни бор экан. Рукнда хронология билан 2012 йилдан то 2017 йилгача бўлган мақолалар бор эди. Бемалол очиб ўқиш мумкин эди. Мен бу мақолаларни кўчириб олиб, ворд файлига ташлаб бердим», деди Саидалиев.

Гувоҳ кўрсатмасини тугатгач унга судя, прокурор ва адвокатлар томонидан саволлар берилди.

Адвокат С. Майоров, мақолаларни топиб, очишга қанча вақт кетганини сўради.

Сайдалиев, таҳминан 4-5 соат кетди, деб жавоб берди.

Адвокат протоколда 1 ярим соат кетди деб ёзилганига, эътибор қаратди.

Бобомурод Абдуллаев Сайдалиевга савол берди: «Бир мақолани сайтдан топиб, вордга кўчириб олиш, ундан сўнг принтерда чоп этишга таҳминан қанча вақт кетди?»

Саидалиев: Таҳминан 10 дақиқа кетди.

– Мақолалар нечта экан, деб савол берилди.

– 100 дан ортиқ, 130 га яқин, деб жавоб берди Саидалиев.

«Бир мақолага таҳминан 10 дақиқа вақт сарфланган бўлса, демак 130 мақолани чиқариш учун 22 соат керак бўлар экан. Сизнинг гапингиз билан протоколдаги тафовутни қандай тушуниш мумкин», дея таажубланди Б.Абдуллаев.

Бугунги суд мажлисида прокурор Қодиров жуда фаол бўлди. Гувоҳ Саидалиевга адвокат Майоров савол берар экан прокурор фақат унинг фикрини бўлишга уриниб судяга эътироз билдираверди. Агарда прокурор адвокат Майоровни чалғитмаганда, адвокат бу гувоҳни ҳам, унинг мақолаларни йиғиш жараёнида қатнашган ёки қатнашмаганини фош қиларди.

Судя ҳам прокурор раддиялари қўллаб қувватлади.

Судя З.Нурматов ҳам бугун адвокат ва Бобомуроднинг гувоҳга савол беришига қаршилик қилишга урунди.

Сўнгра Прокурор кутилмаганда судга талабнома билан чиқди.

У, Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари Т. Якубов, А. Веселов, Н. Муҳиддинов, Н. Тўракулов, М.Эргашевларнинг фаолияти бевосита давлат сири билан боғлиқ эканлигини таъкидлаб, судни ёпиқ тарзда ўтказишни талаб қилди.

Адвокатларнинг бир қисми ва судланувчилар бу талабга қаршилик қилишди. Ш.Оллоёровларнинг адвокатлари, бу ҳақда қандай қарор қабул қилишни судяга ҳавола қиламиз, дейишди.

Суд ҳайъати аъзолари маслаҳатлашиш учун чиқиб кетишди ва 1 соатдан кейин қарор ўқиб эшиттирилди. Унга кўра, прокурор талаби қондирилиб, суд мажлиси ёпиқ тарзда давом этиши эълон қилинди. Ва судга келганлар ташқарига чиқарилди.

Ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов бу ҳолатга: «Олинган хабарларга кўра уларнинг бир қисми қамалган ва улар ҳозирда МХХ ходими эмас. Улар терговчилар эмас, судланувчилар. Нега уларнинг кўрсатма бериши ёпиқ режимда ўтказилиши керак», дея, ўз фикрини билдирди.

(Хабар мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова овозидан ёзиб олинди)

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort